Ўзбекистон: Кредит қайғуси ёки қарз эвазига янгича яшаш

Сурат манбаси, BBC Uzbek
- Author, Бахтиёр Турсунов,
- Role, Мустақил журналист
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
Ўзбекистонда бугун аксарият кредитсиз ўз ҳаётини тасаввур қила олмайди.
Сўнгги икки уч йил мобайнида Ўзбекистонда кредит, қарз сўзи ҳам айрим бошқа тушунчалар қаторида истеъмолдан кунда-шунда ўрин олган муҳим сўзлардан, истилоҳлардан бирига айланди.
Агарда олдинроқ айнан кредитга маблағни қўлга киритиш унча мунча кишиларга насиб этмаган бахт, имкон деб саналган бўлса, ҳозирда деярли ҳар бир банк бу борада турлича фоизлардаги ўз таклифини, хизматларини илгари сурмоқда.
Мазкур таклифлар орасида бир неча зумда пул муаммоси ҳал бўладиган онлайн банклар хизмати ҳам бор.
ОАВда баъзида кредит олиш борасида коррупция ҳолатлари учраши билдирилади, бироқ макрокредит олиб тадбиркорликка қўл ураётган ўзбекистонликлар талайгина.
Аммо оммавийлик жиҳатдан микрокредитлар асосидаги сармояга эга бўлиш иштиёқида "ёнаётган" кўп.

Сурат манбаси, BBC Uzbek
Ушбу кредит миқдори бугунда 300 минг сўмдан 100 миллион сўмгача маблағни ташкил қилади. Бу кредит маблағни олишда айримларга рад жавоби берилаётгани истисно этилмаса, у ижобий ҳал этилиши у қадар қийин бўлмаган юмушдир.
Мамлакатда мутлақо қарзи йўқ қатлам тобора озайиб бормоқда.
Шу таркибда турли электротехника буюмлари, автомобиллар, кийим-кечак ва ҳоказо маҳсулотларнинг насия савдосини қўшганда мазкур манзара юритилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг замирига чуқурроқ кириб, ўрнашиб бораётгани англашилади.
Хўш, қарз ортидан юритилаётган турмуш ва ҳаёт қандай янгича кайфият, психологик руҳиятни намоён этиб, унинг орқасидан бугунда қанақа янги саволлар кун тартибига чиқмоқда? Умуман иқтисодий омил сифатида бу қадамлар кишилар ҳаётини қайси тарафга ўзгартирмоқда?
"Кредит олмаган ким бор?"
Термиз шаҳри кўчаларида онлайн такси хизматидан фойдаланишга тўғри келди.
Шунда марказий йўловчилар гавжум чорраҳада машина светофорга тўхтаганда унга қўлида нажот мазмунида сўзлар ёзилган қоғоз ёрлиқни кўтарган болакай яқинлашди.
Вақт шомга яқинлашганди.
Ним қоронғида 11-12 ёшлар чамасидаги болакайнинг юзи деярли кўринмасди, у машина деразасидан деярли бошини суқиб, пул сўраб тиланарди.
Шунда унинг жавобига 35 ёшлар чамасидаги олифтанамо кийинган ҳайдовчи совуққон тарзда шу жавобни берди: "Ўзи кредитга ботганман, шу машинаям қарз, сен менга пул бер!"
Ва рухсат чироғи ёнганда машинани ҳайдаб, пинагини бузмай йўлда давом этди.
Яна бир ҳолатда ҳам киракаш ҳайдовчи йўл-йўлакай турли гаплардан сўзлаша туриб, одамларда яшашга иштиёқ сўнаётганини айтиб , ўзи ҳам руҳан тушкун бўлиб бораётганидан ёзғирди.

"Кредитингиз борми?" деб унга савол билан юзланганимда, "Топдингиз, янги қураётган уйимнинг томини ёпишим керак эди. Ҳамма таниш-билиш, қариндошлардан сўраб чиқдим. Ҳеч ким бермади. Иложсизликдан онлайн банкдан қарз олдим фалон фоизга. Эртадан кечгача шуни тўлайман деб балогардонман. Уйқуда ҳаловат йўқ. Бундай кайфият сўнгги йилларда кириб келди. Шу қарз балосидан қутулсам бунинг яқинига ҳеч қачон йўламайман деган қатъий қарордаман,"- деди 50 ёшни қоралаган бу ҳайдовчи.
Кредитни ёпиш аксарият оилалардаги асосий масалага айланган.
Шу туфайли ҳам ҳатто хонадон аъзоларидан кимидир хорижга, меҳнат муҳожирлигига йўл олган, қолганлар эса фоиз тўловини тўлашга кўмаклашувчи деярли барча юмушларни бажаришга тайёр.
Узоқ ўн йилликлар социализм тузумининг режали иқтисодий ақидалари асосида кун кўрган аҳоли мустақиллик даврининг яна улкан бир асрий чорак қисмида нақд пул етишмовчилигида умргузаронлик қилишига тўғри келди.
"Ҳозирда кредит борасидаги кескин ислоҳотларга қўли пул кўрмаган, уни мақсадли ишлатиш ҳадисини олмаган халқ тайёрмиди ёки йўқмиди?"
Кузатувчи ва таҳлилчилар айни шу саволни умумий тушунчани ёриб чиқадиган савол деб билмоқдалар.
Зотан қўлига ногаҳонда пул тушган фуқаролар орқа олдини ўйламай уни нокерак йўлда сарф қилиб қўймоқдалар ва бунинг оқибатида келажак маъносида, қарзни қайтаришни ўйлаб ваҳима ҳиссига тушишяпти деган фикрлар ҳам билдирилади.
"Мен билган танишларнинг кўпчилиги қарзни маълум тадбиркорлик лойиҳасига тикмай, бунинг ортидан фойда келишини кўзламай олмоқдалар. Масалан тўйга ўн беш-йигирма миллион сўм олиб, бир кунда совуриб, уни тўлаш учун кейин қўрқувга тушиб қолишяпти. Мен кўп марта банкларга ўзимни ўзим банд этиш ниятида кредит учун мурожаат эдим, бироқ расмий даромадим бўлмагани боис муттасил рад жавобига учраяпман. Менга қарз олиб уни қайтаришдан хавотирга тушган танишларимнинг тажрибаси сабоқ бўлолмайди, чунки қўлим пул кўрса буни мақсадга мувофиқ ишлатиб, фоизларни қайтаришимга ишонаман,"-дейди 33 ёшли термизлик ишсиз Нодир.
Миллий телеканалларидан бирида ҳам кредит ҳақида юмористик қўшиқ ижро этилса, унинг мазмунида барча югур-югурлар кредит туфайли, бутун бир умрда айнан қарзни тўлаб бундан қутулиш мақсади ётгани ифода этилади.
Ижтимоий тармоқларда ҳам кредит мавзуси бирламчи мавзулардан муҳокамага ташланади.
"Барибир барчаси савия, билимга бориб тақалади. Эсимда, Шўро даврида русийзабон ҳамкасбларим, қўни-қўшниларимиз биздан кўра тўкисроқ яшашарди. Уларнинг хонадонида қимматбаҳо мебеллар, буюмлар бўларди. Енгил машиналар ҳам харид қилишганди. Ҳар таътилда узоқ ўлкаларга бориб дам олишарди. Кейинроқ маълум бўлишича, улар буни қарз, кредит эвазига амалга оширишган, яъни бундай яшаш усулидан ҳамма ҳам хабардор бўлмаган. Уларга тақлидан камина ҳам сўнгра уйимга керакли мебель ва рангли телевизорни ойлигимдан кредит эвазига харид қилгандим. Аслида кредит маблағи бу инсоннинг фаол ҳаракатига мотивация бўлмоғи даркор.Уни ақлли ишлатса, барча муаммоларни ҳал этса бўлади.Албатта ишли кишиларгина, тўловга қурбли одамлар кредит олса тўғридир,"- -дейди нафақадаги ўқитувчи Орзигул опа.

Сурат манбаси, BBC Uzbek
Унинг фикрига кўра, эл тафаккури, менталитетида тежамкорлик туюлгани билан аслида зиқнакорлик табиати устунлик қиладиган жиҳатлар мавжуд.Айнан пулга очлик кишини ора йўлда адаштирадиган омил. Банкдан олинаётган омонат бу одатий нафсни қондиришга йўналиш эмас, давлатнинг ҳам ислоҳотига ҳам ҳисса шаклида бўлмоғи лозим, дейди Орзигул опа.
"Ҳукумат иқтисодий ислоҳот сифатида халққа кредит тарқатаётганида бунга оид маълум тарбия ва тартибни ҳам ёйиши даркор.Нуқул рекламанинг ўзи камлик қилади. Токи берилаётган пул уларни хонавайрон бўлишига эмас, унинг ўз ҳаётда ўрнини топишига хизмат қилиши шарт.Масъулият турли томонлама бўлиши керак."-дейди нафақадаги мураббий.
Диний тўхтам
Кредитга боғлиқ иқтисодий ислоҳотлар жараёнида диний таҳлилларга туташ вазият кўзга ташланмайди. Ислом диний таълимотида кредит, фоиз билан боғлиқ барча амалларга тақиқ мавжуд экан, бу асосий таълимот босқичларидан бири сифатида доим диққат марказида бўлиб келган.
Фоиз билан боғлиқ барча пул муомаласи алоҳида миқёсдаги гуноҳ, рибо саналиб, мусулмон аҳли бундан тийилиши уқтирилади.
"Ҳозирда фатво, маърузаларда ҳукуматнинг кредит сиёсати қораланиши борасидаги, Исломнинг бу борадаги муносабати ҳақида изчил ва кампания тусидаги бирор бир ҳаракат йўқ. Ҳатто яқин ўртада ўртага бунга оид бирор луқма ташланганини ҳам эслай олмайман. Менимча мачит имомлари, уламолари бу билан боғлиқ расмий босимдан чўчишиб, мазкур мавзуни четлаб ўтишни маъқул кўряптилар,"- дейди термизлик 48 ёшли тақводор Заҳириддин.
Унинг ўзи ҳам бу борада иккиланиб қарор қабул қилмоқчи бўлган.
"Уйга муҳтожман, ижарада яшайман. Янги қурилган уйлардан ипотекага олмоқчи эдим. Бошим қотиб маслаҳат солиш учун ўзим иззат-икром қиладиган бир нечта имомга мурожаат қилдим. Уларнинг барчаси банкдан пул олиш ҳам, унга пул қўйиш ҳам гуноҳ эканлигини уқтиришди. Ўзим ҳам фоиз эвазига кредит, судхўрликни жами 300 та гуноҳи кабиралар орасидан ўта кечириб бўлинмас гуноҳлардан бири деб билиб келганман. Фақат биргина имом бунга изн маъносида ризолик берди, аммо эътиқод асосида йўл тутдим. Фоиз билан боғлиқ барча амаллардан юз ўгирдим,"- дейди Заҳириддин.
"Менимча юртдошларимиз мазкур ҳаракат диний нуқтаи назардан қораланишини биладилар, лекин бунга мажбурлик, ҳаётий муаммолар уларни банкларга йўлламоқда,"- дея қўшимча қилади бу тақводор.
Иқтисодий сиёсат қиммати
Иқтисодчилар назарида мамлакатдаги кредит сиёсати бошланғич жараён ҳолида бўлиб, кўрсаткичларни аниқлаб, келажак натижаларни башорат этишга ҳали салмоқли вақт керак.
Бироқ оммавий кредитгача даврда Ўзбекистон иқтисодиёти халқаро молиявий инқироз пайтида ҳам энг илиқ баҳолангани тарихда кузатилган.
Жумладан, 2009 йили Халқаро валюта жамғармасининг ўшандаги раҳбари Доминик Стросс Кан мамлакатга ташриф буюриб инқироздан айнан Ўзбекистон ҳоли эканини тан олиб, эътироф этганди.
Бунга сабаб этиб таҳлилчилар давлатнинг ташқи қарздан маҳрумлиги ҳамда халқаро молиявий алоқалар, жаҳон банклари билан интеграциялашув йўқ эканини билан ҳам изоҳлашган.
Шунингдек, халқчил кредит сиёсати юритилмагани ҳам умумий зарардан Ўзбекистонни қутултиргани баён этилганди.
Аммо мазкур кўрсаткичлар мамлакатни барқарор молиявий давлатлар қаторидан ўрин олишига барибир йўл очмаган.
Айрим кузатувчиларга кўра, эндиги шиддатли ўзгаришлар эса кўпроқ иқтисодий об-ҳавога қараб илмий иш тутиш ўрнига бироз тўпори ва жайдари ёндашувларга асосланганга ўхшайди.
Сизда кредит борми? Бундан манфаат кўрдингизми ёки зарар? Фикрларингизни биз билан ўртоқлашинг.
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














