Ўзбекистон: "Ниқобларни тезроқ ечайлик" ёки карантин узайтирилгани яхши бўлдими? O'zbekiston

BBCUZBEK.COM

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Ўзбекистонда мамлакат қисмларини рангли ҳудудларга ажратиш тартиби ва кучайтирилган санитария-гигиена назорати 1 августгача сақланиб қолиши тўғрисида қарор олинди.

Ушбу қарорга кўра, жамоат жойларида тиббий ниқоб ва антисептик воситалардан фойдаланган ҳолда ҳаракатланиш, ижтимоий масофани сақланиши устидан назоратни кучайтириш белгиланмоқда.

Бироқ ўзбекистонликлар ушбу хабарни турлича қабул қилган.

Айримларнинг фикрига кўра, жамоат транспорти ва кафе-ресторанлар, умумий овқатланиш шахобчалари, буюм бозорларининг фаолиятига рухсат берилган бир пайтда жамоат жойларида ниқоб тақиб юришнинг самараси йўққа чиқиши, ижтимоий масофани сақлашдан маъно қолмаслиги мумкин.

Бундан ташқари кўплаб фаолият турларига рухсат берилган бир пайтда ниқоб тақиш ва ижтимоий масофа сақлаш тартибининг сақланиб қолиниши карантин важи билан одамларнинг ҳаракат эркинлигини чеклаш ва катта миқдордаги жарималар солишга баҳона вазифасини ўташи мумкинлиги тўғрисида ҳам фикрлар кўзга ташланмоқда.

Бироқ бир вақтнинг ўзида коронавирус юқтириб олганлар сони ортиб бораётганига асосланган баъзи ўзбекистонликлар кучайтирилган санитария-гигиена тартиби сақланиб қолганлигини маъқуллаб чиққан.

Би-би-си деярли уч ойдан бери амалда бўлиб келаётган карантин тартибининг яна узайтирилиши юзасидан одамларнинг муносабатини ўрганиш мақсадида пойтахт кўчаларида одамларга микрофон тутди.

"1 августгача чўзилмасин"

BBCUZBEK.COM

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Сурат тагсўзи, "Карантин узайтирилганини маъқуллайман"

"Шу карантин, илоҳим, тезроқ тугасин, 1 августгача чўзилмасин, ҳамма касаллар тузалиб кетсин, ниқобларни тезроқ ечайлик", дейди 25 ёшлардаги бир йигит.

"Ўз-ўзини ҳимоя қилиш, ҳурмат қилиш ҳам яхши бўлиб кетди. Ўшанга қарабда энди. Кўпайиб кетяпти, деяпти. Интернетда ўқияпмиз. Ўшанинг олдини олиш бўйича ҳам узайтирилгани, менимча, маъқулроқ", сўзлайди ўрта яшар бир эркак.

Яхши хабар: Ниҳоят коронавирус дориси топилдими? - O'zbekiston, Ўзбекистон, дунё

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Пойтахт деҳқон бозорларидан бирида сотувчи бўлиб ишлайдиган аёлнинг фикрича, жамоат жойларида санитария тартибини кучайтириш лозим.

"Дезинфекцияни кучайтириш керак, деб ўйлайман. Олти яримдан етти яримгача бозорга келамиз, дарвоза очиқ бўлади, лекин дезинфекция [туннели] очилмаган бўлади. Мен ўйлайман, [дезинфекция туннели] эрталабки олтидан кечки пайтги олтигача очиқ бўлса, одамлар битта-битта ўтса, вирус бозорга кирмайди", дейди у.

"Битта одамнинг лечениесига 65 миллион сўм кетади. Мана шу бозор дарвозасидан битта вирус ушланса, нечта одамнинг ҳаёти сақлаб қолинади? Пул топишнинг ўзи бўлмайди. Менимча, шу 65 миллионни маош қилиб берса, милиция, санитарлар юрса, назорат кучайтирилса, вирус йўқолади", қўшимча қилади.

Би-би-си билан суҳбатлашган бошқа одамлар ҳам карантин тартибининг узайтирилганини ёқлашини маълум қилди.

Аммо сўровнома ўтказилган ҳудудда, катта эҳтимол билан, расмийлар ва кўп сонли ички ишлар ходимларининг мавжудлиги туфайли аксар одамлар фикр билдиришдан ўзини тийди ёки бу мавзуда сўзлашни истамади.

"Пул берса, уйда ўтираверардик"

Дезинфекцияни кучайтириш керак, деб ўйлайман. Олти яримдан етти яримгача бозорга келамиз, дарвоза очиқ бўлади, лекин дезинфекция [туннели] очилмаган бўлади.

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Сурат тагсўзи, Дезинфекцияни кучайтириш керак, деб ўйлайман. Олти яримдан етти яримгача бозорга келамиз, дарвоза очиқ бўлади, лекин дезинфекция [туннели] очилмаган бўлади.

Ижтимоий тармоқларда эса карантин тартибининг 1 августга қадар сақланиб қолинишига нисбатан қизғин муносабат билдирилаётганини кўриш мумкин.

"Карантинни очиб юборишган, лекин одамларни ушлаб туриш учун карантин баҳона одамларни жаримага солади, бўлар-бўлмасга милисахонага оборади. Карантин сақланиб қолинган бўлса, одамларни кўчага чиқармасдан уйида боқиши керак давлат", дея ёзган бир Facebook фойдаланувчиси.

"Карантин қоидасига риоя қилмадинг, деб штрафларни ҳали тўхтатгиси келмаяпти", фикр билдиради бошқа фойдаланувчи.

"Охиргисими ишқилиб? Бошқа чўзманглар, узилиб кетади", киноя қилади бир фойдаланувчи.

Бир Facebook фойдаланувчисининг фикрича, "коронавирус ҳали-бери тугамайди", шу сабабдан одамларни уйда сақлаб ўтирмасдан, инсон танасини чиниқтириш йўлларини топиш лозим.

Бошқа бир фойдаланувчи эса одамларнинг жамғармаси тугаганига ишора қилиб, карантин даврида пул тарқатиш лозимлигини билдиради.

"Ҳар бир фуқарога 5 миллиондан берса, 31 декабргача бўлса ҳам, уйда ўтирардик", ёзади у.

Бир вақтнинг ўзида эса касаллик авж олиб кетаётгани таъкидланиб, карантин тартибининг сақланиб қолиши маъқулланган фикрлар ҳам кўзга ташланган

Бироқ, аксар ҳолларда, бундай фикрлар остида "оддий халқнинг аҳволи оғирлашиб бораётгани" билдирилган раддиялар ифода этилиб, фойдаланувчилар ўртасида кескин мунозаралар юзага келган.

Президент Мирзиёев: "Вазият ўзгармаса, ҳудудларни ёпамиз"

BBCUZBEK.COM

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Президент Шавкат Мирзиёев 16 июнь куни ўтган видеоселекторда сўнгги икки ҳафта давомида коронавирусга чалинганлар сони кескин ортганини таъкидлаб, вазият мураккаблашиб бораётганини билдирган.

"Биз жуда кўп фуқароларимизни четдан олиб келяпмиз. Албатта бу ҳам бизга салбий таъсир кўрсатяпти, лекин олиб келмасак, иложимиз йўқ - ўзимизнинг фуқароларимиз", сўзлаган президент.

Давлат раҳбари вирус аҳоли орасида кенг тарқалиб бораётганига алоҳида эътибор қаратган.

Унинг маълум қилишича, Тошкент шаҳрида сўнгги икки ҳафтада касалланган 551 нафар фуқародан 482 таси айнан аҳоли орасидан аниқланган.

"57 ҳолатда вирусни юқтириш манбаи номаълум қолаётгани афсусланарли. Тошкент, Навоий ва Қашқадарё вилоятларида ҳам шундай хавотирли ҳолат кузатилмоқда" деган президент Мирзиёев.

Шунингдек, у пандемияга қарши курашишда "ҳушёрлик ва масъулиятни ўн карра оширадиган янги босқич бошланаётгани"ни ҳам қўшимча қилган.

Президент пандемия даврида ишлаш ва яшашга ўрганиш, карантин талабларига риоя қилган ҳолда иқтисодиётни қайта тиклаш зарурлигини тилга олиб, вазият мураккаблашишда давом этса, кўплаб вилоят ва шаҳарларни ёпишга тўғри келиши мумкинлигини таъкидлаган.

Коронавирус

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek