Диққат, Ўзбекистон: Мустақиллик хавф остидами? O‘zbekiston Rossiya Dunyo Yangiliklar

Motamsaro ona haykali

Сурат манбаси, official

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Украина уруши манзарасида Россия ўзининг империалистик оҳангдаги чиқишларини кучайтирган.

Советлар Иттифоқини тиклаш илинжидаги баёнотларининг сони ортган.

Беларусь президентининг Ўзбекистонни ҳам Россия билан иттифоққа қўшган сўзлари эса, расмий Тошкентнинг норозилик нотаси билан чиқишигача сабаб бўлганди.

Бунақаси Ўзбекистон мустақиллиги тарихида кузатилмаган.

Шундай экан, воқеаларнинг бу каби ривожи нимадан далолат беради?

Бугун Ўзбекистон мустақиллиги қанчалик таҳдид остида - жума кунги "Диққат: Ўзбекистон" кўрсатуви худди ана шу мавзуга бағишланди:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Алоқадор мавзулар:

Унда Ўзбекистондан сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов, Қозоғистондан минтақавий иқтисодий эксперт Сапарбой Жубаев, Америка Қўшма Штатларидан сиёсатчи, Ўзбекистон мустақиллиги меъморларидан бири Жаҳонгир Муҳаммад иштирок этишди.

Ўзбекистонликларнинг бу борадаги фикрлари, Тошкентдаги мухбиримиз Аваз Тоҳировнинг кузатувлари ҳам ўрин олди.

Аксарият экспертлар эътирофича, Ўзбекистон ўтган 31 йил ичида мустақил давлат сифатида оёққа тура олган.

Таназзулга юз тутмасликнинг уддасидан чиққан.

Аммо Ўзбекистон - минтақанинг аҳолиси энг йирик давлати. Мамлакатда камбағаллик ва коррупция кучли. Шунингдек, Орол Денгизи қуриши ва минтақада кучайган саҳролашиш каби йирик экологик фожеа ҳамда муаммолар исканжасида қолган.

Бир неча ой олдинги Қорақалпоғистон воқеалари эса мамлакат яхлитлиги борасида ҳам хавотирлар йўқ эмаслигини кўрсатди.

Сўнгги йилларда мамлакатда энергия тақчиллиги кучайган, сув етишмаслиги сезилмоқда.

Аҳолиси тез ўсмоқда, яроқли ерлари эса ишдан чиқаяпти. Бу эса озиқ-овқат хавфсизлиги устида ҳам муҳим чоралар кўрилиши лозимлигини англатади.

Украина уруши эса, мавжуд вазиятни янада оғирлаштиради.

Айрим иқтисодий таҳлилчилар наздида, ташқаридаги воқеалар ҳам ичкаридаги мавжуд ижтимоий-иқтисодий муаммолар қаторида Ўзбекистон мустақиллигига хавф солувчи жиддий омиллардан бирига айланган.

Шундай экан, Ўзбекистон бу каби ички таҳдидлар қаршисида нима қила олади?

Украина уруши манзарасида минтақада геосиёсий тангликнинг кучайиши, Хитой ва Туркия каби давлатларнинг Россия ўрнини эгаллаш уринишлари, Афғонистонда Толибоннинг қудратга қайтиши ҳам бугун Марказий Осиё давлатларининг мустақилликлари билан боғлиқ хавотирларни янада кучайтирмай қолмаган.

Шундай экан, ҳозир улар учун ташқи хавф таҳдиди кучлироқми ёки ичкиси?

Россия эса, Ўзбекистоннинг энг йирик иккита савдо-иқтисодий ҳамкоридан биттаси.

Ўзбек фуқаролари учун энг катта меҳнат бозори ҳам айнан Россия.

Путин Украинага очган уруш, бунинг бошқа постсовет давлатларига таъсири, расмий Кремлнинг империалистик оҳангдаги кучайиб бораётган чиқишлари аксарият ўзбекистонликларни ҳам бефарқ қолдирмаган.

Айниқса, ижтимоий тармоқларда қизғин баҳс-мунозара мавзуларидан бирига айланган.

Бу каби муҳокамаларда қатнашган баъзи ўзбекистонликлар Россияни имконият сифатида кўришса, айримлар Москванинг ҳозирги сиёсатини хавф, деб биладилар.

Шундай экан, ўзбекистонликлар бугун қанчалик мамлакат мустақиллиги таҳдид остида деган фикрда?

Дастур бошловчиси Феруза Раҳмон.

Кўрсатувни Би-би-си Ўзбек хизматининг YouTube ва Facebook саҳифасида ҳам томоша қилинг.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek