Ўзбекистон: Тошкент ҳам катта қишлоққа айландими? Газсиз ва токсиз пойтахт Янгиликлар

"Аномал совуқ" туфайли кузатилган навбатдаги энергетика бўҳрони узоқ йиллардан буён имкони бор ўзбекистонликлар учун қаҳратонда бошпана вазифасини ўтаб келган пойтахт Тошкентга жиддий зарба берган - аксар пойтахтликлар қаҳратон қаршисида иложсиз қолиш ҳиссини илк бор туйиб кўрган.
Янги ҳафтадан ҳароратнинг 0 га яқинлашиши шаҳар аҳлининг жонига бироз оро берган.
Расмийлар "аномал" дея атаган совуқ оқим мамлакатни тарк эта бошлаганига қарамай, энерготаъминотда ҳали ҳам жиддий муаммолар сақланиб қолган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Би-би-си Тошкент кўчаларида одамлар билан суҳбатлашиб, улардан қаҳратоннинг энг авжини қандай ўтказгани ва ҳозирги яшаш шароити ҳақида сўради.
"Сизни судга бериш керак!"

Ҳукумат расман "аномал" дея ном қўйилган совуқ ҳаво оқими келаётганидан бир неча кун аввал бонг урган бўлсада, мамлакат энергетика таъминоти тизими, ҳатто, қисқа даврлик об-ҳаво инжиқлигига ҳам дош бера олмаслиги яна бир бор маълум бўлган.
Бу сафарги энергетика бўҳрони 30 йилдан ошиқ вақт давомида вилоятлардаги пули, имкони бор одамларни қиш вақти оҳанрабодек ўзига тортган Тошкентни ҳам фалажлантирган - газ босими кескин пасайган, оқибатда, электр таъминоти тизими барқарорлигига ҳам жиддий путур етган, марказий иситиш тизими эса қарийб фалажлаган.
- Ўзбекистон: Газ кескин камаяди, завод, фабрикалар газ ва токдан узилади, ҳокимлик норозиликка тайёргарлик кўряпти, Тожикистон светни узлуксиз беради
- Ўзбекистон: Барча заправкалар фаолияти тўхтатилди, Каримовдан олдин мамлакатни бошқарган Нишонов оламдан ўтди – янгиликлар
- Ўзбекистон - бюджет 2023: Амалдорлар бу йил халқ пулини халқ билан муҳокама қилмасдан сарфлайдими? Янгиликлар
Кўплаб пойтахтликлар мамлакатнинг аксар қишлоқлари ўн йиллардан буён ҳис қилиб келаётган аёзни биринчи бор татиб кўрган.

Пойтахт иссиқ ва ёруғ шаҳар мақомидан айрилган - уйлар деразаларига қиров тушган, ҳатто унитазлар музлаб қолган, одамлар чорасиз домлар тагида вақтинчалик ўчоқ қурган.
Вазият шу даражада абгорлашганки, Тошкент тарихида кузатилмаган ҳолат - уйи музлаткичга айланган одамлар учун кўчаларда махсус исиниш хоналари ташкил этилган.
Ҳатто, президентнинг кўз ўнгида бино қуриб, ер тарқатган ва сўнгра қишга тайёргарлик кўрмаганликда, кўп бино қуриб юборганликда, ёлғончиликда айбланган Ортиқхўжаевнинг кетиши ҳам пойтахтда вазиятни заррача ўзгартирмаган.

"Жуда қийналдик. Газ бўлмади - овқат қилолмадик. Светку умуман бўлмади. Кеча ёнди светимиз. Набирамизни ҳам шубаларга ўраб қўйдик. Билмадим энди нима қилиш керак… Шаҳар, Тошкент, бу ерда шароит яхши, деб кўчиб келгандик", сўзлайди Би-би-си билан суҳбатлашган бир аёл 17 январь куни.
Дорихонадан бир халта дори кўтариб чиқаётган йигит эса юзага келган абгор вазиятда расмийлар, хусусан, собиқ ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев айбдор эканини таъкидлайди.
"Бир нарсани рўйи-рост айта оламан - сизни суд қилиш керак! Текин ош берганингиз ҳам бир тийин! Халқни пулига қилдингиз. Уйим совуқ - мана энди шунча дори кўтариб юрибман", кучли ҳиссиёт билан сўзлайди йигит камера орқали Ортиқхўжаевга мурожаат қилганча.

Чилонзор 2-мавзе маҳаллаларидан бирида Би-би-си камерасини кўрган одамлар эса уйларида 4 суткадан бери электр йўқлиги, иситиш тизими деярли ишдан чиққанини галма-гал сўзлай бошладилар.
"Шу мавзедаги 17-уйда яшайман. 4 кун аввал кабелдаги икки фаза ёниб кетиб, фақат битта фаза қолди. Ҳозир қолган фазага бутун уйни уласак, кучланиш жуда ҳам тушиб кетяпти. Шу сабабдан қўшнилар билан келишиб, 4-5 соатдан электрни навбатма-навбат ёқиб турибмиз", сўзлайди расмийлар коллектив арзномани ўрганиб ҳам чиқмаётганини айтган эркак.
"Мана курткани ечсам, ичида яна икки қават кийим ва майка бор. Квартирада шундай юрибман. Кечаси шу кийим билан кўрпани ичига кириб оламан. 13 январь куни аввал отопление, кейин электр кетгани бўйи ҳали қайтиб берилмади", дейди шу уйнинг яна бир яшовчиси.
Кўча таоми пишириш билан машғул аёл эса амалдорларни ишдан олган билан вазият ўзгаришига ишонмаслиги ҳақида гапиради.
"Ёнидаги одамлар "катта"ни озгина ҳурмат қилса, бирор ўзгариш бўлиши мумкин. Гапини гап дейишса агар…".
Бузилган сукунат
Мамлакатга 9 январдан кириб кела бошлаган "аномал совуқ" атиги бир неча кун ичида ижтимоий-иқтисодий ҳаётни қарийб фалажлаб қўйган.
12 январь куни пойтахтдаги барча йирик истеъмолчилар электр ва газ таъминотидан узиб қўйилгани маълум бўлган.
Шунга қарамай, шаҳардаги вазият янада абгорлашишда давом этган - ижтимоий тармоқни одамларнинг ғазаб ва норозиликка тўла ёзувлари эгаллаб олган.
Пойтахтда уйлар том маънода музлаб қолаётгани, деразаларни ичкаридан қиров босаётгани, иситиш радиаторлари совуқдан ёрилиб кетаётгани, гази ўчган маҳалладошлар биргаликда ҳовлига вақтинчалик ўчоқлар ўрнатаётгани каби хабарлар тўлиб-тошган.

Мамлакат аҳли совуқдан қалтираётган бир манзарада - 16 январь куни президент Шавкат Мирзиёев халққа кўриниш берган.
У мавжуд оғир аҳволда қўл остидагилар айбдор экани, маҳаллий раҳбарлар қишга лозим даражада тайёргарлик кўрмаганини таъкидлаган ҳамда пойтахт ҳокими Ортиқхўжаев дохил қатор амалдорларни ишдан олган.
Бироқ ишдан бўшатиш ва ҳайфсанлар абгор вазиятнинг ўнгланишига хизмат қилмаган - 16 январь куни давомида ҳам пойтахт аҳлининг энерготаъминотдаги муаммолардан норозилиги-шикояти юзага қалқиб чиқишда давом этган.
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














