Янгиликлар. Ўзбекистон: Одамлар пул топиш учун йўл ёқасига чиқишмоқда. Сабаблари - O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar

- Author, Миролим Исажонов
- Role, Тошкент-Андижон
Ўзбекистон бўйлаб автоуловда кезаркансиз, катта йўллар минглаб оилалари учун пул топиш масканига айланганини кўрасиз. Пули борлар ошхона ё дўкон очган, пули йўқлар қурут ё кўкат сотган, кимдир томорқасидан чиққан мева-сабзавотга харидор изласа, бошқа биров ҳунарини ишга солиб, нон ё сомса ёпиб пул топади.
Бу инсонлар қишнинг қорида, кузнинг ёмғирида ва ёзнинг жазирамасида ҳам йўл четини тарк этмайдилар.
Ва аксарият тўхтаган йўловчи машинасидан тушгун одамни табассум ва хушчақчақлик чорлайди.
Йўл четида бизнес қилиш қанчалик сердаромад, хавфсиз ва осон?
Алоқадор мавзулар:
- Янгиликлар. 11 мингга яқин Ўзбек: Нега Тошкент эмас Жанубий Корея ёки Ўзбеклар нимада ютиб, қаерда хато қилишди?
- Янгиликлар. Ўзбеклар нима дейди: Жанубий Кореяда ишлаш зўрми, яшаш-чи?
- Ўзбекистон: 'Орзуимиз - қора асфальтʼ - на Open Budget, на "Обод қишлоқ"да омади келаётган қишлоқ
- Ўзбекистон: "Бу кун ҳали яна жуда кўп эсланади" — Марказий банк мустақил эканини исботлай олдими?
Тошкент-Андижон йўли бўйлаб кетарканман, бу сафар айни инсонлар сотаётган маҳсулотлар билан эмас, уларнинг кўнгилларидаги орзулар ва фикрлари билан қизиқдим.
Қарийб 350 чақиримли йўлни юриб, бир нарсага амин бўлдим: Ўзбекистонда йўл четида пул топиш жуда оммалашган.
Қишин-ёзин йўл бўйида

Пойтахтдан Ўзбекистоннинг энг шарқий вилояти - Андижонга кетгунча аҳолида масканларидан ўта узоқ далалар ва тоғли ҳудудларда ҳам йўл четида пул топишга интилаётганлар инсонларни учратасиз.
Қамчиқ довонини ортда қолдириб, водийга кираверишдаги патир бозор сари кетаверишда йўлнинг икки ёқасида турли меваларнинг қоқиларини сотаётган хотин-қизларга кўзимиз тушди.

Поп туманида яшовчи Салима Тўраева ҳам Тошкент-Андижон магистраль йўли четида тирикчилик қилаётган аёллардан бири экан.
"Бизда ҳар куни фаолият юритадиган ўрик бозори йўқ. Бори ҳам фақат бир кун - пайшанбада ишлайди, у ерда савдо яхши бўлмайди. Шу сабабли йўл ёқасида савдо қилиб, пул топамиз. Бу ерда ҳар куни савдо бўлади, дам олиш кунимиз йўқ. Нафақа олмайман, уйдагиларга ёрдамим тегсин, деб тирикчилик учун шу ерда ўрик қоқилар ва ёнғоқ, жийда сотаман" - дейди суҳбатдошим.
"Йўл четида савдо қилиш одати анча йилдан бери бор. Йўлнинг икки тарафида мен каби савдогарлик қилаётган аёллар жуда кўп, ўзингиз ҳам буни кўриб турибсиз. Қишин-ёзин шу йўлдамиз".
Салима опанинг айтишича, у ёғингарчилик пайтлари, қор ва ёмғир ёққанда савдо қилишга чиқмайди.
Аммо совуқ кунлари ўтин ёқиб, ёз кунлари дарахатлар соясида жон сақлаб бўлса-да, одатий иши билан шуғулланади.

"Шу пайтгача фаолиятимизга қаршиликлар бўлгани йўқ. Формали йигитлар "эҳтиёт бўлинглар, машина йўлига чиқиб кетманглар", деб тез-тез айтиб кетишади. Катта йўл ёқасида ўтириб савдо қилишдан бироз хавфсирайман, барибир. Аммо эҳтиётимни қиламан, "Худо паноҳида асрасин" деб ўтираман" - дейди сотувчи аёл.
Салима опа билан хайрлашиб, Андижон томон отланар эканмиз, Тошкент-Фарғона-Андижон магистраль йўли бўйида ҳам турли маҳсулотлар сотаётган одамларни учратдик.



Муҳаммадрасулхон Султоналихонов катта йўлнинг Ёзёвон туманидан ўтган қисми ёқасида оила аъзолари билан полиз маҳсулотларини сотаркан.
"Оилавий деҳқонмиз, баҳордан то кузгача турли маҳсулотларни экиб, ўзимиз сотиш билан ҳам шуғулланамиз. Декабр-февраль ойида бошқа ҳудудлардан қишки қовун, тарвуз ва ошқовоқлар олиб келиб сотамиз. Йўл четида ҳар куни савдо бўлади ва доим битта жойда турамиз, у ёқдан бу ёққа кўчиб юрмаймиз" - дейди полиз маҳсулотлари сотаётган Муҳаммадрасулхон.
"Бозорларда жой муаммо бўлса ҳам баъзан савдо қиламиз, аммо кўпроқ йўл ёқасига чиқамиз. Бу ерда савдо бозорга нисбатан яхши бўлади, харидорлар оқими ҳам яхши, айниқса, байрамлар арафасида маҳсулотлар зўр кетади" - дея у йўл четида савдо қилишнинг афзалликларини санайди.
Бироқ катта йўл четида, бозорлардан узоқ полиз маҳсулотлари сотишнинг қийинчиклари ҳам оз эмас.
Одамлар гоҳида таваккал қилишга мажбур.
"Ҳаммаси ҳар доим ҳам бир хил бўлавермайди. Бир тушиб қолсангиз, анчага тушасиз. Мисол учун, ўтган йили кўп қовунлар музлаб қолди, катта пулга тушдик, яхши даромад қилолмадик. Шу сабабли ёзда савдо қилиш анча фойдали, маҳсулотларни совуқ урмайди, бемалол сотамиз" - дейди у.

Ғуломжон Абдураҳимов Асака туманининг Шўрқишлоқ ҳудудида истиқомат қилади. У ҳам Тошкент-Андижон катта йўли ёқасида асосан, деҳқончилик маҳсулотларини сотади.

"Ўзимизнинг маҳсулотлар тугаганидан кейин Улуғнор, Ёзёвон томонлардан ошқовоқлар, Намангандан эса олмалар олиб келамиз. Устига бир-икки сўм қўйиб, сотамиз. Мана шу йўл бўйида тирикчилигимиз ўтяпти. Уйимиз шу йўл ёқасида бўлганлиги учун бу ерда савдо қилиш жуда қулай. Бозор бизга сал узоқроқ, бориб келишга вақт ва маблағ кетади", - дейди тадбиркор.


Унинг сўзларига кўра, ҳали бирор марта масъуллар уларни безовта қилиб, савдогарлигига чеклов қўйгани йўқ.
"Ўзингиз гувоҳ бўляпсиз, мана, қўшниларим ҳам, маҳалладошларим орасида ҳам йўл бўйида савдо қиладиганлар кўп. Йўл четида савдо қилиш анча яхши. Аммо минус тарафлари ҳам бор. Масалан, бироз хавфлироқ. Чунки машина қатнови кўп, ҳар хил ҳайдовчилар бор. Шунинг учун ўзимизни эҳтиёт қилиб, ҳушёр ўтирамиз. Ёғингарчиликда капача қилиб, устини ёпиб, савдо қиламиз", - дейди Ғуломжон Абдураҳимов.
Ўзбекистонда ҳар йили бир неча юз минг ёш меҳнат бозорига кириб келади. Олий ўқув юртига кира олмаганлар учун иш топиш осон эмас.
Иш топилганда ҳам маошлар ўта кам. Шу сабабли минглаб ёшлар қўшни Қозоғистон ё Россияга йўл солишади.
Оиласи бағрида қолишни истаганлар эса ҳар доим оила тебратишга етарли маош берадиган ош топа олмасликлари мумкин. Хусусан, вилоятларнинг қишлоқ ҳудудларида.



Йўл четида фақат ёшларни учратмайсиз.
Турмуш ўртоғига ёрдам бериш учун сомса ёпиб сотаётган аёлларни, нафақаси етмагани боис қўшимча бироз пул топиш умидида қурут ё кўкат сотаётган кексаларни ҳам, нон ёпиб оила тебраётган ўрта яшар эркакларни хам кўрасиз.
Албатта, бу катта йўллар каттагина бизнеслар учун ҳам муҳим.
Йирик емакхоналар, бозорлар ва савдо марказлари ҳам йўл четида ишлашга мослашган.
Автоулов эҳтиёт қисмлари ҳам, худди шу ҳудудга хос таомлар ҳам йўл бўйларида сотилаётганига гувоҳ бўлиш мумкин.
Тошкент-Андижон йўли четида биз учратган инсонлар каби савдо қилаётганларни Ўзбекистон бўйлаб барча катта-кичик йўллар устида учратасиз.
Юз минглаб одамлар ишсиз қолаётган мамлакатда бу инсолар ўзларига иш топишга интиладилар, ўзлари учун иш ўрни яратадилар. расмийлар ярата олмаган
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














