Янгиликлар: Афғонистонда янги буйруқ янгради. Толибон лидеридан қўрққуликми? Video Rossiya O‘zbekiston Afg‘oniston Tolibon Yangiliklar

Tolibon Oliy rahbari

Сурат манбаси, AFGHAN ISLAMIC PRESS

    • Author, Феруза Раҳмон
    • Role, bbc.com/uzbek
  • Ўқилиш вақти: 12 дақ

Энди нима бўлади? Ўзбекистон Афғонистонга чегарадош...

Афғонистон Толибон ҳаракатининг ўзи эса, яқин-яқингача минтақадаги энг йирик жангари гуруҳ сифатида кўрилган, аъзолари ва тарафдорларининг сони 200 мингдан ортиши айтилган.

Жорий пайтда Қуролли кучлари сонини минтақадаги энг йиригига ҳам айлантириш ҳаракатида.

Афғонистонда ҳозир бирор бир хориж ҳарбийси ҳам йўқ:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Алоқадор мавзулар:

Янги буйруқ

Faktlar

Сурат манбаси, .

Хабарларга кўра, Ҳибатулла Охундзода Покистонга қаратилгани илова чегараоша ҳужумларни "ҳаром", деб атаган, улар Исломга зид эканини айтган.

Покистон пойтахти Исломободдаги юқори мартабали манбага таяниб, тарқатилган хабар шу кунларда ҳатто айрим Ғарб нашрларида ҳам бўй кўрсатган.

Ўзбекистон ҳам Покистон каби минтақанинг Афғонистонга чегарадош олти давлатидан биттаси бўлади.

Жумладан, Америка Овозининг ёзишича, Толибоннинг юқори мартабали мулозимлари яқинда пойтахт Кобулда бўлиб ўтган икки томонлама музокаралари чоғида Покистонни ўзларининг Олий раҳбарларининг янги буйруғи мазмунидан огоҳ этишган.

Покистон тарафига ҳеч кимнинг афғон тупроғидан бошқа бир давлатга таҳдид қилишига йўл қўймасликлари аҳдида қатъий эканликларини яна бир бор таъкидлашган.

Нашрга кўра, покистонлик юқори мартабали мулозим очиқча гапириш ваколатига эга эмаслигини айтиб, бу ҳақда ўзларига аноним тарзда гапирган.

Мазкур манбанинг Толибон томонига иқтибосан маълум қилишича, Ҳибатулла Охундзоданинг янги буйруғи унга байъат келтирган барча гуруҳларни кўзда тутади, уларни бунга амал қилишга масъуллайди.

ИШИД

Сурат манбаси, Screenshot

Сурат тагсўзи, ИШИД Хуросон қаноти сўнгги ойларда ўз ҳужумлари баробарида пропагандасини ҳам янада кучайтирган

Покистон томонига кўра, Покистон Толибон ҳаракати ва иттифоқчиларининг Афғонистон билан ўзаро муносабатларига путур етказувчи хатти-ҳаракатларининг олдини олиш учун Кобулни янги буйруқни ошкора эълон қилишга ундашган.

Агар, уларнинг сўзларига таянилса, Толибон уларнинг ундовларига "буйруқни одамлари, хавфсизлик ва жосуслик тузилмалари орасида тарқатганликлари"ни айтиб, жавоб берган.

Америка овозининг ёзишича, Афғонистондаги Толибон ҳукумати Покистон томонининг айни мазмундаги баёнотларига бирдан муносабат билдирмаган.

Аммо, Афғонистондан жума куни олинган хабарларга кўра, Толибон ҳукумати воизи Забиуллоҳ Мужоҳид буйруқ ёки фатво Исломий Амирликларининг диний уламолар идораси - Дарул Ифтаники эканини айтиб чиққан.

Худди шу манзарада Покистондаги Жамият-и-Исломий гуруҳи етакчиси Сирож-ул Ҳақнинг "Мавлавий Ҳибатулла Охундзоданинг фатвоси жуда таҳсинга сазовор" эканига оид сўзлари Толибон матбуот котибининг сўзларини яна савол остига қўйган, сарлавҳаларга яна Толибон Олий раҳбарининг номини олиб чиққан.

Ўзи гап нимада?

Mintaqa xaritasi

Сурат манбаси, .

Ҳибатулла Охундзода Толибоннинг ҳарбий, сиёсий ва диний Олий раҳбари бўлади.

Янги буйруққа оид хабарлар Покистонда ҳужумлар сони кескин ортган, расмий Исломободнинг жиддий норозилиги манзарасида Толибон ҳукумати уларга энг кўп масъул, деб кўрилаётган Покистон Толибон ҳаракати жангариларини Афғонистоннинг аксарият Марказий Осиё давлатларига чегарадош шимолий ва шимолий-шарқий минтақаларига кўчираётганига оид хабарлар ҳатто халқаро миқёсда жиддий хавотирларга сабаб бўлаётган бир манзарада олинган.

Орада Толибон қудратга қайтиши ортидан Афғонистонни тарк этган ва қарийб икки йилдирки Туркияда муҳожиратда бўлган Ўзбек маршали Абдулрашид Дўстум воизи "Покистон Толибон ҳаракати вакилларининг Афғонистон шимолига кўчирилиши Ўзбекистонга таҳдид" эканини ҳам айтиб чиққан.

Мавзу ижтимоий тармоқлардаги ўзбек сегменти орасида кескин акс-садоларга сабаб бўлган, қизғин баҳсу мунозараларга замин яратган.

Бугунги Кобулнинг Покистон ҳукумати ва Покистон Толибон ҳаракатини тил топишишга ундаш, икковлон ўртасида воситачилик қилиш уринишлари эса, самара бермаган.

Hekimulloh Mehsud

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Покистон Толибон етакчиси Ҳакимуллоҳ Меҳсуд 2013 йилда АҚШ дрон ҳужумида ўлдирилган. У Покистон Толибон ҳаракатига 2007 йилда, расмий Исломободнинг "террорга қарши уруш"да Вашингтон билан ҳамкорлигига норозилик сифатида асос солгани айтилади

Агар, расмий Исломободнинг даъволарига таянилса, Покистон Толибон ҳаракати "қўлидан қуролини қўйиш" ва Покистон Конституциясини тан олишга рози бўлмаган.

Улар Афғонистон Толибон ҳаракатининг қудратга қайтганидан руҳланиб, Покистонда ўз ҳужумларини кучайтиришга зўр беришган, оташкесинга амал қилишни ҳам бас қилишган.

Покистон Толибон ҳаракати ҳам Афғонистон Толибон ҳаракати лидерига байъат келтирган жангари гуруҳлардан бири бўлади.

АҚШ томонидан "глобал террорчи гуруҳ" сифатида ҳам кўрилади.

Афғонистон Толибон ҳаракатининг яқин иттифоқчиларидан бири бўлган, мафкураси ҳам бир, аммо экспертларга кўра, ўзининг кун тартиби ва стратегиясига эга гуруҳ, алоҳида фаолият олиб боради, қўмондонлик таркиби ҳам фарқли.

Ўз вақтида аъзоларининг сони бир неча ўн мингга нисбат берилган, Покистон Қуролли кучларининг 2014 йилда қавмлар яшовчи минтақаларда йўлга қўйган йирик ҳарбий амалиёти ортидан қатор етакчилари ва минглаб жангарисининг Афғонистонга қочиб ўтгани, улардан айримларининг ИШИД Хуросон қанотига қўшилгани ҳам ишонилади.

Асосий эътиборини Покистон хавфсизлик кучларига қаратган. Покистон-Афғонистон чегарасида фаолият юритиб келган.

Минтақа тараққиёти ва фаровонлиги эса, бу икки қўшни давлатнинг бирдек хавфсизлиги билан боғлиқ экани айтилади.

Покистон минтақада Ўзбекистоннинг ҳам муҳим стратегик ҳамкорларидан бири бўлади.

ИШИД Хуросон қаноти Покистондаги сўнгги ҳужумларга масъулиятни ўз зиммасига олиб чиқаётган гуруҳлардан яна бири бўлади.

Ҳозир ҳам Толибон Олий раҳбарига байъат келтирмаган Афғонистондаги энг жанговар гуруҳ экани кўрилади.

Жанубий Осиёдагиси экани айтилиб, ИШИДнинг Хуросон қанотига ҳам дастлаб айнан Покистонда асос солинган.

Энди ҳаммаси яхши бўладими?

Шавкат Мирзиёев

Сурат манбаси, President.uz

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон халқаро рейтингларда Марказий Осиёнинг Қуролли кучлари энг жанговари бўлган давлати сифатида эътироф этилади. Расмий Тошкент сўнгги йилларда Афғонистон билан чегарасида турли ҳарбий ўқув машғулотларини ҳам фаоллаштирган

Покистон, Эрон ва Хитойдан ташқари уч Марказий Осиё давлати - Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон ҳам Афғонистонга чегарадош.

Афғонистондан чегараоша ҳужумлар бугун бу уч минтақа давлатининг ҳам диққат-эътиборидаги хавотирга молик воқеълик, хавфсизликлари билан боғлиқ реал муаммолардан бири бўлади.

Толибон қудратга қайтган сўнгги икки йил ичида Ўзбекистон ва Тожикистон ҳам Афғонистондан ракета ҳужумига учраган.

Икки Марказий Осиё давлати нишонга олинган бу ҳужумларга масъулиятни Толибоннинг "ашаддий рақиби" ва ҳаракат қудратга қайтиши манзарасида Афғонистонда яна энг кўп фаоллашишга муваффақ бўлган ИШИД Хуросон қаноти ўз зиммасига олиб чиққан.

Бунақаси нафақат минтақа давлатлари мустақиллиги, балкида ИШИД жангари гуруҳи фаолияти тарихида кузатилмагани билан ҳам кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортган, ракета ҳужумларига оид янгилик ўшанда сарлавҳаларга чиққан.

Ҳужумлар Афғонистон Толибон ҳаракати Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистонни ҳам расмий Вашингтон билан 2020 йилда имзолаган битимга мувофиқ, бирор бир жангари гуруҳнинг афғон тупроғидан бошқа бир давлатни нишонга олишига йўл қўймаслигига қайта-қайта ишонтириб келаётган бир манзарада амалга оширилган.

Худди шу каби бир манзарада Тожикистон Афғонистондан ўз хавфсизлигига таҳдидни чегарасини янада мустаҳкамлаш, нафақат Ўзбекистон ва Туркманистон, ҳатто Қозоғистоннинг ҳам Толибон ҳукумати билан мулоқотда бўлиш, айниқса, савдо-иқтисодий алоқаларини янада кучайтириш билан аритиш ҳаракатида эканликлари кўрилади.

Afg'onistondagi AQSh qo'shinlari

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, АҚШ ва НАТО бошчилигидаги халқаро коалиция кучлари 20 йиллик ҳарбий ҳозирлиги ортидан 2021 йил августида Афғонистондан чиқиб кетган. Афғон можароси ечими на-да дипломатик ва на-да ҳарбий йўл билан ўзининг якуний ечимини топган...

Олинаётган хабарлардан Олий руҳоний етакчисининг ўтган ойда бергани айтилаётган буйруғига Толибон ҳукуматининг муваққат Мудофаа вазири шу кунларда илк бор ойдинлик киритгандек кўринган.

Хабарларга кўра, Муҳаммад Ёқуб бирор бир мамлакатдан алоҳида ном тутмаган, аммо Толибон Олий раҳбари "жиҳодни тўхтатгани ва унинг буйруғига барча бирдек амал қилиши шарт" эканини айтган.

Tolibon muvaqqat Mudofaa vaziri

Сурат манбаси, RTA

Афғонистон Толибон ҳаракати тўртта ҳамасосчиси ва ҳозирда марҳум дастлабки етакчисининг ўғли энди, "катта қурбонлар" натижасида эришилган тизимни ҳимоя қилиш ва мустаҳкамлашнинг гали эканини таъкидлаган.

15 август куни Афғонистон Толибон ҳаракати пойтахт Кобулни эгаллаганига роппа-роса икки йил бўлади.

Афғонистон таҳдиди эса, йилларки, Марказий Осиё давлатлари ҳам юз буриб турган энг жиддий муаммолардан бирилигича қолаётир.

Яқин-яқингача урушлар ичида бўлган Афғонистон дунёнинг турли жангари гуруҳлар бошпана топган ва жанг қилиб келган саноқли давлатларидан бири бўлади.

Ўзбекистон Исломий ҳаракати мисолида ўз вақтида дунёдаги энг йириги, деб эътироф этилган Ўзбек жангари гуруҳи ҳам 2015 йилда орада ўзи бир муддат жон сақлаган Покистондан Афғонистонга тўлиғича қайтганини эълон қилган.

Жорий пайтда орада сафлари парчаланган Ўзбекистон Исломий ҳаракати жангариларининг маълум қисми ИШИД Хуросон қаноти билан бўлса, бошқаларининг Толибон босими ва назорати остида экани айтилади.

Қарийб икки йилдирки, яна Афғонистон Толибон ҳаракатининг қўлида, Толибон мамлакатни қайта ўзининг Исломий Амирлиги, деб эълон қилган ва унинг Шаръий қадриятлар асосида бошқарилишини билдирган, ҳукумати эса, ҳали-ҳануз дунёнинг бирор бир давлати томонидан расман тан олинмаган.

Халқаро ҳамжамият томонидан тан олиниши учун илгари сурилаётган шартларни беэътибор қолдираркан, Афғонистонга берилаётган йирик миқдордаги йиллик молиявий кўмаклар ҳануз тикланмаган, мамлакатнинг четдаги миллиардлаб долларлик активлари ҳам музлатилганича қолмоқда.

Бу ҳам Афғонистонга чегарадош давлатларнинг жиддий хавотирларига сабаб бўлмай қолмаган, улар қўшнилари иқтисоди таназзулга юз тутса, мамлакатдаги вазият издан чиқиши ва бу ҳам ўз таҳдидларига жиддий хавф пайдо қилишидан ташвишда.

Сўнгги янгиликка на-да Покистон Толибон ҳаракати, на-да ИШИД Хуросон қаноти, на-да Ўзбекистон Исломий ҳаракати ва на-да Толибон Олий раҳбарига байъат келтирган бошқа жангари гуруҳларнинг муносабати кўзга ташланади.

Афғонистонга чегарадош уч Марказий Осиё давлати пойтахтларининг ҳам бу хусусда бирор бир расмий баёнот билан чиқишгани ҳалича кўрилмайди.

Янги буйруққа амал қилмаган жангари гуруҳлар тақдири нима бўлиши маълум эмас, бу хусусдаги хабарларда бу масалага ҳалича ойдинлик киритилмаган.

Шундай экан, энди нима бўлади - янги фатво ёки буйруқ ортидан, Ўзбекистон ва минтақага таҳдид арийдими?

Би-би-си Ўзбек хизмати худди ана шундай саволлар билан қатор минтақавий таҳлилчиларга мурожаат қилди:

Dovud A'zamiy

Сурат манбаси, .

Довуд Аъзамий: Буйруқ ёки ҳукм Жиҳоднинг Исломий тамойиллари ва Толибон баён қилган сиёсатга асосланади.

Бу сиёсатга мувофиқ, Афғонистон ҳудудидан бошқа бир давлатга қарши фойдаланилишига йўл қўйилмайди.

Ҳукм Толибонга алоқадор диний уламолар томонидан маъқулланган.

Унга кўра, Афғонистондан қилинган чегараоша ҳужумлар Жиҳод, деб саналмайди ва ноқонуний ҳисобланади.

Чунки Толибоннинг сиёсий, диний ва ҳарбий масалалар бўйича Олий раҳбари бунга буйруқ ёки руҳсат бермаган.

Ҳукм асосан Афғонистондан четда, айниқса, Покистон ичкарисида қатор ҳужумлар уюштирган Покистон Толибон ҳаракати билан бирга жанг қилишга тайёр ёки бунга мойил толибларга қаратилган.

Ҳукмда Толибон аъзолари ва жангариларига уларнинг Олий раҳбари бошқа давлатга қарши Жиҳод қилишни на-да буюргани ва на-да маъқуллагани айтилади.

Шу боис ҳам, уларнинг ўзга давлатлардаги ҳужумлардаги иштироки Жиҳод эмаслиги, аксинча, Олий раҳбарларининг буйруғига зид иш экани ўқтирилади.

Ҳукм аҳамияти

Буйруқ ёки ҳукм бир неча сабабга кўра муҳим.

Биринчидан, Толибон 2020 йилда расмий Вашингтон билан имзолаган тинчлик битимига мувофиқ, бирор бир гуруҳ ёки шахснинг бошқа давлатларга ҳужум қилиш учун афғон тупроғидан фойдаланишига йўл қўймасликка ваъда берган.

Аммо ҳукм биргина шунинг ўзи билан кифояланмайди, унда Толибон сиёсати, Жиҳод эълон қилиш ва олиб боришнинг диний тамойиллари ҳам очиқланади.

Кўринишидан, Толибон раҳбарияти ўз сафларида янада кучлироқ тартиб ва назорат ўрнатиш, четда урушишга қаратилган ҳар қандай ўзбошимча хатти-ҳаракатнинг олдини олишни истайди.

Иккинчидан, ҳукм Афғонистон Толибон ҳаракатининг "ал-Қоида" тармоғи ва Покистон Толибон ҳаракати билан алоқаларидан ташвишда бўлганларнинг хавотирларини аритишга қаратилган.

Толибон ҳукумати ташқи дунё, айниқса, минтақа давлатлари билан яхши алоқада бўлишни хоҳлайди.

Сабаблар...

Бунинг учта муҳим сабаби бор:

Биринчидан, Толибон ташқи дунё билан сиёсий ва дипломатик алоқаларини кучайтирмоқчи, яъни уларнинг ҳукумати охир-оқибат тан олинади, деган умидда. Чунки шу пайтгача дунёнинг бирор бир давлати уларнинг ҳукуматини расман тан олмаган.

Иккинчидан, улар яқин сиёсий ва иқтисодий алоқалар Афғонистонга хориж сармоясига йўл очиши, Афғонистоноша минтақавий савдони кучайтириши, бу эса, ўз ҳукуматларига жуда зарур бўлган нақд пул даромадларини келтиришига умид қилишмоқда.

Учинчидан, Толибон Афғонистондаги ўз ҳукмронлигига минтақадан келаётган ҳар қандай таҳдидни зарарсизлантирмоқчи.

Толибон бирор бир минтақавий ўйинчи ўзининг Афғонистондаги ҳукуматига мухолифатда бўлган афғонларга ҳарбий ва молиявий ёрдам кўрсатишини истамайди.

ИШИД-чи, нима қилади?

Ўтган йил ўрталарида Афғонистон ҳудудидан Ўзбекистон ва Тожикистонга уюштирилган ракета ҳужумларига масъулиятни ИШИДнинг Хуросон қаноти ўз зиммасига олиб чиққан.

ИШИД Хуросон қаноти Толибоннинг ашаддий рақиби саналади.

Бу ИШИД Хуросон қаноти ҳужумларида янгича кўриниш эди.

Толибон ҳукумати ИШИДни ўзи учун хавфсизлик муаммоси, деб билади.

Шунинг учун Толибон мазкур гуруҳ билан ҳам ғоявий ва ҳам ҳарбий жиҳатдан курашиб келади.

Толибон ИШИД Хуросон қанотини йўқ қилиш учун кўп ресурс ташлаган, шу боис ҳам, гуруҳ Афғонистонда кучли босим остида қолган.

Бошқа томондан, ИШИД Толибон сиқувидан омон қолиш ва минтақа бўйлаб ҳам фаоллашиш ҳаракатида.

ИШИД минтақада катта уруш чиқаришни истайди, чунки бу каби йирик тартибсизлик унинг янада каттароқ манфаатларига мос келади.

ИШИД минтақавий гуруҳ ва бир қанча давлатларда фаолият олиб боради.

Шу боис ҳам, унга қарши курашиш давлатлараро механизм ва ҳамкорликни талаб қилади.

Kamoliddin Rabbimov

Сурат манбаси, .

Савол: Олинаётган хабарларга кўра, Толибон руҳоний лидери чегараоша ҳужумларни "ҳаром", деб атаган. Яхши биласизки, сўнгги икки йил ичида икки Марказий Осиё давлати - Ўзбекистон ва Тожикистон Афғонистондан туриб ҳужумга тутилди. Марказий Осиё давлатлари хавфсизлиги назарда тутилганида, Ҳибатуллоҳ Ахундзоданинг бу фатвоси амалда нимани англатади?

Камолиддин Раббимов: Ўтган уруш даврида, 20 йил давомида Толибоннинг ташқи сиёсат, демакки, давлатчилик борасидаги тафаккури жудаям катта трансформацияга учради. Яъни, Толибон учун бугунги асосий қадрият бу - Афғонистон ҳокимияти, холос. Яъни, биринчи (1996-2001 йиллардаги) толибларда экспансионизм - ташқи дунёга тажовуз қилиш, бостириб бориш ва ўзининг мафкурасини ёйиш жуда ҳам кучли эди. Лекин бугунги Толибон бу - фақатгина Афғонистон ҳокимиятини қўлга киритиш ва уни ушлаб туриш вазифасини олдига қўяди. Мана, ичкаридан олинаётган жуда ҳам кўп сигналлар бор эдики, ўтган 20 йил ичида, уруш даврида ташқи дунёдан келган кўплаб жиҳодчи шахслар, гуруҳларга нисбатан ҳам Толибоннинг муносабати ўта салбийлашган. Яъни, уларнинг олдига шарт қўйилган эдики, "сизларга раҳмат, ҳокимиятни олишимизга ёрдам бердингиз, лекин биз ташқи дунёга бостириб бормаймиз, сизнинг эҳтиёжларингиздан келиб чиқиб, қўшни давлатлар билан урушмаймиз, деган сигнал аллақачон берилган эди. Бу гуруҳлар, ҳаттоки, ўша Айман аз-Заваҳирийнинг тахминан бир ярим йилча олдин Кобулда Америка томонидан портлатилишини ҳам ўта салбий қабул қилишган эди. Яъни, ўша ташқи дунёдан келган, бугун Афғонистон ҳудудида қарор топган шахслар ва гуруҳларда буни Толибоннинг ўзи уюштирди, ўша Америка томонига хабар берди, деган қараш жуда ҳам кучли эди. Энди, мана, икки йил бўлаяпти ҳокимиятни қўлга киритганига ва толибларда давлатчилик психологияси, давлатчилик ёндашуви борган сари кучайиб бораяпти. Яъни, Афғонистон ҳокимиятини ушлаб қола олсак, мана шунинг ўзи катта гап, деган бир ёндашув жуда ҳам кучли. Ва Толибон ҳар доим фақатгина ўзининг ҳудудида, жамиятнинг ичкарисидаги партизанлик урушида кучли бўлган. Яъни, ҳам тактик ва реал нуқтаи назардан ҳам Толибоннинг ташқи дунёга бостириб бориш лойиҳалари олдиндан юқори шансга эга бўлмаган ва, иккинчидан, Толибон яна қайтадан урғулаб айтаяптики, йўқ, бизнинг асосий мақсадимиз ҳокимият эди, ҳокимиятни ушлаб қолсак, мана шу бизнинг асосий вазифамиз, дейилмоқда.

Савол: Афғонистон Толибон ҳаракати ҳали 2020 йилда расмий Вашингтон билан имзоланган "тарихий" битим доирасидаёқ афғон тупроғидан чегараоша ҳужумларга изн бермасликка ваъда берган. Аммо биз Толибон қудратга қайтган сўнгги икки йил ичида Афғонистондан туриб уюштирилган қатор чегараоша ҳужумларга гувоҳ бўлдик. Бу ҳужумларга масъулиятни Толибоннинг ашаддий рақиби ва Толибон қудратга қайтиши ортидан Афғонистонда энг кўп қайта фаоллашишга муваффақ бўлган ИШИД Хуросон қаноти ўз зиммасига олиб чиқди. Шундай экан, бу каби ҳукм амалда қанчалик самарали бўлади ёки иш беради?

Камолиддин Раббимов: Биласизми, Толибон ва ИШИД ўртасида мафкуравий кураш кетаяпти. Яъни, айнан Ислом қадриятлари нуқтаи назаридан нима тўғри ва нима нотўғри, деган масалада улар бир-биридан кардинал фарқ қилади. Шунинг учун ҳам бу ҳукм авваламбор ИШИДга қарши қаратилганки, Афғонистон ҳудудида туриб, қолган давлатларга тажовуз қилиш, қандайдир провакациялар ёки террорчилик амалиётлари қилишни биз тўлиқ ҳаром деб ҳисоблаймиз, бу Исломга тўғри келмайди, деб. Энди, олдиндан бундай курашлар жудаям кўп кузатилган, яъни битта вазиятда, битта жамиятда кураш усулларини мутлақ тескари талқин қилиш бу тарихдан кузатилган бир ҳолат. Албатта, буни ИШИД қабул қилмайди. Сабаби, ИШИДнинг ўзининг мафкураси бор. Толибон билан ИШИДнинг ўртасида анчагина, каттагина бир мафкуравий масофа мавжуд. Чунки Толибон бу - локал, ҳудуд билан боғланган, этник боғланган мафкуравий бир гуруҳ. Яъни, у Афғонистонга ва Афғонистондаги асосан пуштунларнинг консерватив қатламига боғланган. Уларнинг манфаатини ҳимоя қилишга, яъни диний талқин қилишга ҳаракат қилади. ИШИД эса, транснационал ва у ерда кўпроқ чет элликлар мавжуд, ҳамда Афғонистондаги вакуум, бўшлиқдан фойдаланиб, улар, мана, Суриядан сиқиб чиқарилди, Ироқдан сиқиб чиқарилди, маълум бир ҳудудларда сақланиб қолаяпти, лекин, бу ҳудудларнинг сарҳади катта эмас ва бу давлатларда уларга муттасил босим кучли. Шунинг учун ҳам, марказий давлатчилик заиф бўлган Афғонистонда ИШИД ҳозир ўзини нисбатан яхшироқ ҳис қилаяпти. Бир томондан, бу ҳукм ИШИДга қарши, иккинчи томондан, ташқи дунёга ҳам сигнал, яъни, қаранглар, менинг ташқи дунёга бостириб бориш ниятим йўқ, лекин ИШИД билан курашаяпман, қўлдан келса, менга ёрдам беринг, деган бир сигнал ҳисобланади.

Савол: Толибон ўзи бераётган устма-уст ваъдалари, баёнотларига қарамай, ИШИД Хуросон қанотини ҳали-ҳануз тўлиғича жиловлай олмаяпти. Бунга ИШИД Хуросон қаноти масъулиятини ўз зиммасига олиб чиқаётган ҳужумларнинг ўзи ҳам бир мисол. Шундай экан, бундай ҳукм ёки буйруқдан маъни не? Яъни, бу билан нима демоқчи? Чунки Толибон қудратга қайтган сўнгги икки йил ичида Афғонистондан туриб, Ўзбекистон ва Тожикистонга қарши уюштирилган чегараоша ракета ҳужумларини ҳам худди шу гуруҳ айнан ўзи уюштирганлигини айтиб чиққан...

Камолиддин Раббимов: Авваламбор, ўша Тожикистон ва Ўзбекистонга, "бу амалиётларга бизнинг алоқамиз йўқ, нафақат алоқамиз йўқ, балким биз буни тўлиқ қоралаймиз, диний жиҳатдан ҳаром, деб ҳисоблаймиз", деган бир сигнал, яъни бу амалиётлардан масофа сақлаш. Иккинчидан, мана, биласизми, жамиятнинг тафаккури, Афғонистондаги консерватив қатламнинг тафаккури учун ҳар доим кураш бўлган. Ҳозир Толибон ва ИШИД ўртасида кураш кетаяпти. Энди мана бундай ҳукмлар ё қанчалик кучли асосланишига ва айтайлик, ИШИДнинг сафида бўлган инсонларга қанчалик таъсир қилишига ҳам боғлиқ-да. Яъни, одатда, бундай ҳукмлар бирданига вазиятни радикал ўзгартирмайди. Лекин, албатта, унинг ИШИД сафларидаги жангариларга таъсир қилиш салоҳияти 10-15, балким, 25-30 фоизгача ҳам бўлиши мумкин. Яъни, бу мафкуравий кураш ва ўша икки сафдаги инсонларнинг тафаккури учун, уларни ўзлари томонга ағдариш ҳаракати дейиш мумкин.

Савол: Толибон қудратга қайтмасидан аввал, яъни толиблар иттифоқчилари билан бирга афғон ҳукумати ва коалиция кучларига қарши жанг қилаётган пайтда ҳам ҳам маҳаллий ва ҳам минтақавий миқёсда уламоларнинг шунга ўхшаган, айниқса, худкушлик ҳужумлари ҳаром дейилган фатволари бир эмас, бир неча бор чиққан. Аммо бу Афғонистондаги зўравонликларга чек қўя олмаган. Шундай экан, биргина ИШИД Хуросон қанотининг ўзи назарда тутилганда, Толибон бугун Марказий Осиё давлатларини Афғонистондан таҳдид йўқлигига қанчалик ишонтира олади? Бунга биргина ҳукмнинг ўзи кифоя қила оладими? Толибон яна нима қилиши керак ёки қила олади?

Камолиддин Раббимов: Биласизми, жамиятларда ҳеч қачон диний ва сиёсий кайфият бир хил бўлмайди. Ҳукмларни қабул қилиш ва уларни талқин қилиш, бир томондан, диний, иккинчи тарафдан, ижтимоий ва сиёсий кайфиятга бориб тақалади. Яъни, мана шундай радикал кайфиятлар уларни қабул қилмайди. Бу - биринчиси. Иккинчиси эса, Толибонга нисбатан минтақа давлатларидаги турфа муносабат ва умуман олганда, салбий ёки бироз эҳтиёткорона муносабат, албатта, сақланиб колаверади. Сабаби, Толибоннинг ичкарисидаги кайфият ва умуман стратегия бир хил ва яхлит эмас. Ундаям ўнг -радикал қанот бор. Сўл бўлган дипломатлар, мўътадиллик тарафдорлари ҳам бор. Қайси бири кучлироқ келади, айтайлик, Афғонистондаги ижтимоий, иқтисодий ҳолат сабаб, вазият яна издан чиққудек бўлса ва ижтимоий портлаш бўладиган бўлса, Толибоннинг бунга муносабати қандай бўлади, этник камчиликларга, авваламбор тожикларга, кейинчалик ҳазора ва ўзбекларга нисбатан муносабат қандай бўлади, бундай саволлар бор ва бу саволларга ҳеч ким аниқ жавоб бера олмайди. Толибон, албатта, имкон қадар, бир томондан, ўзининг мафкурасидан, консерватизмидан чекинмасликка, иккинчи томондан, ташқи дунёга ишончли, вазмин, ёпиқ, консерватив бир ҳаракат ёки куч сифатида кўринишга ҳаракат қилаяпти. Яъни, иккита манфаатининг ўртасида мувозанат излаяпти. Ва мана шу мувозанатда, айтганимдек, ички консерватизм, айтайлик, биз пуштунлар ҳаракатимиз, диний, исломий пуштунлар ҳаракатимиз, деган қараш қолган қўшни давлатларнинг бу ҳаракатни салбий қабул қилишига ёки уларга нисбатан ишончсизлик ифодаланишига сабабчи бўлиб қолаверади. Яъни, Толибон ўзини қанчалик ишончли, вазмин ҳаракат қилиб кўрсатишга уринмасин, Толибоннинг ўзининг ички манфаатлари бор ва мана шу манфаатлардан келиб чиқиб, Толибон, бир томондан, ижобий образ олишга ва иккинчи тарафдан, ташқи дунёга қўрқинчли ҳаракат сифатида кўринишга ҳаракат қилиб қолаверади. Чунки бугун Толибон ташқи дунёга тўлиқ ишончли бўлишга интилмаяпти. Агар, ундай интилганида эди, аллақачон инклюзив ҳукумат тузишга эришган бўлар эди. Бундай хавфсизлик кафолатлари ҳақида кўп айтилди. Афғонистон Тожикистонга, Ўзбекистонга ҳам худди шундай деб айтди. Ва давлатлар реалист. Биласизми, бу Толибон раҳбарияти айтаверади, лекин Толибоннинг ичкарисида ягона куч эмас-ку. Буни ҳамма билади-ку. Бунинг учун Толибоннинг ўзи ягона, бирлашган, ҳақиқатан бир позициядаги куч бўлиши керак. А бунинг яқин йилларда имконияти йўқ, албатта.

Савол: Худди шу манзарада муваққат Мудофаа вазири Толибоннинг жиҳодни тўхтатганини ҳам яна бир бор хосан таъкидлади, алоҳида тилга олди. Минтақа хавфсизлиги нуқтаи назаридан, бу баёнот нимани англатади?

Камолиддин Раббимов: Толибон ҳокимиятни қўлга олди ва бундан кейин ўша ҳокимиятни ушлаш учун барқарорлик сиёсати тараф, яъни, қаршилик кўрсатиш вазифаси тугади. Чунки ҳокимиятни қўлга олди. Дунёвий ҳокимият бугун мавжуд эмас. Ашраф Ғани ёки Ҳомид Карзай ҳукумати мавжуд эмас. Ҳокимиятни қўлга олдик, уруш учун бугун эҳтиёж йўқ, ҳамма билан ярашишга ҳаракат қиламиз, дегани, холос.

Савол: Сафларининг қанчалик тарқоқ экани назарда тутилса, минтақа давлатлари Толибоннинг бу гапларига қанчалик ишонса бўлади? Энди нима кутса бўлади?

Камолиддин Раббимов: Толибон демократия ҳақида гапиргани йўқ. Толибон уни "куфр низоми", деб ҳисоблайди. Толибонни биз ҳар доим консерватив, ўта бир Исломни, ҳанафийликни қаттиқ талқин қиладиган куч сифатида билганмиз ва Толибон буни ҳеч қачон яширмаган. Яъни, биз вазиятни идеаллаштиришимиз керак эмас у қутбдан, бу қутбга. Толибоннинг, масалан, шу пайтгача образи шаклланган. Унинг ўнг қаноти анчагина радикал, сўл қаноти ҳам ўта либерал эмас, масалан. Шунинг учун, улар инклюзив ҳокимият тўғрисида ҳам узил-кесил ваъда берган эмас. Унга шарт сифатида қўйилаяпти, лекин улар, бўлди, шуни қиламиз, деб ваъда берган эмас қатъий бир шаклда. Ташқи дунёга бостириб бориши учун, масалан, бунинг эҳтимоли юқори бўлганида эди, Ўзбекистон ҳам, Тожикистон ҳам, Туркманистон ҳам урушга тайёрланаётган бўлиши керак эди. Ундай тайёргарлик йўқ, албатта.

tps://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002