Янгиликлар. Ўзбекистон: Толибон таҳдидми ёки камдан-кам имконият? Podkast Rossiya O‘zbekiston Afg‘oniston Tolibon Yangiliklar

O'zbekiston prezidenti

Сурат манбаси, official

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон ҳали қудратга қайтмасидан аввал Афғонистон Толибон ҳаракати билан расман, фаол ва тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориб келаётган минтақа давлати бўлади. Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва ўзбек халқининг тинчлиги учун, " ким бўлишидан қатъиназар, исталган томон билан гаплашиши"ни ҳам баён қилган
    • Author, Феруза Раҳмон
    • Role, bbc.com/uzbek
  • Ўқилиш вақти: 10 дақ

Толибон Марказий Осиёга яқинлашдими ёки Марказий Осиё Толибонга?

Минтақадаги воқеаларнинг сўнгги ривожи янги саволларни кун тартибига олиб чиқди.

Икки томон ўртасидаги алоқаларнинг динамикаси четдаги кўпчиликнинг эътиборини ҳам ўзига тортди.

Толибон қудратга қайтган сўнгги икки йилнинг ўзидаёқ минтақада бўй кўрсатаётган бу каби воқеълик Россиянинг Марказий Осиёдаги таъсирини кесиши мумкинлигига оид талқину таҳлилларга ҳам сабаб бўлмай қолмади.

Нима бўлди?

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

Ўзбеклар мамнунми?

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 2
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 2

Алоқадор мавзулар:

Tolibon hukumati hay'ati

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Толибон ҳаракати 2021 йил августида Афғонистонда яна қудратга қайтган, ўзининг муваққат ҳукуматига асос солиш баробарида мамлакатни яна ўзининг Исломий Амирлиги, деб эълон қилган

Ўзбекистон ва Туркманистон ортидан Афғонистонга чегарадош бўлмаган Қозоғистон ҳам Толибон ҳукумати билан алоқаларини кучайтириш истагида экани маълум бўлди.

Расмий Остона шу кунларда Толибон Афғонистони вакиллари билан минтақа тарихида кўрилмаган бизнес-форумга ҳам мезбонлик қилди.

Қозоғистон ҳам Толибон Афғонистонига янада яқинлашмоқчи, Афғонистоннинг савдо, иқтисодий ва транзит потенциалидан ҳам унумли фойдаланмоқчи.

Форумга Толибон муваққат ҳукуматининг Саноат ва савдо вазири баробарида Афғонистон Марказий банки раҳбарлари, йирик хусусий банклар, энг катта энергетика, телекоммуникация ширкатлари, Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва чорвачилик, Савдо-саноат палатаси вакиллари, бизнес одамларини ҳам таклиф қилди.

Қозоқ ҳукумати Афғонистоннинг 350 дан ортиқ ширкатига ўз маҳсулотларини Қозоғистон пойтахтида намойишга қўйишга ҳам имкон берди.

Хабарларда Толибон муваққат ҳукумати Саноат ва савдо вазири бошчилигида Қозоғистонга ташриф буюрган Афғонистон томони ҳайъатининг умумий сони 200 дан ортиши айтилди.

Янгилик минтақада сарлавҳаларга чиқди, кўпчиликнинг диққатини ўзига тортди, етакчи минтақавий экспертларнинг ҳам эътиборига тушди.

Расмий Остонанинг бу қарорига Афғонистон Толибон ҳаракатининг Қозоғистонда "террорчи ташкилот" саналаши ҳам тўсқинлик қилолмади.

Faktlar

Сурат манбаси, .

Хабарларга кўра, расмий Остона Афғонистон томонига Қозоғистонда ўзининг Савдо вакиллигини очишни ҳам таклиф қилган.

Ўзаро ҳамкорликларини кучайтириш мақсадида уларга Қозоғистоннинг Ҳиротдаги Савдо уйининг имкониятларидан фойдаланишлари мумкинлигини ҳам айтган.

Маълум бўлишича, икки давлат хусусий секторлари ўртасида умумий қиймати бир неча юз миллион долларга тенг илк савдо битими ҳам имзоланган.

Афғонистон томони Қозоғистон пойтахтида жуда муҳим икки томонлама келишувларга эришишга умид қилаётганлигини яширмаган.

Асосий маҳсулотларини Қозоғистондан импорт қилишлари боис, улар билан яхши, икки томонлама савдо алоқаларини ўрнатишни хоҳлашлари, Қозоғистонга ўз товарлари экспортини ҳам муҳим, деб билишлари, уни оширишни исташлари ва мувозанатли савдога эришишни мақсад қилганликларини ошкора баён қилган.

Бугунги Кобул, юқори мартабали ҳайъати Остонада экан, ҳатто, Қозоғистондан келаётган маҳсулотлар нарх-навосини назорат қилиш истагида эканликларини айтишгача борган.

Расмий Остона шу йил апрель ойида ҳам четдаги кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортган, Толибон дипломатларини Қозоғистонда расман аккредитациядан ўтказишга ҳам розилик берган.

Сўнгги пайтларда Афғонистонга Қозоғистон ҳукумати ҳайъатларининг ташрифлари ҳам фаоллашган.

Қозоғистон томони орада Толибон Афғонистони Марказий Осиё давлатлари орасидан энг кўп ўзлари билан савдо-сотиқ қилаётгани борасида ошкора баёнот бергани қатор минтақавий нашрларда ҳам кўрилган.

Mintaqa xaritasi

Сурат манбаси, .

Қозоғистон минтақанинг энг йирик иқтисоди саналади, аммо Қирғизистон билан бирга Марказий Осиёнинг Афғонистонга тўғридан-тўғри чегарадош бўлмаган иккита давлатидан биттаси.

Толибон ҳаракати 2021 йилнинг 15 августида, бундан роппа-роса икки йил муқаддам пойтахт Кобулни эгаллаган, Афғонистонда яна қудратга қайтган, ўзининг муваққат ҳукуматига асос солиш баробарида мамлакатни яна ўзининг Исломий Амирлиги, деб эълон қилган.

Орада кечган вақт давомида қолган минтақа давлатлари орасидан энг кўп Ўзбекистон ва Туркманистоннинг Толибон муваққат ҳукумати билан яқин алоқада бўлиш, Афғонистоннинг савдо-иқтисодий ва транзит имкониятларидан фойдаланиш илинжи ва ҳаракатида эканликлари кўрилган.

Афғонистон Толибон ҳаракати Ўзбекистонда расман "террорчи ташкилот", деб тан олинмаган.

Аммо дунёнинг қолган давлатлари қаторида бирор бир Марказий Осиё давлати ҳали-ҳануз Толибон муваққат ҳукуматини расман тан олмаган.

Инклюзив ҳукумат тузиш бўладими, афғон хотин-қизлари эркинликлари ва ҳақ-ҳуқуқлари кафолати - Толибон тан олиниши учун халқаро ҳамжамият томонидан илгари суриб келинаётган энг муҳим шартларни ҳам эътиборсиз қолдириб келади.

Арзон ишчи кучи, табиий маъданларга бой, дунёнинг икки ядровий қудратига чегарадош, Марказий Осиёни Жанубий Осиёга боғловчи, айниқса, Ўзбекистонни сув йўлларига олиб чиқишда муҳим ўрин тутувчи Афғонистон дунёнинг геостратегик - геосиёсий ва геоиқтисодий аҳамияти катта давлатларидан бири бўлади.

Яқин-яқингача урушлар ичида бўлган Афғонистон узоқ йиллар давомида минтақа хавфсизлигига асосий таҳдид сифатида кўрилган.

Дунёнинг энг йирик ўзбек жангари гуруҳлари ҳам бошпана топган, жанг қилган ва жон сақлаб келган саноқли давлатларидан бири.

Шавкат Мирзиёев

Сурат манбаси, President.uz

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон халқаро рейтингларда Марказий Осиёнинг Қуролли кучлари энг жанговари бўлган давлати сифатида эътироф этилади. Расмий Тошкент сўнгги йилларда Афғонистон билан чегарасида турли ҳарбий ўқув машғулотларини ҳам фаоллаштирган

Жорий пайтда Афғонистонда халқаро коалиция кучларининг бирор бир ҳарбийси йўқ, сўнггиси афғон тупроғини 2021 йилнинг 31 августида тарк этган.

Айнан "Афғонистон таҳдиди", кўпчилик таҳлилчилар наздларида, мустақил Марказий Осиё давлатларига геосиёсий ва геоиқтисодий босим ўтказишида, йилларки, расмий Кремль қўлидаги энг муҳим ва самарали воситалардан бири ҳам бўлиб келган.

Ўзбекистон бўладими, Туркманистон ёки Қозоғистон - аксарият Марказий Осиё давлатларининг Толибон муваққат ҳукуматига яқинлашиш, улар билан ҳамкорликларини кучайтириш ҳаракатлари Россия, айниқса, Украина уруши манзарасида минтақага ўзининг "Афғонистон таҳдиди"га оид риторикаларини янада кучайтираётган бир пайтга ҳам тўғри келган.

Бошқа томондан, барча Марказий Осиё давлатларининг энг йирик иккита савдо-иқтисодий ҳамкоридан биттаси бўлган яна ўша Россия худди шу уруш сабаб, Ғарбнинг устма-уст оғир иқтисодий санкциялари остида қолган, бу минтақани транспорт-логистика йўллари ва ташқи бозорларини ҳам турфалаштириш қаршисида қолдирган бир вазиятда ҳам кузатилган.

Ҳукуматини ушлаб қолиш учун бугун нақд пул даромади илинжида бўлган Афғонистон Толибонининг ҳам бутун минтақани ўз ичига олувчи йирик иқтисодий лойиҳаларга қанчалик эҳтиёжманд экани аллақачон яшириб бўлмайдиган ошкора ҳақиқатга айланиб улгурган.

Минтақа давлатлари пойтахтларида экан, хавфсизлик кафолатлари, таъбир жоиз, улар томонидан берилаётган ваъдаларнинг каттаси экани кўрилган.

Қудратга қайтиши арафасида эса, ҳатто яна бир қўшниси бўлган қудратли Хитой ҳам ҳаракатни "Афғонистон масаласида якуний сўзни айтувчи муҳим ҳарбий ва сиёсий куч"га нисбат берган.

Афғонистон Ўзбекистондан кейин дунёнинг энг кўп сондаги ўзбеклар яшовчи иккинчи давлати бўлади.

Давомий урушлар боис, Афғонистонда аҳоли бу яқин ўн йилликларда расман рўйхатга олинмаган.

Аммо, шунда ҳам, мамлакатдаги этник ўзбекларнинг сони турли хил манбаларда бир неча миллионга нисбат бериб келинади.

Улар асосан Афғонистоннинг Марказий Осиёга чегарадош шимолий ва шимолий-шарқий вилоятларида яшашади.

Ўзбекистон раҳбари каттаю кичик минбарлардан туриб Афғонистонни яккалаб қўймасликка ҳам чақириб келади.

Аксарият минтақавий таҳлилчилар ҳам расмий Тошкент бугун Толибон билан ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш ҳаракатида эканини урғулашади.

Яъни, Ўзбекистон ҳам Толибон Афғонистонда доимий барқарорликни ўрнатишга муваффақ бўлса, ўзининг узоқ йиллик йирик иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишга ҳам кўз тиккан.

Қозоғистон эса, минтақанинг Россияга чегарадош ягона давлати бўлади.

Бу икки постсовет давлати ўртасидаги қуруқликдан ўтувчи чегара дунёдаги энг узуни саналади.

Россия Украинага очган уруш ва расмий Кремлнинг империалистик амбициялари эса, орада кейинги нишон Қозоғистон бўлиши мумкинлигига оид хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаганди.

Шундай экан, бугун Толибон Афғонистони Қозоғистон ва минтақага нега керак?

Толибонга-чи, Марказий Осиё ҳозир нимаси билан муҳим?

Воқеаларнинг бу каби ривожи нимани англатади?

Минтақа учун Толибон таҳдидми ёки камдан-кам имконият?

Dovud A'zamiy

Сурат манбаси, .

Довуд Аъзамий: Толибон ҳукумати ташқи дунё, айниқса, минтақа давлатлари билан алоқа ўрнатиш ва улар билан муносабатларини яхшилашга интилмоқда.

Улар иқтисодий алоқаларни яхшилаш Афғонистонга хорижий сармоя олиб келиши, Афғонистон оша минтақавий савдони кучайтириши ва бу ўз ҳукуматларига жуда зарур бўлган нақд пул даромадларини келтиришига умид қилишаётир.

Бошқа томондан, Марказий Осиё давлатлари ҳам ўзаро боғлиқлик, савдо-сотиқни яхшилаш ва минтақадан ташқаридаги бозорларга киришни хоҳлашади.

Шундай экан, ҳар икки томон ҳам савдо ҳажмини ошириш ва минтақавий алоқаларни яхшилашни ўзлари учун бирдек манфаатли, деб билишади.

Айни пайтда, Россиянинг Украинадаги уруш билан банд экани ва халқаро тизимда кечаётган ўзгаришлар ҳам Марказий Осиё ва Каспий минтақаси давлатлари учун қўл келиши мумкин.

Яъни, бу уларга янги иттифоқлар тузиш, минтақа ва ундан ташқаридаги давлатлар билан ўзаро боғлиқликлари ва алоқаларини яхшилаш имкониятини беради.

Остонадаги бизнес-форумда Афғонистондан йирик ҳайъатнинг қатнашиши Толибон ҳукумати учун сиёсий аҳамиятга ҳам эга.

Шу пайтгача Толибон ҳукуматини дунёнинг бирор бир давлати расман тан олмаган.

Аммо қатор давлатлар улар билан мулоқотда ва Қозоғистон илова бир қанчаси дипломатик муносабатларга ҳам эга.

Шу сабабли ҳам, четдаги бундай тадбирларда қатнашиш Толибон ҳукумати учун сиёсий жиҳатдан муҳим, чунки у халқаро майдонда ўзини Афғонистоннинг қонуний ҳукумати сифатида кўрсата олади.

Афғонистоннинг ўзига келсак, бу каби бизнес-форумнинг мамлакатдаги хусусий сектор учун аҳамияти катта.

Чунки Афғонистоннинг нисбатан иҳоталаб қўйилиши, қудратга қайтиши ортидан Толибон ҳукумати ва Афғонистоннинг банк соҳасига қўлланган санкциялардан хусусий сектор ҳам зиён чеккан.

Қозоғистон эса, Афғонистоннинг турли соҳалари, жумладан, қишлоқ хўжалиги, энергетика, тоғ-кон саноатига сармоя киритиш имкониятларига эга.

Бошқа томондан, афғон тожирлари ҳам ушбу имкониятдан фойдаланиб, ўз маҳсулотларини намойиш этиш ва экспорт учун янги бозорлар топишлари мумкин.

Остонадаги бизнес-форум ҳар икки томон учун ҳам савдо-сотиқни осонлаштириш, тўсиқларни олиб ташлаш, ўзаро олди-берди ва сармояни кучайтириш учун уни соддароқ ва арзонроқ қилишнинг яхши имконияти.

Қозоғистон аллақачон Афғонистоннинг асосий савдо шериги ҳисобланади.

Кобул ҳам, Остона ҳам нафақат икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларини янада кучайтириш, балки боғлиқликлари ва логистикани ҳам яхшилашни мақсад қилишган.

Қозоғистон ўзининг давлат ва хусусий секторлари учун Афғонистондаги сармоявий имкониятларни ҳам ўрганмоқчи.

Қозоғистон, айниқса, Жанубий, Марказий ва Ғарбий Осиёни боғловчи қуруқликдаги кўприк вазифасини ўтовчи Афғонистон орқали Жанубий Осиё ва Яқин Шарққа чиқишни истайди.

Dosim Satpayev

Сурат манбаси, .

Досум Сатпаев: Қозоғистон Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистонга ўхшаб Афғонистонга чегарадош эмас.

Лекин, шунга қарамай, Қозоғистон Толибон қудратга келганидан бошлаб, Афғонистоннинг янги раҳбарияти билан муайян, энг аввало, иқтисодий алоқаларни йўлга қўйиш ҳаракатига тушди.

Чунки биргина уни ва ғалласининг ўзи назарда тутилганда, Афғонистон Қозоғистон учун энг муҳим ва асосий бозор.

Яъни айнан Афғонистон Қозоғистон уни ва ғалласининг асосий истеъмолчиси бўлади.

Бундан ташқари, сўнгги икки йилда Қозоғистон турли расмий ҳайъатларининг Афғонистонга ташрифлари фаоллашди.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигидан ташқари, ҳукуматнинг ўзаро иқтисодий алоқаларга масъул идоралари вакиллари ҳам Афғонистонга тез-тез борадиган бўлишди.

Буларнинг барчаси ортидан, шу йил расмий бир даражада ҳатто Толибон вакилларига Афғонистоннинг пойтахт Остонадаги элчихонаси берилиши мумкинлигига оид баёнотлар янгради.

Чунки Афғонистонда ҳокимият алмашганидан буён бу элчихона бўш.

Қозоғистон сиёсий жиҳатдан Толибон ҳукуматини тан олмайди. Чунки халқаро муносабатлар нуқтаи назаридан дунёнинг аксарият давлатлари бу ташкилотни радикал, деб билишади.

Аммо айни мазмундаги баёнотлар ҳам ўзига хос бир маънода Қозоғистон ва Афғонистон ўртасидаги иқтисодий алоқаларнинг кучайиб бораётгани далолати ҳам бўлди.

Қозоғистон нега бу каби бизнес форум ўтказишга қарор қилгани сабабини ҳам шу билан изоҳлаш мумкин.

Шу жумладан, бунга рақамлар ҳам далолат қилади. Маълум бўлишича, жорий йилда икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси ҳажми $900 миллион доллардан кўпроқни ташкил этган.

Эълон қилинган пайтда бундан кўпчилик ҳайратга ҳам тушди. Чунки бу жуда катта рақам.

Кўринадики, Қозоғистон Афғонистон билан иқтисодий алоқада бўлиш, унга фақат уни ва ғалласини эмас, бошқа маҳсулотларини ҳам сотиш, гарчи бунинг учун энг аввало Толибон ва амалда унга раҳнамолик қилиши айтилувчи Покистоннинг хавфсизлик кафолатлари лозим бўлса-да, балки маълум бир лойиҳаларни сармоялашдан ҳам манфаатдор.

Чунки, нима бўлганда ҳам, бу мамлакатда инвестицион рисклар юқори.

Умуман олганда, мазкур бизнес-форум биргина Қозоғистон эмас, қолган аксарият Марказий Осиё давлатлари учун ҳам қизиқ.

Чунки улар ҳам сўнгги вақтларда Афғонистон билан иқтисодий алоқаларини мустаҳкамлаш ҳаракатида.

Яхши маълумки, бу биринчи навбатда Ўзбекистон, кейин Туркманистон, яна Қирғизистон. Тожикистоннинг Толибон билан муносабатлари танг. Фақат Покистон орқали қандайдир мулоқотда бўлиб турибди.

Марказий Осиё Толибон билан иқтисодий муносабатларни мустаҳкамлашни лозим, деб билади. Қозоғистон ҳам, шу жумладан.

Уларнинг наздларида бу минтақага таҳдид хавфини камайтиришга ҳам ёрдам беради.

Менимча, иқтисодий алоқалар иш берса, бу барча учун бирдек фойдали бўлади.

Савол: Агар, муваққат ҳукуматининг ҳали-ҳануз халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмагани ва айниқса, инсон, жумладан, хотин-қизлар ҳуқуқлари кафолати масаласида жиддий танқидларга юз тутиб тургани назарда тутилса, етакчи минтақавий сиёсий эксперт сифатида сиз-чи, аксарият минтақа давлатларининг ҳозир олиб бораётган бу каби сиёсатини қанчалик мақбул, ўринли ва асосли, деб баҳолаган бўлардингиз?

Досум Сатпаев: Бу масалага ҳар қандай ёмон вазиятдан ҳам фойдаланиб қолиш мантиғидан келиб чиқиб ёндашиш керак.

Чунки биргина Россия мисолида олсак, яхши маълумки, Афғонистон мавзуси уларга доимо қўл келган.

Россия, "Афғонистонда вазият шунчалик издан чиқиб кетаяптики, Толибон ва бошқалар минтақага ҳужум қилишлари мумкин, шу боис ҳам, Россия Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти доирасида хавфсизлик шамсияси бўлиши керак", деб ҳаммани қўрқитиб келган.

Энди эса, айнан Толибон билан озми-кўпми алоқаларини яхшилашга интилар экан, Марказий Осиё давлатлари бунга ҳамоҳанг равишда хавфсизлик шамсияси сифатида Россияга қарамликларини ҳам камайтиришлари мумкин.

Аммо, бошқа томондан, Толибон ҳаракати барибир қандайдир қонуний, одатий, сиёсий ташкилот эмас, инсон ҳуқуқлари, хотин-қизлар ҳақлари масаласида анчайин ўзига хос ёндашувга эга радикал гуруҳ эканини ёддан чиқармаслик лозим.

Биз ҳозир бу мамлакатда инсон ҳақларини топтовчи қандайин қаттиқ чоралар кўрилаётганини кўриб турибмиз.

Лекин, ростини айтганда, менимча, авторитар экани боис, аксарият Марказий Осиё давлатларининг ўзлари ҳам турли сегментларда инсон ҳуқуқларини бирдек таъминлаб, кафолатлаб қўйганликлари билан мақтана олишмайди.

Қанчалик ғалати туюлмасин, маълум бир сегментларда улар ҳам ўзларини худди толиблардек тутишади.

У даражада радикал бўлмаса-да, дейлик, ўз давлатларида на демократик тизим ўрнатиш ва на барчанинг ҳуқуқларини бирдек таъминлашга интилишади.

Менимча, улар шунинг учун ҳам бошқа давлатларга қараганда толиблар билан тез тил топишишади.

Савол: Агар, қудратга келиши ортидан, Афғонистоннинг четдаги миллиардлаб долларлик активлари музлатилгани ва халқаро ҳамжамият томонидан Афғонистонга бериб келинаётган йирик миқдордаги йиллик молиявий кўмакларнинг кесиб қўйилгани, уларга қарши халқаро санкциялар буткул бекор қилинмагани назарда тутилса, аксарият Марказий Осиё давлатларининг иқтисодий ҳамкорликка урғу берилган бу каби сиёсатлари Толибон учун қанчалик ва нимаси билан муҳим?

Досум Сатпаев: Толибоннинг истаги маълум. У иккита нарсани истайди.

Биринчиси - легитимлик. Яъни, Толибон қувғинди эмас, ҳамкорлик қилинувчи шерик сифатида маълум бир қонуний мақомга эга бўлишни хоҳлайди. Ва яна Покистоннинг кўмагида Толибон бунга қисман муваффақ ҳам бўлмоқда.

Чунки Покистон ҳам Толибоннинг минтақада буткул яккаланиб қолишини истамайди. Шунинг учун ҳам Исломобод айни ўринда ҳам воситачи ва ҳам толибларнинг минтақадаги манфаатларини илгари сурувчи лоббист сифатида жуда муҳим роль ўйнайди. Бу биринчидан.

Иккинчидан, Толибон Афғонистонда ўзининг ҳокимиятини мустаҳкамлаш учун қандайдир даромад манбаига эга бўлиши шартлигини жуда яхши билади.

Яъши маълумки, буни гиёҳванд моддалар ноқонуний савдоси орқали қилиш қийин. Чунки уларнинг бунга қарши курашиш лозимлигини расман баён қилишлари ҳам тақозо этилади.

Шунинг учун ҳам, Толибоннинг қўшимча даромад манбаларини топишига тўғри келади.

Бу эса, энг аввало Афғонистондан ўтувчи транзит йўллари билан боғлиқ.

Толиблар бундан яхши даромад қилса бўлади, деган фикрда.

Шу боис ҳам, улар Ўзбекистоннинг трансафғон темир йўли лойиҳасини жуда қўллаб-қувватлашмоқда.

Ҳиндистондан бошланиб, Покистон ва Афғонистон орқали Ўзбекистонга узанган автомобиль йўлининг ишга тушишида ҳам жонзбозлик кўрсатишди.

Фикримча, Толибон Марказий Осиё давлатлари билан шунга ўхшаш иқтисодий лойиҳалар доирасида ҳамкорлик қилиш билан ҳам фойда кўрмоқчи ва ҳам қувғинди давлат деган номдан қутулмоқчи.

Савол: Толибон муваққат ҳукумати яқинда ўз Қуролли кучлари сонини 200 мингга етказмоқчи эканини баён қилди. Муваққат ҳукуматининг ўзи ҳам тан олинмаган. Ҳаракат яқин-яқингача минтақадаги энг йирик жангари гуруҳи саналган. Аъзолари сони 10 мингларга нисбат берилади. Биргина шуларнинг ўзи назарда тутилганда, бошқа томондан, сизнингча, бу Марказий Осиё давлатлари таваккал қилишмаяптими? Бу анчайин қалтис сиёсат, деган фикрларга қандай қарайсиз?

Досум Сатпаев: Совет Иттифоқи қулаган 1990-йиллардан бошлаб Марказий Осиё давлатлари Афғонистон жўғрофий тақдирлари эканини жуда яхши англашади.

Айни ўринда сизнинг ё чегарангизни қаттиқ қўриқлаб, Афғонистонни доимо қандайдир таҳдид сифатида кўришингиз ва ё-да муайян соҳаларда ҳамкорликка бориб, ўз хавфсизлигингизни шу йўл билан кучайтиришингизга тўғри келади.

Аммо, яна муаммо шундаки, Толибон унчалик ҳам ишончли ҳамкор эмас.

Тўғри, унинг сиёсий қаноти ҳам бор. 90-йиллардагига қараганда музокараларга ҳам анчайин очиқ.

Чунки уларнинг орқасида Покистон турибди. Бундан ташқари, Хитой ҳам ҳозир Афғонистондаги таъсирини кучайтириш, улар билан алоқаларини мустаҳкамлаш ҳаракатига тушиб қолган.

Лекин, бунга қарамай, Толибон барибир унча ишончли ҳамкор эмас. Чунки ҳаракат сифатида тарқоқ.

Сафларида анчайин радикаллари ҳам бор. Шунинг учун ҳам Толибон билан ҳамкорликка қаратилган узоқ муддатли стратегияга орқа қилиб бўлмайди.

Лекин, назаримда, Марказий Осиё давлатлари доимо таҳликада яшашдан чарчашган ва муайян маънода хавфсизлик кафолатини қўлга киритиш, тангликни юмшатиш илинжидалар.

Менимча, уларнинг бугун нега Толибон билан урушиш эмас, тил топишиш ҳаракатида эканликларининг сабаби ҳам худди ана шунда.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002