Путин учун СССР шунчалик муҳимми, у нимага тоқат қилмайди ёки нега беш Марказий Осиё президентининг барчаси бирдек Москвага борди? O‘zbekiston Rossiya Putin Yangiliklar

Сурат манбаси, Rasmiy
Яна янги саволлар ўртага чиқди...
Бунга минтақа давлатлари лидерларининг Москвага сўнгги сафари замин яратди.
Алоқадор мавзулар:
- Янгиликлар. Ўзбекистон: Россия қўрқитмоқчими?
- Янгиликлар. Ўзбекистон: Бугун Путинга "Йўқ", дейиш хавфлими? Россия ва Марказий Осиё. Видео
- Янгиликлар. Ўзбекистон: Мирзиёев нега жиддий ташвишда эканликларини айтди, Россия бекорга қўрқитмаяптими?
- Янгиликлар. Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев қудратларга кескин кетди, нима учун "ўлишга тайёр" эканини ҳам айтди
Нима бўлди?

Сурат манбаси, Rasmiy
Беш Марказий Осиё президентининг Россия пойтахтига бу галги ташрифи хос эътибор топди.
Ташриф Россия Украинага очган уруш ҳануз тинмаган ва Путин бешинчи бор Россия президенти сифатида ўзининг президентлик ваколати ижросига киришганидан қисқа вақт ўтмай амалга ошди.
Аксарияти Тожикистон фуқаролари бўлган Марказий осиёлик мигрантлар уюштирганликда айбланган ва алоқадорликда гумон қилинган Москвадаги қонли ҳужум сабаб, Россия ўзининг антимиграцион сиёсатини кескин ўзгартирган ва мигрантларга нисбатан ўзгарган сиёсат расман эътироз, уларнинг ёппасига ортга қайтиши эҳтимоли эса, минтақада озмунча ташвишу хавотирларга сабаб бўлмаётган бир пайтга тўғри келди.
Британия Ташқи ишлар вазирининг Марказий Осиё бўйлаб сафари ортидан амалга ошгани эса, минтақа давлатлари лидерларининг Россия пойтахтига 9 май - Ғалаба куни тантаналари муносабати билан қилган ташрифлари аҳамиятини янада бўрттирди.
Дэвид Кэмероннинг Марказий Осиёга ташрифи Москвадаги қонли ҳужумдан роппа-роса бир ой ўтган бир пайтга тўғри келган.
Британия Ташқи ишлар вазири ўзининг минтақа бўйлаб сафарини айнан Тожикистондан бошлаган, минтақа пойтахтларида кечган музокаралари чоғида Ғарбнинг Россияга қарши санкциялари, минтақавий хавфсизлик ва мавсумий меҳнат муҳожирлиги кун тартибидаги энг муҳим масалалар бўлгани кўрилган.
Дэвид Кэмерон минтақани ўзлари учун "муҳим", деб атаган, Британия ҳукумати Марказий Осиё давлатлари "қийинчилик билан қўлга киритган суверенитетлари" ва мустақилликларини қўллаб-қувватлаш истагида эканини расман маълум қилган.
Британия Ташқи ишлар вазирининг Марказий Осиёга ташрифи Ўзбекистон бўладими ёки Қозоғистон, минтақанинг энг йирик давлатлари билан Кенг қамровли шерикчилик ёки Стратегик шериклик ва иттифоқчилик тўғрисидаги шартномалар имзоланиши билан якун топган.
Фақат Ўзбекистон мисолида Дэвид Кэмероннинг ташрифи мамлакат раҳбари қисқа меҳнат таътилида бўлган бир пайтга тўғри келган, қолган минтақа давлатлари пойтахтларида у президентлар даражасида қабул қилинган.
Буюк Британия Америка Қўшма Штатлари билан бирга Россияга қарши урушида Украинани ҳар томонлама дастаклаб келаётган етакчи иккита Ғарб давлатидан биттаси ҳам бўлади.
Дэвид Кэмерон ташрифи ортиданоқ Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосарининг Ўзбекистонга келиши буларнинг барчаси фонида четдаги кўпчиликнинг диққатини ўзига тортмай қолмади.
Ўзбекистон президенти эса, Россия пойтахтига сафари арафасида Ўзбек-Америка Савдо палатаси раҳбари билан юзма-юз учрашган.
Кэролин Лэмм Москванинг Крокусидаги ҳужумдан кейин шахсан Шавкат Мирзиёев қабулида бўлган яна бир Америка томони вакили экани кўрилган.
Аммо, бошқа томондан, Мирзиёев, Тоқаев, Раҳмон, Жапаров ва Сардор Бердимуҳамедов Ғалаба кунини Путин билан бирга Москвада байрам қилган саноқли хорижий давлат раҳбарлари бўлишган.
Бу ҳам озмунча талқин ва таҳлилларга замин яратмай қолмаган.

Воқеаларнинг сўнгги ривожи, бошқа томондан, Марказий Осиё атрофида геосиёсий танглик кучайиб бораётган, минтақа давлатлари лидерлари миллий манфаатларига содиқ қолишлари изоҳида ўзларининг бугунги геосиёсий рақобат манзарасида ким томон эканликларига расман ва ошкора ойдинлик киритишгача бораётган бир пайтга ҳам тўғри келган.
Ўтган ой охирида эса, Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Марказий Осиё ташқи кучлар босимини ҳис қилишда давом этаётганлигини айтган.
Виктор Маҳмудовнинг айни мазмундаги сўзлари хавфсизлик масалалари бўйича Олий вакилларнинг XII халқаро йиғилиши чоғида янграган.
Бу ҳақда ўшанда Россиянинг ТАСС ахборот агентлиги хабар берган.
Хавфсизлик Кенгаши котиби ўзининг чиқишида ташқи кучлар "Марказий Осиё давлатларини миллий манфаатларини ҳисобга олмаган ҳолда танлов қаршисида қолдиришга" ҳаракат қилишаётганини таъкидлаган.
Аммо "ташқи кучлар" деркан, дунёнинг қай бир давлатларини назарда тутаётганлигига аниқлик киритмаган.
Унинг сўзлари, бошқа томондан, Британия Ташқи ишлар вазирининг Марказий Осиёга ташрифининг сўнгги кунига тўғри келган ва шуниси билан ҳам четда ўзига эътибор тортганди.
Марказий Осиё эса, постсовет ҳудудидаги энг катта географик ва демографик минтақа бўлади.
Россия ва яқин, яқингача узоқ йиллик урушлар ичида бўлган, қарийб уч йилдирки, Толибон ҳаракатининг дунёнинг бирор бир давлати томонидан расман тан олинмаган муваққат ҳукумати бошқараётган Афғонистонга бевосита чегарадош, унинг энг йириги илова четдаги қатор ҳарбий базалари, мудофаа саноати учун муҳим кўплаб ҳарбий иншоотлари жойлашган ҳудуд.
Сўнгги икки асрда айнан Россиянинг таъсири остида бўлиб келган.
Россия мустақилликларидан ўттиз йилдан ортиқроқ вақт ўтиб ҳам, минтақа давлатларининг энг йирик савдо-иқтисодий, ҳарбий, ҳарбий-техник ҳамкори, энг яқин стратегик шериги ва иттифоқчиси.
Миллионлаб сондаги фуқароси учун энг йирик меҳнат бозори.
Айнан Россиядаги ташқи меҳнат миграцияси Ўзбекистон илова аксарият минтақа давлатлари учун жуда муҳим аҳамият касб этади.
Улар учун бугун ҳам анчайин долзарблигича қолаётган камбағаллик ва ишсизлик муаммосининг энг имконли ва энг амалий ечими бўлади.
Четда меҳнат муҳожирлигида банд фуқаролари ҳар йил ортга юбориб келаётган миллиардлаб долларлик маблағлар мамлакатларида ижтимоий муҳофаза камари вазифасини бажариб, ҳар қандай ижтимоий портлаш эҳтимолини юмшатиб келаётган энг муҳим воситалардан бири сифатида кўрилади.
Марказий Осиёда аҳолиси энг катта - расман 37 миллиондан ошувчи Ўзбекистон минтақанинг энг кўп сондаги фуқароси Россияда меҳнат муҳожирлигида банд давлати бўлади.
Шу соатларда пойтахт Тошкентдан олинаётган хабарларга кўра, президент Шавкат Мирзиёев Москвага ташрифининг эртасига, яъни бугун 10 май куни маҳаллий саноат тармоғидаги ички имкониятларни сафарбар этиш орқали аҳолини ишли ва даромадли қилиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказган.
Худди шу йиғилиш чоғида "муҳим масала" сифатида тилга олиниб, тартибли ва хавфсиз меҳнат миграциясига ҳам эътибор қаратилгани маълум бўлган.
Агар, йиғилиш чоғида келтирилган расмий рақамларга таянилса, жорий йилнинг январь-март ойида 58 минг нафар ўзбекистонлик меҳнат миграциясидан қайтиб келган бўлса, Москвадаги қонли ҳужум ортидан кечган биргина апрел ойининг ўзида бу рақамлар 57 мингтани ташкил этган.
Йил охиригача яна 250-300 минг нафарининг қайтиши прогноз қилинаётгани ҳам айтилган.
Аммо расмий хабар тафсилотларидан уларнинг қай бир давлатдан қайтишгани ва қайтишлари кутилаётган тафсилотлари ноаён қолган.
Шавкат Мирзиёевнинг Москвада Россия президенти билан кечган мулоқоти чоғида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари масаласи муҳокама этилгани ёки йўқлиги Путин матбуот хизматининг расмий хабарида очиқланмаган.

Сурат манбаси, Rasmiy
Аммо, маълум бўлишича, Тожикистон президенти Ғалаба куни арафасидаги телефон мулоқотидан кейин Путин билан Москвада учрашган пайтда ҳам бу мавзуни кўтарган.
Сўз "бошқа масалалар"га келганда, яна "душманлари"га тўхталган.
Улар, албаттаки, ўзларини уруштирмоқчи, турли йўллар ва воситалар ўрталарига нифоқ солмоқчи, деган фикрдалигини айтган.
Россия томони расмий хабарда айтилишича, Эмомали Раҳмон кейин Путинга ўзаро стратегик ҳамкор ва иттифоқчи эканликлари, Россиянинг четдаги "энг йирик", "энг йирик" ҳарбий базаси айнан Тожикистонда жойлашганини эслатган.
"Йиллар давомида ўз позицияларини ўзгартирмаганликлари ва бундан кейин ҳам ўзгартирмасликлари"ни таъкидларкан, шундай экан, ҳали яна давом этишлари, ишлашлари, глобал таҳдидларга қарши биргаликда курашишлари кераклигини қўшимча қилган.
Буларнинг ортидан эса, миграция ўзлари учун "нозик ва муҳим масала" эканини билдирган.
Аммо томонлар меҳнат муҳожирлари масаласини қандай муҳокама этишгани ва қай бир тўхтамга келишгани мавҳум қолган, расмий хабарда айтилмаган.
Путин эса, Ғалаба куни қилган чиқишида мамлакати "глобал тўқнашувга йўл қўймаслик учун ҳамма нарсани қилиши"ни айтган.
Аммо "ҳеч кимнинг таҳдидига тоқат қилмасликлари, стратегик кучлари ҳамиша жанговар ҳолатда экани"ни қўшимча қилишни унутмаган.
Москвадаги Ғалаба куни тантаналари арафасида Россия ўзининг ядровий қуроллари билан Ғарбга яна бир бор пўписа ҳам қилган.
Шундай экан, Россия ва минтақанинг бугунги ташқи сиёсати, кучайиб бораётган геосиёсий танглик фонида Марказий Осиё лидерларининг Москвага бирдек ташрифи нимани англатади?
Би-би-си Ўзбек хизмати худди ана шундай савол билан Тошкентдан минтақавий сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовга мурожаат қилди:

Камолиддин Раббимов
Сиёсий таҳлилчи, Ўзбекистон
Камолиддин Раббимов: Биз биламизки, Россиянинг жорий президенти Владимир Путин учун Совет Иттифоқи муҳим қадрият эди. Яъни, Путин 20-асрнинг энг катта геосиёсий фожеаси сифатида Совет Иттифоқининг қулашини билади. Бу - биринчиси. Иккинчиси, Совет Иттифоқининг глобал қудратга келиши, яъни дунёда мутлақ қудрат, деб тан олиниши айнан Иккинчи Жаҳон уруши ва урушдан кейинги ғалаба билан белгиланади. Яъни, Путин учун энг муҳим тарихий воқеа бу - 1945 йилда Совет Иттифоқи эришган ғалаба ҳисобланади. Шунинг учун ҳам, Путин Ғалаба байрамини, яъни Иккинчи Жаҳон урушида эришилган ғалабани Россия давлатчилиги, СССР давлатчилиги ва Рус цивилизацияси учун марказий ҳодиса, марказий геосиёсий йирик ғалаба сифатида эътироф этади. Худди шу боис, Владимир Путин доим ўзининг яқин иттифоқчиларини айнан Ғалаба байрамига таклиф қилади ва кимки ўша Ғалаба байрамига келмайдиган бўлса, ёки Россияга қарши, яъни Россиянинг яширинча ё ошкора душмани, ёки Россияга хайрихоҳ бўлмаган давлат сифатида кўради. Мисол учун, 2000-йилларнинг бошида, жумладан, 2005 йилда у Ғарб лидерларини ҳам таклиф қилган. Франция, Америка президентлари ва жудаям кўплаб хорижий қудратли давлатларнинг лидерлари ўша Ғалаба байрамига келган эди. Бугунги кунда Путин анчагина бир маргинал геосиёсий ҳолатда. Сабаби Украина уруши, Қримнинг аннексияси ва яна бошқа кўплаб сабабларга кўра, ташқи дунёнинг Путин билан, айниқса, либерал-демократик дунёнинг Путин билан муносабатлари ўта совуқ. Мана шу фонда Марказий Осиё постсовет ҳудудидаги энг катта минтақаки, Россия билан муносабатлари ёки илиқ, ёки ижобий ёки салбий эмас. Ва Марказий Осиёнинг барча давлатлари ҳар йили таклиф қилинади ва ҳар йили боради у ерга. Чунки Путин учун энг муҳим байрам мана шу 9 май ва унга бормаслик, Путин билан конфликтга ариза беришга тенг сифатида кўрилади. Демакки, Путин дипломатияси, ташқи ишлар вазирлиги, айниқса, постсовет ҳудудидаги Марказий Осиё лидерларини алоҳида таклиф қилади, бу борада интенсив, яъни жудаям изчил ишлайди уларнинг келишини таъминлаш учун. Яъни, буни алоҳида қисқа ракурсда кўриш керак эмас. Агарки, Крокусдаги ҳужум фонида Тожикистон президенти бормайдиган бўлса, аксинча, бу - вазиятнинг эскалация бўлиши, яъни кучайиб боришига сабабчи бўлади. Тожикистон тарафи ҳам, Россия тарафи ҳам бунинг икки давлат ўртасидаги муносабатлар даражасига кўтарилишини истамайди. Шунинг учун ҳам, Марказий Осиё лидерларининг барчаси 9 майда Путинни юпатиб келиш учун, Путинни тинчлантириб келиш учун, биз Россияга қарши эмасмиз, аксилРоссия бўлиш ниятимиз йўқ, Россия билан дўст ёки ижобий муносабатларни сақлаб қолиш тарафдоримиз дейиш учун ҳам боради. Россиянинг, айтайлик, ўша бутун бир негатив бўлган, салбий қаҳру ғазабини ўзидан соқит қилишга, ўзидан бошқа тарафда қолишини таъминлаш учун ҳам бориб келади.

Сурат манбаси, Rasmiy
Савол: Бошқа томондан, Марказий Осиё лидерларининг Москвага бу галги ташрифи Украинани ҳар томонлама дастаклаб келаётган етакчи Ғарб давлатларидан бири бўлган Буюк Британия Ташқи ишлар вазирининг минтақа бўйлаб сафари, Ўзбекистон мисолида Кенг қамровли шерикчилик, Қозоғистон мисолида эса, Стратегик шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани имзолашидан қисқа вақт ўтмай амалга ошди. Биргина Ўзбекистон мисолида оладиган бўлсак, Шавкат Мирзиёев Россия пойтахтига учиб кетиши арафасида Ўзбек-Америка Савдо палатаси раҳбари билан учрашди. Кэролин Лэмм Москванинг Крокусидаги ҳужумдан кейин шахсан Шавкат Мирзиёев қабулида бўлган яна бир Америка томони вакили бўлди. Минтақа давлатлари лидерларининг Москвага ташрифи фонида буларнинг барчаси нимани англатади, бирор бир геосиёсий ишора, аҳамият, мазмун-моҳият ташийдими, яъни бунга геосиёсий маъно ва вазн юклаш қанчалик тўғри бўлади?
Камолиддин Раббимов: Америка Қўшма Штатлари билан Ўзбекистон ўртасидаги Савдо палатаси раҳбари, раисасининг қабул қилиниши бу катта геосиёсий аҳамиятга эга эмас. Чунки савдо-иқтисодий муносабатларни Путин ҳам, бошқа давлатлар ҳам нормал қабул қилади. Лекин Дэвид Кэмерон, Британиянинг собиқ Бош вазири, бугунги кундаги Ташқи ишлар вазирининг минтақа давлатларига сафар қилиши, аксариятида президентлар даражасида қабул қилиниши - бунга Россиянинг жиддий рашки келади. Марказий Осиё билан Бирлашган Қироллик ўртасида нима масалалар муҳокама қилинаяпти, ҳамда ҳамкорлик қайси даражага кўтарилаяпти, деган масала Москвани жиддий қизиқтиради ва Россия буни жиддий кузатди. Энди, шаклланган ўйин қоидасига кўра, Марказий Осиё давлатларининг барчаси кўпвекторли сиёсат олиб бораяпти. Яъни, фақатгина Россияга ёки фақатгина Пекинга, ёки фақат Брюссель ёки Вашингтонга ориентир олувчи бирор бир давлат мавжуд эмас Марказий Осиёда. Чунки геосиёсий вазият шундайки, Россиядан узилиш ҳам, Россия билан тўқнашиш ҳам ёки Россияга жудаям яқинлашиш ҳам минтақа давлатларининг манфаатига жавоб бермайди. Энди, 9 майда Путин билан кўришар экан, у бу масалаларни кун тартибига қўйиб, албатта бирма-бир муҳокама қилмайди. Чунки давлат раҳбарлари бу бизнинг ички ишимиз деган бир оҳангда ёки биз шунчаки дўстона муносабатлар, савдо-иқтисодий ҳамкорликни муҳокама қилдик, дейиши эҳтимоли юқори. Ва минтақа атрофидаги маълум бир маънодаги геосиёсий рақобат барибир кучайиб бораверади. Украина урушидан кейин Россиянинг минтақага таъсири анчагина пасайди. Чунки унга қадар Россия минтақага геосиёсий босимни жудаям юқори бир даражага олиб чиққан, ҳаттоки, мисол учун, Ўзбекистонни ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига киритиш бўйича жудаям тизимли, интенсив, изчил ишлар кетаётган эди. Украина урушидан кейин бу лойиҳалар ҳаммаси қадрсизланди. Россия бу масалаларни вақти-вақти билан кўтариб туради, ўша Кремлга яқин бўлган экспертлар. Лекин минтақа давлатлари учун бу ўзининг жозибадорлигини аллақачон йўқотиб бўлди.
Савол: Сизнингча, Путин, расмий Кремль Марказий Осиё давлатларининг имкон қадар кўпвекторли ташқи сиёсат олиб бориш уринишларига қанчалик тоқат билан муносабатда бўлади?
Камолиддин Раббимов: Россия кўпвекторли сиёсатга нима деб эътироз билдира олади. Марказий Осиё НАТОга интилаётгани йўқ. Европа Иттифоқига аъзо бўлишга интилаётгани йўқ. Бор-йўғи савдо-иқтисодий ва бошқа ҳамкорликларни бошқалар билан ҳам қилаяпти. Бунга эътироз билдириши учун Россияда, Путинда, Россиянинг агрессив сиёсати нуқтаи назаридан ҳам, бирор бир аргумент, далиллар мавжуд эмас. Минтақа давлатлари мустақил давлатлар, ўзларининг манфаатлари бор. Энди бошқа давлатларнинг вазири билан ҳам учрашмайсан, дейдиган бўлса, бу жудаям бир примитив даражага тушган бўлади. Бу минтақа давлатларининг, аксинча, Россиядан узоқлашувининг тезлашишига сабаб бўлади.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













