Янгиликлар. Ўзбекистон: Халқ пули - Вазирликларга ажратилган триллионлар. Ўзбекистон ва АҚШ махсус кучлари нима қилмоқчи? Тошкентда муҳим келишув

Президент.уз

Сурат манбаси, Rasmiy

  • Қозоғистон билан нималарга келишилди?
  • Бюджет лойиҳаси: Қайси вазирликка қанча?
  • Термиздан Ҳайратонга кетган юк машиналари;
  • Ўзбекистон ва АҚШ махсус кучлари нима қилмоқчи?

Президентлар нимага келишишди?

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тoқаев давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлиб турибди.

Президент.уз

Сурат манбаси, Rasmiy

21 декабр куни Ўзбекистонга келган олий мартабали меҳмонни "Тошкент" халқаро аэропортида президент Шавкат Мирзиёев кутиб олган.

Шу куни икки давлат раҳбарлари пойтахтдаги Мустақиллик монументи пойига гул қўйган. Сўнг Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳузурида "Кўксарой" қароргоҳининг Фахрий меҳмонлар хиёбонида арча дарахтини эккан.

Алоқадор мавзулар:

22 декабр куни эса Шайх Хованди Тоҳур ва Тўлабий мақбараларини зиёрат қилган. Шундан сўнг, пойтахтдаги Халқаро конгресс марказида Қозоғистон президентини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтган.

Аввалига "Конгресс-ҳолл"да тор доирадаги учрашув ўтказилган. Сўнг Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари кенгайтирилган форматдаги йиғилишга киришган.

Йиғинда Қосим-Жoмарт Тoқаев тор доирадаги учрашув муҳокамасини юқори баҳолаши, Ўзбекистон билан муносабатларни янада чуқурлаштириш пайти келганлигини билдирган.

"Бугун қатор ҳужжатларни имзолаймиз. Улар орасида икки томонлама чегаралар демаркациясига оид ҳужжат ҳам бор. Шу билан икки давлат ўртасидаги чегара масаласига узил-кесил нуқта қўйилади", - деган Қозоғистон президенти учрашув мавзуларини очиқлаб.

Расмий манбалар икки давлат раҳбарлари учрашувидаги музокараларнинг асосий мавзуси сиёсий, савдо-иқтисодий, энергетика, қишлоқ хўжалиги, сув ва бошқа соҳалардаги муносабатларни тубдан кенгайтириш масалалари бўлаётганини маълум қилишмоқда.

"Ўзбекистон-Қозоғистон саммити якунида икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев тарихий ҳужжатлар - Иттифоқчилик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида шартнома ва Ўзбекистон-Қозоғистон давлат чегарасини демаркация қилиш тўғрисида шартномани имзоладилар.

Бундан ташқари, икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари, йирик компаниялари даражасида кўп қиррали ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга қаратилган 15 та ҳужжат қабул қилинди", маълум қилди Президент.уз расмий сайти.

Бюджет лойиҳаси: Қайси вазирликка қанча?

ввс ўзбек

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари "2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида"ги қонун лойиҳасини қабул қилди.

Қонун лойиҳасига кўра, 2023 йилда консолидациялашган бюджет даромадлари 310,6 трлн сўм, харажатлар эса 343,2 трлн сўмни ташкил этиши мўлжалланмоқда. Тақчиллик чегараси - 32,5 трлн сўм ёки ЯИМга нисбатан 3 фоиз.

Биринчи даражали бюджет тақсимловчилар (вазирлик ва идоралар) сони - 64 тани ташкил этган. Ўтаётган 2022 йилда улар сони 58 та бўлган.

Лойиҳага кўра, 2023 йилда давлат бюджетидан ажратиладиган маблағнинг энг катта қисми Молия вазирлигига (73,4 трлн сўм) йўналтирилади. Кейинги ўринда Халқ таълими вазирлиги — 26,7 трлн, 3-ўринда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (16,2 трлн)га ажратилиши кўзда тутилган.

Жами 17 та вазирлик ва идораларга 1 трлн сўмдан 8 трлн сўмгача, 50 тадан ортиқ вазирлик ва идораларга 8 млрд сўмдан 1 трлн сўмгача йўналтирилиши маълум қилинган.

Ҳайратонга кетган юк машиналари

Ўзбекистондан инсонпарварлик ёрдами ортилган юк машиналари Афғонистонга йўл олди.

ТИВ

Сурат манбаси, Rasmiy

Ташқи ишлар вазирлиги инсонпарварлик юклари Термиз орқали Афғонистоннинг Ҳайратон шаҳрига жўнаб кетганини хабар берган.

Вазирлик хабарида инсонпарварлик ёрдами учун ажратилган маҳсулотлар нималардан иборат эканлиги очиқланмаган.

Инсонпарварлик ёрдами ортилган махсус юк машиналари 9 та эканлиги ва Ҳайратонга етказилиши билдирилган.

- "Шу муносабат билан Балх вилоятидаги Ҳайратон шаҳрида икки мамлакат расмийлари иштирокида инсонпарварлик ёрдамини топшириш маросими бўлиб ўтади", дейилади ТИВ ахборотида.

Ўзбекистон ва АҚШ махсус операциялар кучлари нима қилмоқчи?

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов бошчилигидаги делегация АҚШ мудофаа вазири ўринбосари Колин Кал билан музокаралар ўтказди, деб хабар берди "Дунё" АА.

Хабарга кўра, учрашувда Ўзбекистон-АҚШ ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлиги устувор йўналишлари юзасидан фикр алмашилган. Минтақавий хавфсизликни таъминлаш, халқаро терроризм, уюшган жиноятчилик, қурол-яроғ ва наркотик моддалар ноқонуний айланишига қарши курашиш соҳасида ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича таклифлар кўриб чиқилган.

- "АҚШ томони Ўзбекистон Марказий Осиёда ишонч, шериклик ва яхши қўшничилик муҳитини яратиш, минтақада тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади. Ўзбекистон ва АҚШнинг Афғонистондаги вазият кескинлашувига йўл қўймасликдан ўзаро манфаатдорлиги қайд этилди", деб ёзади агентлик.

Шунингдек, махсус операциялар кучлари бўлинмаларини тайёрлаш, қўшинлар жанговар тайёргарлиги, ҳарбий таълим соҳасида ҳамкорликни давом эттириш, Ўзбекистон Қуролли Кучлари академияси ва АҚШ Мудофаа вазирлиги етакчи ҳарбий таълим муассасалари ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидлангани қайд этилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek