Ўзбекистон: салласими ё калласи ёки ҳувиллаган далалардан дараклар Video Yangiliklar

Paxta dalasi

Сурат манбаси, BBC.COM/uzbek

Сурат тагсўзи, Таҳлилчилар пахта нархининг нотўғри белгилангани бу йилги ҳосил йиғиштириб олишни жозибали этмаганини айтишади.
    • Author, Бахтиёр Турсунов
    • Role, Ўзбекистон
  • Ўқилиш вақти: 8 дақ

Бу йилги пахта терими мавсуми Ўзбекистон пахтачилиги тажрибасида бу вақтгача учрамаган ҳолати билан фарқланмоқда.

Пахта далаларида "оқ-олтин" йиғаётган теримчиларни учратиш амримаҳол бўлиб бормоқда.

Мавсум авж палласида айрим ҳудудларда унинг ниҳоя топишга улгургани ҳақидаги хабарлар ҳам қайд этилди.

Бугунда республика жанубидаги далаларда одатий кузги йиғим-терими бошидан суст жараёни билан назарга тушиб, пахта майдонлари ҳувиллаб, бекимса қолгани кузатилмоқда.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Алоқадор мавзулар:

Нима гап?

Ўлкада қишлоқ хўжалигида мажбурий меҳнатни тугатгани билан дунё ҳамжамияти томонидан олқиш олган расмий ҳукумат бу йилги пахта мавсуми учун масъулликни очиқ саволлар қаршисида қолдирмоқда. Яъни мавсум тугаётган экан, муаммолар жўяли ҳал этилмаган.

Таҳлилчилар пахта нархининг нотўғри белгилангани бу йилги ҳосил йиғиштириб олишни жозибали этмаганини айтишади.

Ҳукумат жаҳон бозорида бу йили пахта нархининг ўтган йилга нисбатан пастлаганини бу йилги мураккабликларнинг ўзаги деб кўрсатмоқда.

Фермерларга кўра эса, бу бир жиҳатдан вазиятга таъсир этаётган омил бўлгани билан айнан буни кучли сабаб этиб кўрсатиб бўлмайди.

Чала ярим хирмон қошида

Paxta dalasi

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Ангор тумани бўйлаб борар экансиз, деярли унгача бўлган Термиз туманини қишлоқ хўжалиги далаларини қўшганда ҳам пахта тераётган теримчиларни деярли учратмайсиз.

Ангор туманидаги "Зомин-Ангор" кластерлик агрофирмасининг 60 гектар майдони 20 чоғли деҳқонга пахта етиштиришга бўлиб берилган.

Айнан биз борган куни шунча кенг далада жами беш пахтакор аёл ва бир эркак механизаторни терим устида кўрдик.

Улар ихтиёрий теримчи ҳисобланмай, мазкур далага бириктирилган, яъни йил давомида пахтани етиштирган деҳқонлардир.

"Одамлар пахтага чиқиб, уни теришдан бош тортишяпти. Пули кам дейишяпти. Мана шу саноқли теримчилар бир нави ҳозир ҳосилни йиғишяпти. Бир кунда базўр тўпланган 1-1,5 тонна пахтани пахта заводига элтаман.Машина юкхонасига жами 3 тонна пахта сиғади. Илож қанча, нима бўлсаям ҳосил увол бўлмаслиги керак. Ўзи 1 миллион 200 минг сўм ойлик оламан. Ишимизни оқлаш учун куни бўйи теримни назорат ҳам қиламан, "- дейди юк ташиш тракторини ҳайдайдиган механизатор амаки бизга.

Iqtibos

Теримчи аёллар қуёшдан юз-кўзларини танғиб, айрими кўзойнак ҳам тақиб олган.

"Бу йилги мавсум ўтган йиллардагидан фарқ қиляпти. Пахта пулини кам миқдорда беришяпти. Шунинг учун одамлар бошқа даромадли юмушга масалан, ерёнғоқ, сабзи, кўкат билан боғлиқ ишларга ўзларини ёппасига уришяпти. Чунки бундан пахтага нисбатан икки баробар кўпроқ пул топиш мумкин. Устига устак кунма кун пулни қўлга беришяпти. Албатта аҳвол ачинарли, қанча ҳосил терилмай нобуд бўляпти. Биз ҳам мавсум охиригача бормасак керак деб ўйлаяпмиз. Ишга чиқишни бас қилишимиз мумкин. Чунки меҳнатга муносабат кўнгилдагидек эмас,"- дейди 51 ёшли пахтакор Барно.

Кенг далада пахта тераётган теримчиларнинг энг ёши Гўзалдир.

Унинг ёши 22 да. Гўзал ҳам ўтган икки йилга нисбатан бу йилги мавсум ачинарли манзара касб этаётганидан қайғурди.

"Ўтган йилги теримда кунига бир килодан ёғ беришганди. Яна мавсумнинг бошидан блендер совға қилишганди. Бу йил эса булардан асар ҳам йўқ. Шунга қолган ихтиёрий пахтакорлар ҳам теримдан бош тортишяпти. Ўтган йили бир кило 2 минг сўмдан беришганди, бу йил эса 1700 сўм. Мен қолганлардек 150-160 килолаб пахта теролмайман. Нари борса 60-70 кило. Демак жами 4-5 миллион сўмгача мавсумда пул ишлашим мумкин. Ёз фаслида машаққат чекиб ғўзани ундирганмиз. Эвазига бир сўм маош олмаганмиз. Бир томондан теримга чиқишга мажбурмиз. Чунки уч эгат пахтанинг ғўзапояси бизга тегади,"-дейди Гўзал.

У билан бирга ишлаётган бошқа хотин-қизлар ҳам мавжуд вазиятга нисбатан ташвишли ифодада бўлишди.

"Биз йил бўйи ишлаб мана шу ғўзапоя ва теримдан тушган пулга кўз тикамиз. Пахта нархи ўтган йилдагидан ҳам паст, бироқ шуни ҳам вақтида беришмаяпти. Агар бу кечикмаса далалар теримчиларга тўларди. Чунки буям ҳарна пул. Ўзим бир кунда 150-160 кило пахта тераман. Мана, ўн бир кундан буён пахта ҳаққини беришмади. Шунга ҳеч кимнинг бу ишга ҳуши йўқ, "-дейди 55 ёшли деҳқон аёл Дилфуза.

Теримчи аёллар бизга ўз фикрларини билдиришаётганда механизатор бугунги режага оз вақт қолаётганини айтиб, уларни кўп гап-сўзга қўймаслигимизни сўрайди, уларни теримга ундайди.

"Йўлда бошқа пахтакорларни ҳам учратдингизми? Шу вақтгача кекса бир бобо қизиқиш юзасидан биз билан пахта тераётганди. Бугундан келмаяпти. Эртага биз ҳам чиқмаслигимиз мумкин аҳвол шу бўлса,"-деди мазкур даладан кетар чоғимиз беш пахтакор аёллардан бири.

Мавсумнинг мантиғи қаерда?

Paxta dalasi

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Сурат тагсўзи, Мутахассисларга кўра, бу йилги пахта ҳосили чўғи шундоқ ҳам табиат инжиқликлари, жазирама иссиқ туфайли кам бўлган.

Бир қадар "ўлик мавсум" дек кўринаётган бу йилги пахта ҳосилини йиғиштириш тадбирлари нега бундай оқибат касб этаётгани сабаблари жаҳондаги нарх-наво билан боғлиқ вазият билан ҳам изоҳланади.

Термиз туманилик фермер Азиз Бердиёровнинг сўзларига кўра, мажбурий меҳнат тўла-тўкис барҳам топган сўнгги икки-уч йилдаги пахта мавсуми барқарор кечган, унда ихтиёрий теримчиларнинг иштироки суръати юқори бўлган.

"Вазиятни оддийроқ тушунтирадиган бўлсак, бундан икки йил муқаддам терим пули 1500 сўм эди, бунда кластер пахтанинг килосини 10 минг сўмга олган. Ўтган йили терим пули 2000 сўм бўлиб, кластер пули 9800 сўмни ташкил этган. Бу йили эса биржада пахта нархи пастлаб 7800 сўмдан иборат бўлди. Демак, фермер бундан 5840 сўмини кредитга тўласа, даромади атиги 1560 сўмга тенг бўлади. Устига устак фермерлар қўшимча қиймат ва сув солиғини ҳам тўлашлари даркор. Ростдан ҳам жаҳон бозорида пахта нархи тушган, бироқ бу қишлоқ хўжалиги расмийлари вазиятга асос қилиб оладиган даражада эмас.Бу шунчаки бунга оид сиёсатга баҳонадир. Масала моҳиятини бошқа жиҳатлардан изламоқ керак,"-дейди А. Бердиёров.

Мазкур фермернинг фикрича, ҳосил етиштирувчиларнинг аслида мустақил эмаслиги, ҳокимиятга тегишли идораларнинг мавсумга аралашуви нархларни белгилашда гангитиш кайфиятини пайдо қилган.

"Аслини олганда кластер ҳам, фермер ҳам хусусий тадбиркор шахсдир. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қошидаги идоралар икки ўртада гўёки воситачилик қилиб, тушунмовчиликлар юзага келишига сабабчи бўлишади. Масалан, фермер ўзи хоҳлаган кластерга пахта ҳосилини топшира олмайди. Нархи унга маъқул келмаса-да, ҳокимиятга тегишли идора бармоқ нуқиб кўрсатган кластер билан ҳамкорлик қилишга мажбур. Ўша кластер қандайдир ҳожатбарор амални бажариб, масалан қандайдир тадбирга ҳомийлик кўрсатиб, уларга яқинроқ бўлиб олган чиқади,"- дейди у.

Фермернинг фикрича, улар расмий кўрсатмалар теварагида иш олиб боришар, масалан, ҳужжатда кўрсатилган ўсимликларни режа асосида етиштиришга чорланаркан, масалалар ечими рисоладагидек ҳал бўлиши қийинлигича қолади.

Аммо, унга кўра, даладан қўл теримисиз, ихтиёрий пахтакорларсиз ҳосилни йиғиштириб олишнинг янада ижобий ва самарали ечими бор.

Бу пахта териш машиналарини мавсумга жалб этишдир.

Унинг баҳоси эса, донаси бир ярим миллиард сўмни ташкил қилади.

Албатта бу борада олдинда яна иқтисодий таҳлил, ҳисоб-китоблар ҳам янгича кўндаланг чиқиши мумкин.

"Кишиларда пахта теримидан кўра, бошқа юмушларни бажариш осон ва етарли даромад олишга танлов кўпайган. Ерларнинг аукционга қўйилгани ҳамда ёшларга далалар ажратиб берилгани яшил экинлар етиштиришни кўпайтирди. Уларда эса ҳақ кунига тўланади. Уни етиштираётганлар бунинг чиқимини бозордан эркин топиш имкониятига эга. Шунга хизматчи ёллаб, унинг ҳақини бериш уларга малол эмас,"- дейди А. Бердиёров.

Мутахассисларга кўра, бу йилги пахта ҳосили чўғи шундоқ ҳам табиат инжиқликлари, жазирама иссиқ туфайли кам бўлган.

Яна кандала деб номланган кушандали ҳашарот ҳам ғўзани касаллантиргани фермерларга режани тўлақонли бажара олмасликларида қўшимча муаммога айланган.

Яна миллий бойлик атрофида

Paxta dalasi

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон дунёнинг энг йирик пахта етиштирувчи давлатларидан бири саналади.

"Бу йили пахта мавсуми нафақат жанубда, бутун республика бўйлаб ноодатий кечди. Албатта, миллий бойлигимиз деб кўрганимиз пахта йиғим терими теварагидаги мазкур ҳолни бирмунча қабул қилиш қийиндир. Айнан кластер ташкилотларнинг ўзбошимча иш тутиши ҳамда фермерлар фаолиятига асоссиз аралашувлар чалкашликларни келтириб чиқаряпти деб ҳисоблайман, "- дейди журналист Холмуҳаммад Тоғаймуродов.

Яна бир исм-шарифи яширин қолишини ҳоҳлаган суҳбатдошимизнинг фикрича эса, бугунги ҳол, удумга кўра, "салласини ол деса, калласи олинган ҳолат", деб баҳоланса тўғрироқ бўлади.

Унинг наздида, бутун бир ўн йилликлар давомида олиб борилган тизимли иқтисодиёт соҳасини қоқ ўртада чала-чулпа, мақсадсиз юритиш аҳволи юз бераётганга ўхшайди.

Замонавий пахтачилик борасида анъанавий муносабатдан воз кечилиб, айрича қадамлар ташланиб, унинг бутунлай янги босқичга кўтарилиши бу аслида кутилган эҳтимолли ўзгаришлар эди.

Кузатувчилар расмийлар пахтага нисбатан мажбурий меҳнат тугатилгач, истиқбол учун нўноқ чоралар кўришгани ёхуд уни ўз ҳолига ташлаб қўйгани мазкур оқибатларни келтириб чиқармоқда, деган фикрдалар.

Айнан хориж томонидан пахтачилик борасидаги ислоҳотлар, маъмурий режалашни ва назоратни сусайтириш эвазига илиқ баҳога эришган ҳукуматнинг жорий пахтачилик сиёсати бу йил анчайин ҳосилнинг далаларда увол қолиб кетаётгани манзарасида акс этмоқда.

Бу йилги мавсум натижаларидан кейинги йиллар учун қандай хулосалар чиқарилишини таҳлилларга қараб башорат этиш мушкул кўринади.

Мақолада кўтарилган фикр-мулоҳазалар юзасидан биз барча томонга очиқмиз.

2023 йилги пахта мавсуми. Ўзбекистон: Миллий бойлик қандай қилиб арзон ўсимликка айланиб қолди?

Пахта даласида

Советлар яратган ва Каримов кучайтирган Ўзбекларнинг "миллий ифтихорини" Мирзиёев оддий экинга айлантириб қўйди. Ким ютди ё ютқазди - бугунги натижа қандай?

Ўзбекистонда пахта териш мавсуми авжида. Ҳукумат пахта ва бошқа дала ишларида мажбурий меҳнатдан тўлиқ воз кечганини айтади.

Айни баёнотлар тўлиқ амалга ошмоқдами? Бошқа тарафдан, оммавий сафарбарликсиз ҳам ҳосил йиғиб олиняптими?

Термиз туманидаги баъзи далаларда бўлиб шу каби саволларга жавоб изладик.

Алоқадор мавзулар:

Paxta dalasi

Сурат манбаси, .

Афғонистон чегарасидан унча ҳам узоқ бўлмаган дала бир қарашда кимсасиздек кўринади.

Ҳали бир неча йил олдин хам пахтазорларни оммавий теримга сафарбар қилинган одамлар тўлдиришарди.

Далага киргач, эгат орасида ўтириб пахта тераётган ёшлар қаторида меҳнат қилаётган онахон эътиборимни тортди.

Пахта даласида

"Пахта теримига чиқмаганимга ўн йил бўлганди. Ҳеч ким мажбурлагани йўқ" - дейди онахон.

Ҳозир 67 ёшга кирган Олия-опа пахта теришда ёшлардан ортда қолмаслигини айтади.

"Кунига 100-110 килодан пахта теряпман. Бу мен учун завқ. Ҳар беш кунда маошимни ҳам оляпман. Беш кунда бир миллион сўмдан ортиқ пул ишлаяпман".

Бу пахталарни эккан фермер сухбатдошимиз эса эндиликда ҳар ким фақат ўзи истаб теримга келаётганини айтади.

Сухбатдошимиз далада ёшлар ҳам, кексалар ҳам исташса, меҳнат қилаётганини, аммо вояга етмаган болалар йўқлигини таъкидлайди.

"Ҳеч бўлмаганда икки йил олдин ҳам нима бўлса бўлсин, қари ёш бўладими, ҳаммани сафарбар этиб теримдан қутулиш пайида эдик. Бугун кунига доимгидек 13 тонна қум чанг аралаш пахтани топшириш йўқ, 7 тонна соф тоза пахтани йиғиб оляпмиз. Даламда ёш бола зоғини йўлатмаяпман, чунки қонунга хилоф йўл тутиб, жаримага тортилиб, бош оғриғига дучор бўлиш менга ортиқча ташвиш" - дейди фермер Сирожиддин Қосимов.

Пахта даласида
Сурат тагсўзи, Пахталар қийғос очилган, лекин далада терилмай қолаётгани йўқ.

Суҳбатлардан кўринишича, пахта терими - бугун давлат сиёсати ёки ғоясининг бир қисми эмас, балки шунчаки бизнес.

Бу ерда биз учратган одамлар яқин йилларгча давом этган оммавий мажбурий меҳнат ва иш ҳақи ҳақида кўп гапиришарди.

"Аслида бундайин ўзгаришларга халқаро ҳамжамиятнинг, халқаро ташкилотларнинг мажбурий меҳнатга нисбатан эътирози, улар қўллаган санкциялар сабабчи бўлди. Ҳар қандай ҳолда пахта етиштирса бўлар экан-ку. Қаттиққўл чоралар ҳозирги манзарада ўта бекерак, ортиқча чоралар эканини кўриш мумкин,"- дейди маҳаллий зироатшунос Эркин ака бизни дала майдони бўйлаб етакларкан.

Пахта даласида

Дала четидаги сояда дам олиб турган Қулсоат-ака эса пахтага оид кўплаб давр ва ўзгаришларини кўрганини айтади.

Совет давридаги колхозларни, ўтган йиллардаги фермерлик даврларини эслайди.

У ҳозир фермер хўжалигида ишчи, лекин ўз касбидан мамнунлигини айтади.

Пахта даласида

Кекса ёшли теримчиларнинг кўплиги, бошқа бир масалани ҳам таъкидлаётгандек. Бу - мавжуд нафақалар кун кечиришга қанчалик етиш-етмаслиги.

Ҳозир терилган хар кило пахта учун икки-икки ярим минг сўм миқдорида ҳақ тўланмоқда.

Моҳир теримчилар илк терим пайти хар куни 150-200 минг сўм пул ишлашлари мумкинлиги урғулашади.

Кўпчилик теримчилар ё уй бекаси, ишсиз ё нафақадор инсонлар. Терим ё ўтоқ каби дала ишлари тугаган пайтда уларнинг ҳаммасида ҳам бошқа доимий даромад манбаи бўлмаслиги мумкин.

Пахта даласида

Охирги йиллар давомида Ўзбекистон пахта ишлаб чиқаришни камайтириб, мажбурий меҳнатдан воч кечганини айтади.

Аммо ҳамон пахта ишларида қўл меҳнатидан кўп фойдаланилади.

Мамлакатда пахта учун зарур сув тақчиллиги ҳам йил кучайиб бораётгани сезилади.

Шу қаторда, деҳқончилик учун яроқли ерлар камайиб бораркан, аҳоли сони ошиб, озиқ-овқат эҳтиёжлари ҳам ортмоқда.

Тўғри, сўнгги пайтлари "Пахта - миллий бойлик" каби шиорлар ўтмишга айланиб улгурди.

Кўпчилик энди пахтани миллий ифтихор эмас, балки бошқа экинлар ё мева-сабзавотдан фарқ қилмайдиган бир деҳқончилик маҳсулоти сифатида кўра бошлаган.

Аммо ҳамон айрим жойларда пахта ишларига мажбурий жалб қилиш ҳолатлари учраши ҳақида хабарлар чиқиб туради.

Сўнгги ҳолатда Daryo.uz нашри ҳатто болалар далада ишлатилгани ҳақида ҳам ёзди.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002