Янгиликлар. Ўзбекистон: Ўзбеклар Толибондан қўрқмайдими? O‘zbekiston Afg‘oniston Tolibon Yangiliklar

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK
- Author, Бахтиёр Турсунов
- Role, Ўзбекистон
Нима гап?
Алоқадор мавзулар:
- Янгиликлар. Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев қудратларга кескин кетди, нима учун “ўлишга тайёр” эканини ҳам айтди
- Янгиликлар: Толибон яқин қўшниларини огоҳлантирди, ИШИД Марказий Осиё чегарасига яқинлашдими?
- Янгиликлар. Афғонистон: Толибон Ўзбекларни нима қилаяпти? Видео
- Янгиликлар: Афғонистонда янги буйруқ янгради. Толибон лидеридан қўрққуликми? Видео
Ўзбек-Афғон чегарасида нима гап ёки ҳамма ҳушёрми?
Вазият

Сурат манбаси, .
Ангор туманидаги Афғонистон билан чегарадош қишлоққа бориш учун учта улов алмаштиришимиз лозимлигини айтишди.
Аслида чоғроқ туманда Новшаҳар қишлоғи четроқ ҳисобланса ҳам, у бир вақтлар вилоят марказига яқинроқ, қулайроқ ҳудуд ҳисобланган.
Бундан ўн йилча муқаддам ҳам бу ерда темир йўл станцияси мавжуд бўлган. Айнан шу темир йўл бекатининг бунёд этилгани бу ерга аҳолининг кўчиб келиб, ўтроқлашишига сабаб бўлган.
Бу станция сўнгги даврда бекерак ҳисобланиб, биноси деворлари нурагач, батамом бузиб ташланди.
Ҳозирда Новшаҳар барибир қишлоқ эмас, шу боисдан ҳамон станция, деб аталади.
Амударёнинг шундоққина бўйида жойлашган бўлиб, у беш километр масофада Афғонистон билан чегарадош. Ва у қўшни давлат билан чегарада жойлашган шунга оид рўйхатдаги энг кичкина ҳудуддир.
"Бу ерларда кўп йиллар маҳалла раиси бўлиб ишлаганман. Қандай бўлмасин назорат кучли эди. Зовурларгача текшириш талаб қилинарди. Бегона одам кўздан қочирилмасди", - дейди ярим йўлгача бизга ҳамроҳ бўлган, қайси манзилга йўл олганимизни билган 60 ёшларни қоралаган киши.
Унинг айтишича, чегара минораси, яъни "вишка"си илгари аҳоли яшайдиган ҳудудга яқин жойда бўлган. Мустақиллик йилларидан Амударё биқинига ўрнатилган ва чегара ҳам шу ердан белгиланади.
Дарёдан 2 чақиримча масофа нариси эса Афғонистон текисликлари, у ер кимсасиз. Бирор тирик жон ёки жониворнинг саси қишлоқ аҳлига эшитилган эмас. Шундоқ бўлса ҳам "вишка" тепасидан яроғли аскарлар вазиятни назорат остига олишган ва биз уларнинг нигоҳига тушмасликка уриниб, қишлоқ билан танишишга уринамиз.

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK
Қишлоқнинг ўртасида катта зовур, узун темир йўли ва Амударёгача қуйиладиган канал мавжуд.
Айланмасдан осон ўтиш учун сув оқаётган чуқур зовур устидан уч хил қўлбола кўприк ўрнатилган, бироқ янада ҳушёр кўз билан қараганда, тажрибасиз киши учун бу кўприклар қишлоқ тарафга ўтиб олишда хатарли туюлади.
Лекин қишлоқ аҳли ҳаммасига кўникиб кетишган, шароитларга ҳам, нотинч давлат билан шундоққина яқин қўшниликка ҳам.
Зийраклик...
Бу ерда эскича пахса деворли уйларни ҳам, башанг қурилган сўнгги русумдаги меъморий услубга эга ҳовли-хонадонларни ҳам учратиш мумкин.
Қишлоқ аҳолиси асосан деҳқончилик билан машғул. Ҳар бир ҳовли этагида томорқада ундирилган, қуритишга ёйилган маккажўхори пояларини кўрдик.
Қишлоқ табиий равишда узунасига меъморий кўринишда, яъни дарё соҳили бўйлаб жойлашгани учун бир туркум уйлар йиғиндисидан иборат кенг қишлоқ манзарасини чизмайди.

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK
Бу ерда ҳамма ўзиникини алоҳида фарқли тарзда танийди. Четдан келган кишига дарров аҳамият берилади, каттаю кичик, аёлу эркак бирдек сиз билан саломлашади, аммо улар орасида зийракликдан чалғиш керакмас, деб буюрилган алоҳида шахслар ҳам бор.
Дўкон сотувчиси ўзини ана шундай бурчли ҳисоблаганлардан бири чиқиб қолди.
У ҳужжатимизни синчковлик билан қараб чиқди.
"Бизга қишлоқни оралаган бегоналарни текшириш буюрилган. Яна сиз чегара қаердалигини сўраяпсиз. Шубҳаланмай бўладими?"- дейди сотувчи аёл.
Лекин у тўлиқ ишонч ҳосил қилгач, қишлоқ манзарасини тасвирлашга уринди.
"Бу ерда қайноталаримизнинг авлоди ҳам яшаб ўтган. Айтарли хатарнок қишлоқ эмас. Чегарадан шу пайтгача хавфли ҳеч нима сезмадик. Чегара заставаси аскарлари бор. Чегарагача шоли даласи бор. Уёғидан баланд вишка, нимаики бўлмасин, у ерда қайсидир аскар қурол билан кечаю кундуз кўз-қулоқ, "- дея гапиради сотувчи аёл.

Сурат манбаси, .
"Биздан кўра четдагилар турмушимиздан хавотир чекишади. Аслида Афғонистон ҳақидаги маълумотларни ҳам улардан эшитамиз. Шеробод туманидаги опам шундай ахборотлар билан бўлишиб, мени ҳушёрликка чорлаб туради. Биз эса ўрганиб кетганмизми, бундай ташвишларга эътибор ҳам бермаймиз,"- дейди йўлимизда учраган бошқа бир аёл юзида ним табассум билан.
Биз бу суҳбатдошимизни суратга тушишга чорладик, бироқ улар эҳтиёткорлик нуқтаи назаридан таклифимизни рад этишди.
Бизга салом берган, турмуш ўртоғи билан маъракадан қайтаётган дўппили 30 ёшли йигитни гапга тортамиз.
"Мен яқинда Россиядан қайтдим. Ижтимоий тармоққа кирсангиз, турли ваҳимали хабарлар тарқаган. Ўшанда уйга тезда телефон қилиб, ҳеч гап йўқлигини билиб, бошқа ҳамкасбларимни ҳам хотиржам торттирардим. Тўғрисини айтсам, менга Россиядан кўра ўзимни қишлоғимда яшаш хавфсиз, тинчроқ,"- дейди бу йигит.
Қишлоқ аҳолиси бошқа юртдошлари учун ҳам чегара оша бўлаётган воқеаларнинг асосий хабардори, ҳатто таҳлилчиси, яна ҳам аниқроғи қўриқчиси, қалқони бўлиб ҳисобланади. Яъни уларнинг шу ердаги осойишта турмуши қолганлар учун ҳам тинчликка кафолатдек.
Аммо ўта кўникувчанлик ҳақиқий воқеликдан чалғитувчи омил бўлиши мумкинми?

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK
Суҳбатдошимиз яқинда уруш жараёни кечаётган Россияда бўлиб қайтган йигит бу саволимизга елка қисиб жавоб берди.
"Менда таҳлика йўқ. Тўғри, Афғонистонда фавқулодда нимадир содир бўлса, қишлоқ йўллари ёпилиб, аскарлар, нозирлар кўпаяди. Ҳеч ким киритилмайди ва чиқарилмайди. Ўшанда чегара ёнида яшаётганимизни чуқурроқ англаймиз. Ҳозирча худди шундай руҳ ва кайфият қишлоқ аҳолисида шаклланиб бўлган,"- дейди бу фуқаро.
"Ҳарбийларимизга ишонамиз. Кўп хатар уйғотувчи воқеалар бизнинг қишлоғимиз чегарасидан рўй бермаган. Бундан икки йил муқаддам уч афғон фуқароси дарёдан ўтиб, қишлоқларни оралагани ҳақида гап тарқади. Ўшанда қишлоғимиз ҳам аскарлар, милиция тарафидан ўраб олинганди. Шунга кўпчилик бу ҳодиса бизда бўлган, деб ўйлади. Чегарани бузган хорижликларни Музработ туманининг Хошмон қишлоғидан ушлашди,"- дейди яна бир қишлоқ истиқоматчиси кекса аёл. Ва у ўзларнинг ҳаёти ҳамманики қатори эканлигини уқтириб, тўй-ҳашамларга кечда ҳам боришга ҳеч қандай чек-чегара йўқлигини эслатади.
Газ, сув, свет билан боғлиқ масалалар ҳам эл қатори эканлиги айтилади, нисбатан Ангор тумани вилоят марказига яқинлиги туфайли азалдан бунга оид муаммолар бошқа туманларга нисбатан камроқ бўртиб кўринган.
Шу маънода чегара қишлоғида ҳам бу борадаги аҳвол фуқароларнинг ибораси билан айтганда "нормал"дир.
Чегара

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK
Ўзбекистон Афғонистон билан 130 километрга яқин масофада чегарадош ва бу ҳудуднинг бари Амударё соҳиллари бўйлаб ўтади.
Чегарадош ҳудудлар Термиз, Музработ, Ангор туманларида жойлашган.
Айнан аҳоли истиқомат қиладиган чегара бўйи қишлоқлар сони эса, бештадир. Уларнинг учтаси Термиз туманида жойлашган.
Одамлар яшайдиган Ўзбекистон тарафидаги Амударё қирғоғидаги қишлоқларнинг тарихи аксарияти деярли асрларга бориб тақалади.
Биз ҳикоя қилган Ангор туманидаги Новшаҳар қишлоғи эса, ўтган асрнинг иккинчи ярмида аҳолининг секин бир маромда кўчиб жойлашиши билан пайдо бўлган чегара ҳудудидир.
tps://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002












