Ўзбекистон мигрантларни солиққа тортиши керакми ва фермерни дўппослаган собиқ ҳокимга нима бўлди? Янгиликлар

qodirov

Сурат манбаси, Suratlar: Kun.uz

Сурат тагсўзи, Абдулла Абдуқодиров (чапда) ва Алишер Қодиров (ўнгда).
  • Депутат Қодиров мигрантларни солиққа тортиш масаласини яна кўтарди;
  • Ўқитувчиларни ҳимояловчи қонун тез орада қабул қилиниши кутилмоқда - Мирзиёева;
  • Фермерни урган Олот тумани собиқ ҳокими ҳибсга олингани хабар қилинди;
  • Жаҳон банки Ўзбекистонга қарийб $1 миллиард қарз беради;
  • Энергетика вазирлиги бензинни баклажкаларда сақлашдан огоҳлантириб чиқди;
  • Тошкентда автобуслар ҳаракатланиши оралиқ вақти қисқаргани айтилди;

Мигрантлар, солиқ ва Қодиров

"Миллий тикланиш" партияси етакчиси Алишер Қодиров ўзи дуч келган кескин танқидлардан бир йил ўтиб, меҳнат мигрантлари ватанга юбораётган маблағларни солиқ тортиш масаласини яна бир ўртага ташлаган.

Kun.uz'нинг ёзишича, Қодиров бу ҳақда сиёсий партия ташаббуси билан 16 декабрь куни ўтган давра суҳбатида гапирган.

Суҳбат давомида депутат ўзбекистонлик меҳнат мигрантларини солиқ тортиш таклифи танқидга учраган бўлсада, мамлакат фуқаролари Бош қонунга кўра, солиқ тўлашга мажбур эканини эслатиб ўтган.

Алоқадор мавзулар:

"Бу мажбурият аслида. Лекин ҳеч ким бу мажбурият ҳақида, умуман, муҳокама қилишни ҳам хоҳламайди. У [меҳнат мигранти] савдолашяпти ва айтяптики, мен иш ўзим топдим, ўзим топганлигим сабабли солиқ тўлашни хоҳламайман ва тўламайман. Айтяптики, давлат менга кўрсатиши керак бўлган хизматни кўрсатмагани учун ҳам мен ўз мажбуриятимни бажармайман. Ўйлаб қарасангиз, бу давлатга эътирозми ёки ҳуқуқларини англамасликми? Ёки бошқача эътирозми?", дея ўртага савол ташлаган сиёсий партия етакчиси.

Шунингдек, у меҳнат мигрантлари Россия учун "уч томонлама" даромад келтираётганини тилга олган.

"Юз сўмлик ишни йигирма сўмга бажаряпти, ишлаш ҳуқуқини олиш учун патентга пул тўлаяпти ва кўрган даромадидан солиқ тўлаяпти".

Қодиров давлат ва мигрантлар муносабати қандай баҳоланиши лозим, деган савол билан даврага юзланган ва бунга жавобан иқтисодчи Абдулла Абдуқодиров халқаро шартномалар бўйича мигрантлар шундоқ ҳам солиқ тўлаб келаётганини эслатган.

"Ўзбекистоннинг Россия ҳамда 200 дан ортиқ давлат билан иккиёқлама солиқ тўлашнинг олдини олиш тўғрисидаги шартномалари бор. Даромад солиғи тўғридан тўғри шу шартномага киради. Агар даромад манбаи Россия давлати бўлса ва бизникилар бу даромаддан у ерда солиқ тўлаётган бўлса, тўғридан тўғри солиқ бўлади ва Ўзбекистонда солиқ тўламайди. Ва тескариси - агар Россия фуқароси Ўзбекистонда даромад олса ва ундан даромад солиғи ушлаб қолинса, у Россияда солиқ тўламайди", дея тушунтирган иқтисодчи.

Абдуқодиров, шу тариқа, Ўзбекистон Россияда меҳнат қилаётган фуқароларини иккинчи марта солиққа тортишга ҳақли эмаслигини таъкидлаган.

2021 йилда ўтган президент сайловида ўз номзодини илгари сурган Алишер Қодиров тарғибот тадбирларидан бирида меҳнат мигрантларини солиққа тортиш таклифини илгари суриши ортидан кенг жамоатчиликнинг кескин танқидига учраган эди.

Ўқитувчилар ҳимояси учун қонун

saida

Сурат манбаси, Telegram: @sshmirziyoyeva

Ўқитувчиларга вазифасидан ташқари ишларни юклайдиганларни маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Бу ҳақда президент Администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўъба мудири Саида Мирзиёева маълум қилган.

Мирзиёева ўқитувчиларга вазифасидан ташқари ишларни юклаш ҳолатларига чек қўйиш вақти келганини таъкидлаган.

"Афсуски, фарзандларимизга таълим бераётган ўқитувчилар йиллар давомида ҳақ-ҳуқуқсиз, ҳимоясиз, қадрсиз бўлди. Улардан боғбон, фаррош, мактабга келган комиссияларга хизмат кўрсатувчи официант, зерикарли тадбирларда бўш залларни тўлдирувчи "массовка", матбуот нашрларига мажбурий обуначи, тунги навбатчи ва мактаб қоровули сифатида фойдаланилди. Энди бу ишларни тўхтатиш вақти келди. Чунки ўқитувчилар қадрини кўтармас эканмиз, ҳеч нарсага эриша олмаймиз", дея ёзган президент қизи ўзининг Телеграм каналида.

Унинг сўзларига кўра, тилга олинган лойиҳа тез орада қонун ўлароқ қабул қилиниши кутилмоқда.

Ҳокимлик даври текшируви

hokim

Сурат манбаси, Xabar.uz

Сурат тагсўзи, Фермерни дўппослаб, сўнг у билан ярашган собиқ ҳоким ҳибсга олинган бўлиши мумкин.

2019 йилда фермерни дўппослагани ортидан ижтимоий тармоқда овоза бўлган Олот тумани собиқ ҳокими Шерали Саломов ҳибсга олинган, дея хабар бермоқда Xabar.uz нашри.

Нашр ўз манбасига таяниб, Саломовнинг Олот ва Қоракўл туманларини бошқарган давридаги фаолияти ўрганилгани ва "давлат маблағларининг ўринли сарфланишини ўрганиш давомида йўл қўйган қалтис ҳатти-ҳаракатлари ошкор бўлган"и ҳақида ёзган.

"Ш. С. жорий йилнинг 17 декабрь куни вилоят прокуратурасига чақирилган. Ва жиноят иши доирасида эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган", дейилади Xabar.uz мақоласида.

Саломов 2019 йилда олотлик фермерни кўпчилик олдида дўппаслагани ортидан ижтимоий тармоқда шов-шувларга сабаб бўлган ҳамда ҳолатдан бир кун ўтиб, Бухоро вилоятининг ўша вақтдаги ҳокими, марҳум Ўктам Барноев тумани ҳокими ва фермерни яраштириб қўйган эди.

Энергетика вазирлиги огоҳлантиради!

Rasmiy

Сурат манбаси, Energetika vazirligi

Энергетика вазирлиги тадбиркор ва фуқароларни нефть маҳсулотларини ноқонуний сақлаш, ташиш ва сотишдан огоҳлантириб чиққан.

Вазирликнинг билдиришича, "Ўзнефтгазинспекция", ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва ишчи гуруҳ аъзолари билан ўтказилаётган назорат тадбирларида фуқаролар томонидан нефть маҳсулотларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланмоқда.

Энергетика вазирлиги 18 декабрь куни Тошкент шаҳар, Бектемир туманида жойлашган МЧЖга қарашли ҳудудда 27,980 литр ҳамда "Қоплонбек" чегара пости яқинидаги автотураргоҳ ичида ностандарт елим идишларда жами 860 литр нефть маҳсулотлари ёнғин ва техника хавфсизлиги қоидаларига зид равишда, фуқароларнинг ҳаётини хавфга қўйган ҳолда сақланаётганлиги маълум бўлганини билдирган.

"Шуни таъкидлаш керакки, нефть маҳсулотларини ноқонуний сақлаш, ташиш ва сотиш инсонлар ҳаёти ва мол мулкига жиддий зарар етказиши ҳамда оғир асоратлар қолдириши мумкин. Шу боис, Энергетика вазирлиги тадбиркор ва фуқароларни нефть маҳсулотларини ноқонуний сақлаш, ташиш ва сотишдан огоҳлантиради. Бу каби ноқонуний ҳолатлар аниқланганда, биринчидан, аниқланган нефть маҳсулотлари мусодара бўлади", дейилади вазирлик ахборотида.

Вазирлик, шунингдек, бундай қоидабузарликлар аниқланганда, жарима билан бир қаторда маъмурий ёки жиноий жавобгарлик қўлланилиши мумкинлигини ҳам эслатиб ўтган.

Жаҳон Банкидан қарийб $1 миллиард қарз

wb

Сурат манбаси, World Bank

Жаҳон банки Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш йўлида қарийб $1 миллиард миқдоридаги маблағлар ажратилишини маъқуллаган.

Ўзбекистон ҳукуматига ёрдам молиявий пакет шаклида тақдим этилиб, у 470 миллион АҚШ доллари қийматидаги имтиёзли кредитлар ва 480 миллион АҚШ доллари қийматидаги паст ставкали кредитлардан иборат.

Мазкур маблағлар Жаҳон банкининг тараққиёт сиёсатини қўллаб-қувватлаш операцияси доирасида тақдим этилмоқда.

Операция доирасида Ўзбекистон ҳукуматига стратегик ислоҳотларни амалга оширишда, жумладан, хусусий секторга йўналтирилган инклюзив иқтисодиёт қуриш, бозор институтларини ривожлантириш ва барча фуқаролар иқтисодий ўсишнинг натижаларидан фойдаланишлари учун тенг имкониятларни таъминлаш бўйича кўмак кўрсатилади.

Қисқарган оралиқ вақт

bus

Транспорт вазирлиги Тошкент шаҳрида автобусларнинг ҳаракатланиш орқали вақти 25-30 дақиқадан 10-12 дақиқага қисқараётганини маълум қилган.

Хабарда бу натижа 16-17 декабрь кунлари пойтахтга 204 та автобус олиб келиниб, йўналишларга чиқарилгани орқали эришилгани айтилади.

"Шаҳардаги 148 та йўналишнинг 34таси муаммоли экани аниқланди. Барча йўналишларга 200 дан ортиқ қўшимча автобус жалб этилгач, 17та йўналишдаги муаммо бартараф этилди, бироқ аҳоли эҳтиёжларини тўлиқ қондириш учун яна 21та янги автобус йўналиши шакллантирилиши зарур", дейилади вазирлик хабарида.

Эътиборлиси, расмий ахборотда пойтахт жамоат транспорти тизимидаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида "сўнгги уч кунда амалга оширилаётган тезкор чоралар" президент топшириғига асосан бўлаётгани алоҳида таъкидланган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek