Ўзбекистон ва ЙТҲ: Ўлаётган болалар сони кескин ортди, муаммога Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ҳам эътибор қаратдими? O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Ўзбекистон

Сурат манбаси, Gazeta.uz

Йўл ҳаракати хавфсизлигига риоя қилиш масаласига энди Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати ҳам эътибор қаратди. Масъуллар эса, худди шу куни янги хавотирли рақамларни очиқлашди.

Агар, расмий статистикага таянилса, биргина шу йилнинг дастлабки тўрт ойида болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари чорак фоиздан кўпроққа ортган.

Уларда нобуд бўлган болалар сони эса, қарийб 65 фоизга ошган.

Сўнгги рақамларни Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари расман маълум қилган.

Полковник Эрали Бозоров бу ҳақда 31 май куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжумани чоғида тўхталиб ўтган.

Инсонларнинг ўлими билан якунланаётган йўл-транспорт ҳодисаларининг қанчалик фаоллашиб бораётгани сўнгги йилларда масъулларнинг жиддий хавотирларига молик муаммолардан бири бўлади.

Дейлик, биргина расмий статистиканинг ўзига таянилса, худди шу вақт оралиғида Ўзбекистонда жами 2242 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган.

Бу автоҳалокатларда 560 га яқин киши ҳалок бўлган. 1600 дан ортиқ одам турли кўринишдаги тан жароҳатлари олган.

Худди шу манзарада ҳукумат қарори билан йил охиригача йўл ҳаракати қоидаларига ўзгартиришлар киритилиши айтилган.

Ўтган йил декабрь ойида "Давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни жалб этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги президент қарори ҳам қабул қилинган.

Қарорга кўра, 1 мартдан бошлаб, тадбиркорларга йўл ҳаракати бузилганини қайд этувчи камера ва радарлар ўрнатиш ҳуқуқи берилиши кўзда тутилган.

Ҳукумат қарори билан шу йилнинг 1 августидан бошлаб, ҳайдовчилик гувоҳномаси учун имтиҳон олиш амалиётини хусусий тадбиркорларга бериш режаланаётгани ҳам маълум бўлган.

Содир этилаётган ҳалокатли йўл-транспорт ҳодисалари эса, ҳануз мамлакат оммавий ахборот воситаларида энг кўп хабар берилаётган воқеъликлардан бири экани кўрилади.

Ўтган ой бошида Mening Fikrim онлайн-петиция порталида шаҳарларда транспортнинг рухсат этилган тезлигини 50 км/соатгача ва ижтимоий аҳамиятга эга объектлар яқинида 30 км/соатгача камайтириш бўйича петиция ҳам эълон қилинган.

Олий Мажлис палаталарига юборилган жамоавий мурожаат эса, кўриб чиқилиши учун камида 10 минг овозга эга бўлиши керак.

Ушбу петиция бўйича овоз бериш муддатининг уч ой давом этиши айтилган.

Сабаб ва изоҳ

Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси

Сурат манбаси, official

Полковник Эрали Бозоров ўзи эълон қилган сўнгги рақамлар ортидаги сабабларни бир неча омиллар билан изоҳлаган.

Улар сирасида мактабларга элтувчи йўлларда пиёдалар светофорларининг чақирув мосламасиз экани, замонавий пиёдалар ўтиш жойларининг етишмаслиги, пиёдалар йўлакчаларининг ташкил этилмагани, яхши ёритилмаслиги ва мактабларда ўқувчиларга йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш талаб даражасида йўлга қўйилмагани каби қатор факторларни тилга олиб ўтган.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати эса, худди шу куни йўл ҳаракати хавфсизлигига риоя қилиш масаласида Ислом динининг мавқеини очиқлаган.

У, "Йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидалари яқин тарихимизда инсонлар томонидан ўйлаб топилгани маълум. Унга риоя қилишга Динимизнинг муносабати қандай?", деган савол билан бошланган.

Фатво ҳайъати изоҳида айтилишича, Ислом шариати йўл ҳаракати қоидаларига - ижтимоий қоидалар сифатида қарайди ва унга риоя қилишга буюради.

"Йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиш шариатнинг учта - ҳаётни, авлодни ва мулкни сақлаш мақсадларига хизмат қилади".

Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси Фатво ҳайъатининг таъкидлашича, ҳайдовчи ўзининг, йўловчиларнинг ҳамда бошқаларнинг хавфсизлигига ва саломатлигига масъул ҳисобланади.

"Шу нуқтаи назардан ҳам, унинг йўл ҳаракати хавфсизлигига риоя қилиши - Ислом шариатида вожиб ҳисобланади", - дейди ҳайъат.

Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг Фатво ҳайъати мазкур масалага ёндашувда Ислом Фиқҳи Академияси, Саудия Арабистони подшоҳлигининг илмий баҳслар ва фатво бериш бўйича доимий қўмитаси фатво идоралари ва жумҳур уламолар хулосаларига ҳам таянгани кўрилади.

Улар берган изоҳ ёки жавобнинг тезлик, ҳайдовчининг ҳушёрлиги, масъулияти, йўлда ҳаракатланиш тартиб-қоидалари, транспорт воситасининг техник созлиги, яроқлилиги, ҳайдовчиларнинг уқуви, тажрибаси ва пиёдаларнинг йўлда юриш одобини кўзда тутиш қадар қадар кенг қамровли эканини кўриш мумкин бўлган.

Аҳолиси сони расман 35 миллионга яқин Ўзбекистон минтақанинг энг йирик мусулмон давлати бўлади.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Фатво ҳайъатининг айни муаммога эътибор қаратиб чиқиши эса, шу пайтгача деярли кузатилмаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek