Ўзбекистон: Мирзиёев борган одамнинг уйи таъмирланмоқда ва президент оиласини танқид қилган блогер аёл қаерда? Янгиликлар

Сурат манбаси, Facebook/Shahina Salomova
- Президентни танқид қилган блогер Шахина Саломова ҳибсга олингани айтилмоқда;
- Мирзиёев кирган квартира таъмирланаётгани хабар қилинди;
- ИИО ходимларининг 15 яшар болага қўполлик қилгани текширилади;
- Бензиннинг нархи 4,300 сўмга туширилиши ҳақидаги хабар рад этилди;
"Онам тирикми ўзи?"
18 декабрь куни ҳибсга олингани хабар қилинган блогер, Телеграмдаги "Патанатомия страны Уз" канали муаллифи Шахина Саломованинг олдига адвокати киритилмаётгани айтилмоқда.
Бундан аввал мустақил AsiaTerra нашри блогернинг президент Мирзиёев ва унинг оиласини танқид қилгани ортидан ҳибсга олингани тўғрисида хабар қилган эди.
60 яшар блогернинг қизи Камола Камалова Facebook'да "ички ишлар органи терговчиси оила томонидан ёлланган адвокатнинг ўз мижози билан учрашишига турли важлар билан йўл қўймаётгани" ҳақида ёзган.
Алоқадор мавзулар:
"Биз тинчлигимиздан айрилдик ва иккинчи кундирки ойим билан бўлаётган ҳолатдан ухлай олмаяпмиз. У кекса ёшда, кўплаб касалликлар билан врачларнинг доимий назоратида турар эди", дея хавотир билдирган Камалова.
AsiaTerra нашрининг 19 декабрь куни хабар беришича, блогер ўзи юритиб келган ва ҳозирда ўчириб ташланган "Патанатомия страны УЗ" каналида уйи "электр таъминоти ва шаҳар телефонидан узиб қўйилгани" ҳамда "тўрт номаълум шахс эшикни очишни талаб қилаётгани" айтилган аудиоёзувни қолдирган.
Нашр, кейинроқ, Саломовага нисбатан ЖКнинг 139-моддаси (Туҳмат) ва 140-моддаси (Ҳақорат қилиш) билан жиноят иши қўзғатилганини аниқлаганини билдирган.
"Эндиликда, бизга маълум бўлишича, кеча у ҳокимиятда турган Мирзиёев оиласи суратларини жойлаган ва оилага, хусусан, президентнинг куёвларидан бирига нисбатан ҳиссиётга берилган ҳолда, қўпол тарзда муносабат билдирган. Афтидан, шу ҳолат унинг квартирасига бостириб киришларига сабаб бўлган", - дейилади AsiaTerra'нинг 19 декабрь куни эълон қилинган мақоласида.
Айни вақтда, блогернинг қаерда сақланаётгани номаълум ва унинг тақдирига оид чиқаётган хабарларга расмий изоҳ берилмаган.
"Наҳотки, менинг кекса, касалманд онам шунчалик хавфли кўринган бўлса! Барча ҳаракатларингизни биздан яширинча қилмоқдасиз. Кимдан қўрқяпсиз? Наҳотки, ўч олишга ташналик шунчалик кучли эканидан, йўлингиздаги ҳамма нарсани йўқ қилишга тайёр бўлсангиз! Мени шубҳалар қийнаяпти: онам тирикми ўзи?" дея Камола Камалова ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилган ўзининг 20 декабрь куни тармоқда қолдирган хабарида.
Президент билан учрашув ва уй таъмири

Сурат манбаси, Rasmiy videodan skrinshot
Учтепа туманида президент Шавкат Мирзиёев кутилмаганда кириб борган хонадон соҳибининг квартираси таъмирлаб берилмоқда.
Бу ҳақда Daryo.uz нашри хабар қилган.
13 декабрь куни Шавкат Мирзиёев тумандаги аҳоли шароити ва коммунал хизматлар сифати билан танишган ҳамда квартиралардан бирига кутилмаганда кириб бориб, хонадон соҳиби билан яшаш шароити тўғрисида қисқа суҳбатлашган эди.
Ушбу суҳбат тасвирланган видео ижтимоий тармоқда "қўлма-қўл бўлган":
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Daryoz.uz видео ортидан маълум машҳурликка эришган уй эгаси Александр Соколов билан суҳбатлашган ва, ўз навбатида, эркак нашрга президент билан учрашувдан сўнг атрофдагиларнинг ўзига бўлган муносабати ўзгаргани ҳақида гапирган.
Шунингдек, Daryoz.uz нашрининг Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари Озода Жўраеванинг сўзларига таяниб ёзишича, айни вақтда, Соколовнинг уйи таъмирлаб берилмоқда.
"Унинг уйи таъмирлаб бериляпти. Вақтинча бошқа хонадонга кўчириб турибмиз. Хонадон тўлиқ таъмирдан чиққанидан кейин маиший техник жиҳозлар ҳам берилади", дея Жўраевадан иқтибос келтирган нашр.
"Қўпол муомалада бўлишни қоралаймиз"

Сурат манбаси, Videodan skrinshot
Тошкент шаҳар ИИББ вояга етмаган бола билан қўпол муомалада бўлиб, уни ИИБ биносига мажбуран олиб боришга уринган ички ишлар ходимларига нисбатан хизмат текшируви тайинланганини хабар қилди.
20 декабрь куни ижтимоий тармоқда ИИО ходимлари ва вояга етмаган шахс ўртасида ўзаро оғзаки можаро тасвирланган видео тарқалган.
Видеодан англашилишича, ўсмир савдо марказларидан бирида юз берган ҳодиса ортидан "102" рақамига қўнғироқ қилган, чақирув жойига етиб келган ИИО ходимлари эса аризани бўлимда расмийлаштириш шартлигини даъво қилиб, вояга етмаган болани мажбуран олиб кетишга уринган.
Видеода бунга жавобан бола оғзаки ариза берган тақдирда ҳам ИИО ходимлари уни рўйхатга олишга мажбур эканини эслатгани эшитилади, шунга қарамай, икки ходим уни қўлидан тортқилишни қўймайди.
Видеотасвир тез орада ижтимоий тармоқда тарқала бошлаган ва кўплаб инсонлар боланинг ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қила олганини олқишлаган.
Кейинроқ, Тошкент шаҳар ИИББ ўз ходимлари 2007 йилда туғилган ўсмирга нисбатан қўполлик қилганини тан олган.
"Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти фуқароларга нисбатан ходимлар томонидан қўпол муомалада бўлиш ҳолатларини қоралайди. Видеодаги ҳолат юзасидан ички ишлар органлари ходимларига нисбатан хизмат текширув тайинланди, қисқа муддат ичида хизмат текшируви якунланиб, айбдор ходимларга нисбатан қатъий чора кўрилиши таъминланади", дейилади расмий муносабатда.
Бундан аввал, Фарғона вилоятидаги савдо марказларидан бирида ўғрилик гумони билан ушлаб олиб кетилган 15 яшар боланинг ИИБ марказида вафот этгани Ўзбекистон жамоатчилигини ларзага солган эди.
"Икки хабар ҳам ёлғон"

Сурат манбаси, Ijtimoiy tarmoq
Энергетика вазирлиги енгил автомашиналарга метан газ балонларни ўрнатишни тақиқлаш ва бензин нархи 4,300 сўмга қадар туширилиши ҳақидаги хабарларни рад этди, дея ёзмоқда Kun.uz нашри.
Шу кунларда Телеграм каналларда "юк машиналари ва автобуслардан бошқа барча транспорт воситаларидан метан газ балонлари олиб ташланиб, бензиннинг энг паст нархи 4,300 - 4,400 сўм этиб белгиланиши кутилаётгани, президент ушбу қарорга имзо чекиш арафасида тургани" иддао қилинган аудиоёзув айланмоқда.
Мазкур тасдиқланмаган ахборотнинг тезкорликда улашилаётгани кўплаб ўзбекистонликлар ўртасида турли иккиланишларга сабаб бўлган.
Kun.uz тарқалган хабарлар юзасидан Энергетика вазирлигидан изоҳ олганини билдирган.
"Вазирлик матбуот хизмати аудиодаги хабарлар ёлғон эканини маълум қилди", дейилади нашр мақоласида.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














