Коронавирус иқтисоди: Ўзбекистон яна ярим миллиард доллар қарз олмоқда, пуллар қаерда? - O'zbekiston

Сурат манбаси, Social Media
Осиё Тараққиёт Банки Ўзбекистонга 500 миллион АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли кредитни маъқуллаган.
Молия вазирлиги матбуот хизмати тарқатган хабарда айтилишича, маблағлар Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ва давлат бюджетига коронавирус пандемияси ва глобал инқирознинг салбий таъсирини камайтириш чораларини молиялаштиришга йўналтирилади.
Шу йил апрелида Ўзбекистон ҳукумати коронавирус туфайли бюджетни қўллаб-қувватлаш учун Осиё тараққиёт банкидан 1 миллиард долларгача маблағ ажратишни сўраганди.
Ўтган ой Халқаро Валюта Жамғармаси Ўзбекистонга коронавирус оқибатларига қарши кураш учун 375 миллион АҚШ доллари миқдоридаги тезкор кредитни маъқуллаган.
Май ойи бошида Жаҳон Банки коронавирус оқибатларига қарши кураш учун Ўзбекистонга 200 миллион доллар маблағ ажратгани маълум қилинган.
Шундай қилиб, коронавирус пандемияси бошидан буён Ўзбекистон халқаро молия ташкилотларидан олган қарзлар 1 миллиард доллардан ошиб кетган.
Камбағаллар кўпаймоқда
Жаҳон Банкига кўра, коронавирус пандемиясининг ижтимоий ва иқтисодий оқибатлари Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистонда энг кўп аҳолининг камбағал қатламларига таъсир кўрсатмоқда.
Коммунал тўловлар, озиқ-овқат ва тиббий хизмат харажатлари ошиб бораётгани ҳолда минглаб оилалар даромад манбайидан ажраган.

Ўтган ҳафта эълон қилинган ҳисоботда айтилишича, Ўзбекистонда камида бир аъзоси ишлайдиган оилалар сони карантин чоралари жорий қилинган шу йилнинг март-апрел ойларида 85 фоиздан 43 фоизга тушган.
Жаҳон Банкига кўра, унинг маблағлари Ўзбекистон ҳукуматига қўшимча 135 минг кам даромадли оилаларга ижтимоий нафақалар ажратиш ва ишларини йўқотган 70 мингдан ортиқ инсонга бир марталик тўловларни амалга ошириш имконини берган.
"Ўзбекистонда, бутун дунёда бўлгани каби COVID-19 пандемияси соғлиқни сақлаш, иқтисодий ва ижтимоий соҳада мисли кўрилмаган инқирозга олиб келди", дейилади Жаҳон Банки ҳисоботида.
Банк инқироз боис Марказий Осиёда камбағаллар сони 1,4 миллиондан 1,6 миллионга кўпайишини башорат қилмоқда.
Жаҳон банкининг камбағаллик ва тенглик масалалари бўйича лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Уильям Зейтцнинг айтишича, Ўзбекистон аҳолисининг 15 фоизи кунига 3,2 доллардан кам даромад кўради.
Унинг фикрича, камбағаллик ортишининг асосий сабаби ишсизлар сонининг кўпайишидир.
Шу ой бошида Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусанов мамлакатда ишсизлар сони қарийб 2 миллионга етганини айтан
Хусановнинг сўзларига кўра, пандемияга қадар ишсизлар сони ўртача 1 миллион 350 мингни ташкил этган.
Ишсизлар сони ортишига пандемия туфайли қатор корхоналар фаолиятининг тўхтатилиши сабаб бўлган.
Шунингдек, у 550 мингга яқин ўзбекистонлик доимий равишда меҳнат муҳожирлигига чиқиб кета олмагани учун ҳам мамлакатда ишсизлар сони ортиб кетганини маълум қилган.
Жаҳон Банкиа кўра, Ўзбекистонда пандемия оқибатида 40 фоиз иш ўринлари қисқарган.
Айрим соҳаларда ишсизлар сони 90 фоизгача етгани айтилади.
Пуллар қаерда?
Иқтисодий таҳлилчи Абдулла Абдуқодировнинг ёзишича, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳар куни эълон қилаётган аҳолининг коронавирус инфекциясига чалиниш статистикаси манзарасида ҳукумат томонидан COVID-19 тарқалиши ва унинг оқибатларига қарши курашиш учун "улкан маблағлар ажратилаётгани" факти эътибордан четда қолаётган бўлиши мумкин.

Сурат манбаси, Ulugbek Maylikov
Таҳлилчининг Anhor.uz сайтида чоп этилган мақоласида ёзишича, Ўзбекистон Молия вазирлиги тарқатган маълумотга кўра, 27.05.2020 йил ҳолатига Инқирозга қарши курашиш жамғармасига 7,44 трлн сўм келиб тушган, ундан 7,32 трлн сўм халқаро молия институтларининг имтиёзли узоқ муддатли кредитлари ҳисобидан шакллантирилган.
Иқтисодчининг ҳисоб-китобларига кўра, кўрсаткичлар бўйича умумий харажатлар қуйидагиларни ташкил қилган:
- касалланганларнинг барчасини (5328 киши) дволаш харажатлри, оғир касалларга сарфланган харажатларни чиқариб ташлаган ҳолда 172,26 млрд сўмни ташкил қилди;
- оғир касалларни даволаш харажатлари (53 киши) - 3,52 млрд сўм;
- стационар карантинга жойлаштирилган одамларга сарфланган харажатлар (110 минг киши) - 264,0 млрд сўм;
- уй карантинига жўнатилган одамларга сарфланган давлат харажатлари (320 минг киши) - 384 млрд сўм;
- 14 кунлик карантиндан кейин 4096 кишини реабилитация қилишга харажатлар - 11,5 млрд сўм;
- аҳолини тестдан ўтказишга умумий харажатлар (820 минг киши 2 мартадан) - 367,36 млрд сўм.
Абдулла Абдуқодировнинг қайд этишича, давлатнинг фақат COVID-19 га чалинган беморларни даволаш ва карантинда сақлашга сарфлаган харажатлари 2020 йил учун ажратилган мамлакат соғлиқни сақлаш соҳасини молиялаш харажатларидан 8,25% га кўп.
Иқтисодчига кўра, бу Молия вазирлигининг жорий бюджети учун жуда катта юклама.
"У шу қадар каттаки, бюджетда кўзда тутилган бошқа барча молиялаштириш йўналишларини иккинчи планга суриб қўяди. Таққослаш учун эслатиб ўтаман, 2020 йилда бюджет томонидан соғлиқни сақлаш соҳасидаги фақат 17 та давлат мақсадли дастурини молиялаштиришга бор-йўғи 747,3 млрд сўм сарфлаш кўзда тутилган", деб ёзади таҳлилчи.
Айни пайтда у маблағларнинг қанчалик мақсадли сарфлангани борасида савол қўяди.
"Биз, бир томондан, донорларнинг бепул асосда юз минглаб тестлар ва реагентларни тақдим этгани, бошқа томондан эса ҳукумат фақат Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги орқали тест-тизимлар, реагентлар ва ҳимоя воситаларини харид қилишга 270 млрд сўм маблағ сарфлаганини кўриб туриб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан неча дона, тўплам тестдан ўтказиш воситалари ва реагентлар харид қилганини тушунолмаяпмиз. Бизнинг ҳисоб-китобларга кўра, бу пуллар камида 1 млн кишини тестдан ўтказиш учун етарли бўладиган тест-тизимларни ва реагентларни харид қилишга етиши керак эди", деб ёзган Абдулла Абдуқодиров.
Молия вазирлиги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағларининг сарфланишига доир иккита ҳисоботни эълон қилган.
Абдулла Абдуқодировга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги сарфланган бюджет маблағлари, хориж кредитлари ва чет эл ташкилотларининг COVID-19 га қарши курашиш учун тақдим этган инсонпарварлик ёрдами ҳақидаги тўлиқ ва батафсил ҳисоботни эълон қилиши керак.
Ўзбекистон ҳукумати хорижий молия институтларидан олинаётган кўп миллион долларлик кредитларга қарамасдан пандемия даврида аҳолига тўғридан-тўғри пул тарқатиш ғоясини рад этган.
Президент Мирзиёев бу каби тадбир коррупцияга йўл очишини айтган.
У маҳаллий тадбиркорларни аҳолига ёрдам кўрсатишга чақириб, бунинг эвазига солиқ, кредит ва бошқа имтиёзларни ваъда қилган.
Аммо пандемия боис маҳаллий бизнеснинг ўзи қийин аҳволда қолгани айтилади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













