Ўзбекистон - бюджет 2023: Амалдорлар бу йил халқ пулини халқ билан муҳокама қилмасдан сарфлайдими? Янгиликлар

Ўзбекистон
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Давлат бюджети ортидан маҳаллий бюджетлар ҳам муҳокамаларсиз, ими-жимида қабул қилингани айтилмоқда. Ўзбекистон нега халқаро бюджет рейтингида иштирок этмайди?

2023 йил кирим ва чиқимлари муҳокама қилишга етарли вақт ва минбар берилмагани Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев истеъфосига сабаб бўлганди.

Gazeta.uz нашрининг ёзишича, деярли барча ҳокимликлар 2023 йилги бюджетларни жамоатчилик муҳокамасисиз қабул қилган.

"Ўзбекистондаги деярли барча ҳокимликлар 2023 йил учун бюджетни ўтган йил охирида, ҳатто янги йилда ҳам солиқ тўловчилар фикрини ҳисобга олмасдан қабул қилди. Андижон ва Сирдарё ҳокимликлари бюджет лойиҳаларини эълон қилганди, бироқ лойиҳа муҳокама вақти тугамай туриб қабул қилинди", дейилади хабарда.

Нашрнинг ёзишича, бюджет лойиҳалари жамоатчилик муҳокамасига фақат Андижон шаҳри ва Сирдарё вилояти ҳокимликлари томонидан жойлаштирилди.

Бироқ муҳокама қилиш муддати 4 январгача белгиланган бўлса-да, Андижонда бюджет 31 декабрда, Сирдарёда эса 30 декабрда тасдиқланиб бўлган.

Ўтган йилларда айрим ҳокимликлар томонидан маҳаллий бюджет лойиҳалари жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган.

Бундан олдин Ўзбекистон парламенти ҳам 2023 йилги Давлат бюджети тўғрисидаги қонунларни умумхалқ муҳокамасисиз ва қисқа муддатда қабул қилгани хабар қилинганди.

Бунга норозилик сифатида депутат Расул Кушербаев истеъфога чиққанини маълум қилган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

"Бу сафарги бюджет муҳокамаларида иштирок этмадим. Катта ҳажмдаги лойиҳани ўқишга ҳам етарли вақт берилмади. 1-ўқишда ялпида сўз сўрасам зам спикер Улуғбек Иноятов очиқчасига сўз бермади. Сўнг мажлисдан чиқиб кетдим ва кирмадим. Депутатларни оғзини ёпадиган замларни боридан йўғи яхши", деб ёзган Кушербаев Twitter да.

Жамоатчилик ими-жимида қабул қилинган деб айтилаётган бюджетнинг қуйидаги жиҳатларига эътироз билдирган ёки уларда саволлар пайдо бўлган.

Bakirov

Иқтисодчи Отабек Бакиров Телеграм каналида UzAuto Motors учун бюджетдан 2022 йилда қўшимча 225 миллиард сўм (жами 336 млрд.сўм) судсидия ажратиш ва 2023 йил учун 418,2 млрд.сўм компенсация тўлаш назарда тутилганини кескин танқид қилган.

У UzAuto Motorsга бюджетдан ажратилаётган пулларни онкология касалликлари учун ажратилаётган пулга солиштирган.

"Шунчаки солиштириш учун, онкологияга 3 баробардан камроқ 137,5 млрд.сўм пул ажратилган. Саратонга чалинганлар ўлишда давом этади, лекин UzAuto субсидия олади. 2023 йилда биз етиб келган мораль шу", дейди у.

Янги йил бюджетида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг харажатлари 2022 йил билан солиштирганда 5,5 трлн.сўмдан 3,7 трлн.сўмгача камайган.

Соғлиқни сақлаш тизимидан чиқариб ташланган харажатлар ичида ОИТС келтириб чиқарадиган касалликлар тарқалишига қарши курашишга боғлиқ харажатлар ҳам бор.

2023 йил бюджетида Халқ таълими вазирлигига 29,6 трлн.сўм харажат мўлжалланган. Бу ўтган йилга нисбатан 13,8%га кўп дегани.

Бироқ иқтисодчиларга кўра, ушбу соҳада бу йил жами бюджет харажатлари 2022 йилга нисбатан 22,5%га ошган. Бу таълим бўйича харажатлар нисбатан камайганини англатиши айтилмоқда.

Расмийлар бюджет лойиҳалари кенг муҳокамаларсиз қабул қилинганлиги ҳақидаги танқидларга ҳозирча муносабат билдирмади.

Қўшни давлатларда қандай?

Қозоғистонда бюджетни шаффоф тарзда шакллантириш ва харажатлар устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш учун "Очиқ бюджетлар" портали (budget.egov.kz) ишга туширилган.

Қозоғистон IBP (Халқаро бюджет ҳамкорлиги) ташкилотининг 2020-2021 йиллар шаффофлик рейтингида 120 давлат ичида 37-ўринни эгаллаган.

Ўзбекистон ушбу ташкилот рейтингларида иштирок этмайди.

IBP рейтингида Қозоғистондан бир балл кам тўплаган Қирғизистон ҳам бюджет шаффофлиги борасида яхши кўрсатгич қайд қилган.

Қирғизистон парламентида 2023 йил бюджети очиқ муҳокама қилинган ва иккинчи ўқиш учун 10 кун муҳлат берилган.

Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёев Президент бўлгач давлат ва маҳаллий бюджетни муҳокама қилишда ва ҳаражатларни тартибга солишда жамоатчилик назоратини йўлга қўйишга эътибор берилган.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 августида " Бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинган.

Молия вазирлиги ушбу қарорга асосланиб 2018 йилнинг декабр ойида openbudget.uz порталини ишга туширди.

Бироқ порталдаги Давлат бюджети параметрларига оид маълумотларнинг энг сўнггиси 2021 йил учун Давлат бюджетига оид эканлигини кўриш мумкин.

Порталнинг ўзбекча қисмидаги Молиявий назорат бўлимида эса русча ахборот жойлаштирилган.

Портал бюджет харажатларини тартибга солиш бўйича жамоатчилик назоратини амалга ошириш ва бюджет жараёнини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиш имкониятларини ташкил этишни ўз олдига вазифа қилган бўлса-да, унда фаол муҳокамалар ва таклифларга кўзингиз тушмайди.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.