Янгиликлар: Ўзбекистон: газ захираси тугаяптими? Россиядан қарз нега 'кескин ошиб кетди'? Соқол тақиқланмаган бўлса, нега рейдлар бўлди? O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Rasmiy
- Нефть-газ захираси яна қанчага етади?
- Ўзбекистоннинг Россиядан қарзи 254,7 миллион долларга етдими?
- ИИВ: Бизда фуқароларнинг эътиқодига ҳеч қандай тақиқ йўқ;
Нефть-газ захираси қанча қолган?
Ўзбекистонда нефть-газ захираси қанчага етиши маълум қилинди.
Геология ва минерал ресурслар Давлат қўмитаси вакили Эркин Назаров Ўзбекистонда "300 га яқин нефть-газ конлари мавжуд бўлиб, уларнинг захираси 40 йилга етиши аниқланган"ини билдирган.
"Шу билан бирга, уран хомашёси бўйича ҳам 15 йилга етадиган захира аниқланган. Ҳозирги кунда тахминан 50 млрд. куб атрофидаги газ борлиги аниқланган", дея Эркин Назаровдан иқтибос келтиради uznews сайти.
Хабарга кўра, қўмита вакили бундан кейин ҳам геология қидирув ишлари амалга ошириш натижасида яна захиралар йилдан-йилга топилиши мумкинлигини таъкидлаган.
"Бу 40 йилда захирамиз тугайди, деган гап эмас. Ҳар йили геология қидирув ишлари амалга оширилади ва нефть, газ, уран ва бошқа хомашёлар бўйича тўлиқ захиралар аниқланиб борилади", деган Эркин Назаров.
Алоқадор мавзулар:
- ИИВ икки кун эркакларнинг соқолини ихтиёрига қарши олиш билан шуғулланди
- Соқолимни қиртишлаб ташлашди – “Малика”да яна соқолга қарши рейд бўлдими? - Видео
- Ўзбекистон гази тугамоқда - атиги 15 фоиз қолган. Ерости сувлари ҳам қурияптими? Янгиликлар
- Янгиликлар. Ўзбекистон ва Россия: Путин айтди, ‘иттифоқ’ барибир бўладими?
ИИВ: "Соқолга тақиқ йўқ"
"Ўзбекистонда соқолга ҳеч қандай тақиқ йўқ, рейдлар ҳам ўтказилмаган".
Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов 15 декабрь куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида журналистларнинг саволига шундай жавоб берган.

Сурат манбаси, FACEBOOK.COM/JAMOLIDDIN.MUHAMMADJON
"Бизда фуқароларнинг эътиқодига ҳеч қандай тақиқ йўқ", - деган ИИВ матбуот котиби.
Дарё.uz нинг ёзишича, тадбирда ИИВ масъулидан соқол бўйича рейдлар тўғрисида сўралган. Ижтимоий тармоқларда ИИВ ходимлари фуқароларни мажбурлаб соқолини олдириш ҳолатлари кўп муҳокама қилиниши, хусусан, Тошкент шаҳридаги "Малика" бозорида ҳам шундай воқеа содир этилгани мисол сифатида келтирилган.
"Эркакларга соқол қўйиш бўйича бирор чеклов ёки тақиқ борми?", - дея сўраган журналист.
Шоҳрух Ғиёсовнинг айтишича, соқолга тақиқ йўқ ва ундай рейдлар ИИВ ходимлари томонидан умуман ўтказилмаган.

Сурат манбаси, .
"Бизда фуқароларнинг эътиқодига ҳеч қандай тақиқ йўқ. "Малика" бозорида юз берган ҳолат ўтган йили ёзда бўлганди. У ердан жиноятга алоқадор шахслар олиб чиқилган. Яъни дўконда жиноят содир этилган, ака-укалар бир бирини пичоқлаган. Шу жиноятга алоқадор бўлган шахслар олиб чиқилган. Биз ўша вақтда муносабат билдирганмиз.
Агар фуқароларда конституцион ҳуқуқи бузилаётгани тўғрисида эътироз бўлса, албатта, шикоят қилиш ҳуқуқи бор. Сиз айтган ҳолатлар бирор марта бўлгани йўқ. Ҳеч қандай тақиқ йўқ", - деган ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов.
Қарз қанчага етди?
Ўзбекистоннинг Россия олдидаги қарзи 77 фоизга ошганми?

Сурат манбаси, DONAT SOROKIN/TASS
Россия нашрларининг ёзишича, 2021 йилда Ўзбекистоннинг Россия олдидаги қарзи бирданига 77 фоизга ошиб, 254,7 миллион долларга етган.
РИА Новости нашри Бутунжаҳон банки маълумотлари асосида Россиядан қарздорлар рўйхатини тузган. Ушбу рўйхатнинг энг кўп қарзи бор мамлакатлар ўнталигини рейтинги эълон қилинган.
Мақолага кўра, Россиядан энг кўп қарзи бор давлатлар қаторининг юқори ўринларида Белaрус, Бангладеш ва Ҳиндистон етакчилик қилмоқда.
Белaруснинг қарзи 8,5 миллиард, Бангладешнинг қарзи 4,4 миллиард, Ҳиндистоннинг эса Россиядан қарзи 3,3 миллиард долларга етган.
"Сўнгги бир йилда Ўзбекистоннинг қарзи кескин ошди, бирданига 77 фоизга ошиб, 254,7 миллион долларга етди", деб ёзади нашр.
Россия нашрларида бўй кўрсатган ва тилга олинган рақамларга ҳозирча ўзбекистонлик масъулларнинг муносабати кўзга ташланмайди.
Шунингдек, мазкур хабарда Россиянинг сўнгги 30 йил ичида илк бора Эронга қарз бергани таъкидланади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













