Сўз сизга: Ўзбекистон аҳолиси 37 миллиондан ошди деб мақтанамиз, лекин миллионлар ишсиз ё мардикор

Telegram/Sirdaryo vilotati hokimligi

Сурат манбаси, Telegram/Sirdaryo vilotati hokimligi

    • Author, Мустақил журналист
    • Role, Сирдарё вилояти
  • Ўқилиш вақти: 3 дақ

Икки йил аввал, 2022 йил октябрининг бошида, президентимиз Сирдарёга келганларида, матбуотда баландпарвоз сарлавҳалар тарқалди: "Сирдарё вилояти ишсизлик йўқ ҳудудга айланади", дея хабар тарқатди вилоят ҳокимлигимиз ҳам.

"Бугун Сирдарёга келишдан асосий мақсадимиз - вилоятни аҳолиси тўлиқ иш билан таъминланган ҳудудга айлантириш мезонларини белгилаш. Агар Сирдарё вилоятида ишсизликни тугата олсак, бу бошқа ҳудудлар учун намуна бўлади", - деди ўшанда Шавкат Мирзиёев. Кейин қарор чиқарди. Унга кўра, 2023 йилда вилоятимизда қўшимча 100 мингта иш ўрни яратилиши буюрилди.

Алоқадор мавзулар:

Хўш, бирон нима ўзгардими?

Биласиз, Ўзбекистоннинг аксар қишлоқларида давлат ишхонаси деганда мактаб, боғча ёки қишлоқ врачлик пункти тушунилади. Уларда ишловчиларнинг ҳам ойлиги айтарлимас. Қолганлар-чи, дейсизми?

Улар пули бўлса, деҳқончилик, бўлмаса кунлик иш қилиши керак. Бизда буни "кунбой иш" дейди. 2008-йиллардан бери кўраман, ҳар сафар вилоят маркази томон кетаётганимда йўл бўйида асосан аёллар ўтиради. Мен аввал нимага бундай ўтиришларини билмасдим.

Кейинчалик билсам, улар кунлик иш топиш учун ўтираркан. Ҳали у пайтларда мардикорлик ҳозиргидек авжида эмасди.

Бошида аёллар чопиққа чиқарди, аста-секин эркаклар қиладиган ишларни - катта юк машинага мева, сабзавот ортиш, ёки шоли ўришга ўтишди. Ҳозирда иш танламасдан, нима иш бўлса қиладиган бўлишган.

2022 йил октябрида президентга мезбонлик қилган Сирдарё вилояти ҳокими бир ой ўтиб унга маслаҳатчиликка тайинланди.

Сурат манбаси, President.uz

Сурат тагсўзи, 2022 йил октябрида президентга мезбонлик қилган Сирдарё вилояти ҳокими бир ой ўтиб унга маслаҳатчиликка тайинланди.

Апрель ойидан одамлар маҳалласидаги бригадири бошчилигида автобус, дамасларга миниб ишлаш учун далаларга боради. Эркакларнинг кўпи четда муҳожир ёки пойтахтда қурилишда. Битта қишлоқда учта, тўртта бригадир аёллар қўли остида 30 тадан 100 тагача ишчилар бўлади. Ҳар куни уларга иш топиб беради ва ўзи деҳқон, кластер ёки фермердан одам бошига 5 000 сўмдан олади.

Асосан қовун, супурги, шоли, ошқовоқ, пахта, маккажўхори, мош, пиёз каби экинлар учун ишлашга чиқишади.

Битта одам ўртача ўн соатлик иши учун 120 000 сўм олади. Бунинг қийинчиликлари кўп - иссиқда меҳнат қилиш қийин, ишлатувчиларнинг кўпинча ҳақоратли гаплари, баъзида вақтида тўловни бермаслиги - оддий ҳол.

Бу аёллар учун ҳаёт ўта оғир.. Коммунал тизим умуман ишламайдиган, газ йўқ қишлоқларда улар ўзларини даладаги ишдан орттириб, оилани ҳам боқишлари керак. Телевизорда аёллар ҳуқуқлари ҳақида гапирадиган ҳукумат бу турмуш тарзи билан танишмикан?

Менга қўшни аёлнинг тўрт боласи бор. Эри кўп ичади, айтарли иши йўқ. Бу шўрлик хотин ёзда эрталаб 04:00 туради. Сигир соғади, чой тайёрлайди. Олтилар атрофида ишга чиқиб кетганида, катта қизи укаларига қараб қолади. Кечқурун еттиларга уйига қайтиб келиб нон ёпади, кир ювади.

Юзидан муттасил чарчоқ билинади. Бундай чарчоқ билан яшаётган аёлда мактабдаги болаларининг ўқишига қарашга вақти бўлармиди? Улар каттарган сари аёлнинг чиқими янада ошади. Мақсади - қизларини узатиш, ўғлини уйлаш, ўқиш эса энг охирги ўринда. Катта эҳтимол билан улар ҳам мардикор бўлади. Фарзандлари онасининг тақдирини такрорламайди деб ҳеч ким айтолмайди. Яна мардикорлар армияси ортади.

BBC

Бир куни пиёзга ишлашга чиққан қиздан сўрадим. Нима орзуинг бор десам, инглиз тилига қатнаб IELTS олмоқчи экан. Телевизорда IELTS олса ҳаёти ўзгариб кетишини эшитиб шу нарсани орзу қилибди. Репетитор у ёқда турсин, ҳали мактабида инглиз тили яхши ўқитилмайдиган бу қиз орзусига қандай эришаркан, билмадим.

Бундай тақдирлар миллионлаб топилади. Ҳозирги замонга тайёр кадр бўлмаган, касби-ҳунари йўқ ота-онадан ўзидек фарзандларнинг қанчаси мерос қолмоқда. 37 миллионга кўпайдик деб мақтаниб ёзаётганлар ўйлармикан бу миллионларнинг нечтаси оддий инсоний шароитда яшай олишини?

Статистикани қарадим. Президент икки йил олдин келганида, Сирдарё вилоятида ишсизлар сони расман 35 минг киши бўлган экан. 2023 йилни қарасам, бу 27 мингга туширилганмиш. Лекин, шу кичкина ўзгариш ҳам сезилмайди.

Ўшанда президентга вилоят ҳокимимиз Ғофуржон Мирзаев ҳамроҳлик қилиб, ишсизлик бўйича айтилган барча гапларни дафтарчасига ёзиб юрди. Кейин бир ой ўтмасдан, уни лавозимидан олиб Тошкентга президентга маслаҳатчиликка олиб кетишди. Улар орасида берилган буйруқ ва ваъдалар, ёзиб олинган кўрсатмалардан кейинги ҳоким хабардорми, йўқми - буниси номаълум. Биз ҳали ҳам ишсизлик буткул йўқотилган вилоятга айланмадик.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002