Россия - Украина урушининг Ўзбекистондаги сояси O‘zbekiston Yangiliklar

Iqtibos

Сурат манбаси, .

    • Author, Бахтиёр Турсунов
    • Role, Журналист, Ўзбекистон
  • Ўқилиш вақти: 3 дақ

Россия ва Украина урушнинг сояси олислардан Ўзбекистонга ҳам тушиб, ҳаётнинг турли жабҳаларида кўринмоқда. Баъзида бу олис уруш Ўзбекистонликлар ҳаёти ва тақдирида ҳам аксланяпти.

Ўзбекистонлик 29 яшар Жонибек Россиядаги меҳнат фаолияти давомида украиналик 25 ёшли Марина билан танишиб қолади.

Қиз у билан ишлайдиган қариндошининг ёнига келиб турарди. Бошида қўнғироқлашиб туришади, сўнгра муносабатлар жиддийлашиб, улар турмуш қуришга аҳду паймон қилишди.

Алоқадор мавзулар:

Жонибек ҳатто қайлиғи истиқомат қиладиган Украинанинг Сума вилоятидаги Кролевец шаҳрига бориб, бир неча ой яшайди.

Бу воқеалар 2021 йилнинг куз ойларига тўғри бўлган. Жонибек кейин ватани - Ўзбекистонга қайтади.

Сурхондарёнинг Денов туманида қишлоқлардан бирида ҳовлисидаги камчиликларни тузатади. Бемор ота-онасига қарайди.

Бу вақт давомида Жонибек яқинлари ва рўзғор ташвишидан ортиб Марина билан ижтимоий тармоқда ёзишади, видео қўнғироқлар қилади.

Хуллас, деновлик йигит бир талай устма-уст муаммолар сабабли қайтиш ҳақидаги қарорини ортга суришга тўғри келаётганди.

Уруш ва муҳаббат

Худди шундай кунларда уруш бошланиб қолади.

Айни мураккаб вазиятда ҳам қиз йигитга қонуний турмуш қуриш таклифидан ҳеч ҳам воз кечмайди.

Жонибек маданий, диний ва турмуш тарзидаги фарқлардан ташвишга тушади.

У Маринага Ўзбекистонга келиб, Ислом динини қабул қилса, бу ердаги муҳитга мослаша олса, у билан никоҳдан ўтиши мумкинлигини айтади.

"Мен бу таклифни айнан Маринани бу эрда қолиб кетишига тўлиқ ишонч ҳосил қилиш учун билдиргандим. Мен яшайдиган муҳит, шароит билан маълум даражада танишишсин, деган мақсадида айни фикрни айтгандим" - дейди Жонибек.

Марина ва оиласи яшайдиган жой ўша вақтлари Украинадаги уруш оловидан бир қадар узоқроқда эди, аммо қиз бомба ва снарядлар тинимсиз отилаётган ҳудудлар орқали Ўзбекистонга, яъни севгилиси Жонибекнинг юртига йўл солади.

19 соат автобусда йўл босиб, Польшага этиб келади, у ердан Ригага, Ригадан эса Тошкентга учади.

Ниҳоят яна 900 километрга яқин масофа йўл юриб, Деновнинг Бағдод қишлоғидаги ўзбек қайлиғининг хонадонига кириб келади.

"Мен учун бунчалик машаққатли узоқ йўлни босиб келган қиз қаршисида ўзимни жуда ҳам бурчли ва масъулиятли ҳис этдим. Атрофдагиларнинг турли гап сўзларига қарамасдан бу масъулият ҳисси мени бир дақиқага бўлса-да, тарк этмади, "- дейди Жонибек.

Севги, урф-одат ва қоғозбозлик

Украин қизи Жонибек оиласи аъзоларига бирдек ёқиб тушади.

Iqtibos

Сурат манбаси, .

"Унинг инсоний жиҳатлари ўзбек қизларидан фарқ қилмайди. Уйни тутиши ҳам ўзимизнинг келинлардек чаққон, саранжом-саришта, ҳатто сигир соғишни ҳам биларкан. Биз унга Марям, деб исм қўйдик. Ҳаммамизнинг қўлимизда телефон, зарур вақтда интернетдаги луғат орқали сўзлашардик, " - дейди Жонибекнинг онаси Момохол опа.

Украин келин Жонибек ва оиласи қўйган шартларнинг барини бажаради.

У Ислом динини қабул қилади, аммо қонуний никоҳдан ўтиш учун айрим ҳужжатлар зарур бўлади.

Қизнинг илгари турмушга чиқмаганлигини тасдиқлайдиган маълумотнома зарур эди.

Улар Тошкентга бориб, Украинанинг Ўзбекистондаги элчихонасидан бу ҳужжатни олиб келишади.

Кейин украин тилидаги ҳужжатларни ўзбекчага ўгириш ва тасдиқлатиш учун яна Тошкентга бориш керак бўлади. Аммо бу учун маблағ топилмайди.

Бу орада Украинадаги оилавий сабаблар боис Маринани онаси чақириб қолади. Марина ота-онасига уйига бориши зарур эди.

Бироқ Марина энди ҳомиладор эди. Хуллас шу йилнинг июнь ойида келин ўз юрти - таҳликали жанглар кечаётган Украинага қайтиб кетади.

"У оиласида ёлғиз фарзанд, бироз эрка ўсган қиз. Шу маънода балким бизнинг шароит унга ўтиришмагандир. Марям (Марина) билан ҳар куни видеоқўнғироқда суҳбатлашамиз. Январь ойида кўзи ёриши керак. Мен унданам, фарзандимдан ҳам хавотирга тушаман. У болани туққач, Ўзбекистонга келмоқчи. Тақдиримиз бундай вазиятда қандай ҳал бўлади, фақат ёлғиз Парвардигорга аён. Мен эса ўз қисматини мен билан боғлаган қиз учун барча заҳматларни энгиб, бу манзилда сўнггигача бораман " - дейди Жонибек.

Ҳозирча бири Ўзбекистон, иккинчиси Украинадаги икки ёш яна бирга бўлиш умидида яшашмоқда.

"Куну тун шунинг умидида, дуосидаман" - дейди Жонибек.

Аммо Украинадаги уруш ва Ўзбекистондаги қоғозбозлик бу умидларга ҳали яна халал бериши мумкинми? Айни саволга ҳозирча ҳеч ким аниқ жавоб беролмайди.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002