Диққат: Энди Ўзбекистонда йирик ўзгаришлар бўладими? Видео O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, courtesy
Ўзбекистон жуда катта пул ажратди. Энди газ ва свет умуман ўчмайдими?
Ҳали қиш бошланмасданоқ бу йил Ўзбекистонда аллақачон энергия инқирози бошланган.
Илк совуқ тушар-тушмай, уйлару корхоналарда газ ва свет узилмоқда.
Ҳатто айрим туғруқхоналар, касалхоналарда чироқ йўқлиги айтилаётир.
Бу каби вазият масъуллар жорий мавсумга қарийб 2 триллион сўм ажратилишини эълон қилган бир манзарада кузатилган.
Бундай катта пул эса, жорий мавсумда мамлакатда энергия инқирози бўлмайди ёки ҳечса аҳвол яхшиланади, деган умидларни ҳам пайдо қилмай қўймаганди.
Диққат: Ўзбекистонда энди ҳаммаси ўзгарадими?
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Алоқадор мавзулар:
Ижтимоий тармоқлар сўнгги ҳафталарда ўзбекистонликларнинг газ ва свет тақчиллигига оид шикоят постларига тўлиб-тошган.
Жойлаштирилаётган постлардан муаммонинг бир вилоят ёки туман билан чекланмаслиги, бутун мамлакат миқёсида экани, бундан, ҳатто пойтахт Тошкент ҳам четда қолмаётгани англашилган.
Ўзбекистон пойтахтидаги аҳвол йўл чироқларининг ўчиб қолиш даражасида жиддийлик касб этаётгани кўрилган.
Масъуллар эса, аллақачон "блэкаут" хавфидан хавотирда эканликларини расман ва ошкора эътироф этишгача боришган.
Мақсад қўйилди, пул ажратилди, "ишлар қилинаяпти", лекин нега ҳамон свет ва газ йўқ.
Тошкентдан эксперт Сарвар Қурбоновга кўра, бунинг учун "монополияни олиб ташлаш, энергия ресурслари нархини бирданига эмас, босқичма-босқич бозор иқтисодиётига ўтказиш керак".
"Бундан ташқари, аҳолининг ҳам энергия тежаш маданиятини ошириш лозим. Чунки бизнинг 90 фоиз аҳолимизда энергияни тежаш маданияти шаклланмаган. Ишлаб чиқарилаётган энергия билан истеъмолдаги энергиянинг тафовути катта - бу биринчидан. Иккинчидан, биз ўсиш суръати шундай каттаки, унга бизнинг энергетикларимиз ета олишгани йўқ. Чунки кўп лойиҳалар тасдиқланмаган ёки узоқни кўрмаган шаклда амалга оширилаяпти. Масалан, қурилаётган "домлар"имиз ҳам ёки шаҳарсозликдаги кўп хатоларимиз ҳам бунга яққол мисол....Лойиҳасиз, эски тизимга қўшиш бўлаяпти, холос. Бунинг оқибатида бор системамиз ҳам аварияга учраяпти, таъмирга муҳтож бўлиб қолаяпти, таъмирланаяпти. Кўп жойлар бўлса, қандайдир йўллар билан маблағлар кўп сарфланиши кузатилмоқда. Сиз айтаётган ўша триллионлаб маблағларнинг жойига етиб бораётганлигини назорат қилмаганимиздан бўлиб чиқаяпти, менимча", - дейди эксперт.
Би-би-си Ўзбек хизматининг ҳозир сизда газ ва свет борми, деган саволи ҳам ижтимоий мулоқот тармоқларида энг кўп эътибор топган мавзулардан бирига айланган.
Бир кеча-кундузнинг ўзида қолдирилган коментлар сони юздан ортган.
Бу коментларнинг аксариятини "газ умуман йўқ, свет бир кунда ўн марта ўчмоқда", деган мазмундагилари ташкил этган.
Коментларнинг орасида свет, газдан ташқари, сув ҳам йўқлиги айтилганлари ҳам оз эмаслиги кўрилган.
"Ўзбекистонда эрта кўринмайди. Суриш керак. Шунинг ҳаракатидамиз. Дунё кенг", деганлар ҳам бўлган.
Ўзбекистон яна эски тизимларни таъмирлаётгани, четга газ сотишни тўхтатаётгани айтилди.
Мамлакат, ҳатто, муқобил энергия ишлаб чиқаришнинг турли йўлларини кўраётгани ҳам маълум.
Ўзбекистон орада Россия билан Марказий Осиёда биринчиси бўлиши кутилаётган атом электр станцияси қуриш борасида ҳам келишиб бўлган.
Бу мавжуд муаммонинг энг мақбул ечими сифатида ҳам баҳо топган.
Муқобил энергия масаласи Ўзбекистон президентининг Францияга расмий ташрифи чоғида ҳам кўтарилгани айтилган.
Ўзбекистонда электр энергияси асосан табиий газда ишловчи иссиқлик электр станцияларида ишлаб чиқарилади.
Мутахассисларга кўра, ўзбек газининг ҳам таги кўриниб бормоқда.
Ўзбекистонда ўзи энергия муаммосининг ечими борми? Бўлса, бунга нима тўсқинлик қилаётир?
Эксперт суҳбатдошимиз Сарвар Қурбоновнинг таъкидлашича, бунинг имконияти бор.
"Аввало ҳамма ишларни тенг ва очиқ олиб бориш керак. Энергия тизимига сарфланаётган пуллар, олиб борилаётган тендерлар, турли хил ремонт ва бошқа ишларини, нима, қаерга кетди, сарфланди - халққа очиқ-ойдин кўрсатиш керак".
Бундан ташқари, "бир киши ёки монопол сифатида эмас, энергосистемамизга ҳам, менимча, инвестиция киритадиган одамларни киритиш керак", дейди у Ўзбекистондаги энергия инқирозининг ечим йўлларига тўхталаркан.
Аммо аҳоли сони тез ўсаяпти, энергияга талаб ортмоқда.
Бу қиш чилласида газ ва свет бўладими? Масъуллар нима қилишаётир?
"Бугун Ўзбекистон ва Хитой энергетика масалаларида ҳамкорликни фаол ривожлантиришмоқда. Хусусан, нефть-газ, электр қуввати, атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш ва гидроэлектр энергияси бўйича ҳам ишлашяпти. Бу икки давлат "Бир камар, бир йўл" ташаббуси доирасида ҳам фойдали ҳамкорлик қилишади. Ипак Йўли жамғармаси эса икки давлат ўртасидаги қатор нефть ва газ лойиҳаларига сармоялар киритган", - Сабина Бекмуродова Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот котиби.
Энди газ ва свет умуман ўчмайдими?
"Диққат, Ўзбекистон"нинг бу ҳафталик сонида худди шу ҳақда гаплашамиз.
Дастур бошловчиси Феруза Раҳмон.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














