Ўзбекистон яна пахта яккаҳокимлиги зуғумига қайтаяптими?

Сурат манбаси, Getty Images
Президент Шавкат Мирзиёев пахта Ўзбекнинг косасини оқартирмагани, бошқа экинлардан пахтадан ҳам кўра кўпроқ даромад топиш мумкинлигини айтиб, ҳокимларни пахта режаси ортидан қувишдан қайтаргани ҳам мамлакат ичкариси ва ҳам хорижда олқишланганди.
Аммо бугун яна пахта режаси талаби билан фермерни ҳоким калтаклагани, мажбурий шартномага қўл қўйдириш уриниши хабарлари тарқалаётгани "Ўзбекистон яна эски замонларга қайтаяптими?" деган саволларни пайдо қилди.
Алоқадор мавзулар:
- Ўзбекистон, Мирзиёев ва 8 йил: Нималар айтилди, нималар бажарилмади?
- Ўзбекистон: "Бўғилаётган эркинлик" - Мирзиёев ҳам Каримов каби "ахборот ихотаси"га тушиб қолдими? - Видео
- Ўзбекистон: Кредит қайғуси ёки қарз эвазига янгича яшаш
- Ўзбекистон аҳолиси 37 миллиондан ошди деб мақтанамиз, лекин миллионлар ишсиз ё мардикор
Ўзбекистонда яна пахта етиштириш талаби кучайгани Россия Украина уруши учун зарур порохга эҳтиёжи ортгани ва хомашёни Ўзбекистондан олаётгани хабарлари манзарасида кузатилмоқда.
Бу йилги пахта ҳосили тайёр бўлганидан кейин Ўзбекистон ҳукумати хомашёни арзон сотиб олишга қарор қилди, бу қарорнинг номи "Пахта хом ашёси етиштирувчиларини молиявий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида" деб номланди.
Ўзбекистондаги kun.uz веб-нашри Сурхондарё вилояти Қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Раҳматулло Ғаффоров туман ҳокимига ҳамма фермерларни мажлисга йиғиб, биржа томонидан ташлаб берилган "бланка"га муҳр ва имзо қўйдириш ҳақида оғзаки топшириқ берганини хабар қилди.

Сурат манбаси, .
Яъни, фермерлар билан йил бошида имзоланган 8 миллион, 9 миллион сўмлик эмас, 6 миллион 800 минг сўмлик "ихтиёрий-мажбурий" янги шартнома имзолаш талаби илгари сурилган.
Мухбирларга кўра, Ўзбекистондаги пахта-тўқимачилик кластерлари фермерларга етиштирилган пахта учун йил бошида тузилган шартномалардаги нархда тўлов қилишни истамаяптилар, бунга жаҳон бозорида пахта хом ашёси арзонлашгани важ қилиб кўрсатилаяпти.
Daryo.uz веб-нашри хабар қилишича, Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Сурхондарё вилояти Қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Раҳматулло Ғаффоров устидан Бош Прокуратурага мурожаат қилган.
"Фуқаролик кодексининг 354-моддасига кўра фуқаролар ва юридик шахслар шартнома тузишда эркиндирлар. Шартнома тузишга мажбур қилиш мумкин эмас. "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида"ги Қонуннинг 23-моддасига кўра, хўжалик шартномаларини тузиш, бажариш, ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқ бўлган қонунчиликка риоя этилиши устидан назоратни қонун ҳужжатларига мувофиқ прокуратура органлари амалга оширади.
Шу боис Кенгаш 2024 йил 25 сентябрь куни Бош прокуратурага жойларда пахта етиштирувчилар ва пахта-тўқимачилик корхоналари ўртасида тузилган фьючерс шартномаларини тузиш, бажариш, ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқ бўлган қонунчиликка риоя этилишини ўрганиб, прокурор назорати ҳужжати қўллаш масаласини кўриб чиқилишида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди", дея хабар берди Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ўзининг Телеграм каналида.
Ўзбекистонлик журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Улуғбек Ашур ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида Хоразм вилояти Янгибозор тумани ҳокими Руслан Жуманиязов "Қувват Бегзод" фермер хўжалиги раҳбари Нураддин Худоёровни калтаклагани хабарини тарқатди.
"Хоким хар бир фермерга кунлик 4 фоиз режа куйган, ўша куни йигилишда шу режани бажармаган фермерларни хакорат килиб, залда уриб ташлаган", дейилади Нураддин Худоёровнинг турмуш ўртоғи О. Рахимова йўллаган шикоятда.
Ўшандан буён на Хоразм вилоятидаги, на республика ҳуқуқ-тартибот идораларининг ушбу хабарга муносабати кузатилгани йўқ.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002















