Ўзбекистон: Энергетика инқирозининг уч асосий сабаби - O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

Энергия инқирози

Сурат манбаси, courtesy

Бу йилги қишки энергетика инқирози Ўзбекистоннинг ҳамма муаммоларини очиб ташлади.

Буларнинг асосийлари:

  • газ захираси тугаб бораётгани;
  • ўзи шундоғам таги кўриниб қолган газнинг 4 миллиард кубометрини Хитойга бериб, 3 миллиарди GTL га ҳайдалаётгани;
  • бунинг устига кўп ҳажмдаги газни ёқиб электр чиқараётган ИЭСларнинг бесамарлиги ва "одамлар қўзғолон кўтармасин" деб бу ИЭСларнинг қимматга тушаётган электрини арзон ушлаб туриш қарори;
  • бутун бошли заводларнинг газ ва электрни ўғирлаётганлари;
  • Ўзбекистон давлат бюджети маблағлари билан боғлиқ, ерости ва ер усти бойликларини четга олиб чиқиб кетишга алоқадор шартномаларнинг шаффоф эмаслиги;
  • энг муҳими, энг коррупцияга ботган энергетика соҳасини эркин бозор муносабатларига ўтқазмасдан туриб, Совет замонидаги маъмурий-бошқарув зуғумлари билан ислоҳ қилиш мумкин, деб хато йўлда иш тутилаётгани.

Алоқадор мавзулар:

GTL Ўзбекистонга керакми?

Uzbekistan GTL заводи

Сурат манбаси, Ўзбекистон президенти матбуот хизмати

Келинг, бу йилги энергетика инқирози "ўтмиши"га назар ташлайлик.

Шу йил 12 ноябрида Ўзбекистон "Миллий диспетчерлик маркази" бутун мамлакатдаги электр тармоқлари корхоналарига хат ёзди, блекаут олдини олиш мақсадида ҳудудларда электрни ўчириш соатларини жорий этиш тартибига ўтилишини хабар қилди.

"Миллий диспетчерлик маркази" тузилишига нима сабаб бўлганди?

Шу йил январида бутун Ўзбекистон электр тизими аварияга учраган, оқибатда, қўшни Қозоғистон ва Қирғизистон энергетика тизимларини ҳам ишдан чиқарганди.

Ўзбекистон раҳбарияти келажакда ана шундай блекаутларга йўл қўймаслик мақсадида Энергетика вазирлиги қошида "Миллий диспетчерлик маркази" ДУК барпо этишга қарор қилди.

Январдаги блекаутдан сал илгари, бундан роппа-роса бир йил олдин, 2022 йил декабрида Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида Uzbekistan GTL мажмуаси ишга туширилди.

Расман 3,42 миллиард долларлик деб айтилган, лекин Ўзбекистон ғазнасига камида 4,9 миллиард долларга тушадиган бу завод эса йилига 3,6 миллиард кубометр газни қайта ишлаши хабар қилинган.

3,6 миллиард кубометр газ эса Ўзбекистоннинг бугунги аҳолиси эҳтиёжининг 25 фоизи деганидир.

Расмий минбарларда инновацион, дунёдаги ноёб беш заводдан бири, деб айтилаётган, авиа керосин, дизель ёқилғиси, нафта ва суюлтирилган газ ишлаб чиқарадиган бу заводнинг таннархи аслида 1 миллиард долларга ҳам етмайди, деди Би-би-сига ўз исми-шарифи очиқланмаслигини сўраган ўзбекистонлик иқтисодий таҳлилчи.

GTL ишлашни бошлаганидан кейин у ишлаб чиқарган дизель ёқилғисини маҳаллий истеъмолчиларга мажбурлаб қиммат нархда харид қилдирилаётгани хабарлари ҳам тарқалди.

Ўзбекистоннинг электри 75-80 фоизини иссиқлик электр станциялари ишлаб чиқаради, ИЭСлар эса табиий газни ёқиб электр қуввати ҳосил қилади.

ИЭСлар "ризқини қийган" GTL Ўзбекистонга керакмиди? Ўзбекистон охири кўриниб қолган газ захираси билан бу заводни яна неча йил ишлата олади? Нега 900 миллион долларлик лойиҳа баҳоси қарийб 5 миллиард долларга айланди, деган саволларни беришади бугун мустақил таҳлилчилар.

"Эртага у макулатурага айланади", деди иқтисодий таҳлилчи.

Лекин Ўзбекистон расмийлари яқиндаги матбуот анжуманларида заводнинг "Ўзбекистон фахри" экани ҳақидаги баёнотлардан нарига ўтаётганлари йўқ.

"Газхўр" ИЭСлар

Ўзбекистон иссиқлик электр станцияси

Сурат манбаси, Tpp.uz

17 ноябрдаги матбуот анжуманида Ўзбекистон Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев мамлакатнинг бир кеча-кундузлик электр энергиясига эҳтиёжи 245 млн кВт/соатни ташкил этгани, Ўзбекистоннинг ўзи ишлаб чиқараётган электри 230 миллион эканини айтди.

Аёзлар бошланган кунлардаги суткалик тақчиллик 15 миллион кВт соатгача чиқди.

230 миллионнинг 180-182 миллион кВт/соатини республикадаги 11 иссиқлик электр станцияси ишлаб чиқаради, улар бунинг учун асосан табиий газ ёқадилар.

Ўзбекистоннинг иссиқлик электр станциялари дастлаб барпо этилганида мазут, кўмир ёқиб электр энергияси ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлган, 1990 йилларда асосан табиий газга ўтказилганлар.

Кўплаб мустақил иқтисодий таҳлилчилар бугунга келиб "ИЭСларнинг табиий газга ўтказилгани нақадар тўғри қарор бўлганди" деган саволларни ҳам бермоқдалар.

Ўзбекистоннинг энергетика соҳаси улкан коррупция ўчоғи экани узоқ вақтдан буён айтиб келинади, бунда айни ИЭСлар "газ ўғирлаш"га қулай "тизим"лар бўлиб қолаётганига эътибор қаратилади.

Чунки иншоот катта, йил давомида мунтазам электр энергияси ишлаб чиқариб туриши лозим. Қанча газ ёқилаяпти, қувур бошида газ қанча эдию, ИЭСга қанчаси етиб келди, аниқ ҳисоб-китобини тутиб туриш мушкул. Сарфланган гази ишлаб чиқарган электри таннархини оқлаяптими?

Ўзбекистон ИЭСлари ишлаб чиқарган электр қимматга тушаяпти, давлат "аҳолига қиммат бўлиб кетмасин" деб доим зарарини бюджетдан қоплаб келаяпти.

Мустақил иқтисодий таҳлилчилар фикрича, энергетика соҳасини ислоҳ қилиш бошланганда, ИЭСларнинг узоқ йиллик мавқесини ўзгартирмасдан қолдириш лоббиси илгари сурилган ва "тизим" бугун ҳам Ўзбекистоннинг кўп табиий газини "ёқиш" билан яшаб келаяпти.

Ширин шаҳридаги ACWA Power янги станцияси Сирдарё ИЭСидан икки баровар кам газ ишлатади.

Мамлакат энергетика тизимидаги ялпи улуши боис Ўзбекистон дарров ИЭСлардан воз кечолмайди, лекин уларни "сарфланган ҳар бир тийини икки тийин даромад келтирадиган" талабдан келиб ислоҳ қилиш, энг муҳими, электр энергияси бозорини эркинлаштириш энг оқил йўл, деб таклиф қилишади иқтисодий таҳлилчилар.

Бунинг зарурлигини Президент Мирзиёевнинг ўзи ҳам маърузасида таъкидлаган эди.

Ўзбекистонда нархлар ҳамон бозор муносабатларига ўтказилмагани газ исрофгарчилигига ҳам олиб келаётган асосий сабаблардан биридир.

"Агар газ ва электр сув текин бўлмаганда, иссиқхонаю, оҳак ёки ғишт заводлари газ ёқишдан манфаат кўрмаган бўлардилар, Ўзбекистоннинг ерости бойликлари бунчалик талон-тарож бўлмаган бўларди", дейди ўзбекистонлик журналист.

Ўзбекистон ўз бойликларининг эгаси эмасми?

Тошкент кўчаси

Сурат манбаси, Gazeta.uz

1980 йиллар охиридаги қайта қуриш ва ошкоралик тўлқинларида "ўз газини четга бериб таппи ёққан Ўзбегим" сатрлари машҳур бўлган, бу долзарб мавзу матбуот саҳифаларига ҳам олиб чиқилганди.

2016 йилгача мамлакат бойликлари қаерга қандай сотилади, халқ қишда қандай свет ва газ муаммоларига дуч келаяпти, деган масалаларни кўтариб бўлмасди.

Президент Мирзиёев ҳокимиятга келганидан кейин халқ муаммолари очиқ-ойдин гапирила бошланди, камбағаллик тан олинди, матбуот сал эркинлашди.

Аммо, афсуски, 2022 йили яна Ўзбекистон ўз газининг эгаси эмасми, деган савол кун тартибига чиқди.

Ўзбекистон нефть ва газ конларининг бугунги ҳақиқий эгалари кимлар? Нега шартномалар шаффоф эмас? Ўзбекистон бойликларини яширинча сотишдан ким, қандай манфаат кўради?

Айниқса, Ғарбда расман "террорчи давлат" деб тобора кўпроқ мамлакатлар томонидан эътироф этилаётган Россия билан "газ иттифоқи"ни барпо этиб, иккиламчи санкцияга дучор келишдек вазият юзага келган бир вақтда юқоридаги саволларни Ўзбекистон жамоатчилиги, оммавий ахборот воситалари ва блогерлар ҳам бермоқдалар.

Лекин расмийлар эрта бир кун келиб жавобгарликка тортишгача ҳам олиб келадиган саволларга ё умуман жавоб беролмаяптилар, ёки ҳеч кимни қониқтирмайдиган узуқ-юлуқ жавоб бераяптилар.

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek