Ўзбекистон: Тошкент шеваси Ўзбек адабий тилига "айланвоттими?" Янгиликлар

Телевизор қаршисида
    • Author, Бахтиёр Турсунов
    • Role, Ўзбекистон
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Телевидениедаги кўрсатувлардан бирига ёш журналистлардан бири таклиф этилиб, унга "сиз нега нуқул адабий тилда гапирасиз, бу олифтагарчиликмасми?" деган савол берилди.

Шунда кўрсатув меҳмони " Даставвал... " дея оғиз жуфтлагани ҳамон студияда қаҳ-қаҳ кулгу кўтарилди.

"Мана гапимизнинг исботи. Китобий сўзлар қон-қонингизга сингган, шекилли" - дея бошловчилар уни изза қилгандек ҳам бўлишди.

Бу журналист даъвони тасдиқлаб қўйганиданми, ҳатто юзи қизаринди ҳам. Яъни мазкур ҳолда адабий тилда сўзлаш камчилик ё қусур, деб қабул қилинмоқда.

Айни пайтда бу - илк ёки ягона шунга ўхшаш ҳолат эмас.

Алоқадор мавзулар:

Ғалати воқелик

Масаланинг ғалати ёки ҳайратланарли жиҳати ҳам бор.

Юқорида эслатилган воқеа аслида адабий тилда сўзлаш шарт ҳисобланган оммавий ахборот воситасида рўй бермоқда.

иқтибос

"Биз зиёли оилада вояга етганмиз. Шунинг учун адабий тилда гапириш бизга сингдирилган. Буни сохтакорликка йўйишади, самимий эмассизлар дейишади" дея ёзғиради актрисалардан бири ойнаи жаҳондаги чиқишида.

Айнан самимийлик деб адабий тилга қарши қўйилаётган омил бу тошкентча шевадир.

Ҳозирда мамлакатдаги нафақат телерадиода дастурларда, балки ўзаро муомала маданиятида ҳам пойтахт шеваси устун кўрилаётганини илғаш мумкин.

"Ўтган ойда талаба ўғлимни ижара уйга жойлаштириш учун Тошкентга бордим" - дейди термизлик аёл - "Биз билан икки даллол йигитча кун бўйи юрди. Улар ҳадеб биз билан пойтахт шевасида гаплашишарди. Сўнгроқ билсак, улар ҳам аслида биздек вилоятлик, аниқроғи, Қашқадарёдан экан."

"Агар шундай қилмасак, тошкентча сўзлаб, ўзимизни улардек тутмасак, бизни сиғдиришмайди, ишимиз битмайди", изоҳ беришди улар, дейди термизлик аёл.

Матбуотнинг янги тили

Телестудияда

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ўзбекистонда телевидение ҳамон оммабоп ва кучли таъсирга эга восита. (Иллюстратив сурат)

Нафақадаги кундалик турмушини кўпроқ телевизор қаршисида ўтказадиган деновлик аёлнинг айтишича, пойтахт шеваси кунма сайин ТВ ва радиода янграйвергани боис маиший ҳаётдан устун жой эгаллаб, реал тарзда адабий тилни муомаладан сиқиб чиқармоқда.

"Телевидениедаги сериал ёки новеллаларни томоша қилсангиз, ўзаро суҳбатлар ҳам баъзан пойтахт шевасида амалга оширилади. Бу ҳолат энди ҳатто чет эл сериалларнинг дубляжига ҳам кўчмоқда. Яъни хорижлик актёрлар ҳам" тошкентча" ёки "янги адабий тил" да гаплашмоқда" - дейди суҳбатдошимиз.

"Уларнинг талаффузидан "Бординми, келдинми?" каби иборалар ишлатилиб, "нг" қўшимчаси ортиқча ҳисобланиб, оқибатда уни ҳатто алифбодан тушириб қолдириш масаласи ҳам кўтарилди. Яна бир янги сериалда "қаҳрамон" суҳбатдоши билан сўзлаша туриб, ундан "қанақасиз?" деб ҳол-аҳвол сўрайди. Аслида бу ибора умрида Тошкентга оёғи тегмаган ўзбек учун "қандай шаклдасиз?" деган маънони англатади.".

"Ахир Тошкентга бормаган ёки унинг шевасини билмайдиганлар юртимизда ниҳоятда кўп "- дейди деновлик суҳбатдош.

Расмий шева?

Сурхондарёлик суҳбатдошимизга кўра, ҳозирда расмийлар ҳам ўз баёнотларини адабий тилда эмас, айрим русча сўзлар аралаштиргани ҳолда, Тошкент шевасида қилишмоқда.

"Бу энди ҳатто фахр, замонавийлик, маданиятлилик белгиси сифатида ҳам кўрилмоқда" - дейди у.

иқтибос

Айни ҳолатни балки ўзбек тилининг ўзига хос тарзда эврилиши ёки ривожланиши дейиш мумкинми?

Журналист Эркин Норсафарнинг наздида адабий тил ўзига хос суръатда бошқача йўсинда эврилиб, тўхтатиб бўлмаётган даражада ўсаётгани бу табиий жараён ҳам бўлмай, балким-да бунинг замирида аҳолини атайин авомлаштириш мақсади бордек.

"Мен бугунги аҳволни кузата туриб, буни қандайдир ички душман тарафидан қилинаётган ёвузлик, деб ҳисоблайман" - дейди журналист Эркин Норсафар.

"Элни авомлаштириш сиёсати ҳар доим ташқи ғаним кучларига қўл келган. Ачинарлиси бу ўз ичингдан туриб, гўёки тушуниб-тушунмай, билиб-билмай содир этилмоқда. Бу миллатнинг моддий ва маънавий парокандалигига, таназзулига сабабчи бўлишидан хавотирдаман,"- дейди журналист.

"Тасаввур қилинг, ўзбек тилини ўрганиш иштиёқида бўлган қайсидир хорижлик Ўзбекистон телеканалларини қўйиб, тилини чархламоқчи бўлади. Агарда у нуқул" вотти", вуза", "вомман"," анақа" каби товушларни эшитса, у буни адабий тил сифатида қандай ўргана олади? Устига устак унинг орасида баъзида бошқача шевадаги мулоқотлар ҳам янграб қолади. Масалан, рус тилини одатда биз ОРТ канали орқали ўрганганмиз. Лекин унда қулоғимиз бир хил оҳангдаги рус тилига кўниккан. Ундаги тилни у сибирча лаҳжа ёки Волгоград шеваси деб ажратиб бўлмайди. Тилнинг масъулияти - буюк масъулият" дейди тил ва адабиёт йўналишида таҳсил олаётган 21 ёшли Одил.

Бу талаба йигит ўзбек тилининг истиқболидан хавотирини таъкидлаб, алломалардан бирининг бу билан боғлиқ фикрларини келтиради.

"Абу Райҳон Берунийнинг шундай сўзлари бор: Тили ҳар хиллашган миллат ўлимга маҳкумдир".

Мабодо ўзбек адабиёти классик намуналарига суянсак, жиллақурса ўзбек тилига ўтмишда дубляж қилинган чет эл фильмларига назар солсак, гўзал адабий тилимиз борлигигига имон келтирамиз, бироқ унинг бугунгидек шиддат билан бузилишини кечириб бўлмас жиноят деб ҳисоблайман" - дейди Одил.

Эътиборсизлик ё такаббурлик?

Умуман, адабий тилнинг бугунги ҳолатига эътибор берилмаяпти, дейиш мумкинми?

Журналист Файзулло Тойировнинг фикрига кўра, тилнинг бу тахлит бузилишига айнан маълум бир маҳаллий қатлам вакилларидаги такаббурлик сабаб бўлиши мумкин ва буни фақат қонуний йўлда жиловлаш зарур бўлади.

"Менимча айни аҳволни бартараф этишнинг қонуний чораларини кўриб чиқиш керак. Яъни тилни бузганлик учун қандайдир жарималар, жазо чоралари қўллаш лозим. Бунинг устида Олий Мажлис ва Сенат бош қотириши даркор, зотан бу мамлакат аҳамиятидаги масаладир"- дейди Файзулло Тойиров.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002