Янгиликлар. Ўзбеклар нима дейди: Жанубий Кореяда ишлаш зўрми, яшаш-чи? Video O‘zbekiston Janubiy Koreya Yangiliklar

- Author, Бекзод Ёрқин ўғли
- Role, Жанубий Корея
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Жанубий Корея пойтахт Сеулнинг эски шаҳар қисмидаги Ғарбий дарвоза (Тўнгдемун) мавзесини бу ерда ишлаб, яшайдиган ўзбеклар яхши билишади.
Замонавий мегаполиснинг ойнабанд бинолари орасидан борар экансиз, шаҳарнинг замонавий шоҳкўчасига уланиб кетган тор, аксар 3-4 қаватли бинолар тизилган тарихий гўшасига кирасиз.
Бу ерга киришингиз биланоқ Ўзбекистонни эсга соладиган сомса ё иссиқ нон ҳиди димоғингизга уради, кўзингиз эса ўзбек шаҳарлари номидаги лавҳлару миллий безакларга тушади. Ниҳоят йўлак билан юраркансиз, кўп ҳолларда қулоғингизга ўзбекча, русча, тожикча ё қирғизча суҳбатлар чалиниши мумкин.
Айни ҳудудни кўпчилик "Ўзбеклар маҳалласи" деб ҳам атайди.
Алоқадор мавзулар:
Сеулдаги ўзбеклар маҳалласига саёҳат - видео:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Жанубий Корея - ўзбеклар энг кўп келадиган беш давлатнинг бири,
Бу ерда 70 минг нафардан кўпроқ ўзбек борлиги айтилади. Улар, асосан, ишчилар. Лекин ораларида юзлаб талабалар ва ишбилармонлар ҳам бор.
Улар Ўзбек ошхоналарига фақат овқатланиш учун келмасликларини айтишади.
"Шанба-якшанба кунлари шу ердаги ўзимизнинг ошхоналарга келиб, дам оламиз овқатланиб, ўзимизнинг ўзбек дўстларимиз билан кулишиб, гаплашиб кетамиз" - дейди Хоразмдан келган ишчи Икром.
Кўчада учратган суҳбатдошим бу ерда бозор ва савдо марказлари борлигин, ҳамма тарафдан қулайлигини айтади.
Керакли бизнес

Айни маҳаллада муваффақият қозонган кичик тижоратларни топиш қийин эмас.
Албатта, палов, сомса ё мантини соғинадиган минглаб ўзбеклар учун емакхона очишдан ҳам қулайроқ бизнес бўлармикан?
Эътиборимни кўча четида ўзбек нони ёпилаётган тандир ва ортидаги емакхона тортди.
Ургутлик Шоҳниёз ўз оиласи анча йиллардан бери ушбу бизнесини бизнесни юритишини айтади.
28 яшар суҳбатдошим, ҳали 10 ёшлигида ота-онаси билан Жанубий Кореяга келганини, отаси Ўзбекистонда ошпазлик қилганини айтади.
"2002-йилги футбол бўйича жаҳон чемпионатини кўриш учун келгандик, кўрсак, ўзбеклар бор, лекин ўзбек таомларимиз йўқ экан" - дейди Шоҳниёз - "Демак бу ерда ўзбек ошхонаси очишимиз керак экан"деб ният қилиб , ватанга қайтдик".
"Орадан бир йил ўтгандан кейин яна (Жанубий) Кореяга қайтиб, тадбиркорликни бошладик. Авваллари бу ерда деярли корейслар яшар эди, ўзбеклар кам эди, шу боис тижоратимизни асосан корейслар томонга йўналтиришни бошладик. Йиллар ўтиши билан ўзбеклар тўплана бошлади, яна бошқа ўзбек ошхоналари, савдо дўконлари очилиб бораверди, ҳозир кўриб турганингиздек ҳеч иккиланмасдан ўзбек маҳалла дейишингиз мумкин" - дейди кулади суҳбатдошим.
"Уч фарзандим бор, яхши, хурсандмиз ҳаётимиздан" - дейди Шоҳниёз.

Ўзбекистоннинг бир парчаси
Суҳбатдошим чойхонаси билан таништиш учун мени ичкарига таклиф қилди.
Ўзбекона безатилган чойхонага киришим биланоқ, мен Кореяда эканимни унутдим .
Бу ерга келадиган мижозлар нафақат Ўзбекистондан, балки турли минтақалардан бўлганлиги сабабли фақат миллий таомлар эмас, балки қўшни давлатлар таомлари ҳам тайёрланади.
Чойхона олдидаги Ўзбекистондан махсус олиб келинган тандирда Самарқанд нонлари ёпилади.
Кореялик Комилжон

Сурат манбаси, .
Шоҳниёзнинг ошхонасидан чиқиб, бошқа емакхонага кираман.
У ерда сомса еб турган ва бошида Шаҳрисабз дўпписи кийган кореялик ўрта яшар хўранда қўлимдаги камерани кўриши билан дастурхонга чорлади.
Мен билан ўзбекча саломлашгач, ўзини Комилжон, деб таништирди ва корейсча исми Ким Жон Сан эканини айтди.
У ҳатто бироз ўзбекча гапиришни ҳам ўрганган экан.
"Менга ўзбеклар жуда ёқади, чунки улар мени таниса ҳам, танимаса ҳам барибир салом бериб ҳурмат кўрсатишади" - дея ўзбек маданиятига қизиқиши сабабларини изоҳлади суҳбатдошим.
"Ўзбеклар камтар ва сахий инсонлар экан. Ўзбекистонга ҳали бормаганман, насиб қилса, келаси йили саёҳат қиламан. Ҳатто мени ўз уйига таклиф қилаётган ўзбеклар бор".
У сухбатимиз сўнгида ўзи ёд олган, ўзбекча бир қўшиқдан куйлаб бериши ниятини билдирди ва хонанда Райҳоннинг "Алданган юрак " ашуласини хиргойи қилиб берди.
Ёшларни тортаётган юрт

Жанубий Кореяга нафақат иш, балки ўқиш учун келадиган ўзбеклар сони ҳам ортиб бормоқда.
Аммо мослашиш ва муваффақият қозониш, ҳар доим ҳам осон кечмаслиги мумкин. Келганига эндигина бир ой бўлган, йигирма ёшлик Асадбек, бу мамлакатдан олган илк таассуротлари билан ўртоқлашди.
"Ҳозир Ансан шаҳридаги бир корхонада, пайвандчи бўлиб ишлаяпман. Корея мен ўйлаган даражада эмас экан. Ўзига яраша қийинчиликлар бор. Пулни осонликча бериб қўймас экан корейслар ҳам" - дея кулади Асадбек.
"Маслаҳатим келишдан олдин корейс тилини яхши ўрганиш керак экан. Тил билсангиз, ишлашингиз ҳам осон ва енгилроқ кечиши мумкин. Бир ой бўлди ва мен зерикишни бошладим Кореядан. Насиб бўлса, қолган муддатим давомида тилни ҳам ўрганиб, тезроқ мослашишган ҳаракат қиламан" - дейди Сеулга янги келган ўзбекистонлик суҳбатдошим.
Лекин ўзбеклар учун Жанубий Корея барибир ўз ҳаётини ўнглаш, яъни пул топиш, ўқиш имкониятлари учун муҳим давлатлардан бири. Аксарият ўзбекистонликла бу мамлакатдаги ҳаётларидан нолишмайди.
"Яна бироз ишлаб қолмоқчиман. Яқинда визамни ўзгартирдим" - дейди Дониёр исмли ишчи.
"Энди бемалол оила аъзоларим билан биргаликда (Жанубий) Кореяда яшаш имкониятим бор" .

Сеулдаги бу ўзбек маҳалла Жанубий Кореяда ягона эмас.
Мамлакатнинг Инчон, Ансан, Кимҳе ва бошқа йирик шаҳарларида ҳам ўзбек маҳаллалари мавжуд.
Ўзбекистонда ҳар йили бир неча юз минглаб йигит-қиз меҳнат бозорига кириб келади.
Мамлакат ичида уларнинг барчаси учун етарли иш ўринлари йўқ.
Шундай ҳолатда, Жанубий Кореяга келадиган ўзбекистонликлар сони вақт сайин ортиши мумкин.
Демак, бу мамлакатда ҳали янгидан-янги ўзбек маҳаллалари пайдо бўлиш эҳтимоли йўқ эмас.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














