Янгиликлар: Энди Ўзбекистонда жиддий ўзгаришлар бўладими? Video O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, official
Бугун, 20 декабрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаати бўлиб ўтди. Президентнинг Тошкентдаги Конгресс-холлда ўтказилган мазкур чиқиши маҳаллий ОАВ да жонли эфирга узатилди.
Президент мурожаати бундан аввал ҳам (2017, 2018 ва 2020 йилларда) янги йил арафасида 4 бора ўтказилган. Унда давлат раҳбари ўтаётган йил якунини сарҳисоб қилиб, келаётган йил учун ном ва режаларни маълум қилади.
Ўзбекистон президентининг бу йилги янги йил олди чиқишидаги эътиборга молик мавзуларни жамладик:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Алоқадор мавзулар:
- Ўзбекистон мигрантларни солиққа тортиши керакми ва фермерни дўппослаган собиқ ҳокимга нима бўлди? Янгиликлар
- Янгиликлар: Ўзбекистон: газ захираси тугаяптими? Россиядан қарз нега 'кескин ошиб кетди'? Соқол тақиқланмаган бўлса, нега рейдлар бўлди?
- Янгиликлар. Ўзбекистон ҳамон Афғонистонга ток беряпти, Ҳарбийлар суддан кимни кечиришни сўради? Икки миллион муҳожири бор юрт
- Ўзбекистон: газ ва свет йўқ, ўлим кўпаймоқда. Чекловларнинг чеки борми? Янгиликлар
Халққа шароит яратилади
2023 йил "Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили", деб эълон қилинди.
Ўзбекистонда 1997 йилдан буён ҳар бир йилни ном билан аташ анъана тусини олган. Бу келаётган йилда шу номдаги йўналишга эътибор кучайтирилишини англатади.
Президент Мирзиёев 2023 йилнинг нима учун "Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили", деб номланганига шундай изоҳ берди:
"Биз Ўзбекистонда олиб бораётган давлат сиёсатининг марказида инсон ва унинг манфаатларини таъминлашни устувор вазифа этиб белгилаганмиз. Аслида ҳам бизнинг энг бебаҳо бойлигимиз бу — бунёдкор халқимиз, дуогўй ота-оналаримиз, навқирон авлодимиз эмасми? Шу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг тинч ва бахтли ҳаёт кечириши, унинг соғлиғи жойида бўлиши, яхши таълим олиши, оиласини тебратиш учун қандай шароит керак бўлса, ҳаммасини яратиб беришга ҳаракат қиляпмиз ва бу йўлдан асло тўхтамаймиз".
Вазирликлар қисқаради

Сурат манбаси, Rasmiy
Шавкат Мирзиёев 2023 йилдаги устувор йўналиш сифатида ихчам ва самарали давлат бошқарув тизимига ўтишни таклиф қилди.
Давлат раҳбари Ўзбекистонда вазирлик ва идоралар сони қисқаришини билдирди.
"Энг аввало, вазирлик ва идоралар сони ҳозирги 61 тадан 28 тагача камайтирилади.
Энди ҳар бир вазирлик тегишли соҳада давлат сиёсатини амалга оширишга масъул бўлиб, тармоқ таркибидаги қўмита, агентлик ва инспекцияларга раҳбарлик қилади", — Шавкат Мирзиёев.
Президентнинг сўзларига кўра, давлат хизматчилари сони ҳам қисқартирилади.
"Кўп вазирлар ўзгаради. Ўз соҳасининг чуқур билимдони, фидойи ва ишидан халқ рози бўлаётган вазирлар лавозимида қолади. Ўйлайманки, бундай ёндашув адолатли бўлади.
Давлат хизматчилари сони босқичма-босқич 25-30 фоизга қисқаради" - деди Президент.
Бундан иқтисод қилинадиган маблағлар ижтимоий масалаларга йўналтирилиши таъкидланди.
Энергетика соҳаси эркин бозорга ўтади

Сурат манбаси, Rasmiy
Ўзбекистон Президенти мамлакат энергетика соҳасида эркин бозорга ўтиши шартлигини айтди.
"Очиқ айтиш керак, кўп иқтисодчилар энергетика соҳасида эркин бозорга ўтишни таклиф қилмоқда.
Бу - тўғри йўл. Мен ҳам буни хоҳлайман.
Лекин, халқимизнинг жон бошига даромади, ижтимоий ҳимоясини ўйлаб, бу соҳадаги ислоҳотларни шошмасдан, босқичма-босқич қилишимиз керак. Ҳозир бозор нархига ўтсак, одамлар тўлай олмай қийналади.
Биз албатта эркин бозор тизимига ўтамиз, фақат бунда шароити оғирларга 2-3 йилга аниқ субсидия берамиз.
Даромади яхши, 3 та саунаси, 20 та телевизори борлар хоҳлаганча олаверсин, фақат бозор нархида олсин. Ҳозир даромади яхши ҳам, даромади ёмон ҳам бир хил нархда оляпти, бу адолатсизлик.
Энг муҳим масала - энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш. Афсуски, иқтисодиётимизда энергия сарфи бошқа давлатлардан 2 баробар юқори. Шунинг учун, энергия самарадорлигини ошириш Миллий дастурини қабул қиламиз.
Энергетика соҳасида эркин бозорга ўтишимиз шарт. Агар эркин бозорга ўтмасак, бизга инвестор келмайди", деди Шавкат Мирзиёев.
Миллий хавфсизлик ривожлантирилади
Шавкат Мирзиёев миллий хавфсизликни таъминлаш, мамлакат Қуролли кучлари жанговар салоҳиятини ошириш борасидаги ишлар янги босқичга олиб чиқилишини билдирди.
Бундан кейин ҳам асосий эътибор Марказий Осиёдаги барча қўшни мамлакатлар ва дунёдаги стратегик шериклар бўлган давлатлар, халқаро ташкилотлар билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кучайтиришга қаратилиши айтилди.
Шу билан бирга Ўзбекистон ҳукумати ҳар қандай радикаллашувга қарши экани маълум қилинди.
"Биз жамиятимизда ҳар қандай радикаллашувга, ёшларимиз онгини бузғунчи ёт ғоялар билан заҳарлашга, диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга, маърифат ўрнини жаҳолат эгаллашига йўл қўймаймиз. Биз ҳар қандай радикаллашувга қаршимиз.
Жамиятимизнинг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, маданият соҳасини ривожлантириш, илмий-ижодий ташкилотлар, муҳтарам зиёлиларимиз фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳам, биз учун устувор йўналишлардан бири бўлади", — деди Ўзбекистон президенти.
Она тилини билиш мажбурияти
"2023 йилдан мактаб таълимини халқаро таълим дастурлари асосида бутунлай ислоҳ қилиш бошлаймиз", деди Шавкат Мирзиёев
Давлат раҳбари парламентга мурожаатида биринчи навбатда, эътиборни Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бўлган таълимни қўллаб-қувватлашга қаратиш ҳақида гапирди.
"Миллий ўзлигимиз тимсоли, маънавиятимиз асоси бўлган она тилимизга эътибор янада кучайтирилади.
Албатта, чет тилини билиш — замон талаби. Аммо она тилини билишга мажбур қилиш керак.
«Менинг фарзандим чет тилларини биладию, она тилини билмайди», деган гап Янги Ўзбекистонга маъқул эмас. Чет тилини билиши керак, лекин она тилини билишга мажбур", — деди Шавкат Мирзиёев.
Конституциявий ислоҳотлар

Сурат манбаси, Rasmiy
Шавкат Мирзиёев Парламентга мурожаатида конституциявий ислоҳотлар ҳақида тўхталиб ўтди.
"Мамлакатимиз тараққиётини янги поғонага олиб чиқиш учун, бошқарув ҳам, қонунчилик ҳам, жамиятимиз ҳам ўзгариши керак.
Ҳозирги кундаги жиддий синовлар ва башорат қилиб бўлмайдиган хавф-хатарларни енгиб ўтишга қодир бўлган миллий давлатчилигимиз асосларини мустаҳкамлашимиз зарур", — деди Ўзбекистон президенти.
Президент конституциявий ислоҳотлар борасида 220 мингдан зиёд таклиф келиб тушганини маълум қилди.
"Фуқароларимиз билдирган барча таклиф ва истаклар албатта инобатга олинади ва Конституция лойиҳаси умумхалқ референдумига олиб чиқилади. Энг муҳими, ҳар бир ватандошимиз конституциявий ислоҳотларга дахлдор бўлиши ва "Бу - менинг Конституциям», деб юксак ғурур ва ифтихор билан айта олиши керак", - деди Шавкат Мирзиёев.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













