Ўзбекистон: Камбағалликни чиройли рақамлар билан камайтириб бўладими?

Сурат манбаси, uzdiplomat.uz
Президентга камбағалликни 11 фоиз қисқартирдик деб ҳисобот бериб турилган вақтда муҳтож оилани ўзига тўқ оила қилиб кўрсатиш ҳолати кузатилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда қашшоқликни таг-туби билан йўқотишга жиддий киришган, бунинг учун давлатнинг бор ресурсларини ишга солишга, ҳатто бир-бирининг фаолиятини такрорлайдиган тузилмалар барпо этиб бўлса ҳам айни мақсадга эришиш йўлини қисқартиришга ҳаракат қилмоқда.
Алоқадор мавзулар:
- Ўзбекистон, Мирзиёев ва 8 йил: Нималар айтилди, нималар бажарилмади?
- Ўзбекистон: "Бўғилаётган эркинлик" - Мирзиёев ҳам Каримов каби "ахборот ихотаси"га тушиб қолдими? - Видео
- Ўзбекистон: Кредит қайғуси ёки қарз эвазига янгича яшаш
- Ўзбекистон аҳолиси 37 миллиондан ошди деб мақтанамиз, лекин миллионлар ишсиз ё мардикор
Аммо демократик жамият, эркин матбуот босимини ҳис қилмайдиган амалдорлар яна фаолиятини эскича - "юқорига чиройлик рапорт"лар узатиш билан давом эттираяптилар, давлат ёки жамият мададига муҳтож ўзбекистонликларнинг турмуш даражаси яхшиланиши давлат раҳбари истаётган суръатда кечмаяпти.
Буни Президент Мирзиёевнинг сентябр ойидаги икки ҳафта ичида икки марта камбағалликни қисқартиришга бағишлаб ўтказган махсус мажлислари ҳам кўрсатиб турибди: 16 туманда камбағаллик икки марта камайган, 14 туманда эса умуман ўзгариш бўлмаган.
Расман эълон қилинишича, тўрт йил олдин Ўзбекистон аҳолисининг чорак қисми ёки 7,5 миллион аҳолининг даромади камбағаллик даражасига етмаган.
Орада аҳоли сони 3,5 миллионга кўпайди, камбағаллик чегараси ҳам 1,5 бараварга оширилди.

Сурат манбаси, .
Президент Мирзиёевга кўра, ҳукумат 2023 йил якунида 11 фоиз аҳоли камбағаллигини камайтиришнинг уддасидан чиққан.
2024 йил охиригача ярми миллион кишини, 2025 йили эса 1 миллион ўзбекистонликни камбағалликдан чиқариш мақсад қилинаётганини айтди Ўзбекистон президенти.
Шу мақсадда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Бандлик вазирлиги таркибидан чиқарилиб, тўғридан-тўғри ҳукуматга бўйсунадиган қилинди.

Сурат манбаси, President.uz
Шу кунларда Uzdiplomat веб-нашри тайёрлаган видео лавҳа ўзбекистонлик амалдорларнинг камбағалликка қарши кураш мантиғини кўрсатиб берган ҳодиса бўлди.
"Самарқанд ҳокимлигининг лавҳа ортидан аёл хонадонига бориши, уни гўёки дориломон кунларга шак келтираётган ношукр аёл қилиб кўрсатиши пасткашликдан бошқа нарса эмас. Тошкентда юрган айрим қовоқкаллалар эҳтимол у ерда бир гектар ернинг сувтекинлигини, 200 кило нўхатнинг пули бу калтафаҳмларнинг тушлигига етмаслигини билишмас", деб ёзди журналист ва "Эзгулик" Инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов.
"Қуронбоев бошчилигидаги Маҳаллалар Уюшмаси хулосасига кўра икки нафар боласига нон бериш учун чўлга чиқиб янтоқ чопаётган аёл камбағал эмас экан. Хўш, унда Ўзбекистонда биз кимни камбағал деймиз ўша оилани кўрсатинг менга.
Демак, улар ўлчовидаги камбағаллик бу аёлдан ҳам ночорроқ бўлиши керак тўғрими?
Демак бизда бу аёлдан ҳам ночорроқ 12% расман камбағал деб тан олинган оилалар бор шундайми?
Уюшма камбағал эмас деган аёлга кузатувчилар йиғлаб юборди. Хақиқий камбағални кўрсатсак қай аҳволга тушамиз шунда?!", дея савол қўйди журналист Анора Содиқ ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002















