Минтақа ва сиёсат: Қирғизистон Ўзбекистон билан ер алмашмайди, Ўрта-Тўқай тақдири нима бўлади?

Музокаралар

Сурат манбаси, official

    • Author, Шоҳруҳ Соипов
    • Role, Мустақил журналист, Қирғизистон

Бишкекка расмий иш сафари билан келган Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов қирғизистонлик ҳамкасби Муҳаммедкалий Абилгазиев билан учрашгандан сўнг, давлат раҳбари Сооронбай Жээнбеков қабулида ҳам бўлган.

Учрашувда расмийлар икки давлат орасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, чегара, энергетика, ҳудуд ва парламентлараро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилганлар.

Президент Жээнбеков барча масалалар ўзаро манфаатларни инобатга олган ҳолда ҳал этилиши кераклигини, Ўзбекистон билан икки тарафлама эмас, кўп қиррали ҳамкорликка тайёр эканини айтган.

Шунингдек давлат раҳбари қирғиз-ўзбек чегарасини делимитация қилиш бўйича тарафлар олиб бораётган ишлардан қаноатланганини айтиб, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг чегарадош ҳудудлари орасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадга мувофиқ бўлишини урғулаган.

"Чегаралар деярли аниқланди"

Қирғиз-ўзбек чегарасини аниқлаш ишларининг 92 фоизи якунланган. Бу ҳақда журналистларга маълумот берган Қирғизистон Бош вазири муовини Жениш Разақовнинг сўзларига кўра, чегара чизиқларининг 85 фоизи юзасидан 2017 йилда ўзбек расмийлари билан келишувга эришилган. Ундан кейин яна 8 фоиз келишилган.

"Бугунги кунда 10га яқин ҳудудлар аниқланмай қолаяпти. Уларнинг аксарияти Жалолобод вилоятида. Музокалар олиб борилмоқда. Участкаларни ўзаро алмашинувни кўриб чиқмаймиз", - деган қирғиз расмийси.

Расмийлар икки давлат орасидаги қайси ҳудудлар бўйича келишувга эришилгани очиқланмади. Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида чегаралари аниқланмаган ҳудудларда вақти-вақти билан низолар келиб чиқиши кузатилади.

Ўтган йилнинг августида Қирғизистон ҳукуматининг Ўш вилоятидаги мухтор вакили Байиш Юсупов, Ўзбекистон ҳудудида жойлашган "Барак" қирғиз қишлоғини қўшни давлатга бериб, унинг ўрнига улардан чегара олди ҳудудидан ер олишлик бўйича келишилганини маълум қилганди. Бу маълумотни қишлоқ ҳокими Бурканбек Аширов ҳам тасдиқлаган. Бироқ Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчиси Комил Рашид эса бу ҳақда хабари йўқлигини айтган.

Ўрта-Тўқай...

Шунингдек, Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповнинг Қирғизистонга қилган расмий иш сафари доирасида, икки давлат "Ўрта-Тўқай" сув омборидан фойдаланиш бўйича ҳам музокалар олиб борилган. Бироқ қандай натижага эришилгани ошкор этилмади.

Жалолобод вилоятининг Ола-буқа туманида жойлашган "Ўрта-Тўқай" сув омбори масаласи номаълумлигича қолмоқда.

Совет Иттифоқи даврида қурилган мазкур сув омбори Ўзбекистон қишлоқ ҳўжалик ҳудудларини суғориш учун мўлжалланган.

2016 йилнинг август ойида Ўзбекистон Косонсой сув омбори деб биладиган, Қирғизистон эса ўзининг Ўрта-Тўқай сув омбори деб айтадиган сув ҳавзасини қўриқлаётган Косонсой туман милиция ходими Қирғиз расмийлари томонидан қўлга олинган.

Ўзбекистон талаби билан, орадан ўн кун ўтиб, милиция ходимига суд қарори асосида 20 минг сўм жарима солиниб, қўйиб юборилган.

Қирғизистон билан Ўзбекистон ўртасидаги чегаранинг умумий узунлиги 1378 километрни ташкил этади.

Темир йўл ва автобус қатнови

Музокаралар

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ҳамкасби Мухаммедкалий Абилгазиев билан учрашуви чоғида икки давлат орасидаги темир йўлни ривожлантириш кераклигини урғулаган.

"Мамлакатларимизнинг транспорт салоҳиятини янада жадал ривожлантириш учун биз Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлини қуриш бўйича музокаралар жараёнини имкон қадар тезроқ якунлашга ҳаракат қилмоқдамиз", - деди Абдулла Арипов.

Унинг сўзларига кўра, томонлар Андижон-Ўш ва Эргештом - Қашқар автомобил йўлларининг имкониятларидан фойдаланиши керак.

Унга жавобан Қирғизистон Бош вазири Мухаммедкалий Абилгазиев яқин вақт ичида Андижон -Ўш ва Фарғона -Ўш йўналишидаги автобуслар қатнови йўлга қўйилиши режалаштирилаётганини айтилади.

"Биз бу йўналишлар очилишини жадаллаштиришимиз керак. Бу келишув давлатлараро автотранспорт соҳасида икки томонлама ваколатли идораларнинг учрашуви чоғида имзоланган", деди қирғиз расмийси.

Шунингдек, Қирғизистон траспорт воситаларининг Ўзбекистон чегарасидаги назорат ўтказиш пунктлари орқали тўсиқларсиз ўтишлари масаласини ҳал қилиш кераклиги, бундан ташқари Қирғизистон юкларини Ўзбекистонга темир йўл орқали ташиш учун 30 фоизлик чегирма масаласи кўриб чиқилаётгани айтилди.

Ҳозирги кунда Қирғизистоннинг Ўзбекистон билан асосан Ўш вилоятидаги "Дўстлик" йирик ўтказиш нуқтаси фаолият олиб бормоқда. Шунингдек, Жалолободдаги "Маданият" ва Боткен вилоятидаги "Қизил-Қия" ўтказиш пунктлари бор.

Сўнги уч йил ичида бу ўтказиш пунктларидан ўтаётган икки давлат фуқаролари сони кескин ошган.

100 млн долларлик кредит

Қирғизистон Иқтисодиёт вазири Санжар Муқанбетов икки давлат Бош вазирлари ўртасидаги музокаралар доирасида республика томонидан Ўзбекистондан юз миллион долларлик кредит олиш масаласи кўриб чиқилишини маълум қилган.

Унга кўра, 2018 йилнинг кузида Ўзбекистон президентининг Бишкекка қилган сафари чоғида кредит тизимини очишга келишилган.

"Ушбу маблағларни жун ва териларни қайта ишлаш билан шуғулланувчи тадбиркорларга беришни мўлжаллаяпмиз", деган бош иқтисодчи.

Қўшни давлатдан олинган кредит, маҳаллий тадбиркорларга "Айил Банк" орқали тақсимланиши кўзда тутилган.

2018 йил охирида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги савдо ҳажми 340 миллион долларни ташкил этган.

Жорий йилнинг 5 ойида эса 130-140 миллион долларлик савдо алмашинув бўлган.

Келажакдаги мақсад йиллик кўрсаткични 1 миллиардга оширишдир.

Ўзбекистондан Қирғизистонга асосан сабзовот ва мевалар олиб келинади. Қўшни давлатга асосан кўмир ва цемент экспорт қилинади.

Мирзиеёв Бишкекка келади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиеёв Қирғизистонга расмий иш сафари билан келиши кутилаётгани, икки давлат Бош вазирларининг учрашуви чоғида маълум бўлди.

Бош вазир Абдулла Ариповнинг Бишкекка келишининг асосий мақсадларидан бири, президент Шавкат Мирзиеёвнинг Қирғизистонга расмий сафарини уюштириш эканлиги айтилади.

Мирзиеёв Бишкекка жорий йилнинг июнь ойида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этиш учун келган. Ундан аввал эса 2017 йилнинг сентябрида илк давлат сафари билан ташриф буюрган.

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповнинг Қирғизистонга қилган расмий иш сафари чоғида асосан қишлоқ ҳўжалиги бўйича келишувлар имзоланган.

Улардан, икки давлат ҳукуматлари орасида ўсимликлар каратини доирасида ҳамкорлик қилиш, минерал ер озуқаларини ташиш ва мазкур соҳаларда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш келишувларидир.

Икки давлат орасидаги алоқалар ривожланаётган бир паллада, айрим қирғиз сиёсатчилари қўшни давлатлар билан эришилган келишувларни оммага очиқланишини талаб қилиб, акс холда бу келишувларнинг салбий оқибатлари бўлишидан огоҳлантириб келадилар.

"Ота Юрт" партиясининг раҳбари Қамчибек Ташиев, қирғиз ҳукуматини Ўзбекистондан кредит олганини салбий баҳолаб, миллий манфаатлар оёқ-ости қилинганини айтади.

"Ўзбекистон, Тожикистон давлатлари билан эҳтиёт муомала қилишимиз керак. Сабаби давлат чегараларимизни тўлиқ аниқлаганимизча йўқ. Ҳар доим низолашиб турамиз ва рақобат давлатларданмиз", дея ҳисоблайди собиқ парламент депутати.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek