Янгиликлар. Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев эътиборига тушган санъаткорлар кўчада қолдими? O‘zbekiston Yangiliklar

Сурат манбаси, Rasmiy
- Author, Бахтиёр Турсунов
- Role, Ўзбекистон
Бугуннинг гапи...
Алоқадор мавзулар:

Сурат манбаси, Facebook / Erkinjon Turdimov/via kun.uz
"Бошпанали " бошпанасиз театр ёки қийин вазиятлар оғушида бу йилги ижодий мавсум қандай бошланмоқда?
Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги санъат саройи биноси Ўзбекистон марҳум президенти Ислом Каримовнинг сўнгги лойиҳаларидан биридир.
У вафотидан бир ойча олдин мазкур бино қурилиш майдонига келиб, кечаётган ишлар билан танишиб, бу ўзининг шахсий ташаббуси билан амалга оширилаётган тадбир эканини уқтирганди.
Жамоатчилик назарида янги президент Шавкат Мирзиёев тарафидан тантанали очилган мазкур санъат маскани вилоят мусиқали драма театрига тегишли бино деб тушунилади, аммо айни жойдаги муҳит ва тартиб билан яқиндан танишилганда аслида театр янги бинога кўчиб, янги муаммо ва ташвишлар гирдобида қолгани англашилади.
Театр ходимларининг айтишларича, эндиликда улар деярли жойсиз қолишган.Улар санъат саройи таркибида гўё сиғиндидек фаолият кўрсатмоқда.
Уларнинг тарихий биноси эса вилоят қўғирчоқ театри жамоасига ажратилиб, у шунга мос тарзда қайтадан таъмирланган.
Улар бу ҳолатда кўҳна биноларига қайтиб ишлашга ҳам имконсиз қолишган.
Демак, республикадаги сўнгги маданий улкан иншоотлардан саналган Термиздаги бино нега вилоят мусиқали драма театрига тегишли эмас?

Сурат манбаси, Facebook / Erkinjon Turdimov/via kun.uz
"Бу бино тўла маънода театримизники эмас. Унинг эгаси кўп, яъни санъат саройининг алоҳида маъмурияти бўлса, яна мақом ансамбли, рақс дастаси, вилоят филармонияси унинг ичига ўрнашиб олган. Шунинг учун ҳам ҳатто репетицияларни ўтказишга шароит йўқ. Бўш хонани ичига амал-тақал кириб оламиз. Яъни ўз иш тартибимизни бемалол режалаштира олмаймиз, ҳатто театр репертуарини тузиш ҳам қийин. Чунки ўртада кино,концерт қўямиз дейишса, спектаклни бекор қилишга мажбур бўламиз. Яна вилоят ҳокимлиги ва бошқа идора, ташкилотлар ҳоҳлаган вақт ўз тадбирини ўтказиб, режанинг белига тепиши мумкин. Хуллас сарой маъмуриятининг қош-қовоғига қараб, уларнинг измига яраша номустақил ишлаймиз," - дейди вилоят мусиқали драма театри адабий матбуот котиби ва адабий эмакдоши Файзулло Тойиров.
Бундай мажмуавий жиҳат умумий тарзда санъат саройи биносини рентабелли юритиш мақсадида юзага келган, аммо унга эгалар сонини кўпайтириш, ижодий ходимлар таъбири билан айтганда, натижада уни мутлақо беэга, назоратсиз қолдирган. Яна ҳам аниқроқ айтганда, қизғин ижодий жараёнлардан кўра, техник ва иқтисодий масалалар бош планга чиқиб, у кундан кунга ўсиб, янги муаммо ва ташвишларни туғдирмоқда.
"Яқинда трансформатор ичига бир мушук кириб қолди. Шунга бир неча кун бинода чироқ бўлмади. Репетицияларни шам ёруғида қилдик. Ҳатто Усмон Азимнинг "Қуршов" спектаклини прожекторларни движоклар ёрдамида ёритиб комиссияга топширдик. Электр тармоқлари корхонасига мурожаат қилишсак, аввал қарзни тўлаб қўйинглар дейди. Ахийри вилоят ҳокимлиги аралашуви билан саройга чироқ узатилди", - дейди ижодий ходим Ф. Тойиров.
Ўтган сентябрь ойида театр бу йилги мавсумини бошлади, аммо унинг ижодий жараёни қизғин манзарани акс эттирмайди, ақалли санъат саройи майдонидан унинг репертуарини кўрсатадиган афиша мавжудмас.

Сурат манбаси, Facebook / Erkinjon Turdimov/via kun.uz
"Биз ўзимизни бировнинг уйида сермулоҳаза ўтирган меҳмон сингари тутяпмиз. Яъни бирор ишни жўяли бошидан тутиш қийин. Кутилмаганда ҳаммаси ўзгариб кетади. Шунга спектаклларни қачон намойиш этиш санасини ҳам белгилаш мушкул. Мен санъат саройи маъмуриятини ҳам тушунаман, улар ҳам пул ишлаши керак,"-дейди театр бош режиссёри Фарҳод Болтаев. Унинг айтишича, ҳозирги вазиятга барҳам бериш учун ижодий жамоа ўзларига алоҳида маскан бунёд эттиришга ҳаракат ташаббусини бошлаган.
" Аҳволимиздан тегишли вазирликлар, ташкилотлар хабардор. Ҳозирда вилоят филармонияси янги биноси учун маблағ ва лойиҳа белгиланмоқда. Биз уни театрга мослаб қурилишини сўраб мурожаат этдик. Биз олдингидек ўз театримизга эга бўлиб, мустақил фаолият юритишни қатъий мақсад қилганмиз. Бунинг йўлида кураш ва ҳаракатларни тўхтатмаймиз, "- дейди Ф. Болтаев.
" Бундай олиб қараганда мамлакатимизда типовой театр учун мўлжаллаб қурилган бинолар кам. Кўпи клублар шаклидадир. Мазкур санъат саройи концертлар ўтказишга мос. Томошабинлар зали ҳам улкан, агарда театр биноси 500 та томошабинни сиғдириши лозим бўлса, ҳозирги бинода 700 та ўриндиқ мавжуд, аммо кенг масштабли асарларни унда саҳналаштириш мумкин ва бу ерда бунинг уддасидан чиққанман, лекин алоҳида ўз театримизнинг янада янги биносига умид қиламиз, "-дейди театрда 60 йилдан ортиқ фаолият юритиб, унга узоқ йиллар бош режисёрлик қилган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Мансур Равшанов.

Сурат манбаси, .
Агар айнан театр саҳнасида ўйналаётган асарлар мундарижасига назар ташланса, уларнинг тарихий ва замонавий ҳарбий-ватанпарварлик мавзулардан иборатлигини кўриш мумкин. "Адолат фасли," Тўмарис", "Чегарачи"," Қуршов", "Хазон бўлган умрлар" каби асарлар айнан Ватанга муҳаббат, терроризмга қарши кураш каби ғояларни қамраб, театр жамоасининг ўз ихтиёридан ташқари шу мавзуларни ёритишга шартли тематик ҳудудий масканга айлантирган.
"Барча масалалар моддий маблағ атрофида айланади. Тўғри, ҳозир техник воситаларнинг барчаси билан таъминланганмиз. Автобус ажратилган, яқинда декорация ва реквизитларларни ташишга янги юк машинаси берилди. Лекин маблағ талаб қиладиган жиҳатлар жуда кўп. Масалан, спектаклларда доим нуқул табиий ашёлардан кўра ясама жиҳозлардан фойдаланишга мажбурмиз. Дейлик дастурхонда бир идиш олма турибди. У реквизит, табиий олма сотиб олишга кўп пул кетмайди, бироқ уни ажратишмайди. Яна бир ғашга тегадиган жиҳат бизни бўлар бўлмас жисмоний ишларга жалб этишган. Термиз тумани кўчалари йўл ёқасидан бизга гул парвариш қилиш буюрилган. Бу ижодий кайфият ва касбдаги кишилар учун ортиқча ва кераксиз юмуш," - дейди театр матбуот котиби Ф. Тойиров.
Тартиб иплари таранг тортилиб, гоҳида қаеридадир узилаётган шароитдан норози кайфиятдаги айрим ижодкорлар истиқболдан ноумид ҳолда ўз иш ўринларини тарк этаётганлари ҳам айтилади.
Том маънода ўзининг бошпанасиз эканлигини уқтираётган театр ходимлари неки бўлмасин тарқоқ вазиятни бутлаб, қайноқ ижодий жараён қучоғида эканликларидан гапиришади.
Айни вақтда улар яна бир ватанпарварлик мавзусига оид "Жалолиддин Мангуберди" тарихий асарига қўл уришган.
Театрона тушуникли савияли муносабат ва эътибор вазиятни ахийри барқарор ва тугал ҳал қилади, деган умидни билдирадилар келгуси йили 90 йиллигини кутиб оладиган Сурхондарё вилояти мусиқали драма театри ижодкорлари.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














