«Тафаккур деколонизацияси». Қозоқ ёшлар ўз маданиятини тирилтириш учун қандай курашмоқда? Янгиликлар, Ўзбекистон ва дунё

- Author, Наргиза Рискулова
- Role, Би-би-си, Олма ота
Россия Украинага бостириб кирди-ю Марказий Осиё мамлакатларида «деколонизация» сўзи қулоққа кўп чалинадиган бўлиб қолди. Ёш авлодда Совет Иттифоқига нисбатан соғинч ҳисси йўқ ва улар рус тилидан фарқли ўлароқ, миллий тил ва ўз маданиятига кўпроқ қизиқади. Бу жараёнлар, айниқса, собиқ мустамлакачи билан сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан ҳамон чамбарчас боғлиқ бўлган Қозоғистонда яққол кўзга ташланади.
20 ёшли Мира Унгарова мактабда дўстлари унга қозоққа ўхшамаслигини айтганида буни мақтов сифатида қабул қилганини афсус билан эслайди, бу унинг илғор, замонавий ва рус тилида акцентсиз гапира олганини англатарди.
Болалигимданоқ, дейди Мира, чет элга кетиш учун яхши ўқишга, инглиз тилини ўрганишга ҳаракат қилдим: "Мен сиёсатдан узоқ эдим, коррупция, таълим ва соғлиқни сақлаш сифати пастлиги ҳақида билардим, бу мамлакатда келажагим борлигига ишонмасдим."
2019 йилда Мира учун ҳамма нарса ўзгарди, мамлакатни қарийб 30 йилдан бери бошқариб келаётган Нурсултон Назарбоев кутилмаганда президентликдан кетди: "Бу мен учун ҳам, тенгдошларим учун ҳам кутилмаган эди, бизда биринчи марта ҳамма нарса яхшиликка ўзгариши мумкинлигига умид пайдо бўлди".
Ўша йили янги президент сайланишидан олдин бутун мамлакат бўйлаб намойишлар бўлиб ўтди: ёш фаоллар Назарбоевнинг ёрдамчиси Қосим-Жомарт Тўқаевга қарши норозилик билдиришди. Фаолларнинг кейинги ҳибсга олиниши ва жаримага тортилиши Миранинг жаҳлини чиқарарди.
"Ватандошларимни қандай қилиб қўлга олиб, олиб кетишларини кўриш мен учун жуда оғриқли ва қайғули эди - ёшингиз нечада бўлишингиздан қатъи назар, ҳомиладор аёлми ёки кекса бобоми, фарқи йўқ эди уларга. Кейин мен уларнинг тақдирига қизиқа бошладим ва аста-секин фаоллар сафига қўшилдим."

Мира сўнгги йиллардаги воқеалар сабабли фаоллашган ва миллий ўзликни излай бошлаган минглаб қозоқ ёшларидан биридир.
Тил муаммоси
Олти миллионга яқин русийзабон қозоқлар қатори Мира ҳам шаҳарда ўсган. Унинг ватандошлари - қозоқ тилида гапириб ўсганлар кўпинча рус тилида сўзлашувчиларни "чала қозоқлар" деб атайди ва уларни ўз илдизлари ва маданиятидан узилганликда айблайди.

Қирғизистонда ҳам шунга ўхшаш лингвистик вазият юзага келди: иккала мамлакатда ҳам Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин рус тили ўзининг расмий мақомини сақлаб қолган ва ҳужжатларда ва кундалик ҳаётда фаол қўлланади. Қозоғистон аҳолисининг аксарияти рус тилида гаплашади ёки ҳеч бўлмаганда уни тушунади. Фридрих Эберт жамғармаси ўтказган тадқиқотга кўра, аҳолининг деярли 51 фоизи рус тилида сўзлашади ва ёзади, қозоқ тилида эса бу атиги 39 фоизни ташкил қилади.
Совет даврида Қозоғистон титулли миллат озчилик ҳисобланган ягона республика эди: 1939 йилда мамлакатда қозоқлар атиги 37,8 фоиз, руслар 40 эса фоиз эди.
"1939 йилдан қозоқ тилида таълим имконияти пасая бошлади, кейинчалик олий таълим фақат рус тилида бўлди. Демак, ўз фарзандини институтда ўқишини истаган ота-она уни шунга тайёрлаб, болаларини мактабга бериши керак эди. Натижада, 1970-1980 йилларда Қозоғистонда фақат русийзабон қозоқларнинг бутун бир авлоди пайдо бўлди», дейди «Қозоғистонда деколонизация» китоби муаллифи Айнаш Мустояпова.
Бу нафақат "мустамлака тафаккури", дейди тадқиқотчи, балки қозоқлар ўз маданияти, тили ва урф-одатларидан уялгани "ўз-ўзидан бегоналашиш"га ҳам олиб келди. Аммо вазият ўзгариб бормоқда.

Сурат манбаси, Getty Images
Миранинг айтишича, мактабда у фақат русча сўзлашган, чунки қозоқ тилига эҳтиёж йўқ эди. "Бундан ташқари, қозоқ тилида гапиришдан уялардим, чунки қозоқчамда акцент бор бўлганига улар устимдан кулишарди. Ҳозир тобора кўпроқ гапиришга ҳаракат қиляпман ва она тилимни мукаммал ўзлаштиришни хоҳлайман", дейди у.
Мира қозоқ тилини ҳафтасига икки марта репетитор билан ўрганмоқда ва тилни машқ қилишни истаган ҳар бир киши учун очиқ бўлган суҳбат клубига қатнайди. Клуб аъзолари асосан ёш қозоқлар (улар кўпинча қозоқ тилидан кўра инглиз тилини яхшироқ биладилар), шунингдек, Россия ва АҚШдан келган бир нечта чет эллик ҳам бор.
Қозоқ тилига бўлган талаб ошганини тадқиқотлар (67% уни ўрганишга қўйиладиган талабларни кучайтиришни қўллаб-қувватлайди), шунингдек, қозоқ тилидаги фильмлар оммабоплиги ҳам тасдиқлайди. Масалан, Америка «Аватар» фильмининг иккинчи қисмининг қозоқча дубляжини мамлакатда 42 минг киши томоша қилган - бу мамлакатдаги фильм томошабинларининг деярли ярмидир. Аввалги йилларда жаҳон премьералари кўпинча русча дубляж билан кинотеатрларда намойиш этиларди.
Фридрих Эберт жамғармаси томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, қозоқ тилида энг кўп сўзлашувчи ёшлардир: 18 ёшдан 29 ёшгача бўлган респондентларнинг 39,2 фоизи оила даврасида асосан қозоқ тилида гаплашишини айтган. 61 ёшдан ошганлар орасида 25,9% шундай жавоб берган.
"Мустақилликка эришилгач, миллатчилик учун жазо таҳдиди йўқолди ва, табиийки, ўзлигини ахтара бошладилар", деб таъкидлайди Айнаш Мустояпова.
"Қозоқни ўзингиздан чиқаринг"
Қозоғистоннинг ўзлиги билан муносабати 30 ёшли рассом ва режиссёр Суинбике Сулейменованинг оилавий тарихида яхши тасвирланган. Унинг бобоси қозоқ миллатчиси сифатида қатағон қилинган, бувиси отасини ватан хоинлари лагерида дунёга келтирган. Унинг ҳайкалтарош ва мусиқачи бобоси ва бувиси қозоқ тилини деярли билмас эди. Суинбикенинг онаси, ижодини деколонизация мавзусига бағишлаган рассом Сауле Сулейменова ҳам қозоқчада яхши гапира олмайди.
"Аслида, менинг бутун ижодий йўлим деколонизация йўли. 2012 йилда "Мен қозоқман" картинасини ишладим ва очиғи уялдим, дейди Сауле. "Миллатчи бўлиш ёмон (аслида бу ўз маданияти, ўзлиги ва тили билан фахрланиш - ватанпарварлик), деган фикр Совет давридан бери сақланиб қолган."
Сауле асарларидан бири қозоқ тарихчиси ва археологи Алкей Маргулан коллекциясидаги 1875 йилда номаълум фотограф томонидан олинган учта ёш келиннинг архив фотосурати ремейки "Уч келин" картинасидир. "Менинг дўстларимдан бири, этник қозоқ бўлган аёл бу расмни кўриб, «бунча хунук!» деди, - деб эслайди Сауле. - Ва биз ўзимизни хунук кўришга ўргатилган эдик, шунинг учун биз ўзимиздан уялдик".

"Менимча, бу деколонизация - бошни тик кўтариб юра олишни ўрганиш, метрополияга ўхшамаслик, борингиздан яхшироқ бўлишга ҳаракат қилмаслик, кўзларингизни европаликникига ўхшатиш учун операция қилдирмасликдир", дейди рассом informburo.kz'га.
Унинг қизи Суинбике ҳозирда Қозоғистондаги тил сегрегациясига бағишланган «Мамбет» номли биринчи тўлиқ метражли фильмни суратга олмоқда. Мамбет туркий тилли халқлар орасида кенг тарқалган исм бўлиб, у қозоқларга нисбатан камситувчи атама сифатида ҳам қўлланилади, худди «қишлоқи» деган каби.
Суинбикенинг айтишича, Қозоғистоннинг изчил руслаштирилиши сабабли 2019 йилгача у ҳеч қачон қозоқ тилига қизиқмаган - кўплаб тенгдошлари сингари у ҳам буни уят деб ҳисобларди. У ўзини "такаббур, мағрур, нодон ва ўз маданиятига нисбатан мустамлакачига хос назар билан қарар эдим" дейди.

"Шундай қилиб, 27 ёшимда, 16 йил давомида мажбурий қозоқ тили дарсларини олганимдан сўнг, мен Қозоғистонда учта чет тилини, шу жумладан, ўз она тилим бўлиб қолган рус тилини биламан», деб тушунтиради Суинбике.
Унинг фильми "Қозоқ шаҳарларида фильм қаҳрамони ҳаётидаги, сиёсат ва санъатдаги лингвистик сегрегация," ҳақида бўлиб, унда Суинбике ўзини шундай кўради: "Мен қозоқ тилини қозоқ маданияти ва воқелигида, рус тили ва қозоқ тилида сўзлашувчи қозоқлар орасида оммалаштиришни хоҳлайман. Улар умумий ватанда умумий тил йўқлиги сабабли бир‑бирларидан алоҳида яшайдилар".
Тил сабабли бўлиниш Хитойнинг ғарбий қисмидаги автономия - Шинжонда қозоқ оиласида туғилиб ўсган 29 ёшли Соягул Бирлесбекка ҳам таниш. У болалигидан она тили қозоқ ва хитой тилларида гапирган, ўқиган, 14 ёшида оиласи билан тарихий ватанига қайтиб, қозоқ мактабига борди. Аммо университетга ўқишга киргач, дарсликларнинг аксарияти рус тилида эканлигини кўрди.
"Мен дарсликларда нима ёзилганини тушунолмасдим, қозоқча материаллар йўқ эди, курсдошларим ҳам ҳаммаси рус тилида гаплашарди. Бошида ўқишдан ортда қола бошладим, бундан хавотирга тушдим", дейди Соягул.
Ўқиш билан боғлиқ муаммолардан ташқари, унга дўст орттириш ҳам осон эмас эди - барча тенгдошлари у билан рус тилида гаплашарди. Дўмбра чаладиган импровизатор шоирлар танловида қатнаша бошлаганида, у кутилмаганда ўзига ҳамфикрларни топди. Кўп ўтмай Соягул ўзига Саяш-оқин тахаллусини олди ва қозоқ тилида шеър ва қўшиқлар ёза бошлади, шу жумладан сиёсат ҳақида - Қозоғистондаги сайловлар ёки коррупция ва Украинадаги уруш ҳақида ёзди.
Россия билан алоқалар
Қозоғистонда "Владимир Путин қозоқ тили учун сўнгги бир йилда Назарбоев ўттиз йиллик бошқарувидагидан кўра кўпроқ иш қилди", деган ҳазил бор. Мутахассислар фикрича, Россиянинг Украинага бостириб кириши Қозоғистондаги «деколонизация» жараёнини тезлаштирди - Кремлнинг амбициялари фақат Украина билан чекланиб қолмаслиги мумкинлиги ҳақида ОАВ хабарлари ҳам кўпайди.
"Ирпен ёки Бучадаги ҳарбий жиноятлар [Россия агрессиясининг] ҳақиқий юзини кўрсатди, чунки украиналиклар украиналик бўлиб қолишни ва ўз тарихи билан фахрланишни ёки ўз она тилида гапиришни хоҳлайди. Шунингдек, улар ичкаридаги "рус дунёси" тарафдорлари хавфини ҳам кўрсатди. Бизнинг чегарамиз ва Россияга қарамлигимиз [хавфни] реалликка айлантиради", дейди тадқиқотчи Айнаш Мустояпова.
2023 йил март ойида Россия билан чегарадаги Петропавловскда содир бўлган воқеа қозоқларни ҳаяжонга солди, у ерда қандайдир "халқ кенгаши" Қозоғистон ҳукуматига ишончсизлик билдириб, мустақилликка чақиргани акс этган видео пайдо бўлди. Ишга алоқадор шахсларга нисбатан тезда жиноят иши очилди, бу воқеа ОАВ ва ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинди.
Қозоғистондаги кескин реакцияга россиялик сиёсатчиларнинг мамлакат тарихига оид гаплари ҳам сабаб бўлди - 2014 йилда Владимир Путин қозоқларда ҳеч қачон давлатчилик бўлмаганлигини айтди, 2020 йилда эса ҳукуматдаги "Ягона Россия" партиясидан Давлат Думасининг бир қанча депутатлари Қозоғистон Совет ҳокимияти остида "сунъий равишда" яратилгани ва шимолдаги ҳудудлар "Россиянинг совғаси" бўлиб, Москва уни қайтариб беришни талаб қилиш ҳуқуқига эгалигини гапирди.

Сурат манбаси, Getty Images
Қозоғистонликларнинг аксарияти (73%, 2022 йил ноябрида чоп этилган Demoscope сўровига кўра) Россиянинг Қозоғистонга ҳужуми сценарийсини ҳалигача ақл бовар қилмас деб ҳисоблайди. Украинадаги урушга муносабат эса, асосан, тарқоқ - худди шу сўров натижаларига кўра, 59% сўралганлар можарода "бетараф", Украинани 22%, Россияни эса 13% қўллаб-қувватлайди.
"Бу ҳудудий, ёшга оид ва ҳатто этник тафовут ҳам эмас", дейди Мустояпова ва ҳали ҳам телевидениега, жумладан, Россия телевидениесига ишонадиганлар кўп ва улар орасида ёшлар ҳам бор.
Internews тадқиқотига кўра, Қозоғистонда кўпчилик рус тилида маълумот олади. Бу тамоман Россия давлат оммавий ахборот воситалари дегани эмас, бироқ Кремль даъволари ўз аудиториясини аниқ топмоқда: Demoscope респондентларининг жами 33 фоизи ё Россия Украинани нацистлардан озод этаётганига ёки Москва Украинада ҳақиқатан ҳам Ғарб билан урушаётганига ишонади.
Россия ва Қозоғистонни, дунёдаги энг узун қуруқлик чегарасидан ташқари, турли иқтисодий ва сиёсий иттифоқлар - Божхона ва Евроосиё, шунингдек, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва КХШТ боғлаб туради. Қозоғистон нефти Европага Россия орқали ўтади ва Россиядан импорт Қозоғистон умумий импортининг 37 фоизини ташкил қилади.
2022 йил январида президент Тўқаев тартибсизликларга айланган оммавий норозилик намойишларини бостириш учун КХШТдан (биринчи навбатда Россиядан) ёрдам сўрашга мажбур бўлди. Ўшанда қозоғистонлик сиёсатшунослар бу уни Москвага қарам қилиб қўйишини айтган эди.
Украинада кенг кўламли уруш бошланиши билан Тўқаев Россия ва Ғарб ўртасида қийин вазиятга тушиб қолди. Бир томондан, у Санкт-Петербургда бўлганида ўзини мустақил деб эълон қилган Донбасс республикаларини тан олмаслигини айтди. Бошқа томондан, йил давомида Ғарб товарлари Қозоғистон орқали Россияга санкцияларни четлаб ўтиб, "параллель импорт" қилинди ва Тўқаевнинг ўзи 9 май куни Москвадаги ҳарбий парадда меҳмонлар қаторида эди.
Қозоғистон ҳам уруш бошланганидан, кейин эса сафарбарлик бошлангандан кейин оммавий равишда мамлакатни тарк этган русларга қучоқ очди. Ички ишлар вазирлигининг 2022 йил ноябрь ойидаги маълумотига кўра, сафарбарлик бошланганидан бери 100 000 га яқин россиялик мамлакатга кирган ва ҳали ҳам чиқиб кетмаган - улар учун ҳукумат соддалаштирилган схема бўйича яшашга рухсатнома олиши мумкин касб эгалари рўйхатини тасдиқлади.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
Жамиятда бунга муносабат ҳам тарқоқ - Demoscope тадқиқотига кўра, 27% одам россияликларнинг оммавий келишини қўллаб-қувватлайди, 38% эса буни қўллаб-қувватламайди.
Янги авлод
«Деколонизация» атамаси қозоқ расмийлари нутқларида учрамайди. Ҳукумат учун бу мавзу ноқулай: Россияда бу жараёнларлар русларни чиқиштирмаслик деб талқин қилинади.
Шунга қарамай, 2023 йилда ҳукумат "ватанпарварлик туйғусини кучайтириш" учун бюджетдан харажатларни беш баравар оширди, хусусан, миллий рамзларни тарғиб қилиш, маданий меросни асраб-авайлаш ва хорижий фильмларни қозоқ тилига дубляж қилиш ҳам бор.
Аммо бу ёш авлод учун етарли эмас, дейди тадқиқотчилар: улар ҳозирги ҳукуматни совет элитаси вориси деб билади. "Биз ҳамон ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий жиҳатдан Россияга қараммиз, - дейди Айнаш Мустояпова, - тафаккур деколонизация қилинмагунча, бизда ҳақиқий деколонизация бўлмайди".
Сиёсатшунос Димаш Алжанов ҳам унинг фикрига қўшилиб, ёшлар ўзгаришлар локомотиви бўлишини таъкидлайди: "Бу авлоднинг очиқ жамият ва инсон ҳуқуқлари борасидаги талаби улар учун ўзини рўёбга чиқаришда зарур бўлган оддий реалликдир. Совет номенклатураси сифатида олдинги авлод эса "биз бу ерда ҳукм юритамиз, сизга қандай яшашни биз айтамиз" дейди. Бу даъвони эса ёшлар рад этади."

Мира Унгарова 2022 йил 5 январдаги намойишларда қатнашган ва у ҳеч қачон бундай якдиллик ва ҳамжиҳатликни ҳис қилмаганини, норозиликлар тартибсизликларга айланиб, бостирилганидан ҳафсаласи пир бўлганини айтади. Ўшандан буён у "Уйғон, Қозоғистон" ёшлар ҳаракатига қўшилган ва ноябрдаги сайловлардан кейинги норозилик намойишида ҳам фаоллик кўрсатди. Улар баннерни очгани заҳотиёқ, олиб кетилиб сўроқ қилинган ва қўйиб юборилган. Кейинроқ унинг икки шериги судланиб, 15 суткага қамалди.
"Бу сайловлар номига ўтди - номзодлар ҳам, сайловчилар ҳам рисоладагидек тайёргарлик кўришга улгурмади, буларнинг барчаси Тўқаев яна етти йил президент бўлиб қолиши учун қилинди, - дейди Мира. - У, албатта, менинг президентим эмас, чунки у Назарбоев тизимидаги одам - президент ўзгарди, тизим эмас".
Суинбике Сулайменова сўнгги сайловларда мустақил кузатувчи бўлган ва фаолликни давом эттиришга қарор қилган.
"Ҳа, Тўқаев 2019 ва 2022 йилларда ғалаба қозонди, бироқ халқ барибир қозоқлар, хусусан, қозоқзабон қозоқлар оммавий норозилик намойишлари ўтказишга қодир эканини кўрди ва ҳақиқий ўзгаришлар бўлишига ишонди".
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













