Ўзбекистон кичик ГЭСлар билан электр тақчиллиги муаммосини юмшатмоқчи - Видео O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, BBC Uzbek
Электр энергияси таъминоти муаммоси сақланиб қолаётган Ўзбекистонда мавжуд гидроэлектр станцияларни модернизация қилиш, микро ва мини ГЭСлар қуриш орқали вазиятни юмшатишга ҳаракат қилинмоқда. Би-би-си май ойида янгиланган "Тўполанг" ГЭСида бўлди.
Ҳозирча, қуёш, шамол, сув каби муқобил манбалардан олинаётган электр энергиясининг салмоғи у қадар юқори эмас, аммо ҳукумат анчайин амбицияли марраларни кўзлаган.
Ҳукумат Сариосиё тоғларидан оқиб тушувчи сувларни бир жойга тўплайдиган, қурилиши 1980 йиллар боши — Шароф Рашидов даврида бошланган "Тўполанг" сув омбори ҳисобидан электр энергияси ишлаб чиқаришни кескин ошириш мақсадида.
Етмиш бешмиллион АҚШ долларидан зиёд қийматли модернизация ортидан Сурхондарёда жойлашган "Тўполанг" ГЭСнинг қуввати қарийб олти баробарга ошгани айтилади.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Рақамларга кўра, янгиланган ГЭС, эндиликда, йилига 467 миллион кВт-соат экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқара бошлайди.
"Вилоятнинг 45 фоизга яқин эҳтиёжини қондиряпмиз. Денов районимиз 30 мВт олади, Сариосиё 22 мВт олади, Узун 17 - қисқаси, беш-олти районга электрни тўлиғича биз беряпмизда ҳозир", дейди "Тўполанг" ГЭС директори Асрор Улуғов.
Бир неча йил давом этган модернизация давомида қўшимча икки агрегат ўрнатилиб, "Тўполанг" ГЭСнинг қуввати 30 мВтдан 175 мВтгача ортган.
Янгиланиш ишлари ҳукуматнинг алоҳида эътибори билан қисқа муддатда олиб борилгани айтилади.
Алоқадор мавзулар:
"2019 йилда модернизацияга рухсат бўлди. Халқаро шартномаларни тезлаштирдик. Айрим деталлари СССР пайтида тайёрлаб қўйилган, аммо СССР қулагач, юборилмай омборларда қолиб кетган экан. Шундан сўнг ишлар тезлашиб кетди. Бўлмаса, нариги икки агрегат саккиз йилда қурилган. Бу эса уч ярим йилда битди", давом этади Улуғов.
Умидли соҳа
Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг асосий қисми иссиқлик электр станциялари ҳиссасига тўғри келади.

Сурат манбаси, BBC Uzbek
Масалан, ўтган йилда ишлаб чиқарилган жами 74,3 миллиард кВт-соат электр энергиясининг 55,5 миллиард кВт-соати айнан иссиқлик электр станциялари томонидан берилган.
Узоқ йиллар давомида мамлакатнинг бошқа ҳудудларида одатий тус олган светсизликни охирги вақтларда пойтахт Тошкент ҳам чуқурроқ ҳис қила бошлаган.
Қаҳратонда аномал совуқни бошдан кечирган пойтахт туманлари жазирамада ҳам чекловларга рўбарў бўлмоқда.
Муаммонинг асосий сабаби ўлароқ энергетика соҳасининг аҳоли сони ва саноат ўсиши суръатига мутаносиб ривожлана олмаётгани ҳамда узатиш линияларининг эскириб кетгани кўрилади.
Масалан, 16 июнь куни ёз ойидаги кунлик электр истеъмоли рекорди янгиланган — аномал иссиқ фонида шу куни мамлакат бўйлаб 242,6 миллион кВт-соат электр истеъмол қилинган бўлса, электр станциялари 233,7 миллион кВт-соат электр энергияси ишлаб чиқарган.
Тақчиллик қарийб 9 миллион кВт-соат.
Гидроэлектр станциялар ишлаб чиқараётган ҳажм кўп бўлмасада, ҳукумат табиий газ захираси камайиб бораётгани манзарасида яшил энергия манбаларидан фойдаланишга ўтишни жадаллаштиришни мақсад қилган.
Хусусан, мавжуд сув захиралари имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш ҳамда электр энергияси ишлаб чиқариш ва тарқатиш соҳаси марказлашувига барҳам бериш ишлари ҳам бошлаб юборилган.
Айниқса, кўплаб микро ва мини ГЭСлар қурилиши, бундай лойиҳаларга тадбиркорларни жалб этилиши мамлакат учун янгилик бўлган.
Йил бошида микро ГЭСлар қуриш мумкин бўлган 250 майдон аниқлангани ва президент Шавкат Мирзиёев бу лойиҳалар билан танишгани хабар қилинган эди.
16 июнь куни эса Андижон туманида мамлакат тарихидаги биринчи, умумий қиймати 3,4 миллиард сўмли хусусий микро ГЭС ишга туширилган.
Расмий рақамларга кўра, йиллик қуввати 1,2 миллион кВт-соат бўлган бу микро ГЭС тумандаги 300 та хонадонни электр билан таъминлаши мумкин.

Сурат манбаси, BBC Uzbek
"Микро ГЭСлар қуришдан асосий мақсад - умумий тармоққа уланмасдан ҳар бир маҳалла, ҳар бир гузарни ўзини-ўзи электр билан таъминлаш", дейди мамлакатда ГЭСлар қуришга масъул ташкилот - "Ўзбекгидроэнерго" раҳбари Абдуғани Сангинов Би-би-сига.
Биргина Сурхондарё вилоятида яқин даврда хусусий секторни жалб қилган ҳолда 55 та микро ГЭС қурилиши, бу ишлар ортидан йилига 582 миллион метр куб табиий газ тежаб қолиниши, 850 мингдан зиёд хонадон электр энергияси билан таъминланиши айтилмоқда.
Вилоятда 2023 йилнинг ўзида 8 та микро ГЭС ишга туширилиши кутилмоқда - улардан бештаси давлат томонидан қурилмоқда, қолгани хусусий секторга тегишли лойиҳалар ҳисобланади.
"Тадбиркор аукциондан микро ГЭС лойиҳасини ютиб олади. Сўнг лойиҳа-смета ҳужжатларига буюртма беради. Ундан сўнг керакли заводга асбоб-ускуналарни буюртма қилиб, ана ундан кейин қурилиш-монтаж ишларини бошлайди", жараённи тушунтиради Сангинов.
Аммо Ўзбекистонда мавжуд 400 дан ортиқ катта-кичик дарёлар имкониятидан кенгроқ фойдаланишга киришилаётган бир вақтда яна бир жиддий муаммо мамлакатга хавф солиб турибди - иқлим ўзгариши.
Абдуғани Сангинов келажакда юзага келиши мумкин бўлган ҳар қандай вазиятга ҳозирдан тайёргарлик кўрилаётганини айтади.
"Лойиҳаларни ишлашда жорий сув ҳажмини 15 фоизга камайтириб оляпмиз. Бундан ташқари катта агрегатлар ёнига кичик-кичик агрегатлар ҳам қўйиб кетяпмиз. Сув танқислигини ҳисобга олаётганимиз сабабли ҳам мини ва микро ГЭСларни кўпайтиришга кўпроқ эътибор қаратяпмиз".
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.















