ХВЖ: 2023 йили дунёнинг учдан бири рецессияга учрайди Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, GETTY IMAGES/AFP
Халқаро Валюта Жамғармаси ижрочи директори Кристалина Георгиева 2023 йил оғир йил бўлади, деб огоҳлантирди.
ХВЖ башоратига кўра, глобал экономиканинг учдан бири рецессияга тушади.
Алоқадор мавзулар:
Бу йил АҚШ, Европа Иттифоқи ва Хитой иқтисодлари секинлашади, буларнинг асосий сабаблари Украина уруши, нарх-наволар қимматлашиши, фоиз ставкаларининг кўтарилиши ва Хитойда яна Ковид юқиши ҳолатлари кўпайиб бораётганидир.
Ўтган йилда юз берган воқеалар ниҳоят жаҳон иқтисодиётига путур етказди, нормал ҳаётга ва Ковид инқирозидан илгариги ўсиш суръатларига қайтишни тўхтатди. 2023 йилнинг бошланиши бирор енгиллик билан келмади, бу йил тушиш - рецессия йили бўлиши мумкин.
Ҳозирги иқтисодий касаллик сабаблари жаҳон иқтисодиётининг сурункали муаммолари билан боғлиқ. Агар Россия армияси Украинага бостириб кирмаганда ва Путин Европага қарши энергия урушини бошламаганида, иқтисод бу касалликка бирмунча бардош берар эди.
Россиянинг Украинага бостириб кириши натижасида юзага келган ваҳима дунёда Ковиддан кейинги тикланишни тўхтатган охирги зарба бўлди.
"2023 йил яқинлашар экан, у 21 аср антирейтингида учинчи бўлади, деган прогнозлар кўпаймоқда. Пандемия бошланган 2020 йилда ва глобал молиявий инқироздан кейинги 2009 йилда шунақа бўлганди", дея таъкидлаган Янги йилдан олдин Deutsche Bank иқтисодчилари.
2009 ва 2020 йилларда ҳам дунё рецессияга юз тутди. Иқтисодчилар рецессия даврини олти ой ёки ундан кўпроқ вақт давом этади дейдилар, бунда иқтисодиётда бойлик, ишлаб чиқариш ва ишбилармонлик ўсиши ўрнини рецессия эгаллайди.
Одамлар қашшоқлашмоқда, компаниялар банкрот бўлмоқда, ижтимоий харажатлар қисқармоқда, инфратузилма таназзулга юз тутмоқда, келажакка сармоя - таълим, ишлаб чиқариш, технология - барбод бўлмоқда.
Яқин вақтгача воқеаларнинг бундай ривожланишини ҳеч ким бунчалик олдиндан айтиб бермаган. Ковид пандемияси давридаги 3 фоизлик тушишдан кейинги йили - 2021 йилда иқтисодиёт 6% га ўсди, аммо ўсиш 2022 йилда тахминан 3 фоизгача секинлашди ва иқтисодчилар янги йилда ўсиш 2,2 фоиз бўлади демоқда.

Сурат манбаси, EPA
Гарчи суст бўлса-да, дунё иқтисоди ўсиб бормоқда ва глобал ялпи ички маҳсулот 2022 йилда тарихда биринчи марта 100 триллион доллардан ошди. Ривожланган мамлакатларга бу миқдорнинг 57 фоизи, шу жумладан, АҚШ (жаҳон иқтисодиётининг 25%) ва Европа Иттифоқи (17%) ҳиссасига тўғри келади. Ривожланаётган мамлакатлардан Хитой 18% билан анча олдинда. Россия улуши атиги 2 фоизни ташкил қилади.
Айнан Ғарб 2023 йил инқирозининг энг оғир зарбасини қабул қилиб олади.
Нега Ғарбда ёмонроқ бўлади?
"Қўшма Штатлар ва Европа иқтисоди кескин секинлашмоқда ва 2023 йилда иқтисодий ўсишнинг тўртдан уч қисми Осиёнинг ривожланаётган иқтисодлари ҳисобидан бўлади", дейди бой давлатлар клуби бўлмиш Иқтисодий ривожланиш ва тараққиёт ташкилоти - ИРТТ (инглизча OECD) иқтисодчилари.
Улар сўнгги ярим аср давомида ривожланган мамлакатлар асосий импорт бўлган энергия сарф-харажатлари кескин ошганидан кейин рецессияга тушиб қолганини аниқладилар. Улар орасида ягона истисно пандемия туфайли юзага келган 2020 йилги рецессия эди.

Сурат манбаси, EPA
Бу сафар рецессия учун барча шароит тахт турибди. Ҳозиргача пасайиш электр энергияси, ёқилғи ва иссиқлик учун сарфланган маблағлар ЯИМнинг 13 фоизига етганидан кейин содир бўлган эди. Ўтган 2022 йилда эса бу харажатлар 17 фоиздан ошди.
Ғарб Россиянинг нефть ва кўмирига санкциялар киритди ва Кремль Европа Иттифоқига газ етказиб беришни тўхтатди. Шу билан энергия нархи ошди. Бу Россиянинг Украинага тажовузи билан боғлиқ бўлди.
Натижада, айнан Европа нафақат техник рецессияни (бу қишда кетма-кет икки чораклик рецессия) бошдан кечириши, балки бутун 2023 йилни манфий кўрсатгичда якунлаши хавфи бошқаларникидан каттароқ, дейди Financial Times'га жавоб берган аксарият иқтисодчилар.
Дунёдаги етакчи давлат сифатида АҚШнинг ҳолати нефть ва газ бўйича 60 фоиз импортга қарам бўлган Европа Иттифоқиникидан анча яхши. АҚШ ҳукумати ва марказий банки инқироздан омон қолишини айтмоқда. Bloomberg сўраган мутахассислар бунинг эҳтимолини 70% деб баҳоламоқда.
Oxford Economics иқтисодчиларининг фикрича, рецессия юз берган тақдирда ҳам у қисқа муддатли бўлади. Бироқ, 2008 йилдаги сўнгги инқироздан кейин бўлгани каби, бу сафар аввалги ўсиш суръатларига қайтиш осон эмас.

Сурат манбаси, Reuters
Бунинг сабаби шуки, АҚШ ва Европада арзон пул даври тезда қайтмайди ва Хитой ҳали ҳам Ғарб ўрнини дунёнинг асосий кредитори сифатида эгаллашдан йироқ, деб ёзади улар 2023 йилги прогнозларида:
"Рецессия юмшоқ бўлади, аммо кейинги тикланиш ҳам умидбахш эмас. 2022 йилда жаҳон иқтисодиёти секинлашишининг асосий сабаблари 2023 йилда ҳал қилиниши керак, аммо бу етарли бўлмайди".
Булар қандай муаммолар?
Нега бу галги рецессия оғир бўлади?
Дунёнинг асосий муаммоси - инфляция. Россиянинг Украинага ҳужуми энергия ва озиқ-овқат нархларини ошириб, уни янада кучайтирди. Аммо бундан олдин ҳам Ғарбдаги нархлар сўнгги 40 йил ичида рекорд даражада ўсганди.
Асосий сабаб - Ковид. Бир ярим йиллик локдаунлардан сўнг аҳоли ва фирмалар тезда фаоллашди. Талаб рекорд даражада ўсди, аммо товарлар ва хизматлар шунга мос бўлмади, биринчи навбатда, Хитой локдаундан чиқмади. Россия тажовузкорлиги глобаллашув ва жаҳон савдосига путур етказиб, муаммоларни янада кучайтирди.
Ҳамма нарса етишмасди: чиплар, машиналар, арзон ишчи кучи, транспорт хизматлари. Нархлар ошди. Бизнес матбуотида «инфляция» 2022 йилнинг энг кўп қўлланган сўзи бўлди. Бунга қарши курашиш учун марказий банклар ставкаларни сўнгги йигирма йил ичида мисли кўрилмаган даражада оширди.
Кредитлар нархи ошиши истеъмол, қурилиш, инвестициялар ва уй-жой бозорини секинлаштирди. Инфляция туширилди, лекин қанча вақтга? Ва қандай нархда?
Британиянинг CEBR тадқиқот маркази иқтисодчиларининг фикрича, "яхши хабар шундаки, инфляция энди тез тушиши керак. Ёмон хабар шуки, бунинг учун кўплаб мамлакатлар рецессияни бошдан кечириши керак".

Сурат манбаси, PA Media
Рецессия нимаси билан ёмон?
Иқтисодчилар огоҳлантиришича, бир икки йил сув ва нон билан кун кўриш хавфли парҳез, ҳамма ҳам унга чидамайди.
Негаки, қарийб йигирма йил давомида иқтисодиёти ривожланган мамлакатларда кредит жуда арзон эди. Бу эса истиқболли компанияларга фойдани ҳисобга олмаган ҳолда ривожланишга агрессив сармоя киритишга, истиқболсиз компанияларга эса йўқотишларни қоплашга имкон берарди.
Биринчи тоифа учун сувтекин кредитлар даври ўтгани ўсиш суръатлари секинлашувига олиб келади, буни ўтган ўн йиллик етакчилари - Amazon, Facebook, Apple ва бошқа юқори технологияли компаниялар аллақачон кўрсатди. Улар харажатларни қисқартириш учун ходимлар сонини камайтиришди ва айрим лойиҳаларини тўхтатишди.
Ҳозиргача фақат мавжуд кредит пуллари ҳисобига банкротликдан омон қолган иккинчи тоифадаги "ўлакса компаниялар" учун рецессия якуний зарба бўлиши мумкин. Иқтисодиётдаги пасайиш уларни даромаднинг бир қисмидан маҳрум қилади ва кредит ставкаларининг ошиши қарзларни қайтариш ва ривожланиш харажатларини оширади. Улар банкрот бўлади, уларнинг эгалари ва ходимлари даромадсиз қолади, банклар омонатчилардан маҳрум бўлади.
Банкротлик тўлқини молиявий бозорга янги зарбалар беради, бу худди 2008 йилдаги инқирозга ўхшайди.
Ўшанда ишончсиз ипотека кредитлари билан ўйнаган банклар қулаган эди. Эндиги навбат оддий одамлар унчалик тушунмайдиган турли ташкилотларга келди. Суғурта компаниялари ёки пенсия жамғармалари ўз мижозларининг акция ва облигацияларга инвестицияларини суғурталаш учун фойдаланадиган фоиз ва валюта своплари зарбага учрайди.

Сурат манбаси, Reuters
Молиявий инқирознинг илк қўнғироғи аллақачон янгради ва бир марта эмас. Криптовалюта бозори учдан иккига қисқарди, Amazon ва Meta даражасидаги гигантларнинг акциялари икки баравар арзонлашди ва кўчмас мулк нархлари ўн йил ичида биринчи марта кўтарилишдан нафақат тўхтади, балки пасаймоқда.
Бундан баттар бўлиши мумкинми?
Ғарбдаги мўътадил рецессия ва ундан чиқишнинг суст бўлиши ҳақидаги прогнозлар ҳаддан ташқари оптимистик бўлиб кўриниши мумкин. Иқтисодчилар асосий учта таҳдидни кўрсатади.
Биринчидан, деярли уч йиллик карантиндан сўнг тўсатдан қайта очилган Хитойда Ковид тўлқини кузатилмоқда, унинг оқибатлари қандай бўлиши эса ҳали аниқ эмас. Агар баҳоргача пасайса, Хитойнинг энергия ресурсларига талаби ошади ва дунё иқтисоди энергетика инқирози ва инфляциянинг янги кўтарилишига дуч келади.
Иккинчидан, Россиянинг Украинага қарши уруши кучайиши ғалла экспортидаги узилишлар ва озиқ-овқат нархи ошишига уланиб кетади.

Сурат манбаси, Reuters
Ана шу икки сабаб туфайли юзага келадиган инфляциянинг иккинчи тўлқини марказий банкларнинг кредит ставкаларини оширишига тўсқинлик қилади. Бу учинчи.
Кридитлар қимматлаши иқтисодиёт таназзулини тезлаштиради ва молиявий секторда муаммоларга олиб келади, чунки қарздорлар пулни қайтариши қийинлашиб қолади.
Олдинги инқироз ва пандемия билан дунё кредит ёрдамида курашди. Натижада, ХВФ маълумотига кўра, мамлакатлар, компаниялар ва фуқаролар рекорд даражада - 235 триллион доллар қарз олди. Дунёнинг етакчи молия саноати ассоциацияси Халқаро молия институти (ХМИ) ҳисоб-китобларига кўра, ҳатто ундан ҳам кўпроқ.
Унга кўра, хусусий ва давлатлар қарзларининг умумий ҳажми қарийб 300 триллион долларга етган, бу ўн йил аввалгидан учдан бир қисмига кўпдир.
Бу инқирозда заиф давлатлар қимматлаб бораётган АҚШ долларида қарз олган ривожланаётган давлатлардир. Қарзларни қайтаришни қайта молиялаштириш ва уларга хизмат кўрсатиш харажатлари ошиши уларнинг тикланишига путур етказиши мумкин, натижада 2023 йилга мўлжалланган барча ўсиш прогнозлари хато бўлиб чиқади, чунки бу прогнозлар Ғарбнинг турғунлашиши ва ривожланаётган бозорлар жадал суръатда ўсиши ҳақидаги тахминга асосланади.
Ошган ставкалар ривожланган мамлакатлар учун ҳам муаммо келтириб чиқаради. Улар уй-жой бозоридаги инқироз билан юзлашади.
Талаб ва мулк нархи тушади. Қурилиш компаниялари ва банклар фойдани йўқотади. Ипотека тўловлари ошиши истеъмолчилар талабини пасайтиради, одамларда харажатлар учун пул камаяди.
Охирги ўн йилликлардаги ўсишнинг деярли барча двигателлари сустлашади.
Молиявий стимуллаш билан бир вақтда глобаллашув ҳам қисқаради. Жаҳон Савдо Ташкилоти (ЖСТ) маълумотларига кўра, ўтган йили жаҳон товарлари савдосининг ўсиши 2021 йилга нисбатан 10 фоиздан 3,5 фоизгача пастлаган. 2023 йил учун кутилган 3,5 фоиз ўсиш ўрнига у 1 фоизга қисқариши кутилмоқда.
Ҳаммаси тамомми?
Шунчаки нохуш прогнозлардан ташқари, апокалиптик сценарийлар ҳам бор.
Ушбу тоифадаги прогнозларнинг аксарияти иккита сценарийга тўғри келади: Россия агрессияси кучайиши, жумладан, ядровий уруш ва Хитойнинг Тайванга ҳужуми ва Ғарб билан тўқнашув.
"Хитой ва Ғарб ўртасидаги иқтисодий уруш оқибатлари Россиянинг Украинага қилган ҳужумидан бир неча баробар жиддийроқ бўлади", деб ёзади Британия CEBR маркази экспертлари. "Бу глобал иқтисодиётда шубҳасиз чуқур таназзулга олиб келади ва янги инқирозни келтириб чиқаради."
Аммо рецессия олдини олиш ва муаммоларнинг аксариятини ҳал қилиш мумкинлигини кўрсатувчи оптимистик сценарийлар ҳам йўқ эмас.
Улардан бири Россиянинг Украинага қарши тажовузкорлигини тўхтатиш билан боғлиқ. Қўшинларнинг олиб чиқилиши ва товон пули тўланиши Кремлга қўйилган санкцияларни бекор қилиш бўйича музокараларни бошлаш имконини беради.
Дунё иқтисодининг ўнлаб йиллар давомида ўсишини таъминлаган интернет ихтироси билан тенглашадиган бирор технологик янгилик бўлиши имкониятлари ҳам пастроқ.
Ковид масофавий ишлашга ва денгиз савдосида расмиятчиликларни рақамлаштиришга туртки берди, газ инқирози эса энергияни тежашга туртки бўлди. Аммо ҳақиқий ютуқлар олдинда.
Сунъий интеллект ва квант компьютерлари маҳсулдорликни кескин ошириш потенциалига эга ва янги энергия, масалан, термоядровий энергия янги иш ўринларини кўпайтириши, одамлар, фирмалар ва умуман сайёра учун харажатларни камайтириши мумкин. Бу эса 2023 йилда содир бўлиши даргумон.
Мўъжизага умид қилмасдан, ҳукуматлар инқирозни синовдан ўтган йўллар билан ҳал қилишлари керак, деб масалҳат беради ИРТТ бош иқтисодчиси Алваро Перейра.
"Ҳаммаси ўз қўлимизда, - дейди у ИРТТнинг 2023 йилга мўлжалланган тушгун прогнози ҳақида гапириб. "Агар биз соғлом сиёсат юритсак, муваффақиятга эришиш имконияти албатта ортади".
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















