Россия ва референдум: Бўш сайлов участкалари, илк жанжаллар - Rossiya O'zbekiston

Сурат манбаси, Reuters
Россияда Конституция таҳрири бўйича овоз беришнинг биринчи куни ўтди. Бу таҳрир бир неча ўзгаришлар билан бирга Владимир Путинга 2036 йилгача ҳукумат тепасида қолиш имконини беради.
Аввалига овоз бериш куни 22 апрелга белгиланган эди, аммо пандемия ҳавфи юзага келгани ортидан бу тадбир кейинга қолдирилганди.
Мамлакатда коронавирус тарқалиши давом этаркан, фуқаролар 1 июлга қадар ҳафта давомида ўз овозларини беришлари мумкин.
Би-би-си мухбирлари бир неча сайлов участкаларида бўлишди ва овоз бериш учун ташриф буюрувчилар жуда озлигини кўришди.
Ҳукумат Москва ва Нижный Новгородда интернетдан, Давлат хизматлари портали орқали овоз бериш мумкинлигини билдиришганди. Электрон овозлар сони 48,9% фоизни ташкил этган, яъни шу зайлда 574,1 кишининг овози қабул қилинган.
Аммо электрон овозлар биринчи куннинг ўзидаёқ жанжалларни юзага келдирди. «Дождь» телеканали журналисти Павел Лобков икки марта овоз бериш мумкинлигини намойишкорона кўрсатди: у аввалига сайлов участкасида, кейин эса интернет орқали таҳрир учун овоз бериш жараёнига муносабатини билдирди.
Би-би-си Рус хизмати журналистлари бу ҳаракат Лобков учун қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини муҳокама қилди (ҳукумат уни маъмурий жавобгарликка тортиш мумкинлигини билдирди).
Россия мухолифоти тизимлими-тизимсизми, Конституция таҳририга рози эмаслар. Аммо Путиннинг айрим рақиблари сайлов участкаларига бориш лозимлигини айтишмоқда. Албатта, ўз ҳамфикрларини қарши овоз бериш ва барча жараёнларга бойкот эълон қилиш учун ҳаракат қилишга чақиришмоқда.

Сурат манбаси, TASS
Вирус ўчоғи бўлган Россияга ким эшигини очишга рози?
Росавиация раҳбари Александр Нерадько Роспотребнадзор ва Бош вазир ўринбосари Татьяна Голиковага халқаро парвозларни қайта тиклаш мазмунида мактуб йўллади.
Айни пайтда Росавиация халқаро парвозларни қайта тиклаш режасини тайёрлаган ва чекловларни босқичма-босқич олиб ташлашни таклиф қилмоқда.
Александр Нерадько ҳозирги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, бошқа давлатлар, жумладан энг аввало МДҲ давлатлари билан парвозларни тиклаш лозимлигини билдирган.
"Европага парвозларни очиш мантиқан тўғрироқ бўларди - бугунги кунда бу давлатларда касалликнинг кунлик тарқалиши МДҲ давлатларига қараганда анча пасайган. Аммо Европа россиялик сайёҳларни қабул қилишни исташадими-йўқми, бу бошқа масала», - таъкидлади Росавиация вакили.
Роспотребнадзор парвозларни қайта йўлга қўйиш масаласи кўриб чиқилаётганлигини маълум қилди. Аммо якуний қарорлар қабул қилиниши бошқа давлатлар билан келишилган ҳолда ҳал қилинади.
Ҳозирча Европа Иттифоқи ўз чегараларини Россия, АҚШ ва Бразилия каби вирус ўчоқлари сифатида қолаётган мамлакатлар учун очмоқчи эмас.
Евроньюс нашри Европа Иттифоқи ўз чегараларини иттифоқ аъзоси бўлмаган мамлакатлар учун очиши мумкин бўлган ишчи рўйхатни тасдиқлаганини ва ушбу рўйхатга Россия киритилмаганини маълум қилган.
Еттинчи кунки, пасайиш давом этмоқда

Сурат манбаси, AFP
Коронавирусга қарши кураш тезкор штаби маълумотига кўра, сўнгги кеча-кундузда Россиянинг 85 ҳудудида вирус юқтирганликнинг 6800 та янги ҳолатлари қайд этилган.
Бу охирги бир хафтадаги кетма-кет энг паст кўрсатгичлар бўлиб қолмоқда. Коронавирусдан соғайганлар эса кунига 8988 киши эканлиги маълум қилинган.
Бугунги кунгача Россияда вирусга чалинганлар сони жами 620 794 нафар сифатида қайд этилган, 384 152 киши эса буткул соғайган.
Етти ойлик чақалоқ ўлими
Ленинград вилоятининг Ломоносов туманида етти ойлик болачанинг ошхонадаги сув солинган кастрюлга тушиб вафот этганлиги ҳолати ўрганилмоқда.
Чақалоқнинг ота-онаси ўзбекистонлик меҳнат муҳожири эканлиги маълум.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг аниқлашича, 29 ёшли мигрант ота далага ишлашга кетган бўлган. 23 ёшли она эса уйда бола билан бўлгани, ўн дақиқага болани қаровсиз қолдирганда шу ҳодиса рўй берганини билдирган.
Онанинг айтишича, чақалоқ ошхонада сув солинган кастрюлга боши билан тушиб кетган. Кастрюлнинг баландлиги 30 см бўлган, боланинг боши сув ичида, ўлик ҳолда топилган.
Ўзбекистонлик ота-оналар полиция маҳкамасига олиб кетилган. Полиция муҳожирларнинг рус тилида гаплаша олмасликлари ва хужжатларида муаммолар борлигини маълум қилган. Сувга бўкиб ўлган болакайнинг эса туғруқхонада берилган гувоҳнамаси бўлган.
Чақалоқ ўлимининг сабаблари танани очиб кўришдан сўнг маълум бўлади, - билдирди Тергов қўмитаси.

- Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазият қандай?
- Россия: Навбат талашаётган, пул юбора олмаётган, сувга чўкаётган ва сотиб юборилаётган ўзбекистонликлар
- Россия: Мигрантларга ишни тақиқлаган губернатор ўзбекларни қурилишда ишлатмоқчи
- Россия: Муҳожирлар ишга қайтди, патентга пул борми?
- Россия, мигрантлар: Путин яна 3 ойга енгиллик берди
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













