Ўзбекистон: Газ кескин камаяди, завод, фабрикалар газ ва токдан узилади, ҳокимлик норозиликка тайёргарлик кўряпти, Тожикистон светни узлуксиз беради

Сурат манбаси, Telegram: Paxtakor muammo va yechim
Ўзбекистон газ босимининг кескин тушиб кетишига тайёрланмоқда. Тошкентда завод ва фабрикалар газ ва электр энергиясидан буткул узилади. Ҳокимлик аҳоли ўртасида кўпаядиган норозиликни камайтиришга тайёрланмоқда. Тожикистон эса аҳолига чироқни узлуксиз беришга қарор қилди. Марказий Осиё қишга қанчалик тайёр эди?
Аномал совуқ деб аталаётган об-ҳаво шароити Ўзбекистонда қиш бошлангандан бери муаммо бўлаётган газ ва электр энергия таъминотини янада қийин аҳволга солиб қўйди.
Ижтимоий тармоқлар ва телеграм группаларда одамлар қаҳратон совуқда чироқ янада кўпроқ ўчаётгани, табиий газ таъминотидан буткул узилганлар эса янада мушкул аҳволга тушиб қолганидан нолимоқда.
Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев газ кескин камайиб кетишидан огоҳлантирган. Ҳокимнинг айтишича, бу норозиликнинг кўпайишига олиб келади.
Максимал эконом режими…
Пайшанба куни ижтимоий тармоқларда тарқалган аудиода Ортиқхўжаев пойтахтдаги барча автомобилларга газ қуйиш шаҳобчалари, завод ва фабрикаларга газ ҳамда ток таъминоти узилишини айтади.
Алоқадор мавзулар:
"Газ кескин тушади. Нафақат Тошкентда бошқа ҳудудларимизда ҳам тушиши кутиляпти. Шунинг учун ҳозир бутун шаҳардаги заправкаларнинг ҳаммасини ўчирамиз, фақат 4 та заправка қолади, ўша махсус коммунал хизматларимиз учун".
Ҳокимнинг айтишича, кескин вазият сабаб метан газ билан юрадиган шаҳар жамоат транспорти дизел ёнилғисига ўтади.
"Мана шаҳар транспорти газдан соляркага ўтади. Кескин қисқартиришимиз керак бўлади. Бутун фабрика, заводлар эгаси ким бўлишидан қатъий назар, қандай одам бўлишидан қатъий назар ўчиришга мажбурмиз, токиниям, газиниям. Шаҳардаги махсус кўчадан ташқари, бошқа кўча ёритқич чироқларини ўчиришга мажбурмиз. Бугун ўчирамиз, жиддий қараймиз. Ҳаммасини максимал эконом қиламиз".
Ортиқхўжаев вазият икки кун мана шундай бўлишини айтган. У газнинг кескин камайиб кетишига сабаб нима эканлигини очиқламаган.
Пойтахт ҳокими мана шундай вазиятда фуқаролар кўнглини олиш, ёлғиз қолганларга иссиқ етказиш учун тўйхоналарда текин ош тарқатилишини маълум қилган.
"Ҳамма кириб ейиши мумкин, тоғорачасида олиб чиқиб кетиб, уйига олиб бориши мумкин. Ёнинглардан харажат қилинглар, деб айтмайман. Кимда қанақа харажат бўлса, менинг ёрдамчиларимдан келиб, олинглар пулини. Лекин пул тополмасдан, мендан сўрамасдан эътиборсизлик қилсанглар, жуда кўнглим оғритади. Ҳозирги вазиятда пулни санаб ўтирадиган вазият эмас", деган у.
Ҳоким масъулларни икки кун туриб беришга чақирган ва газ кескин камайиши натижасида халқ орасида норозилик кўпайишини таъкидлаган.
"Ҳозир газ кескин камайиши ҳисобига норозичилик ҳам кўпаяди, бошқа бўлади. Иложи борича, норозичиликни камайтириш учун ўзларингнинг туманларингда қўллинглардан келган барча имкониятларни қилинглар. Лекин қош қўяман, деб кўз чиқариб ўтирмаларингиз. Ақлли ишлар қилишимиз керак", деган Жаҳонгир Ортиқхўжаев.
Норозилик кўпаймоқда
Ижтимоий тармоқларда эса иссиқлик электр ўчиши ва газ етишмовчилигидан норози постлар кўпайган.
"Тонг бироз нохуш бошланди. Электр саҳар пайтидан бери йўқ. Уй анча совиб кетган, кўмир печканинг ўзини ўзи иситиб ётибди. Термометр ҳарорати -19 даража совуқни кўрсатмоқда", деб ёзади Қашқадарёдан Ulug'bek Oripov.

Сурат манбаси, Screenshot
Замира Алимова эса Facebookда Тошкент вилоятининг Янгийўл туманига қарашли "Тонг Шафақи" дала ховлилар ҳудудида 4 кундан буён свет йўқлигини айтган.
"Бечора махаллий ахолини на гази ,на свети бўлмаса … Сувлар музлаб ётибди. Ёш болалилар,қариялар ,ногиронларга ачиниб ёзвоман бу комментни", дейди у.
"Энергетика вазири бизда мана етти соатдан бери сабабсиз свет йук, ёқиб кўйинг светни бўмасам ишдан мардларча кетинг", деб ёзади Абдухошим Аманов.
Қиш келиши ва энергия тизими бунга тайёр бўлмаганлиги сабаб бутун Ўзбекистон бўйлаб электр энергиясига жадвал бўйича чекловлар киритиш жорий қилинган.

Сурат манбаси, SevimliTV
Бироқ айрим жойлардаги одамларнинг айтишича, ўчиришлар жадвалда кўрсатилганидан кўпроқ бўлмоқда ва бу уйлари газдан ҳам узилган аҳолини жуда қийин аҳволга солиб қўймоқда.
Жиззах вилояти Пахтакор тумани "Буюк ипак йўли" ва "Чаманзор" маҳалласида яшовчи аҳоли свет кўп ўчишидан норозилик билдирган.
"Буюк ипак йўли" маҳалласи аҳолисининг айтишича, аҳоли уйлари табиий газ тармоғидан буткул узиб қўйилган, қаватли уйларда яшовчи одамлар уйини асосан ток печкалар ёрдамида иситади. Чироқнинг маълум вақтга ўчиши уйларнинг кескин совиб кетишига олиб келади.
"Графикдан чиқмайди, деб нима деяпсизлар, эй? 10 бўлмай ўчирасизлар, 11дан ўткизиб ёқасизлар. Соат икки бўлмай ўчирасизлар, соат 3 бўлмай ёқасизлар. Соат 6 бўлмай ўчирдиларинг. Соат 7 дан ўткизиб ёқасан ҳали ҳамманг. Одамга озгина инсоф ҳам керак-ку. Газ бўлса бунчалик қилмасдим, газ йўқлиги учун қилиб ётибмиз. Безор қилиб юбординглар-ку. Эртага бораман, электросетдан, ҳокимдан битта, битта келади-да мана бу уйда бир соат ўтириб кўради. Қани, бир соатга чидайдимикин? Свет бор вақти келиб ўтиради, шу свет бор вақти ҳам чидай оладимикин? Уялмасдан, чеклаш, чеклаш дейсизлар. Халқни озгина ўйланглар", дея аччиқ аралаш нола қилади фуқаролардан бири.
Масъуллардан бири норозиликларга жавобан Пахтакор туман сектор раҳбари яшаётган уйларда ҳам чироқ йўқ, дея видео хабар қолдирган.

Сурат манбаси, Telegram: Paxtakor muammo va yechim
"Туманимиз сектор раҳбарларининг хонадони ҳам электр энергиясисиз турибди. Мана, тўртта сектор раҳбари "Оқбулоқ" маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган хонадонларда ҳам электр энергияси йўқ. Ўчган. Халқ билан биргаликда ўчяпти" дейди икки қаватли намунали уйлар қаршисида видео олган шахс.
Бунга жавобан аҳоли вакилларидан бири у маҳаллада газ борлигини, шунинг учун уйлари иссиқ эканлигини айтган.
«Ўзгидромет» хабар беришича, Тошкент шаҳрида 13 январь, жума куни охирги 50 йилликдаги энг совуқ ҳарорат қайд этилган.
Шу куни пойтахтда 19,8 даража совуқ ҳарорат рўйхатга олинди.
Чекловларсиз электр энергияси
Қўшни Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон мамлакат бўйлаб электр энергиясига қўйилган чекловни бекор қилди.
Тожикистон қишга қандай таёргарлик кўрган эди.
Тожикистондан мустақил журналист шуларни ёзади:

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK
Тожикистонда тўрт кундан буён давом этаётган қаттиқ совуқ мамлакат ҳукуматини кескин чоралар кўришга мажбур этмоқда. Фақат тоғларда эмас, балки водийларда ҳам совуқ 20 даражагача етмоқда. Айрим ерларда бундан ҳам ошмоқда. Мутахассисларнинг айтишларича бу каби қаттиқ совуқ бундан 15 йил муқаддам - 2008-йилда кузатилган.
Ўзбекистондан кейин Тожикистонда ҳам қишки мактаб таътиллари 16-январгача узайтирилди. Тожикистон Республикаси Ҳукумати ҳузуридаги фавқулодда ҳолатлар ва фуқаро мудофааси қўмитаси аҳолини кўчада ҳаракатланаётганда ўта эҳтиёткор бўлишга, дарахтлар остида ва уй томларига яқин турмасликка, нақлиёт воситаларини дарахтлар тагида ва кўп қаватли уйларга яқин қўймасликка чақирди. Айни шу қўмита жароҳатланишлар олдини олиш мақсадида коммунал хизматлар ва аҳолини уйлар томини қордан тозалашга даъват қилди.
Бахтсиз ҳодисалар олдини олиш мақсадида ўта зарурият бўлмаган ҳолларда тоғ йўлларида юрмаслик, тоғлик мавзеларда қишлоқ хўжалик ишларини бажармаслик, мол боқмаслик, ўтин тайёрламаслик, ов қилмаслик, иситгичлардан фойдаланганда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш таъкидланди.
Тожикистон Ҳукумати томонидан 11-январдан бошлаб аҳолини электр энергияси билан таъминотдаги чекловлар бекор қилинган. «Барқи тожик» очиқ ҳиссадорлик холдинг ширкати мамлакатнинг барча ҳудудларида электр энергияни чекловсиз етказиб бериш учун мавжуд захира ва имкониятлардан фойдаланишга вазифадор этилган. Шу пайтгача мамлакатнинг айрим минтақаларида, айниқса қишлоқларда тунги 22 дан тонгги 5 гача электр таъминотида чеклов мавжуд эди.
Душанбе шаҳри Раиси Рустами Эмомали шаҳар аҳолиси ва меҳмонларига мурожаатнома билан чиққан. Бу мурожаатномада қишнинг қаттиқ совуқли кунларида зарурат бўлмаганда сафарга чиқмаслик сўралган. Аҳоли шахсий машиналардан эмас, балки йўловчи ташиш нақлиётидан фойдаланишга даъват этилган. Шунингдек мурожаатномада электр жиҳозларидан фойдаланишда эҳтиёт бўлиш, ота-оналарнинг фарзандларини назоратсиз қолдирмасликлари таъкидланган.
200 метрли қор кўчкиси ва сифатсиз «антифриз»лар
Қаттиқ совуқ натижасида қор кўчкилари тушиши ва музлаш туфайли Тожикистоннинг турли минтақаларини боғловчи тоғ йўллари ҳаракат учун беркитилмоқда. Жумладан, пойтахт Душанбе ва мамлакат жанубини Тоғли Бадахшон билан боғловчи йўл ҳамда Суғд вилояти билан боғловчи Душанбе-Хўжанд-Чаноқ йўли тез-тез ёпилмоқда.

Сурат манбаси, Courtesy
Айни совуқ кунларида Душанбе-Хўжанд-Чаноқ йўлининг 80-километрида эни 200 метрли, баландлиги 6 метрли қор кўчкиси тушган. Худди шу йўлда бир соат мобайнида 30 та қор кўчкиси тушган. Айни шу пайтда йўлда машиналар йўқлиги боис инсон талафоти юз бермаган.
Лекин мазкур йўлнинг 67 километрида «Мерседес-Спринтер» машинасининг чап томони бошқа бир қор кўчкиси остида қолган. Навбатчи қутқарувчилар ва IRS («Инновейтив Роуд Солюшнз ЛТД») йўл хизмати ходимларининг интилишлари билан машина ҳайдовчиси қутқариб олинган ва унга ёрдам кўрсатилган.
Душанбе-Варзоб йўлининг 65-73 километрлари оралиғида қор қамоғида қолган ўттизтага яқин машина ҳайдовчилари ва йўловчилари қутқарилиб, хавфсиз жойга олиб борилган.
Аммо айни шу йўлнинг 53-километрида ҳайдовчи «Opel Zafira» русумли машинасини бошқара олмай суюлтирилган газ ташувчи автомашинага бориб урилган. Фавқулодда хизмат ходимлари машина ичидан йўловчиларни чиқариб олишган. Олти нафар йўловчи жароҳатланган. Улардан бири беморхонага олиб борилаётганда вафот этган.
Кеча мамлакатнинг тоғли йўлларида қор кўчкиси тушиш ҳоллари яна давом этган.
Тоғли Бадахшон мухтор вилоятининг Рўшон, Роштқалъа, Шуғнон туманларида ва Душанбе-Хўжанд-Чаноқ йўлида ўнга яқин қор кўчкиси тушган. Бадахшонда Рўшон-Бартанг йўли ёпилган, Душанбе-Хўжанд-Чаноқ йўлининг Варзоб ва Айний туманларидаги қисмлари кўчкидан тозалангач, фақат енгил автомашиналар қатнови учун очилган.
Маҳаллий кузатувчиларга кўра юк ташиш машиналари учун йўлларнинг ёпилиши айниқса тоғ қишлоқларидаги аҳолини озиқ-овқат ва ёнилғи билан таъминлашда муаммолар туғдиради. Чунки Тожикистонда халқ хўжалиги юклари асосан автомашиналар воситасида ташилади.
Айни бир пайтда тоғли, муз босган, қор кўчкиси хавфи мавжуд йўлларда юрмаётган автомашиналар эгалари бошқа бир бошоғриққа учрашганидан шикоят қилишмоқда. Улар гарчи антифриз қуйганликларига қарамай, машиналарининг сув айланиш тизимлари ишдан чиққанини айтишмоқда.
- Машинамни бир илож қилиб ўт олдирдим. Лекин йўлда бораётганимда тўхтаб қолди. Устага олиб боришга мажбур бўлдим. Уста устахонадаги навбат кутиб турган йигирмага яқин машинани кўрсатиб, сизнинг «Нексия»нгиз ҳам мана шу машиналар дардига учраган, менимча, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган антифриздан қуйган бўлсангиз керак, у совуқ беш даражадан ўтганда музлаб қолади, деди. Хуллас, фақат кечки пайт, қоронғи тушганда навбатим етиб келди. Энди фақат сифатли антифриз қуяман, - деди устахонада навбат кутиб, бир кун ишга бора олмаганини айтган ҳайдовчи йигит.
Айни бир пайтда «Тожикстандарт» агентлиги машина эгаларини совуққа қарши суюқлик - «антифриз»ни сотиб олаётганда эҳтиёткор бўлишга чақирди. Агентликдан билдиришларича айрим виждонсиз тадбиркорлар стандартга мос келмайдиган «антифриз»ни сотувга чиқаришган. Текширишлар натижасида бундай «антифриз» таркибида фақат сув ва бўёқ берувчи модда бўлган. Аслида эса «антифриз» таркибида албатта этилингликол, спирт бўлиши зарур.
Мурожаатда стандартга мос бўлмаган «антифриз»нинг катта қисми аниқланиб, мусодара этилганига қарамай, ҳар бир ҳайдовчи бу моддани сотиб олаётганда
сотувчидан албатта сертификат талаб қилиши зарурлиги таъкидланган.
Қишга ким тайёргарлик кўриши зарур?
Ҳали шиддатли совуқ бошланмасдан илгари Тожикистонда сабзавот ва ўтин-кўмир нархи қимматлаб кетган.

- Ҳозирдан бир килограмм пиёз нархи уч баравардан ортиқ қимматлаб, етти сомонийга чиқди. Картошка, сабзи, гурунчнинг нархи ҳам ошди. Ҳиди чиқмайдиган йирикроқ кўмир нархи бултургидан икки баравар ошган. Биз-ку, қишни амаллаб ўтказамиз. Чунки болаларнинг отаси Россияда ишлайди, пул юбориб турибди. Лекин қўл учида кун кўрадиганларга қийин бўлди. Айрим оилалар битта уйчага қамалиб олишган. Ҳаммамизнинг бахтимизга қиш тезроқ ўтиб кетсин, - деди тоғли Шаҳристон туманида яшайдиган, тўрт нафар фарзанди ва қайнонаси билан яшашини айтган Холбуви исмли аёл.
«Норасмий маълумотларга қараганда Россияда камида бир миллион нафар тожикистонлик ишлайди. Агар улар бўлишмаганда, қиш жуда кўпчилик учун қаттиқ азоб бўларди. Худди шунинг учун ҳам оила боқиш ташвишида ҳозирги қаҳратонда ҳам юзлаб тожикистонликлар Россияга арзонроқ деб автобусларда кетишмоқда. Агар қозоғистонлик қуткқарувчилар ёрдам беришмаганда ана шундай автобуслардан бирида кетаётган 49 нафар одамнинг тақдири нима бўларди? Оқмўла вилоятида қаттиқ совуқда қолиб кетган ўша автобусда 6 нафар ёш бола ҳам бор экан», - деди маҳаллий таҳлилчи Аҳмад Бобожон.
- Ишқилиб, электрни узиб қўйишмаса бўлгани. Газ йўқ, иситиш тизими қачонлардир узиб ташланган. Уйни электр иситгичлар билан иситамиз. Лекин барибир шукр қиляпмиз. Чунки бундан ўн беш йилча олдин қаттиқ қиш бўлганда суткасига бор-йўғи икки соат свет бериларди. Ўшанда уйимизга печка ўрнатгандик. Нечта қўшнимиз сандал қуриб олганди, - дейди Хўжанд шаҳридаги кўп қаватли уйнинг учинчи қаватида яшашини айтган эллик ёшли Мақсуд.
- Мана шу совуқ кунлар бошланганча бизда кечалари камида етти соат светни ўчириб қўйишарди. Хайрият, ҳукуматнинг свет чекловини бекор қилиш ҳақидаги қарори чиқди, - деди Хатлон вилоятининг Восе туманида яшайдиган Маҳмадали исмли киши.
Маҳаллий ҳукуматлар масъулларининг айтишларича, аҳоли ҳали қиш кирмасданоқ унга етарли тайёргарлик кўриш, жумладан, қишлик озиқ-овқат, ёқилғи жамғариш ҳақида огоҳлантирилган. Жумладан, Суғд вилоятида кўмир сотиш ярмаркалари ташкил этилган. Кўмир бозор нархидан тўрт-беш баравар арзон сотилган. Мактаблар кўмир ва ўтин билан таъминланган.
- Суғд вилоятида яшайдиган кўпчилик кўмир нархининг ошишини қўшни Қирғизистон билан муносабатларнинг бузилгани, чегаралар тақатақ ёпилгани сабабли деб билишади. Қайси йўллар билан олиб кирилишини билмайман, лекин Қирғизистоннинг Сулукта конида қазилган кўмир сотилмоқда. Лекин нархи олдингидан камида уч баравар қиммат. Аҳоли қимматлигига қарамай айнан шу кўмирни сотиб олмоқда. Чунки
Тожикистоннинг айрим конларида қазиладиган кўмирнинг сифати паст, ҳиди бор, бехабар қолсангиз, уйни иси тутиб кетади, - деди маҳаллий кузатувчи Аҳмад Бобожон.
Ҳар йили қиш ойларида кўмир ёки ўтин ёқилиши натижасида исдан вафот этган кишилар ҳақида хабарлар тарқалади. Оммавий ахборот воситаларида ҳатто бутун бир оиланинг фалокат қурбони бўлгани борасида ёзилади. Лекин ис қурбонларининг умумий сони ҳақида расмий маълумотлар оммалаштирилмайди.
Беморхоналарда даволаниш учун ётаётган кишиларнинг асосий кўпчилиги эса, шамоллаш туфайли оғриб қолишган.
Фақат қаттиқ совуқ бўлаётган жорий қиш эмас, умуман қиш фаслининг кириши кўплаб тожикистонликлар учун ташвиш уйғотади. Мамлакат пойтахти Душанбе шаҳридан бошқа шаҳарларда иситиш тизимлари тикланмаган. Кўп қаватли уйларда яшовчи кишилар иситиш учун фақат электриситгичлардан фойдаланишади.
Электр таъминоти тармоқлари тез-тез аҳолини электр иситгичлардан фойдаланишда эҳтиёткорликка чорлаб туришади. Бунга эса, электр иситгичлардан ўт чиқиши натижасида ёғин ҳолатлари кўпайганлиги ҳам сабаб бўлмоқда. Айни ҳозирги совуқ кунлари Хўжанд шаҳар электр тармоғи раҳбарлари аҳолини электрдан фойдаланиш маданиятига риоя қилишга чақирди. Мазкур мурожаатда электр қувватини исроф қилмаслик аҳолини узлуксиз электр билан таъминлаш имкониятини бериши таъкидланди. Айнан исрофгарчилик туфайли трансформаторларнинг ишдан чиқиши ва бу туфайли таъминотдаги узилишлар юз бериши урғуланди.
Айни шиддатли совуқ кунлари Хатлон вилоятининг Жалолиддин Балхий туманида бошпанасиз бўлиши мумкин кишилар ва табиий офатдан зарарланган учун марказ очилган. Марказ халқаро соғлиқни сақлаш ташкилотлари ва Тожикистон Ҳукумати қошидаги фавқулодда ҳолатлар ва фуқаро мудофааси қўмитаси ҳамкорлигида очилган. Марказда бирйўла 100 нафар кишининг ҳаёт кечириши учун барча зарур шароитлар муҳайё этилган.
Маҳаллий таҳлилчиларнинг фикрича, қиш барибир қишлигини қилади. Қишнинг аҳоли ҳаётини қийинлаштирмаслиги, инсон талафотларига, беморликларга йўл қўйилмаслиги учун эса, айни совуқ кунлари чора кўришлар, мурожаатлар эмас, балки ҳукумат шаҳарларда иситиш тизимларини тўла йўлга қўйиши, йўлларда бехатарликни таъминлаши, фаслга олдиндан тўлиқ тайёргарлик кўриб қўйиши зарур, дейишади улар.
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















