Маҳсулотлар ачиб қоляпти, светимизни ўчирди – Сирдарё ва Чинозда тадбиркор ва хонадонлар қуёш панели ўрнатишга мажбурланмоқда

Сурат манбаси, Anonymous
Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳри тадбиркорлари улар қуёш панелларини сотиб олишга мажбурланаётганларини ва олмаганларнинг бизнеслари электр таъминотидан узиб қўйилаётганини айтишмоқда. Тошкент вилоятининг Чиноз туманида ҳам маҳаллақўмлар хонадонларни электр панелларини ўрнатишга мажбурлаётгани борасида хабарлар олинди.
Би-би-си билан суҳбатда исми ошкор этилмаслигини сўраган сирдарёлик тадбиркорнинг айтишича, вилоятнинг барча улгуржи савдо ташкилотларига прокурор томонидан оғзаки буйруқ берилиб ёппасига ҳаммага қуёш панелларини сотиб олишга мажбурлашмоқда.
Алоқадор мавзулар:
"Ҳар бир тадбиркорлик объектига электр истеъмоли қувватига қараб шунча кВт қуёш панеллари ўрнатасан, дейишяпти. Бизларда ресторан бор, 50 кВтлик қуёш панели оласан деяпти, бу 50×5млн=250 млн дан ошиқ тўлов қилишимиз керак экан", - дейди у.
"Совутгич ва музлатгичларда катта миқдорда ярим тайёр махсулотлар бор, электр бўлмаса уч-тўрт соатга бормай ачиб айниб қолади, ким жавоб беради десам, биз оддий солдатмиз, прокурор бизани қўймаяпти деди. Прокурор олдига борсак, бизнинг бу темадан умуман хабаримиз йўқ, балки ҳокимиятнинг топшириғидир, деб ўзини билмаганга солди."
Тадбиркор Гулистон шаҳар электр таъминоти корхонасидан олган ва Би-би-сига йўллаган расмий хатда "қайта тикланувчи энергия манбаларини ўрнатиш талаб этилади" ва бу талаб уч кун ичида бажарилмаса, ташкилот электр таъминотидан узиб қўйилиши огоҳлантирилади. Хат 7 сентябрь, яъни шанба куни юборилган ва Гулистон шаҳар ШТЭК бошлиғи муовини Ғайрат Эргашев томонидан имзоланган.
Би-би-си бу талаблар нақадар қонуний эканини билиш мақсадида Ғайрат Эргашевга боғланишга уринди. Эргашев телефонни кўтармади ва Телеграм орқали юборган саволларимизни кўрса-да, жавобсиз қолдирди.

Сурат манбаси, Facebook/Sirdaryo viloyati bojxona boshqarmasi
Тадбиркорга кўра, Эргашев тармоқдан узилаётган объектлар бўйича Гулистон шаҳар прокурори Анвар Шукуровга мунтазам хабарлар юбориб турганини айтган. Би-би-си Прокурор Шукуров билан ҳам боғланишга уринди. Электр таъминоти ходимлари тадбиркорларга уларга буйруқ айнан прокурордан бўлганини айтишган.
Ҳозирда бир неча тадбиркорлик объектлари тармоқдан узилган. "Тадбиркорга шанба куни кечқурун огоҳлантириш бериб, душанба куни эрталаб тармоқдан узиб кетиши, ғалати...", - дейди тадбиркор.
"Бугун эрталаб бизларнинг ресторанни ҳам тармоқдан узишди. Бўлмаса электрдан умуман қарздорлигимиз йўқ, 9 миллион ортиқча суммамиз ҳам ҳисобимизда турибди. Шаҳардаги жами улгуржи ташкилотларни ёппасига электр тармоғидан узиш душанбадан бошланди - ресторан, кафе, тўйхона, хусусий клиникаю ҳамма тадбиркорлик жойлари узиляпти. Қуёш панелларининг бир кВт 5 лмн сўм экан, бу ҳар бир кичик тадбиркорлик объектига камида 100-150млн сўмдан ошиққа тушяпти. Бизларда шунча пул тезда топишга иложимиз йўқ, бош қотган."

Сурат манбаси, Facebook/Farg'ona viloyati IIB
Би-би-сига маълум бўлишича, Сирдарё вилоятида кўплаб тадбиркорлар вилоят ва шаҳар прокуратурасига арз қилиб борганлар, аммо уларнинг баъзиларига "буйруқ шу, қўйиш шарт" қабилида жавоб берилган. "Норози бўлиб қарши чиқаётган тадбиркорларни сунъий йўллар билан прокурор томонидан солиқ ходимларига чек билан ушла деб буйруқ бериляпти", - дейди тадбиркор.
Чиноз ва "БМТ"
Чиноз туманидан келаётган хабарларга кўра, туман ҳокимиятида ҳар куни ўтаётган йиғинда маҳалла раисларига қуёш панелларини ўрнатиш буйруғи Бирлашган Миллатлар Ташкилотидан олингани ва Ўзбекистонда 800 та хонадонга 11 сентябргача қуёш панелларини ўрнатиш шарт экани айтилган.
"БМТ буйруғи билан бошқа ҳамма давлатларда ўрнатилибди, энди навбат Ўзбекистонга келибди. Бунга ҳеч Ўзбекистон давлатининг алоқаси йўқ экан, халқаро буйруқ экан бу. Туман марказидаги дўконларда ҳам панель қўймаганлар светини ўчириб ташлаяпти. Боғчаларга ҳам шундай буйруқ берилган", - дейди манба.

Айтилишича, ҳар бир маҳалла раисига бир кунда 15 та объект, жумладан хонадон ва дўконларга, қуёш панелларини ўрнаттириш топшириғи берилган. Панелларни ўрнатишда хонадонларга банклардан кредит олиш тавсия қилинмоқда.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













