Ўзбекистон, Мирзиёев ва 8 йил: Нималар айтилди, нималар бажарилмади? Видео O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Prezident matbuot xizmati
Қудратга келганининг саккизинчи йили бошланар экан, ҳам мамлакат ичида, ҳам хорижда Мирзиёев ислоҳотларининг катта қисми амалга ошмагани ҳақида кўпроқ гапирилмоқда.
2024 йил сентябрида Президент Шавкат Мирзиёев қудратга келганига саккиз йил тўлади.
Бу вақт давомида Ўзбекистоннинг ислоҳотчи раҳбари мамлакатни очиш, аввалги қўрқув режимига барҳам бериш ва халқ фаровонлигини таъминлаш йўлида кўп гапирди, ваъдалар ва топшириқлар берди.
Мамлакатда вазият ҳақиқатан ижобий томонга ўзгара бошлагани эътироф этилиб келинса-да, иккинчи президентнинг аксар ваъдалари рўёбга чиқмади.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Ўқитувчилар ойлиги
Президент ваъдалари ичида энг машҳури ва кўп кутилгани - бу ўқитувчилар ойлигини 1,000 долларга етказиш бўлган эди.
2021 йил 6 ноябрь куни иккинчи президентлик муддатига киришиш вақтида қилган қасамёди давомида Мирзиёев 2025 йилга бориб, олий тоифали ўқитувчиларнинг ойлик маошини эквивалент ҳисобида 1 минг долларга етказиш чоралари кўрилишига ваъда берган эди.
Бироқ ўқитувчиларнинг бу орзуси ҳануз рўёбга чиқмади.
Статистика агентлиги берган рақамларга қаралса, ўтган йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистон бўйлаб ўртача ойлик миқдори 4,4 миллион сўмни ташкил этган.
Соҳалар кесимида энг кам ойлик эса айнан соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларига тўғри келади - мос равишда, 2,9 миллион ва 3 миллион 43 минг сўм.
Алоқадор мавзулар:
Бундан ташқари очиқ статистик маълумотларга назар ташланса, ўқитувчилар ва шифокорларнинг ўртача ойлик маоши миқдори республикадаги ўртача иш ҳақига нисбатан пасайиб бораётганини кўриш мумкин.
2023 йил августида Президент Мирзиёевнинг ўзи ойлиги 10 миллион сўмлик маррадан ўтган ўқитувчиларнинг сони энди минг нафардан ошгани ҳақида гапирган.
"Бу ҳам яхши, лекин бу жуда кам. Ҳамма домла агар, ўзини устида… чет тилларини билиб, математикадан сертификат олиб, физикадан, биологиядан ва ҳоказо… Марҳамат, 10 миллиондан ойлик олишга ҳар бир муаллимнинг ҳаққи бор", деган эди президент ўшанда.
Шунингдек, у айни йиғилишда 6 миллион сўмдан 10 миллион сўмгача маош оладиган ўқитувчилар сони 23 минг нафарга етганини тилга олганди.
Рақамлар эса, айни вақтда, Ўзбекистон мактабларида 520 мингдан зиёд ўқитувчи меҳнат қилаётганини кўрсатади.
Мажбурий меҳнат

Сурат манбаси, Screenshot/Uzbek Forum for Human Rights report
Ўзбекистонда мажбурий, айниқса, болалар меҳнатига чек қўйилиши Шавкат Мирзиёевнинг ҳам мамлакатда, ҳам хорижда хуш қарши олинган ва олқишланган ислоҳотларидан саналади.
Фаоллар 2017 сентябрида шифокор, ўқитувчи ва ўқувчилар тўсатдан пахта далаларидан ортга қайтарилганини яхши эслайдилар.
Аммо сўнгги пахта терими мавсуми давомида далалардан олинган хабарларга кўра, Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга ҳали тўлиқ барҳам берилганича йўқ,
Аксинча, бу ҳолат яна учрай бошламоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбек форуми 2023 йилда ўтказган мониторинг мамлакатда аввалгидек "оммавий, ҳукумат бошчилигидаги тизимли, мажбурий меҳнат кузатилмаган"ини кўрсатган бўлса-да, "банклар, давлат тасарруфидаги ташкилотлар ходимларининг мажбурий меҳнатга юз тутиши ҳолатлари сезиларли ортган"ини қайд этган.
Ўзбек форуми ўтган мавсум чоғида кўнгилли ҳашарчилар тақчиллиги юзага келгани, оқибатда ҳукуматнинг қуйи ҳокимият бўғинларига пахта планини вақтида бажаришга бўлган босими ортгани ҳақида ёзган.
"Қайд этилган аксар мажбурий меҳнат ҳолатларида давлат ташкилотлари ходимлари пахтани ўзи териш ёки ҳақ эвазига 7-10 кун вақтга ўрнига теримчи ёллашга буюрилган", дейилади ҳисоботда.
Ўзбекистонда мажбурий меҳнат қайтадан авж олиши эҳтимолидан хавотир билдирган Ўзбек форуми ҳокимият қуйи бўғинларини пахтани вақтида териб олишга мажбурлаш занжири энг юқоридан бошланишини таъкидлайди.
"Марказий ҳукумат теримчиларнинг мажбурий сафарбарлигини ташкил этишга кўрсатма бермаган бўлса-да, шу нарса яққол маълумки, президент маслаҳатчиси Шуҳрат Ғаниев режани бажариш борасида маҳаллий расмийларга ғоят босим ўтказган ва, оқибатда, улар теримчиларни мажбуран сафарбар этишга буйруқлар берган", таъкидлайди ташкилот.
Газ экспорти

Сурат манбаси, UzTransGaz
Президент Шавкат Мирзиёев ўзининг оммавий чиқишлари чоғида табиий газ, пахта каби стратегик хомашё товарларнинг бундан буён четга сотилмаслиги ёки уларнинг экспорти бутунлай тўхтатилгани ҳақида бир неча бор гапирган.
Масалан, у 2022 йил сентябрида ушбу икки асосий маҳсулотнинг хорижга сотилиши тўхтатилганини тилга олган.
"Яқинда йирик бир давлат раҳбари пахтамизни экспорт қилишни сўради. "Экспортга пахта йўқ, тўлиқ қайта ишлаяпмиз" десам ишонмади. Чунки олдин экспортимиз асоси пахта билан газ бўларди.
Ҳозир эса пахтани ҳам, газни ҳам экспорт қилмаяпмиз. Ҳатто газни четдан сотиб ҳам оляпмиз. Сабаби, саноатимиз ривожланяпти. Ана шундай икки асосий маҳсулот четга сотилмаса ҳам экспортимиз ҳажми 2016 йилга нисбатан 5-6 баробар ошди", деган ўшанда у.
Ўтган йил августида тадбиркорлар билан учрашув чоғида ҳам Мирзиёев Ўзбекистон нефть ва газ каби ресурсларни хорижга сота олмаслиги, бундай ресурслар халқнинг ўзига кераклиги ҳақида гапирган.
Бироқ рақамларга нигоҳ ташланса, Шавкат Мирзиёев қудратга келгандан буён табиий газ экспорти анчайин камайган бўлса-да, у айтгандек, буткул тўхтатилмаган.
Масалан, 2022 йилнинг ўзида мамлакат Хитойга қиймати 1 миллиард доллардан зиёд табиий газ сотган.
Хитой тақдим этган очиқ маълумотларга кўра, аномал совуқ энергетика секторини фалажлантириши билан бошланган 2023 йил давомида Ўзбекистон бу давлатга қиймати 560 миллион доллардан зиёд табиий газ экспорт қилган.
Маҳаллий матбуотнинг миллий ва Хитой статистикаси маълумотлари ўртасидаги фарқ бўйича берган саволларига Ўзбекистон Энергетика вазирлиги Хитой ўз статистик маълумотларини шакллантиришда Ўзбекистон ҳудудидан ўтаётган туркман гази транзитини ҳам ҳисобга олишини таъкидлаган.
Бироқ бу Ўзбекистон табиий газ экспортини бутунлай тўхтатганини англатмайди.
Мирзиёевнинг ўзи 2021 йил октябрида эски шартномалар борлиги туфайли газ экспорти ҳали давом этаётгани ҳақида гапирган эди.
Бу шартномалар қандай шартлардан ташкил топгани ва уларнинг муддати қачон тугашини очиқ манбалардан билишнинг имкони йўқ.
Қўшалоқ мораторий

Сурат манбаси, MinEcology
Мамлакатда Президент Мирзиёев жорий этган, аммо деярли ишламаётган икки мораторий мавжуд.
Президент фармони билан 2019 йилда дарахтларни кесишга жорий этилган мораторий 2022 йил январидан муддатсиз даврга узайтирилган.
2023 йил февралида эса Шавкат Мирзиёев пойтахт Тошкентда бош режа ишлаб чиқилмагунча, янги қурилишлар бошлашга рухсат берилмаслигини билдирган.
Аммо орадан роппа-роса бир йил ўтган бўлса-да, қурилишларга нисбатан жорий этилажак ушбу мораторий бирор ҳужжат билан мустаҳкамлаб қўйилмаган.
Шу вақтгача келаётган хабарлар эса ҳужжат билан мустаҳкамланган дарахтларни кесишга нисбатан мораторийга ҳам деярли амал қилинмаётганини кўрсатмоқда.
Масалан, ўтган йилнинг ўзида дарахтларни ноқонуний кесиш билан боғлиқ 2,400 дан зиёд ҳуқуқбузарлик аниқланган.
Снослар

Сурат манбаси, BBC Uzbek
Ноқонуний снослар Мирзиёев даврида аҳоли норозилигига энг кўп сабаб бўлган муаммолардан бири ўлароқ кўрилади.
Унинг президентлиги илк даврида бошланган ситилар васвасаси ортидан мамлакат бўйлаб эгалари қувилган ёки товони адолатли тўланмаган хонадонлар ўрнида ўнлаб шаҳарчалар қад кўтарган.
Аҳолининг норози кайфияти кучайиши ортидан Мирзиёев аҳоли уйларини ўзбошимчалик билан бузиб ташлаган ҳокимларни ўз сиёсатига хиёнат қилишда айблаган.
"Мен яна бир марта такрорлайман: бундай зўравонлик сиёсати билан биз узоққа бора олмаймиз. Агар зўравонлик сиёсати фойдали бўлганида 30 йилда зўр бўлиб кетган бўлар эдик", дея қўл остидагиларга дакки берганди президент 2019 йил августида ўтган йиғилишда.
Кейинроқ аёвсиз сносларнинг асосий сабабчилари кўрилган ҳокимлар ерни тўғридан-тўғри ажратиш ваколатидан мосуво этилган, 2022 йил октябридан снос муаммосини тартибга солиши кутилган қонун кучга кирган.
Ўша йилнинг июнида президент сносларга барҳам бериш ҳақида яна бир бор гапирган.
"Халқимиз орасида "снос" деган ном билан машҳур бўлган муаммо бор. Бундай ҳолатга бутунлай барҳам бериш учун уй-жой бўйича конституциявий кафолатни белгилаб қўйиш лозим. Яъни, суднинг қарорисиз ҳеч ким уй-жойидан маҳрум қилинмаслиги керак".
Ҳозирда маҳаллий матбуот, вақт ўтиши билан нисбатан маданийлашган бу муаммони деярли ёритмай қўйган бўлса-да, ижтимоий тармоқларда снос ва хусусий мулк дахлсизлиги масаласи ҳамон долзарблигича қолаётганини кўриш мумкин.
Одамлар, асосан, хусусий мулкдан чиқиб кетишга мажбурлаш, суд томонидан белгиланган компенсация пулини ололмаслик ёки мулк учун бозордагидан анча паст нарх таклиф қилиш ҳақида ёзмоқда.
Ўтган йилнинг ноябрида депутат Дониёр Ғаниев парламентда ўтган мажлисда кўп сонли жабрланувчилар қўлида суд қарори бўлишига қарамай, товон пулини ололмаётганини тилга олган.
Айни йиғинда иштирок этган иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров депутатнинг сўзларига жавобан ҳукумат 2018 йилдан буён компенсация ўлароқ "катта маблағ" - 4 триллион сўм маблағ ажратганини маълум қилган.
Шунингдек, вазир ўрганишлар натижасида олдини олиш мумкин бўлган снослар ҳолатлари ҳам аниқланганини тан олган.
Матбуот ва сўз эркинлиги

Сурат манбаси, BBC Uzbek
Ўзбек матбуоти билан қизиққан инсон борки, Мирзиёевнинг журналист-блогерларга қарата "ҳеч нарсадан қўрқманглар, ортингизда президент турибди" деган гапини яхши эслайди.
2021 йил февралида айтилган бу сўзлар 2017-2019 йилларда барчага умид берган нисбий эркинлик коронавирус пандемияси даврида қайта жиловлана бошланганидан хавотирга тушиб қолган ўзбекистонлик матбуот вакилларига қайтадан кўтаринки руҳ берган эди.
Мирзиёев ўтган вақт давомида матбуот очиқлиги сиёсатидан ортга қайтмаслиги, Каримовдек мамлакатни ёпмаслиги, сўз эркинлигини бўғмаслигини кўп бор такрорлаган.
Аммо ўтган вақт давомида унинг бу сўзлари ва реал вазият ўртасида сезиларли жарлик юзага келган.
Айниқса, 2023 йил Янги Ўзбекистон матбуот эркинлиги тарихида энг йирик ортга қайтиш йили бўлгани билан ёдда қолди.
Ушбу йил давомида ўнга яқин таниқли блогер-журналистлар, асосан, товламачиликда айбланиб, узоқ йилларга панжара ортига ташланди.
Хорижий матбуот ва халқаро ташкилотлар ҳам матбуот эркинлиги ҳақида тинимсиз гапиришига қарамай, Мирзиёевнинг бу ислоҳотларига боғланган умидлар пучга чиқа бошлагани, ҳукумат ахборот устидан назоратни анчайин кучайтиргани, бунинг ортидан матбуот вакилларида ўзини-ўзи цензура қилиш кайфияти ортиб кетгани ҳақида ёзган.
Мамлакат Жаҳон матбуот эркинлиги рейтингида тўрт поғонага қулаб, 137-ўринга тушган.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.













