Ўзбекистон-Қирғизистон: “Дўстлик” чегара ўтиш маскани очилди

Президентлар

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги "Дўстлик асосий чегара ўтиш маскани очилишини ҳам ўзбеклар, ҳам қирғизлар катта байрам каби нишонладилар.

"Дўстлик" пости Ўзбекистон Фарғона водийсини Қирғизистон жануби билан боғлайдиган асосий йўлак.

Айни дамда, у савдо-сотиқ учун ҳам муҳим.

Бу чегара ўтиш маскани Қирғизистон жанубида юз берган 2010 йилги қонли этник низолар ортидан ёпиб қўйилганди.

Бишкекка борган Шавкат Мирзиёев бир кун олдинги нутқида Андижон ва Ўш орасида одамлар эркин борди-келди қилишини исташини айтганди.

Охирги йиллари тўй, аза ёки бошқа маросимларга бориш учун ҳам ҳар икки давлат фуқароларидан лозим телеграмма талаб қилинган ва усиз "Дўстлик"дан ўтиб бўлмаган.

Сўнгги янгилик Ўзбекистон янги президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга икки кунлик илк давлат ташрифининг сўнгги кунига тўғри келган.

Бишкекдан олинган хабарларга кўра, "Дўстлик"ни очиш тўғрисидаги келишувга худди ана шу ташриф чоғида эришилган.

Ҳар икки давлат расмийларига кўра, ортиқ бу чегара ўтиш масканида бу каби расмиятчиликлар бўлмайди.

Давлат ташрифининг илк куни - 5 сентябрда Ўзбекистон ва Қирғизистон президентларининг "Давлат чегаралари тўғрисида"ги ҳужжатни имзолагани хабар берилган.

Қирғизистон раҳбарининг сўзларидан аён бўлишича, ўзбек-қирғиз чегарасининг 85 фоизи аниқлаб бўлинган.

Расмий хабарларга кўра, президент Мирзиёев сувдан фойдаланиш ва ГЭС қурилиши масаласига ҳам алоҳида тўхталган.

Ўзбекистон Қамбар ота гидроэлектр станциясини Қирғизистон билан бирга қуришини айтган.

Шавкат Мирзиёев Андижон-Ўш-Қошғар автомобиль йўли қурилиши ва Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилишини тезлаштириш масаласи юзасидан ҳам жиддий келишиб олишганини билдирган.

"Бу халқларимиз 20 йилдан зиёд вақт кутган ҳодисадир", - дея хулоса қилган Алмазбек Атамбоев якуний матбуот анжумани чоғида.

"Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга қилган бугунги ташрифи кўплаб масалаларни ҳал этади ва ушбу ташриф қардош халқларимиз муносабатларида янги давр, янги замонни бошлаб беради".

"Икки давлат тарихида кўплаб муаммолар, тўсиқлар бўлган, бироқ улар бартараф этилди. Бугун барча масалалар бўйича ўзаро келишувга эришдик", - дея баён қилган тез орада ўз президентлик ваколатини расман топширажак Қирғизистон раҳбари.

Аммо шу йил октябрь ойида Қирғизистон Президентининг Ўзбекистонга ташриф буюриши кутилмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02