Янгиликлар: Ўзбекистон халқи 2024 йилда нима кутмоқда? O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar

- Author, Бахтиёр Турсунов
- Role, Ўзбекистон
Термиз шаҳри марказида ҳам Ўзбекистондаги бошқа шаҳарлар каби янги йил арчаси безатилган. Атрофда катталар учун ярмаркалар, болалар учун ўйингоҳлар ва томошалар ташкил этилган.
Сўнгги асрда ўзбекистонликлар ҳаётига кириб келган янги йил байрами эски йил сарҳисоби, янги режалар ва ўзгаришлар учун ҳам имконият саналади.
Алоқадор мавзулар:
"Келгуси йил учун орзу-ҳавасимизни сизга- мухбирга эмас, эримизга айтамиз,"- дея ҳазил қилади йўл-йўлакай ўрта ёшлардаги аёллардан бири.
Аммо Термизда биз гаплашган кўпчилик янги йилдаги тилаклари билан бўлашдилар.
"Бу йилги ўқув машғулотларимиз янгиликларга бой бўлди. Таълим дастурига қизиқарли мавзулар жойлаштирилди. Умуман ўтаётган йилдан кўнглим тўқ. Келгуси йил бунинг узвий давоми бўлишини истайман, "- дейди талаба Шаҳноза.

"Ўн олти йилдан буён тўртта болам билан бир хонада яшаётгандик. Қайнотамнинг ҳовлисидан бу йил алоҳида уй қурдик, лекин унга кўчиб ўтолмаяпмиз. Пол ва шифтга керакли материалга 15 млн сўм пулни топа олмаяпмиз. Хусусий корхонада ишлаётганим туфайли банкдан кредит ҳам ололмаяпман. Кимга мурожаат қилишни, муаммони қандай ҳал этишни билмай бошим қотган" - дейди ўрта яшар термизлик аёл.
"Ҳатто маблағ йиғиш умидида турли маҳсулотлар орқали уюштирилаётган лотерея акция ўйинларига ҳам қизиқяпман, макарон, ёғ каби махсус имтиёзли нарсаларни сотиб олишга қурбим етмайди. Рўзғордан, болалар кийим-кечагидан ортмайди. Келгуси йилда уйимизни битирсак, фарзандларим унга кириб яшашса, ўлсам ҳам армоним йўқ" - сўзига якун ясайди суҳбатдошимиз.
Уй билан боғлиқ масала бошқа термизлик фуқаро, 64 ёшли Аҳрор ака тилида мамнунлик ифодасида чиқди янгради. У янги йилда янги уйга кўчишни кутмоқда.
"Биз қурилганига 60 йилга яқинлашган икки қаватли бинода яшардик. Бу йили ёзда хусусий бунёдкорлик ширкати унинг ўрнида етти қаватли замонавий уй қуриб бериш ваъдаси билан бизни ижарага кўчирди, яъни 18 млн сўмлик бир йиллик ижара ҳақини берди. Ҳозир бегона хонадонда келгуси йилда ўз уйимиз қурилишини хотиним, ўғлим ва келиним, уч набирам билан кутяпмиз. Ҳозир эски уй бузилиш босқичида. Кайфиятимиз кўтаринки, учинчи набирамиз туғилишини ҳам кутяпмиз. Мамлакатимиз раҳбариятидан анъанавий янграйдиган тилакни - янги йилда, албатта, нафақалар миқдори оширилишини ҳам сўраган бўлардик"- дейди нафақахўр Аҳрор ака.
"Ўтган йилнинг худди шу ойдаги шу кунларини яхши эслайман. Ўшанда ҳам метан газ қуйиш шахобчасида саҳармардондан навбат кутгандик. Машинам юкхонасида кўрпа солиб олганман. Бугун ҳам тонгда шохобчада навбатим етганда уйғондим. Бу йили ҳам худди шу аҳвол, яъни йил сезиларсиз ўзгаришлар билан ўтди, бошқа жиҳатларда ҳам айтарли ўзгаришларни ҳис этмадим. Ҳаммасига чидаса бўлади, албатта, умуман эса келаси йилдан бундан фарқли ижобий ўзгаришларга умидвормиз"- дейди 31 ёшли такси ҳайдовчиси Жамшид.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













