Ўзбекистон: Барча заправкалар фаолияти тўхтатилди, Каримовдан олдин мамлакатни бошқарган Нишонов оламдан ўтди – янгиликлар O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Oliy sud
- Қораловчилар Тажимуратов ва Каллихановага узоқ муддатли жазо сўради;
- Рафиқ Нишонов вафот этди;
- Барча заправкалар фаолияти вақтинча тўхтатилди;
- Сенат 2 кунлик тадбирга 3 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфлаган - ОАВ;
Тажимуратовга 18, Каллихановага 11 йил
Қораловчилар июль ойидаги Нукус воқеалари бўйича асосий айбланувчилар бўлмиш Даулетмурат Тажимуратовга 18 йил, Лолагул Каллихановага эса 11 йил қамоқ жазоси беришни сўраган.
Бу ҳақда ўз манбалари берган маълумотга таянган ҳолда, Gazeta.uz нашри хабар қилган.
Нашрнинг ёзишича, Бухоро шаҳрида давом этаётган маҳкамада Қорақалпоғистон прокуратураси мазкур жиноят иши бўйича судланаётган 22 инсоннинг кўпчилигига узоқ муддатли қамоқ жазоси берилишини талаб қилган.
Алоқадор мавзулар:
"Қораловчилар фақат икки киши — Саламат Калилаев ва Бердах Генжебаевга 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазосини беришни сўради", дея ёзган Gazeta.uz.
Дастлабки айблов хулосасига кўра, судланувчилар орасида асосий кўзга кўринган шахслар бўлмиш адвокат Даулетмурат Тажимуратов ва журналист Лолагул Каллихановага нисбатан илгари сурилган асосий айбловлар қуйидагича:
ЖКнинг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 4-қисми, 244-моддаси (оммавий тартибсизликлар) 3-қисми ва 244−1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми "а", "б", "г" бандларида.
Декабрь ойида Бош прокуратура Нукус воқеалари бўйича жами 171 киши айбланаётганини маълум қилган эди.
Айни вақтда, Бухородаги маҳкама иши давом этмоқда.
Рафиқ Нишонов оламдан ўтди

Сурат манбаси, O'zA
Совет даври давлат арбоби, Ислом Каримовдан аввал Ўзбекистонни бошқарган Рафиқ Нишонов 97 ёшида вафот этди, дея хабар бермоқда Nuz.uz нашри.
Бўстонлиқ туманида дунёга келган Нишонов кўзга кўринган дипломатга айланиб, СССРнинг Шри-Ланка, Малдив ва Иорданиядаги элчихоналарига раҳбарлик қилган.
1986-1988 йилларда Ўзбекистон ССР Олий совети президиуми раиси, 1988-1989 йилларда мамлакат коммунистик партияси раҳбари лавозимларида ишлаган.
1991 йилда СССР президенти Михаил Горбачевга маслаҳатчи бўлган.
Шундан сўнг пенсияга чиққан Нишонов 1989 йилдан бери Москвада яшаб келаётган эди.
Барча заправкалар фаолияти тўхтатилди

Сурат манбаси, BBC Uzbek
Ўзбекистонда барча метан заправкалар фаолияти қисқа муддатга вақтинча тўхтатилган.
Энергетика вазирлиги кузатилаётган совуқ ҳарорат туфайли қувурларда газ босими кескин пасайиб кетганини бунга сабаб ўлароқ кўрсатган.
Вазирликнинг билдиришича, ҳозирда, табиий газни, биринчи навбатда, аҳоли хонадонлари, электрстанциялар ва ижтимоий соҳа объектларига етказиб бериш чоралари кўрилмоқда ҳамда талабни қондириш учун автобензин ва дизель ёқилғиси маҳсулотлари қўшимча миқдорларда сотувга чиқарилади.
Энергетика вазирлиги "қисқа муддат" қанча давом этишига ойдинлик киритмаган, бироқ фаолияти вақтинча тўхтатилгани айтилган Тошкент шаҳридаги метан заправкалар 4 декабрдан буён қайта очилмаган.
"Ҳурматли ватандошлар, ҳаво ҳарорати кескин совиган шу кунларда имкон қадар жамоат транспортларидан фойдаланишингизни, зарурат бўлмаганда уйда қолишингизни ҳамда хонадонингизда электр энергияси ва табиий газдан тежамкорлик билан фойдаланишингизни илтимос қиламиз", дейилади расмий хабарда.
Сенатнинг 3 миллиард сўмлик тадбири

Сурат манбаси, Senat
Олий Мажлис Сенати икки кунлик тадбир учун 3,2 миллиард сўм маблағ сарфлаганига қатор маҳаллий нашрлар эътибор қаратган.
Маълум бўлишича, сентябрь ойида Тошкентда ўтган Парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлар аёл раҳбарларининг саммитига келган меҳмонларнинг овқатланишининг ўзига 1,5 миллиард сўм сарфланган, совға-саломларга эса 400 миллион сўм ажратилган.
Очиқ маълумотларга кўра, совғалар орасида донаси 1 миллион 70 минг сўмлик сумкалардан тортиб 387 минг сўмлик ҳолва ва 400 минг сўмлик ипак шарфлар борлигини кўриш мумкин.
Сенат саммитнинг асосий тадбирлари ўтказилган Конгресс марказ заллари ижараси учун жами 1,2 миллиард сўм харж қилган.
Парламент юқори палатасининг икки кунлик тадбир учун бундай кўп хонали харажатлари эса ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан кескин танқидлар ила кутиб олинган.
Ҳозирча, Сенат мазкур хабарларга бирор изоҳ бергани кўзга ташланмади.
2023 йил давлат бюджети бўйича юқори палатага 92,8 миллиард сўм ажратилганини кўриш мумкин.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














