“Ўзбекистонни полиция давлатига айлантирадиган норма” – Сенат нега ёлғон маълумотлар берди? Видео

cop

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Парламент куч ишлатар тизимлар вакиллари суратларини "обрўсизлантириш" мақсадида тарқатганлик учун жазо жорий этиш таклифини қўллаб-қувватлаган.
Ўқилиш вақти: 6 дақ

Кўплаб фаоллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари тасвирларини интернетга жойлаганлик учун жазо жорий этилаётганидан норозилик билдирмоқда. Улар халқ вакилларини жамоатчиликни тинглашни хоҳламасликда айбламоқда.

Январь ойининг иккинчи ўн кунлигида Олий Мажлис Сенати йўл хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш мақсадида мавжуд қонунчиликка қатор қўшимча ва ўзгартиришлар киритишни кўзда тутувчи қонунни кўриб чиқиш бошлаган.

Ўз номи билан мазкур қонун йиллардан буён минглаб инсонларнинг умрига завол бўлиб келаётган йўллардаги вазиятни яхшилаш, анчадан бери кутилаётган қоидабузарликлар учун жазо чораларини кучайтириш, жарима баллари тизимини жорий этиш каби чораларни кўзда тутади.

Аммо ушбу қонуннинг ичига мавзуга мутлақо алоқаси бўлмаган бошқа бир масала - ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг тасвирларини уларни обрўсизлантириш мақсадида интернетга жойлаганлик учун жазолашни кўзда тутувчи норма ҳам қўшиб юборилган.

Кўплаб фаоллар таркибига ички ишлар, прокуратура, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати каби ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар кирувчи куч ишлатар тизимлар учун "махсус ҳимоя нормаси" жорий этилаётганини кескин танқид қилиб чиққан.

Улар қонунчиликдаги бу ўзгаришни "шармандали", "Ўзбекистонни тоталитар, полиция давлатига айлантирадиган", "ҳуқуқ-тартибот органларига нисбатан ишончни янада пасайтирадиган", "қўрқувни оширадиган", "очиқлик сиёсатини йўққа чиқарадиган" каби номлар билан атаган.

Таниқли юрист Саидали Мухторалиев Сенат кўриб чиқаётган қонундаги мазкур нормадан "нафрат иси келаётган"и ҳақида ёзган.

Узоқ кутилган қонун

Иккинчи ҳукуматнинг илк йилларидан бери фаоллар расмийларни автомобиль йўлларидаги бошбошдоқликка чек қўйиш, қоидабузар ҳайдовчиларга нисбатан тийиб қўювчи кескин жазо чораларини жорий этиш, инсоний талафотлар олдини олишга чақириб келади.

Бундай чақириқлар ортидан президент Шавкат Мирзиёев 2022 йил апрелида шу мазмундаги қарорга имзо чеккан.

Жамоатчилик олқишлашган ушбу қарорда 2022 йилнинг 1 декабридан қоидабузар ҳайдовчиларни жиловлаб қўйишга қаратилган жарима баллари тизимини жорий этиш мақсад қилинган эди.

Бироқ бу тизим ҳалига қадар ишга тушмаган, расмийлар бунинг сабабини қонунчиликда ўзгартиришлар амалга ошириш зарурияти билан изоҳлаган.

2023 йил 28 ноябрь куни Олий Мажлис Қуйи палатаси депутатлари, ниҳоят, анча вақт кутилган қонунни қабул қилган.

Аммо маҳаллий матбуот ҳужжат матнига масалага умуман алоқаси бўлмаган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари тасвирларини обрўсизлантириш мақсадида интернетда эълон қилганлик учун жазолаш тўғрисидаги банд ҳам қўшиб юборилганига эътибор қаратган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилиши таклиф этилган мазкур банд расман шундай жаранглайди:

"195-2-модда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг ўз хизмат вазифаларини бажариши билан боғлиқ маълумотларни уларни обрўсизлантириш мақсадида Интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлаштириш

- Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ хизмат вазифаларини бажариши чоғида олинган фото- ва видеотасвирларни уларни обрўсизлантириш мақсадида, яъни ёлғон, ноаниқ ёки бузиб кўрсатилган маълумотларни Интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлаштириш, -

базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорида жарима солишга ёки ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади".

cop

Сурат манбаси, Gazeta.uz

Сурат тагсўзи, Шундоқ ҳам ваколатлари кенг куч ишлатар тизимлар фойдасига ишловчи янги норма мутлақо бошқа мавзу - йўл ҳаракати хавфсизлигини яхшилашни кўзда тутувчи қонун ичига қўшиб юборилган. Расмийлар бу ғалати ҳолатнинг сабабига жўяли изоҳ бермаган.

Кўплаб фаоллар ўзи шундоқ ҳам ваколатлари кенг бўлган куч ишлатар тизимлар учун махсус қонуний ҳимоя берувчи ушбу норма ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсади ўртасида қандай боғлиқлик мавжудлиги тўғрисида савол берган.

Бироқ, ҳозирча, на қонун ташаббускорлари, на уни қўллаган халқ вакиллари жамоатчиликни ишонтирадиган жўяли изоҳ бермаган.

Бундай мавҳум манзарада айрим фикр билдирувчилар халқ олдида ҳисобдорлик, очиқ ва шаффоф ишлаш талабларига кўника олмаётган куч ишлатар тизимлар раҳбарлари жамоатчилик узоқ кутган қонун орасига ўзлари истаган бандни қўшиб юбориш орқали "махсус иммунитет"га эга бўлиб олиш имкониятини оширишни мақсад этганини тахмин қилган.

Сенат нега нотўғри маълумотлар берди?

11 январь куни Олий Мажлис Сенати қабул қилинган қонунни кўриб чиқишни бошлаган.

Парламент юқори палатасида ўтган муҳокама тафсилотларидан бохабар бўлган жамоатчи фаолларнинг норозиликка сабаб бўлаётган банднинг танқидий кўриб чиқилишига нисбатан умиди сўнган.

"Миллий қонунчилигимизда ички ишлар органлари ходимларини тасвирга олишга ҳеч қандай тақиқ қўйилмаяпти" номи билан 11 январь куни эълон қилинган баёнотда Сенат ушбу нормани маъқуллаш кайфиятида эканини билвосита маълум қилган.

cop

Мазкур баёнотда куч ишлатар тизимлар ходимларини камера объективидан ҳимоя қилувчи нормалар қатор хориж мамлакатларида турли кўринишда мавжуд экани иддао этилади.

Бироқ баёнотдаги айрим маълумотларни шунчаки интернетда текшириб кўриш орқали Сенат бир мунча чалғитувчи, ҳатто, нохолис ахборот берганига гувоҳ бўлиш мумкин.

"Масалан, Буюк Британияда кўчаларда ёки биноларида хизмат вазифаларини бажараётган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларини уларнинг розилигисиз суратга олишни тақиқловчи норма мамлакат парламенти томонидан 2000 йилда тасдиқланган. Мазкур нормага кўра хизмат вазифаларини бажараётган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимини унинг розилигисиз камера, видеокамера ёки мобил телефон орқали тасвирга олган ёки тасвирга олишга уринган шахс ҳибсга олиниши ва кейинчалик 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин", ёзилган Сенат баёнотида.

Бу ерда Олий Мажлис Сенати, катта эҳтимол билан, Буюк Британия парламенти томонидан 2000 йилда қабул қилинган "Террорчиликка қарши кураш тўғрисида"ги (Terrorism Act 2000) қонунни тилга олган.

Ушбу қонуннинг икки моддасида, ҳақиқатан ҳам, полиция ходими тасвирга олишни тўхтатишни талаб этиш ва ёзиб олиш қурилмасини мусодара қилишга ҳақли экани белгилаб қўйилган.

Аммо бундай ҳаракатни амалга ошириш учун полиция ходимидан шахснинг террорчи экани ёки олинган тасвир террорчилик ҳаракатлари йўлида ишлатилишига кучли ва асосли шубҳага эга бўлиш талаб этилади.

Лондон марказида тартибни сақлашга масъул бўлган Metropolitan Police вебсайтида аҳоли учун эълон қилинган тавсияларда масалага янада ойдинлик киритилган. Тавсия шундай бошланади:

"Аҳоли ва матбуот вакиллари жамоат жойларида тасвирга олиш учун рухсат сўрашга мажбур эмас ҳамда полициянинг ҳолатлар ва полиция ходимларининг суратга олинишини тўхтатиш ваколати мавжуд эмас".

Бу қоида Британия полициясининг бошқа барча бошқармалари томонидан бирдек қабул қилинган.

Бундан ташқари Британия полицияси зиммасига воқеа жойларида ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятига халал бермаган ҳолда матбуот вакиллари учун жараённи кузатув-суратга олиш нуқталарини имкон қадар яратиб бериш вазифаси ҳам юклатилган.

Сенат ўз баёнотида навбатдаги халқаро тажриба ўлароқ Германиядаги вазиятдан мисол келтирган:

"Германияда полиция ходимларини суратга олиш тақиқланган эмас, бироқ ушбу фотосуратлар ёки видеоларни ижтимоий тармоқлар ва Интернетга жойлаштириш тақиқланган".

Бу жумла бир томондан тўғри, бошқа томондан эса чалғитувчи ахборотни ўзида жо этган.

Ҳақиқатан, Германияда шахсий ҳуқуқлар қонун билан жуда кучли ҳимоя қилинади: жамоат жойларида алоҳида шахсни берухсат фокусга олиб суратга олиш ва уни тарқатиш мумкин эмас.

Полиция ходимлари ҳам айни фуқаровий ҳуқуқлардан фойдаланадилар.

Бироқ Германия қонунчилигида полиция ходими тасвирларини тарқатишни тақиқловчи бирор алоҳида қонун ёки норма ҳам мавжуд эмас.

Бундан ташқари Германия қонунлари жамият манфаатини шахсий ҳуқуқлардан устун қўяди.

Шу сабабдан ҳуқуқ фаоллари ва аҳолига ҳуқуқий маслаҳатлар бериш билан шуғулланувчи маҳаллий ташкилотлар немис полициячиси ўз ваколатидан четга чиқиб, фуқаровий ҳуқуқларни топтаётган ёки бошқа қонунни бузаётганига гувоҳ бўлинган тақдирда, бу ҳаракатларни тасвирга олиб, тарқатишни тавсия қиладилар.

cop

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Фаоллар жамоатчилик назоратидан ҳимояланишни истаётганини тахмин қилаётган куч ишлатар тизимлар ходимларининг ўзи, кўп ҳолларда, фуқаровий эркинликларни бузиши билан маълум. Суратда Миллий гвардия ходимлари жамоат жойида суратга олиш ишлари олиб борган Би-би-си мухбирини сўроққа тутмоқда.

Сенат баёнотида халқаро тажриба ўлароқ келтирилган сўнгги важни эса мутлақо нотўғри маълумот дейиш мумкин:

"Францияда бир ва бошқа операциялар давомида полиция ходимлари ёки жандармларнинг шахсини идентификация қилишга ёрдам берадиган тасвирларни тарқатиш бир йиллик қамоқ ва 45 минг евро жарима билан жазоланади".

2021 йил апрелида Франция парламенти полиция ходимларининг юзи ёки исм-шарифи очиқ кўриниб турган суратларни ғараз мақсадларда интернетда тарқатганлик учун жазолашни кўзда тутувчи банд бўлган қонунни ҳақиқатан маъқуллаган.

Норасман "Глобал хавфсизлик қонуни" номини олган ва юз минглаб норози французларни кўчага олиб чиққан бу зиддиятли қонуннинг илк таҳририда, ҳақиқатан, полиция ходими ва унинг оила аъзоларига зиён етказиш мақсадида шахсни аниқлаш имконини берувчи тасвирларни тарқатганлик учун бир йиллик қамоқ ва 45 минг евро жарима қўллаш кўзда тутилган.

Француз депутатлари қабул қилган якуний таҳрирда жазо чоралари оғирлаштирилиб, қамоқ муддати беш йилгача, жарима миқдори эса 75 минг еврогача оширилган, аммо негадир Олий Мажлис Сенати ўз баёнотида эски маълумотларни келтирган.

Энг эътиборлиси "Глобал хавфсизлик қонуни"даги айни полициячилар суратларини тарқатишни тақиқлашни кўзда тутувчи банд ўша йилнинг май ойидаёқ Франция Конституциявий суди томонидан мамлакат асосий қонунига зид топилиб, бекор қилинган.

Яъни Олий Мажлис Сенати Францияда амалга киритилмаган нормани мисол ўлароқ кўрсатиб, нотўғри маълумот берган.

Фаолларни тингламаган Сенат

cop

Сурат манбаси, Oliy Majlis Senati

Сурат тагсўзи, Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов 15 январь куни ўтган муҳокамада журналистларга дакки берган, фаоллар эса генерал майор рутбасига эса Бурхоновнинг бу муҳокамадаги иштироки холислик тамойилларига зид бўлгани ҳақида ёзган.

15 январь куни Олий Мажлис Сенати норозиликка сабаб бўлаётган ўзгариш жамоатчилик вакиллари ва журналистлар билан бирга муҳокама қилинганини хабар қилган.

Расмий хабарда ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари тасвирларини тарқатиш масаласи бўйича ҳеч нарса дейилмаган.

Аммо муҳокамада қатнашган ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиевнинг ёзишича, фаоллар ва журналистлар асосий саволларни айни масала доирасида берган, масъуллар эса уларни тушунмасдан танқид қилишда айблаб, дакки берган.

Кейинроқ маҳаллий матбуот айни муҳокамадан олинган тасвирларни эълон қилган, уларда Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов ва бошқа бир қатор масъуллар, чиндан ҳам, матбуот вакилларига беписандлик билан жавоб бергани, саволларни тинглашни истамагани кўринган.

Би-би-си бу муҳокамада иштирок этган ва Бурхоновдан дакки эшитган журналист Мусулмонбек Иброҳимовни суҳбатга тортди.

Иброҳимов Сенатнинг журналистларни очиқ мулоқотга таклиф этганидан хурсанд бўлгани, аммо у ерда конструктив мулоқот бўлмагани ҳақида гапирди.

"Саволларимизга аниқ жавоб беришмади, деса ҳам бўлади. Тадқиқот натижалари, таҳлилларни келтириб бериша олмади", дейди у.

Куч ишлатар тизимлар ходимлари суратларини тарқатганликни жазолаш таклифига қарши чиққан фаоллардан бири - журналист Илёс Сафаровнинг Би-би-сига билдирган фикрича, орган ходимларини ҳуқуқини ҳимоя қилувчи алоҳида қонуний нормага эҳтиёж мавжуд эмас.

"Одамлар ходимлар тўғрисида ноҳақ тасвирларни тарқатса, оддий қонун-қоидалар асосида жазоланиши ҳам мумкин. Ноҳақ бўлса, ҳеч ким тармоққа қўймайди ҳам. Агар ходим ҳақ бўлса, айбини исботлаб, фуқарога жаримасини ёзсин. Нимадан қўрқади?! Энди бундай норманинг қонунчиликка киритилаётгани жуда шармандаликда".

Инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов Би-би-си билан суҳбатда бу нормани "очиқлик ислоҳотларини синдирадиган" деб атади.

"Йўл ҳаракати ҳавфсизлиги ходимларини иш пайтида фото ва видео тасвирга олишни таъқиқлаш борасидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқаётган сенаторлар мураккаб имтиҳон олдида туришибди. Чунки очиқлик сиёсатига қарши бўлган бундай қонун нормасининг амалга киритилиши Ўзбекистоннинг секин-аста сўз эркинлиги ва ошкоралик тамойилларига зид сиёсат бошлаганини ифода этади. Президент ортга қайтмас деган очиқлик ислоҳотларини синдириш бўлади.

Ижтимоий тармоқларда бу ҳақда "Парламент президентни обрўсизлантирди" номли пост қолдиргандим. Ўшанда сиёсий импонтент депутатларимизнинг мазкур қонун лойиҳасини қабул қилишганини танқид қилганман. Афсуски, бу лойиҳа қуйи палатадан ўтди, ва катта эҳтимол билан Сенатдан ҳам ўтади. Агар Президент ҳам бу қонунни имзоласа, иддао қилинаётган ислоҳотлар иккиюзламачиликдан бошқа нарса эмаслиги кўринади", дейди ҳуқуқ фаоли.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.