Янгиликлар. 11 мингга яқин Ўзбек: Нега Тошкент эмас Жанубий Корея ёки Ўзбеклар нимада ютиб, қаерда хато қилишди? Yangiliklar O‘zbekiston Koreya

- Author, Бекзод Ёрқин ўғли
- Role, Жанубий Корея
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Ҳозирда Ўзбекистон ёшлари таълим олаётган давлатлар ичида Жанубий Корея етакчи ўринларда. Бу мамлакат нимаси билан ўзбек ёшларини ўзига тортмоқда?
Кореа Республикасида ўзбекистонлик талабалар сони 11 мингга яқин бўлиб, турли хил соҳаларда таълим олишади.
Мен уларнинг баъзилари билан суҳбатлашиш учун пойтахт Сеулдан 230 чақирим жанубдаги тарихий Чонжу шаҳрида жойлашган Чонбук миллий университетига бордим.
Бу ерда 200 нафарга яқин Ўзбекистон ватандошлари таҳсил олаётган экан.
Алоқадор мавзулар:
Жиззахлик 22 яшар Диёр Рустам улардан бири. У Кореяга Коронавирус авжига чиққан, 2020 йилнинг бошида келган.
Ўқишни бошлаганда,анъанавий таълимдан масофавий таълимга ўтилгани ва корейс тилини билмагани сабаб турли қийинчиликларни бошидан ўтказганини, корейс тилни билмаса, дарсдан ташқари ишлай олмаслиги,ишлаш учун эса маҳаллий тилни ўрганиш кераклигини ўйлаб, тилни ўрганишга қаттиқ бел боғлайди.
"Дарсларим юз фоиз инглиз тилида ўтилади, менга корейс тили керак бўлмайди деб, тил ўрганмасдан келишим хато бўлган" - дейди Диёрбек.
Xатодан омад сари - махсус видеони томоша қилинг:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Болалигидан дипломат бўлишни орзу қилган суҳбатдошим шу сабаб ўқишни "Халқаро муносабатлар" йўналишида ўқишга қарор қилган.
"Нега Ўзбекистонда ўқимадингиз?" деб сўраган саволимга у, халқаро муносабатларни халқаро муҳитда ўқишни хоҳлагани, курсдошлари дунёнинг турли ҳудудларидан келганлиги ва улар билан илмий баҳслардан,кўп билимлар орттираман деб ўйлаб, шу қарорга келганини айтади.
Кейинроқ корейсчани ўрганиб, супермаркетга сотув менежери бўлиб ишга кирган қаҳрамонимиз ҳозиргача шу жойда ишлайди.
Бундан ташқари у яна бошқа бизнесни ҳам йўлга қўйган.
The Housing Agency деб номланган кўчмас мулк агентлиги орқали, корейс тилини билмайдиган юртдошлари ва чет элликларга ижарага уй топишда ёрдам кўрсатади.
"Ишларимнинг ҳаммасини тизимли тарзда тузиб чиққанман, бу эса қайсидир маънода молиявий эркин бўлишимга ёрдам бериб турибди" - дейди суҳбатдошим Диёрбек.
Диёрбек ўқишидан ташқари ишлаб, жамғариб қўйган пулига ўтган йили қишки таътилда икки дўсти билан Жанубий Шарқий осиёнинг ривожланган бир-йўла тўрт мамлакатига бориб келишга улгурган.

"Кўпчилик бизни фақат саёҳатга бориб келди деб ўйлашди, лекин биз у ерга Жанубий Кореянинг жануб-шарқий Осиё давлатларидаги ижтимоий-иқтисодий таъсири, технологик ва маданий боғлиқлик мавзусида изланиш қилиш учун у мамлакатларда бордик" - дейди Диёрбек.
Мен бу университетнинг докторантура босқичида илмий изланиш қилаётган бўлажак олим Йўлдошбек Собиров билан ҳам учрашдим.
Ҳозирда у оиласи билан бирга бу давлатда яшаб, илмий изланиш олиб бормоқда.

2019 йил сентябрида магистратура босқичида ўқиш учун келган Йўлдошбек Кореяга келишининг асосий сабабини бу ердаги олий таълим даргоҳларининг дунё рейтингида юқори ўринларда тургани билан изоҳлайди.
Ўқишни тамомлагач, олган билимларини ошириш ва илмий изланишлар олиб бориш учун докторантура босқичида ўқимоқда.
Кореяга келган илк йилларини эслар экан, кўпчилик талабалар сингари маҳаллий корейс тилини билмаслиги сабаб иш топа олмай, молиявий қийинчиликларга дуч келганлигини айтади.
Ўзбеклар Жанубий Кореяда Магистратура ва докторантура босқичида бир ҳафтада бир кун ўқиганликлари сабабли қолган бўш кунлари ишлаб, контракт пулларини қоплай олишларини айтади.
"Афсуски, айрим ўзбек талабалари кўпроқ пул топаман деб, ўқишни анча четга суриб қўйишган. Шу боис виза узайтириш ёки ўқишни тугатиб диплом олиш пайтларида муаммоларга дуч келишмоқда", - дейди суҳбатдошим.

"Ўзбекистондан докторантурага ёки магистратурага ўқиш учун чет давлатга чиқмоқчи бўлган ўзбеклар, аввало, ўша юртнинг таълим тизими ҳақида яхшилаб ўрганиб келишларини сўраб қолардим" - дейди Йўлдошбек.
Кореяда таълим олаётган ҳаммани Йўлдошбек ва Диёр каби ўқишини муваффақиятли давом эттираяпти, деб бўлмайди.
Талабалар орасида университет талаблари ва таълим қийинчиликлари ёки пул топишга кўпроқ эътибор қаратгани сабаб ноқонуний муҳожирга айланаётган ёшлар ҳам йўқ эмас.
Сўнгги бир ярим йил ичида юзлаб ўзбекистонлик талаба университетлардан ҳайдалган ёки ўз ихтиёри билан ноқонуний ишлаш йўлини танлаган.
Шахси сир қолишини сўраган суҳбатдошим билан пойтахт Сеулда учрашдим.
Талабадан ноқонуний муҳожирга...
2019 йил кузда Сеулдаги университетлардан бирига ўқишга келиб, орадан бироз вақт ўтгандан сўнг қийинчиликлар сабаб қарзга ботган сухбатдошим озроқ пул тўплаш мақсадида бир танишининг таклифи билан бошқа шаҳарга бориб ишлай бошлайди.
У ерда бир ярим ой ишлагач, университетга қайтади. Аммо унга ўқишдан ҳайдалганини, унга ёзилган бир неча электрон мактубга жавоб олишмаганини айтишади.
У энди Ўзбекистонга қайтиб кетиши керак эди, аммо ноқонуний муҳожир бўлиб қолиб кетади.

"Югурмаган жойим қолмади, олти ярим минг доллар сарфлаб, мени Кореяга жўнатган ота-онам буни билиб қолишини ўйлаб, баттар тушкунликка тушдим".
Унга кўра, уйдагилари ҳамон уни талаба, деб ўйлашади.
Кўпчилик ноқонуний муҳожирлар сингари у ҳам қурилиш ёки оғир саноат фабрикаларида ишлайди.
Тиббий суғуртаси бўлмаганлиги сабаб касал бўлса, даволаниш ҳам катта пулга тушишини айтади.
"Шунинг учун келдингизми ўқинг! Ҳеч бўлмаса қонуний бўлиб xотиржам яшанг! Ноқонуний бўлиш ҳавас эмас. Қаним менинг имконим бўлса, ватанга қайтиб ота-онамни кўриб келсам, уларнинг меҳрига тўйсам, лекин менда ҳозирча у имконият йўқ" - дея сўзини якунлайди.
Кореяда ўқиш талабаларга йилига тўрт-олти минг АҚШ долларига тушиши мумкин.
Нархлар қандай бўлмасин, бу ерга келаётган ўзбекистонликлар сони ортаётгани айтилади.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002












