Ўзбекистон: Мажбурий меҳнат тугатилди, лекин пахта саноати янги муаммоларга учради – Global Voices

Global Voices хабар сайтида чоп қилинган мақолада айтилишича, Ўзбекистон ўз пахта саноатидаги мажбурий меҳнатдан воз кечиб ўзининг халқаро обрўини қайта тиклай олди, аммо ушбу саноат янги муаммоларга юз тутган.
Global Voices ёзувчилар, таржимонлар ва инсон ҳуқуқлари фаолларининг кўп тилларда амал қилувчи халқаро ташкилоти бўлиб, 2004 йилдан бери амал қилади.
Алоқадор мавзулар:
2022 йилгача Ўзбекистон пахтасига болалар ва давлат корхоналари ходимлари учун мажбурий бўлган терим туфайли бойкот амалда бўлган. Кўплаб йирик халқаро брендлар, жумладан Levi's, H&M ва Adidas инсон ҳуқуқлари гуруҳларининг босими туфайли Ўзбекистон пахтасини ўз маҳсулотларида ишлатишмас эди.
Президент Шавкат Мирзиёев ислоҳотлари натижасида бойкот кўтарилди, ва бу йил сентябрида Самарқанд шаҳри дунёдаги энг йирик тўқимачилик йиғини - Халқаро тўқимачилар федерациясининг йиллик конвенциясига мезбонлик қилди.
Global Voices Ўзбекистонда яратилган янгича пахта саноатининг муаммоларига эътиборни қаратган.
Мақолага кўра, 2018 йилда қаттиққўлроқ меҳнат текширувлари ва пахта клестери татбиқ этилди. Кластер тизими - пахтани териб олиш, матони тўқиш ва кийим-кечак ишлаб чиқаришгача бўлган бутун занжирни бошқарадиган вертикал боғлиқ компаниялар.
"Бугун Ўзбекистоннинг деярли барча пахтаси 142 та кластер орқали ишлаб чиқарилади", дейилади мақолада.
"Ўзбекистон пахта саноатида қилинган тараққиётга қарамай, муҳим муаммолар сақланиб қоляпти. Мажбурий меҳнат нисбатан тугатилган бўлса-да, меҳнат ҳуқуқларининг бузилиши, ишчиларга қарши қасддан чора кўриш, инсон ҳуқуқлари фаолларини қўрқитиш ҳоллари сақланиб қолмоқда. 2024 йил апрелида икки фаол, Умида Ниёзова ва Шарифа Мадраҳимова меҳнат шароитларини ўрганишга уринганларида номаълум шахслар томонидан сиқувга олинганлар."
Global Voices ўзбек пахта санотидаги фермерларнинг ҳануз мустақил эмаслигини айтади.
"Мажбурий меҳнатдан воз кечса-да, ҳукумат ҳали ҳам пахта саноати устидан қаттиқ назоратни ушлаб турибди ва фермерларни ўз шартлари асосида тўлиқ амал қилишларига йўл қўймаяпти. Фермерлар заҳиралар ва қарз оладилар, лекин тизим самарасиз, давлат белгилаган пахта нархлари эса глобал нархлардан фарқ қилади", - деб ёзади ташкилот.

Сурат манбаси, Agro.uz
Унга кўра, 2023 йилги президент фармони фермерларга ортиқча пахтани бозорда сотишларига чекланган ҳуқуқни берди, аммо ҳақиқий бозор мустақиллиги фермерларда ҳали ҳам йўқ.
"2024 йилга келиб, ислоҳотлар ваъдаларига қарамай, давлат яна глобал валюта алмашув кўрсаткичларига асосланиб пахтага минимум нархларни белгилади, ва шу билан эски тизимни сақлаб қолди", - дейилади мақолада.
Ташкилотга кўра, Ўзбекистон халқаро андозаларга мослашишга ва экспорт салоҳиятини турфахиллаштиришга уринар экан, пахта санотида кўпроқ ишонч ва шаффофликни таъминлаш учун юқоридаги муаммоларни ечиш лозим.
Кластер ва фермерлар
Фермерларнинг кластерлар билан мулоқотларидаги ҳисоб-китоб интизоми бузилиши ҳоллари бот-бот юзага чиқади. Бу ҳақида Президент Мирзиёевнинг ўзи ҳам ўтган йил ноябрида бўлиб ўтган селектор мажлисида гапирганди.
2023 йилги пахта ҳосилини сотишда юзага келган можароларга фермер ва кластерлар ўртасида "қонуний кўприк" бўлмагани сабаб қилиб кўрсатилган.
"20 та кластерда ҳисоб-китоблар жойида бўлса, 122 та кластернинг Қишлоқ хўжалиги жамғармаси олдида қарздорлиги бор, 27 та кластер эса фермерларга 2022 йил пахта ҳосилидан тегишли маблағларни тўлаб бермаган. Шу каби, фермерларнинг ҳам кластерлар олдида қарздорлиги бор", дея президентдан иқтибос келтирганди унинг матбуот хизмати.

Фермерлар орасида эса тизимдан ва кластерлардан шикоятлар давом этяпти. Уларнинг Телеграм каналида қуйидагича шикоят ва фикрларни кўриш мумкин:
"Чиндан ҳам пахтанинг нархи ва унинг ташвиши фермерларни адои тамом қилди. Қачонлардир ҳоким боболар ва яна учта сектор раҳбарлари фермерлар ишига ноқонуний аралашмай қўйсагина қишлоқ хўжалиги тармоғида ўзгаришлар рўй беради. Бўлмаса эски тос, эски ҳаммом."
"Вазирлар маҳкамасининг қарори чиқмасидан аввал хам пахта нархи биржада стандарт 7800 сўм қарордан сўнг 6800 сўм стандарт бир жойда қотиб туриши бу шубҳали. Биржа савдоларидаги нарх ойлаб бир ҳил қотиб туришини ўйин деб хисоблайман. Фермерларнинг пахтасини 2-3 та заказчи дастурчи мутахаcсислар кофе ичиб бошқариб ўтиришипти."
"Йилдан-йилга фермер учун синовли кунлар келяпти. Кластернинг қўли мехнаткаш дехқондан анча баланд келяпти. Қарорларни, тартиб асосидаги биржани ўзгартириб юборяпти. Қойил қолмай иложи қолмаяпти. Солиқ турлари, ёқилғи мойлаш махсулотлари, техника хизмати, эҳтиёт қисмлар, минерал ўғит, кимёвий воситалар, ишчи кучи ҳамма-ҳаммаси йилдан-йилга қимматлашяпти, лекин фермернинг ғалласи, пахтаси арзонлаб боряпти. Мувозанат бузилди."
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













