Ўзбекистон: Жарималар инсон ҳаётини сақлаб қоладими? Янгиликлар

Сурат манбаси, Gazeta.uz
- Author, Бахтиёр Турсунов
- Role, Ўзбекистон
Автоулов бошқариш қоидалари ва ёки чекишга оид жарималар ҳақида гап кетганда, кўпчилик норозилигини яширмайди. Аслида одамларнинг ҳаёти ва саломатлигига хизмат қиладиган бундайин чекловлар нега жамиятда баҳс уйғотади?
Ижтимоий тармоқларда бирон янги жарима ва йўл қоидаларини бузиўни чекловчи амаллар ҳақида гап кетса, кўпчилик норозилигини яширмайди.
Аслида, Ўзбекистонда йўл транспорт ҳодисалар кўп учрайди ва бунинг оқибатида бевақт ҳаётдан кўз юмаётганлар ҳам оз эмас.
Шунга қарамай, жарималарни хушламаслик кайфияти мавжуд.
Алоқадор мавзулар:
Тартибми ё таъқиб?

Ўзбекистондаги телеканаллардан бирида лотерея билан боғлиқ шоу ўйини давомида бахтли рақам эгасига уни ғолиблик билан табриклаш учун телефон қилишганида узоқ вилоятлик фуқаро телебошловчининг гапларини эшитар эшитмас, шундай деди: "Қанақа яна жарима? Ахир кеча ҳаммасини тўлаб келгандим-ку?!"
Унинг бу сўзларидан даврада гулдурос кулги кўтарилди.
Жарима шу кунларда она, кундалик ишлатиладиган сўзлар қаторидан жой олмоқда.
"Ҳозир катта йўлдан ўтишда пиёдалар йўлагини ахтаришдан ва айнан уни кесиб ўтишдан эринмайман ҳам, чарчамайман ҳам. Чунки дабдурустдан талаба жиянимга шу хатога йўл қўйганисиз дейилган жарима қоғози келди. 110 минг сўм тўлади",- дейди 41 ёшли термизлик ўқитувчи Азиза.
Бироқ йўл ҳаракатига оид жарималардан энг кўп нолийдиган қатлам ҳайдовчилар бўлса керак.
Улар буни ҳар қадам ва дақиқада учраш мумкин балойи азим сифатида кўришларини билдирадилар.

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK
"Ўтган йилнинг ўзида йигирма мартача радарда аниқланган қонунбузарликликлар учун жаримага тортилдим. Радарлар бўлар бўлмас жойларга керагидан ортиқ миқдорда ўрнатиб ташланган, ҳатто бу давлат тарафидан қоидабузарликларни назорат қилиш билан бирга айрим тадбиркорлар учун бизнес усулига айланган. Уларга ғазнага тушадиган жарималардан улуш олиш эвазига радарлар сотиб олиб ўрнатиш таклиф қилинмоқда. Ўз ўзидан англашиладики, мазкур амал замирида йўлларда қонун қоидани кучайтириш эмас, аҳолидан пул тўплаш мақсади яширин"-дейди 37 ёшли такси ҳайдовчиси Акрам.
Шуниси ҳам борки, Ўзбекистон шаҳарлари марказларида ва одам тирбанд жойда йўлдан ўтиш пиёдалар учун ҳар доим ҳам осон эмас.
Аввало пиёдалар учун махсус ўтиш жойи бўладими ё яшил чироқми - қатор ҳайдовчилар бемалол пиёда олди ё ортидан ўтиб кетишга интиладиган ҳолатлар учрайди.
Баъзида йўл ўта кенг бўлса, кекса, ёш болали ва ногирон ё касалманд инсоннинг яшил чироқда бемалол ўтиб олиши осон эмас.

Катта шаҳарлар марказидаги айрим жойларни айтмаса, имконияти чекланган, кекса ё ёш болалари пиёдаларнинг йўлдан ўтиб олишлари учун бошқа қўшимча шароитлар деярли йўқ.
Пиёдалар ўтиш жойлари ораси ҳам баъзида жуда узоқ юриб боришни талаб қилади.
Худди, шунингдек, шаҳар марказида автоуловлар тезлигини чеклаш ё камайтириш ҳам ҳайдовчилар орасида норозилик уйғотмай қолмаган.
Айрим ҳайдовчиларнинг билдиришича, вокзаллар ва айрим йирик жамоат бинолари олдида тўхташ ё машина қўйиш чекланган бўлса-да, баъзида қонун-қоидани бузмасдан машинани қўйиб, ишни битириш имкони йўқ.
Нотўғри жойда машинани қолдириш эса қоидани бузиш демакдир.
Чекишнинг яна бир зарари

Кейинги пайтларда чекувчи қатлам ҳам жарималар тартибидан норозилик билдириб қолади. Икки ой олдин кўчада сигарета чекаётганида жаримага тортилганини айтган 32 яшар Ҳайитмурод кашанда, қоида бузишни истамаса ҳам, шароит шунга ундаганини урғулайди.
"Кашандалар учун махсус тамаки чекиш жойлари кам ёки унинг қайси манзилдалиги кўчаларда кўрсатилмаган. Бу - шунчаки ғазнани бойитиш мақсадидаги чора-тадбирдир" - дея нолийди у.
Термиз кўчаларидан бирида панада сигарета чекаётган йигитга яқинлашиб, ундан махсус чекиш жойи қаердалигини сўраб кўрдим.
"Бундай жойнинг ўзи йўқ. Бир излаб кўринг, топа олмайсиз. Лекин жарима бор, шунинг учун милиция ходимларидан бекиниб чекаман"- дейди бу 25 ёшли йигит.
"Мен ҳам сўнгги йил ичида икки марта жамоат жойида сигарета чекканим учун жаримага тортилдим. Албатта, айбимни тан оламан. Жарима борасида одамларнинг танобини тортиб, жиловини ушлаб турадиган шундай қарорлар зарур деб ўйлайман. Бундай қилинмаса одамлар ҳаддиларидан ошиб ўзларида мажбурият ҳиссини ҳис этмайдилар"- дейди маҳаллий университет талабаси Марат.
Жарима ва шароит

Бироқ барча ҳам янги қонун-қоидаларни хуш қаршилаб, унга буйсунишга истайди, дейиш қийин.
Арйимларнинг наздида илгари сурилаётган қарор, тадбирлар мамлакатдаги шарт-шароит ва истисноли ҳолатларни ҳам назарда тутиши керак.
"Шаҳар чеккасида автомобиль тезлиги 70 дан ортмаслиги назарда тутилган, бироқ шундай ҳоллар юз берадики, масалан хонадонда кимдир оғир бетобланади. Шунда "Тез ёрдам"ни кутиб ўтириш қийин. Беморни касалхонага белгиланган тезликда элтгунча ё у йўлда нобуд бўлиши, ё аҳволи янада оғирлашиши мумкин. Агар мазкур вазиятда газни 100 га босиб машинани ҳайдаб кўринг-чи уйингга нақ 1 млн 650 минг сўмлик жарима қоғози келади"- дейди Акрам исмли ҳайдовчи.
Бошқаларнинг фикрича, "Тез ёрдам" тез келса, бу каби ҳолатларга эҳтиёж қолмайди.
Уларнинг фикриси, умуман, тезликни ошириш ва бошқа инсонларнинг ҳаётини хавф остига қўйишни оқлаб бўлмайди.
Жарима эҳтиёжи

Айни манзарада жарима сиёсатини тушунишни истаб, уни қўллайдиганлар фикрича, унинг механизмлари шакллантирилиши керак, холос.
Жарималар орқали ҳозир қўйилган мақсадлар эса тўғри.
"Радарлар ўрнатилиб, кўчаларда автомобиллар қандай тезликда ҳаракатланиши шартлиги борасидаги тартиб мутахассислар томонидан хориж тажрибасига асосланиб, обдон ўрганилиб, тадбиқ этилган. Агарда бунга тўла-тўкис амал этилса, ҳеч қандай муаммо келиб чиқмайди. Бироқ айрим ДАН ходимлари ўзларига юклатилган режани бажариш ниятида ортиқча жарималарни юклайдилар. Бу эса норозиликка сабаб бўлади" - дейди пиёда юришни афзал биладиган Нозим ислм суҳбатдошимиз.
" Ҳозир қаёққа бормайлик, кўчаларда машиналар тирбандлигини кузатамиз ва ҳайдовчиларнинг орасида "она сути оғзидан кетмаган" жуда ёш ҳайдовчилар ҳам етарли. Устига-устак, бир бирига йўл бўшатишни билмай, қоидага рияо қилолмаслигидан ташқари, уларнинг ўзаро муомаласи ҳам қўпол" - дейди нафақахўр Барно опа.
Ўтган йил охирида эса жарималар борасидаги янгиликлар қаторида айтим имтиёзлар тақдим этилгани кўзга ташланди.
Масалан, тайинланган жарима ойнинг ярмига қадар тўланса, унинг миқдори ҳам тенг яримга қисқаради.
Ўзбекистонда сўнгги йиллари йўл ҳаракати қоидаларига оид жарима ва чекловлар кўриб чиқилди ва янгиланди, чекишга оид буткул янги қоидалар киритилди.
Бугун кўчада ҳам, ижтиомий тармоқда ҳам аксар норози оҳангдаги муносабатларни кўриш мумкин.
Янги жарималар яқин ва узоқ келажакда қандай натижа кўрсатади?
Асосий гап худди шу савол жавобига бориб тақалиши мумкин.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














