Ўзбекистон: Кексалар пенсияга қандай яшашмоқда? O‘zbekiston Yangiliklar

Сурат манбаси, Rasmiy
- Author, Бахтиёр Турсунов
- Role, Сурхондарё вилояти
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Сентябрь ойидан бошлаб нафақа ва маошлар 15 фоизга оширилар экан, бу муждани ҳамма ҳам бирдек қувонч билан қабул қилгани йўқдек. Уларнинг назарида, мазкур қарор аксарият ҳолда нархларнинг янада ошишига сабаб бўлади. Ўзбекистонда кексалик ва меҳнат пенсиялари қанчалик етади деган саволга жавоб топиш осон эмас. Сабаби - аксар ҳолатларда кексалар вояга етган фарзандлари қарамоғида бўлишади.
Бироқ фарзандсиз ёки боласи қарай олмайдиган қариялар нима қилишади? Бу савол жавоби энди буткул ўзгача ҳаёт манзарасини чизиши мумкин.
Алоқадор мавзулар:
Нафақадан нафақагача

Ангорлик 58 ёшли Сожидахон опа 36 йиллик иш стажига эга, У 16 ёшидан меҳнат фаолиятини бошлаган, бироқ бугун атиги 850 минг сўм нафақа пули олишини айтади.
Сўнгги қарор бўйича ошган нафақаси ҳам 1 миллион сўм нари-берисида.
"Нафақани ойдан ойга етказиш ниҳоятда мушкул. Масалан шу ойда, 270 минг сўм солиққа, 100 минг сўм светга, 50 минг сўм газга ўтказдим. Қолгани эса озиқ-овқатга кетади. Яна сурункали касаллигим бор. Дори-дармонга ҳам пул сарфлашим даркор. Ҳалиям ўғлим гўшт ва бошқа маҳсулотларни ишхонасидан ойлиги ҳисобидан олиб келишга одатланган. Шунга амал-тақал қилиб, чўнтагимиздаги маблағни ойдан ойга етказамиз. Устига устак баъзида кенжа ўғлим менинг номимга кредитга олган қўл телефони учун ҳам автоматик пул ечиб олишади. Шу сабабли сўнгги ой пластигимдаги (банк ҳисобимдаги - таҳр.) нафақа пулимни қулфлаб блоклашни ўргандим"- дейди Сожидахон опа.
Унинг назарида нафақа пулининг ҳозирга қадар шаклланган қиймати марҳум Ислом Каримов даврига бориб тақалади.
"Ёдингизда бўлса, аввалги президент сиёсатида пенсия ва нафақаларнинг ҳар йили икки-уч марта ошириш қарорлари қабул қилинарди. Ҳозирги олаётган пулимиз деярли ўша йиллардан белгиланиб, шаклланиб келган баҳодир. Зотан нафақа миқдорининг кўтарилиши айтарли таъсирсиз воқеа. Балким уни кўп ҳам кўтармаслик мақсадга мувофиқ бўлиши мумкин" - дейди онахон пенсия ошиши ортидан нархлар ҳам қимматлашига ишора қилиб.
"Аммо бу пулга тўкис яшаб бўлмаслиги ҳам бор гап".

Термизлик 49 ёшли ўқитувчи Замиранинг уч фарзанди бор. Турмуш ўртоғи ҳарбий бўлгани туфайли нисбатан эрта, 45 ёшида нафақага чиққан.
"Эрим 2 млн 700 минг сўм, яъни 200 долларга яқин нафақа олади. Бироқ мабодо мен ишламасам бу пул оиламизга урвоқ ҳам бўлмайди. Биргина 15 ёшли ўғлимга мактаб формасини олиш учун куни кеча 2 млн сўм кетди. Сўнгги нафақалар ошиши билан гўшт нархи кескин кўтарилди, баъзи жойларда 100 минг сўмдан ошган. Бир кило гуручнинг нархи 30-35 минг сўмга борган. Бу дегани хонадонда анъанавий палов дамлаш ҳам кескин камайган".

Ўқитувчи суҳбатдошимиз фикрига кўра, нафақа кўтарилиши билан боғлиқ қарорлар аҳоли ҳаётини яхшилаш, ғамхўрлик кўринса-да, унинг замирида нархларни кўтариб олишдек қатъий мақсад яширинган.
"Агар эътибор берсангиз, бозордаги нарх-наво ошгани ҳақидаги хабар нафақалар ошиши ҳақидаги ҳукумат қарори чиққунга оралайди, яъни бозордагилар қарор ҳақида элбурутдан аввал огоҳ бўладилар. Бу ҳолат менда шунга боғлиқ қандайдир сценарий мавжуд деган шубҳани доим уйғотиб келган,"-дейди Замира.
Нафақа ягона тирикчилик манбаими?

"Биз хотиним, уч фарзандим билан деярли 20 йилга яқин вақт даврида отам ва онамнинг нафақаси ҳисобига яшадик. Ўртада ўзим ҳам устачилик қилардим, лекин асосий даромад манбаи кексалик пенсияси бўлиб келган. Ҳаёт тақозоси билан улар оламдан ўтишди. Бошида бунга кўникиш қийин бўлди, лекин турмуш қийинчиликлардан чиқишга мажбур қилди. Бошқа чораларни қидирдик"- дейди 46 ёшли шеробод туманидан Мансур.
"Ота-онасининг пенсиясига кўз тиккан фарзандларни боқиманда, деб аташади, аммо узоқ йиллик иқтисодий ҳаёт миграциядан бўлак бошқа чорани кўрсатмади. Масалан, соғлигим туфайли мен чет элга бориб ишлаш имконидан маҳрумман. Шу сабабли жойларда маҳаллий иш ўринларини кўпайтириш доим жиддий масала бўлиши керак. Бу етарли иш стажи тўплаб келгусида нафақага чиқиш шароитини ҳам яратади. Масалан, мени олдинда қандай қарилик кутаётганини ўйласам, юрагим орқага тортади, чунки ҳисобга тўғри келадиган меҳнат тажрибаси менда йўқ", - дейди Мансур.
"Нафсиламбирини олиб қараганда, болам ва невараларим билан яшамасам, тежамкорликни ишга солсам, масалан, ойда бир грамм ҳам гўшт емасам - пенсия пули бир ўзимга етади, бироқ ўзбекчиликда барча нон-насиба фарзандлар, хеш-ақрабо билан татийди. Шундай кексаликка шукур қиламан"- дейди Сожидахон опа.
Кексалик гашти

Сурат манбаси, Rasmiy
"Йиллар ўтиши билан турмуш даражасининг ўсишига иштиёқ кексаларнинг яхши яшашга бўлган эҳтиёжини кучайтирган. Энди улар ҳаминқадар шароитларни қабул қилишмайди. Бу эса уларни қўл қовуштириб ўтириш ё тушкунликка тушишдан кўра, аксинча, ҳаётдан завқланиб яшашга ундайди" - дейди журналист Маягўзал Чориева.
Унинг айтишича, кўплаб кексалар бугун янги русумдаги қўл телефони ишлатадилар ва тўла-тўкис шароитда яшашни истайдилар.
"Бу эса уларнинг нафақаси миқдорини белгилашда ҳам янгича муносабат билан яндашиш лозимлигини тақозо этади"- фикрини хулосалайди журналист.
Унинг назарида айнан турмуш эҳтиёжларининг ортиб бориши оилаларнинг фақат нафақа ёки маошга суяниб қолмасликка ундамоқда.

"Кўплаб нафақахўрларнинг ишлаётганини, қўшимча иш билан машғуллигини кузатаман. Яна бир ижобий ҳолат шуки, пенсиялар тўланишида ойлаб кечикиш мутлақо йўқ. У ўз вақтида пластик рақамга туширилади, агар фуқаро буни нақд пул сифатида олишни хоҳласа, бу ҳам муаммосиз амалга ошади"- дейди Маягўзал Чориева.
Кузатувчилар наздида, нархларни жиловлаш тадбири умумий бозор иқтисоди тамойилларига зарар келтириши мумкин, шу туфайли бу масалада бошқа афзал йўллар изланмоғи даркор.
"Мен 1 млн 900 минг сўм нафақа оламан. Ҳозир бир хусусий корхонада боғбон сифатида ҳам ишлаяпман. Яъни нафақага чиқиб, уйда ўтириб қолмадим. Бутун умр енгил машина олишни орзу қилгандим. Нафақага чиқиб, ёшим бир жойга етганда бунга эришиш имконияти туғилди. Ўғлим билан келишиб, кредитга мошина олдик. Ҳозир нафақамни кредитни тўлашга ажратаман. Кексалик гаштини шу тахлит суришга тўғри келяпти. Муҳими, фарзандлар билан ташвишларни баҳамжиҳат енгиб ўтишдир. Қолгани ҳам ҳал бўлади"-дейди термиздан 64 ёшли Абдурауф ака.
Ўзбекистонга меҳнатга лаёқатли ёшлар сони катта. Шу қаторда охирги йиллар давомида туғилиш ҳисобига аҳоли ўсиши ҳам кузатилиб келган.
Бироқ мамлакатда ишсизлик ҳам баланд. Кўпчилик кундалик ишлар ёки чет элларда меҳнат қилади.
Мамлакат эндиликда уларнинг ҳам пенсияга жамғармасига ҳисса қўшиб, кексалик учун нафақа йиғишлари тартибларини йўлга қўйган.
Бироқ бу қанчалик оммалашган ё аҳоли айни нафақа жараёнига ишонадими - бошқа масала.
Мамлакатда ҳамон ё қариганда даромад келтирадиган бирон иш-машғулотни режалаш ва унга сармоя киритиш, ёки фарзанд ўстириб, уларнинг роҳатини кўриб, ота-оналик гаштини суриш анъанаси кенг тарқалган.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













