Янгиликлар. Афғонистон: Толибон Ўзбекларни нима қилаяпти? Video Afg‘oniston Dunyo Tolibon Yangiliklar

Tolibon liderlari

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Икки йилдирки, яна Афғонистон Толибон ҳаракатининг қўлида, Толибон мамлакатни қайта ўзининг Исломий Амирлиги, деб эълон қилган ва унинг Шаръий қадриятлар асосида бошқарилишини билдирган
Ўқилиш вақти: 7 дақ

Янги гаплар ўртага чиқмоқда...

Алоқадор мавзулар:

Толибон ҳукуматининг қандайлигини четдагилар яхши билмайдими?

Уларнинг толибларга бераётган баҳоси оммавий ахборот воситаларининг хабарлари таъсирида шаклланганми?

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Толибоннинг таниқли Ўзбек қўмондони, Олий раҳбарининг маслаҳатчиси ҳаракат қудратга қайтганининг икки йиллиги арафасида Би-би-си Ўзбек хизматига интервью берди.

Салоҳиддин Айюбий четдагилардан фарқли тарзда Толибон ҳукумати ҳақида "яхши гумонда" эканини билдирди.

Афғонистон ва Ўзбеклар

Салоҳиддин Айюбий қудратли ўзбек қўмондонларидан ҳисобланади

Сурат манбаси, Courtesy

Сурат тагсўзи, Салоҳиддин Айюбий қудратли ўзбек қўмондонларидан ҳисобланади

Афғонистон Ўзбекистондан кейин дунёнинг энг кўп Ўзбеклар яшовчи иккинчи давлати бўлади.

Узоқ йиллик урушлар боис, аҳолиси бу яқин ўн йилликларда расман рўйхатга олинмаган эса-да, бу мамлакатдаги этник Ўзбеклар сони турли манбаларда миллионларга нисбат берилади.

Афғонистоннинг ўзи эса, дунёнинг кўпмиллатли давлатларидан бири бўлади, аҳолисининг сони 40 миллиондан кўпроқни ташкил этиши ишонилади.

Мамлакатдаги миллий озчиликларнинг тили, маданияти ва тақдири Толибон қудратга иккинчи бор қайтиши ортидан яна ҳам Афғонистон ичкариси ва ҳам ташқарисида кўпчиликнинг жиддий хавотирларига сабаб мавзулардан бири экани кўрилади.

Сўнгги икки йил ичида Афғонистондан олинаётган хабарлар мамлакатда миллий муаммолар ҳануз ҳассослигича қолаётганига далолат қилади.

Худди шу манзарада Афғонистондаги Ўзбекларнинг тили, маданияти ва тарихий мероси билан боғлиқ хабарлар бир эмас, бир неча бор ижтимоий тармоқларни ларзага келтирган, бунга расмий Тошкентнинг ҳам ўз муносабатини билдириб чиққани кўрилган.

Толибоннинг қудратли Ўзбек қўмондони эса, бугунги баҳоларини Афғонистоннинг ўзидан туриб бераётганини таъкидлаган.

Салоҳиддин Айюбий ўзбек маданиятива мероси тарғиботчиси эканлиги айтилади

Сурат манбаси, Courtesy

Сурат тагсўзи, Салоҳиддин Айюбий ўзбек маданияти ва мероси тарғиботчиси эканлиги айтилади

Афғонистондаги Ўзбеклар сонини 10 миллионга нисбат бераркан, Салоҳиддий Айюбий уларнинг Толибон ҳукуматидаги намояндаликларидан мамнундек кўринган.

Унинг айтишича, дейлик, бундан аввал Афғонистонда ўзбеклардан генералларнинг сони бешта ҳам чиқмаган.

Ҳозир эса, "Толибон ҳукуматида хизмат қилаётган 40-50 тача миллати Ўзбек генерални кўрсатиб бера олади".

Салоҳиддин Айюбийга кўра, биргина бу эмас, Бош вазир муовини, Қишлоқ хўжалиги вазири, Қочқинлар ишлари, Иқтисод вазирларининг ўринбосарлари ҳам бугун Ўзбеклар бўлишади.

Яна ўнга яқин вилоят ҳокимлари ёки ҳоким муовинлари ҳам Ўзбеклардир.

Унга кўра, қўлида аниқ маълум йўқ бўлса-да, яна кўп жойларда шимолликлар бор.

Салоҳиддин Айюбийнинг ўзи Толибон ҳукумати сафидаги энг кўзга кўринган ва нуфузли ўзбекзабон сиёсатчилардан бири бўлади.

У жорий пайтда Толибон Олий раҳбарининг маслаҳатчиси ва жанубий Зобул вилояти полиция бошқармасининг бошлиғи.

Толибон қудратга қайтиб, ўзининг муваққат ҳукуматига асос солиши ортидан, бир муддат Қишлоқларни ривожлантириш вазирининг ўринбосари ҳам бўлиб ишлаган.

Салоҳиддин Айюбийнинг айтишича, агар кимдир бугун Толибон ҳукуматида Ўзбеклар йўқ деяётган бўлса, бу алоҳида бир масала, ўша одамларнинг ўз шахсий нуқтаи назарлари, ўзларига ҳам ҳақ берилиши истагидан келиб чиқиб берилган баҳо бўлиши мумкин.

У, шундай деркан, Толибон қудратга қайтиши манзарасида муҳожиратга юз тутган собиқ афғон ҳукуматининг Ўзбек мулозимлари ва сиёсатчиларига ҳам ишора қилгандек кўринган.

Marshal Dostum

Сурат манбаси, Skrinshot

Сурат тагсўзи, Ўзбеклар, йилларки, Афғонистонда қудрат посангиси мувозанатида муҳим ўрин тутиб келишган, таъбир жоиз, айнан уларнинг овози бу мамлакатда кимнинг қудратга келишини ҳал қилган

Афғонистон тарихида вице-президентлик мақоми ва маршаллик ҳарбий рутбасига кўтарила олган ягона Ўзбек сиёсатчиси ва қўмондони Абдулрашид Дўстум ҳам партиясининг етакчи издошлари ва тарафдорлари билан бирга, икки йилдирки, Туркияда.

У сўнгги икки йил ичида Толибон ҳукуматининг ашаддий танқидчиларидан бири бўлади, айниқса, Афғонистоннинг қўшниларини толибларга ишонмасликка чақириб келади.

Маршал Дўстум Туркияда муҳожиратда экан, мамлакатни ўзлари каби тарк этишга мажбур бўлган яна бир қанча йирик сиёсий партиялар етакчилари билан бирга Афғонистонни Қутқариш Миллий Қаршилик кенгашига асос солган.

Орада маршал Дўстумнинг иттифоқчилари билан бирга Толибон томони билан музокаралар олиб бориш илинжида экани ҳам кўрилган.

Кенгашнинг Толибон қудратга қайтишининг икки йиллиги санаси муносабати билан куни-кеча сиртдан ўтказилган йиғинида эса, маршал Дўстум Афғонистонда ҳали ҳам миллионлаб тарафдорлари борлиги ва бу гал Толибонни қулатишда ҳатто Американинг кўмаги ҳам лозим бўлмаслигини даъво қилган.

Аммо, шундай деркан, бу билан айнан нимани назарда тутгани тафсилотларини очиқламаган.

Шу кунларда эса, Толибон Шариатга мос эмаслигини айтиб, Афғонистонда ортиқ бирор бир сиёсий партиянинг фаолиятига изн бермаслигига оид хабарлар ҳам олинган.

Ўзбеклар, йилларки, Афғонистонда қудрат посангиси мувозанатида муҳим ўрин тутиб келишган, таъбир жоиз, айнан уларнинг овози бу мамлакатда кимнинг қудратга келишини ҳал қилган.

Афғонистоннинг сўнгги сайланган ҳукумати билан сулҳ музокараларида ҳам Ўзбек миллатига мансуб Толибон вакили Абдул Салом Ҳанафий фаол ўрин тутган.

Tolibon hay'ati

Сурат манбаси, Rasmiy

Амалдаги афғон ҳукумати қулаб, қудратга Толибон қайтгач, у Бош вазирнинг Иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари этиб тайинланган.

Аммо орада Ўзбек мулозимининг Бош вазир маъмурияти раҳбари муовини лавозимига ўтказилгани хабари олинган.

У ўзининг янги лавозимида амалий ташриф билан Ўзбекистонда ҳам бўлиб қайтган, Толибоннинг юқори даражали ҳайъатига бошчилик қилганди.

Толибон Олий раҳбари Ўзбек маслаҳатчисининг бу сўзларига маршал Абдулрашид Дўстум илова муҳожиратдаги афғонистонлик ўзбек сиёсатчиларининг муносабати ҳозирча маълум эмас.

Ҳозир ҳам Толибонга қарши курашини давом эттираётган ва асосан этник тожиклардан ташкил топган Афғонистон Миллий Қаршилик ҳаракати эса, толиблар 2021 йилнинг сентябрида асос солган муваққат ҳукуматни "ноқонуний", деб тан олмаган.

Сўнгги икки ўн йилликда Афғонистон масаласида ҳал қилувчи сўзни айтиб келган ва 2019 йилда Толибон билан имзолаган "тарихий" битими асосида мамлакатни тарк этиб, толибларнинг қудратга қайтишига йўл очган Америка Қўшма Штатлари эса, ўз кучларига қарши ҳужум қилган айрим шахслар ва аксар Толибон етакчиларидан ташкил топган муваққат ҳукуматдан ташвиш билдирган.

Shavkat Mirziyoyev

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон ҳали қудратга қайтмасидан аввал Афғонистон Толибон ҳаракати билан расман, фаол ва тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориб келаётган минтақа давлати бўлади. Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва ўзбек халқининг тинчлиги учун, " ким бўлишидан қатъиназар, исталган томон билан гаплашиши"ни ҳам баён қилган

Афғонистонга чегарадош учта Марказий Осиё давлатидан биттаси бўлган Ўзбекистон эса, буни биринчилардан бўлиб олқишлаган.

Расмий Тошкент Афғонистоннинг янги давлат идоралари билан ҳамкорликка тайёрлигини билдирган.

Ўзбекистон ҳали қудратга қайтмасидан аввал Афғонистон Толибон ҳаракати билан расман, фаол ва тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориб келаётган минтақа давлати бўлади.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва ўзбек халқининг тинчлиги учун, " ким бўлишидан қатъиназар, исталган томон билан гаплашиши"ни ҳам баён қилган.

Ўзбекистон Афғонистонга инсонпарварлик ёрдамларини давом эттиришга қарор қилган дунёнинг саноқли давлатларидан бири ҳам бўлади.

Аксарият минтақавий таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистон шу йўл билан жангарилар бўладими ёки катта сондаги қочқинлар оқими - Афғонистондан келиши мумкин бўлган ҳар қандай хавф ва таҳдидни юмшатиш ҳаракатида.

Шавкат Мирзиёев расмий ва юқори минбарлардан туриб, Афғонистонни яккалаб қўймасликка ҳам чақириб келади.

Ўзбекистон ҳаракат Афғонистонда доимий барқарорликни ўрнатишга муваффақ бўлса, ўзининг узоқ йиллик йирик иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишга ҳам кўз тиккан, Афғонистон орқали энг қисқа йўллар билан сув йўллари ва ўзлари учун ноанъанавий бўлган янги бозорларга чиқишни ҳам кўзлайди.

Аммо Толибон ҳукуматини шу пайтгача дунёнинг бирор бир давлати расман тан олмаган.

Халқаро ҳамжамият улар ҳукуматини айнан инклюзив эмасликда танқид қилиб келишади.

Лекин Толибон кенг қамровли эканини айтиб, уларнинг инклюзив ҳукумат тузиш талаби ва даъватига қулоқ тутмай келади.

Ҳаммаси ўзгардими?

Salohiddin Ayyubiy

Сурат манбаси, courtesy

Сурат тагсўзи, Толибон Кобулни қўлга олгач, Айюбий қўл остидаги қуролли жангчилари билан биринчилардан бўлиб пойтахтга кириб келган қўмондонлардан бири ҳам бўлади

Бор-йўғи ўтган йили Салоҳиддин Айюбийга яқин манбалар бошқача гап билан чиқишган.

Улар қудратли Ўзбек қўмондони Толибон билан алоқаларини узишга қарор қилганини айтишган.

Би-би-си манбасига кўра, Толибон Айюбийнинг таклиф ва талабларини инкор қилиб келган.

Унга яқин манбанинг айтишича, Айюбий Толибондан қизларнинг ўрта таълим мактабларини очишни, барча миллатларга ҳукуматда тенг ҳуқуқ ва ваколат беришни, миллатлар ўртасида низоларга сабаб бўлаётган ер устидан даъволарни тўхтатишни ва шимолдаги билим юртлари пештахталардаги ёзув тилларини ўзгартирмасликни талаб қилган.

Ўшанда Толибоннинг миллатлар ўртасида низога олиб келувчи қарорлар олишда давом этаётганини ҳам Салоҳиддин Айюбий қарорининг сабабларидан бири ўлароқ тилга олишган.

Манбага кўра, ушбу муҳим масалаларга Толибон томондан бефарқ муносабат Айюбийнинг норозилигига сабаб бўлган.

Манба Би-би-сига Айюбий ва тарафдорлари муаммоларни тинч йўл билан ҳал этилиши тарафдори экани, аммо марказий ҳукумат куч ишлатмоқчи бўлса, Афғонистон шимолида вазият кескин ўзгариши мумкинлигини ҳам айтган.

Айюбийнинг Толибон сафидан чиқиш қарорини бошқа бир неча муҳим қўмондонлар ҳам қўллаб-қувватлагани ҳақидаги гап-сўзларни эса, Би-би-си Ўзбек хизмати ўшанда тасдиқлашга муваффақ бўлмаганди.

Бунинг ортидан Толибон ушбу масалани ўрганаётгани, Толибон Олий раҳбари эса, Салоҳиддин Айюбий билан бир эмас, бир неча бор учрашганига оид хабарлар ҳам олинган.

Худди шу каби хабарлар манзарасида унинг Толибон Олий раҳбари маслаҳатчиси этиб тайинлангани ҳам маълум бўлган.

Толибон Кобулни қўлга олгач, Айюбий қўл остидаги қуролли жангчилари билан биринчилардан бўлиб пойтахтга кириб келган қўмондонлардан бири ҳам бўлади.

Толибон ва ўзбеклар

Afg'oniston

Сурат манбаси, Sskrinshot

Сурат тагсўзи, Афғонистон Ўзбекистондан кейин дунёнинг энг кўп Ўзбеклар яшовчи иккинчи давлати бўлади

Ўзбеклар асосан Афғонистоннинг Марказий Осиёга чегарадош шимолий ва шимолий-шарқий вилоятларида яшашади.

Толибон қудратга қайтиши ортидан Афғонистондан мамлакатдаги миллий озчиликлар, айниқса, ҳазоралар ва ўзбекларнинг жиддий хавотирда эканига оид хабарлар олинган.

Мозори Шарифда яшовчи айрим ўзбеклар орада Би-би-си билан суҳбатларида ўз қўрқувлари билан бўлишишган.

Улар худди Толибон илк бор қудратда бўлган 90-йиллардагиси каби миллат сифатида ўз мавжудликлари хавф остида қолиши мумкинлигидан ташвишда эканликларини айтишган.

Худди шу манзарада ўзбекзабон интернет сегменти орасида Толибон ўқув дастуридан ўзбек тилини чиқариб ташлаганига оид айрим тасдиқланмаган хабарлар бўй кўрсатган.

Воқеаларнинг худди шу каби ривожи манзарасида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили 2021 йилнинг 31 август куни расмий ахборот билан чиққан.

Толибон ҳаракати расмий раҳбарияти билан суҳбатларида айни мазмундаги хабарлар ўзининг тасдиғини топмаганини билдирган.

Юсуп Қобилжонов Толибон вакили ўзларига ўзбек тилининг, пушту ва дари тиллари билан бир қаторда, бундан буён ҳам Афғонистоннинг расмий тилларидан бири бўлиб қолишини тасдиқлаганини маълум қилган.

У, шунингдек, Ўзбекистон томонига мамлакатнинг янги раҳбарияти ўзбек тилини ўрганиш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратишини айтганига ҳам тўхталиб ўтган.

Би-би-си Ўзбек хизмати суҳбатлашган айрим маҳаллий ўзбеклар расмий Тошкентнинг ошкора муносабати билан боғлиқ воқеълик илк бор кузатилаётгани билан ўзларининг хос эътиборлари ва қизиқишларига сабаб бўлганини айтишган.

Аммо "халқаро ҳамжамият кўз ўнгида ўз имижини ижобий сақлаш ҳаракатида бўлган Толибон расман қудратга келгач, берган бу ваъдаларига қанчалик амал қилиши"ни савол остига ҳам олишган.

Покистон Ташқи ишлар вазири билан худди ўша йил 25 август кунги расмий учрашуви чоғида Афғонистонда инклюзив бўлмаган ҳукуматни тан олмасликларини баён қилган Тожикистон президентининг эса, афғон халқига, жумладан, тожиклар, ўзбеклар ва бошқа миллий озчиликларга нисбатан ҳар қандай кўринишдаги қонунбузарлик, қотиллик, талончилик ва таъқибларни қатъий қоралагани ҳам расман хабар берилганди.

Infografika

Сурат манбаси, .

Афғонистон Толибон ҳаракатининг ўзи эса, яқин-яқингача минтақадаги энг йирик жангари гуруҳ сифатида кўрилган, аъзолари ва тарафдорларининг сони 200 мингдан ортиши айтилган.

Жорий пайтда Қуролли кучлари сонини минтақадаги энг йиригига ҳам айлантириш ҳаракатида.

Афғонистонда ҳозир бирор бир хориж ҳарбийси ҳам йўқ.

Икки йилдирки, яна Афғонистон Толибон ҳаракатининг қўлида, Толибон мамлакатни қайта ўзининг Исломий Амирлиги, деб эълон қилган ва унинг Шаръий қадриятлар асосида бошқарилишини билдирган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek