Қозоғистон: Россия босқинини уруш дейишдан қўрқмаймиз. Ишсизликдан хорижга кетган ўзбекистонликлар ишсиз ҳисобланмайдими? – Янгиликлар O'zbekiston, yangiliklar
- Қозоғистон расмийси Россия босимига шама қилди
- Путин Тоқаевга нега қўнғироқ қилди?
- Агентлик орқали хорижга ишга кетганлар «ишли» саналади
- Ўзбекистонда «Хавфсиз йўл»: рангли ҳудудлар
Алоқадор мавзулар:
Вазиятни қандай бўлса, шундай атаймиз

Сурат манбаси, Akorda.kz
Қозоғистон президенти маъмурияти раҳбари ўринбосари Тимур Сулейменов Қозоғистон Украинанинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишини билдирди.
Қозоғистон расмийси Брюсселдаги Euractive нашрига берган интервьюсида Қозоғистон Россиянинг Украинага босқинини уруш деб аташдан қўрқмаслигини таъкидлади.
«Бизда нарсаларни ўз номи билан аташда муаммо йўқ. Россия «уруш» сўзини тақиқловчи қонун чиқарди. Улар буни махсус ҳарбий операция деб аташаяпти. Аммо Қозоғистонда биз буни қандай бўлса, афсуски, шундайлигича атаймиз», - деди Сулаймонов.
Шунингдек, Сулайменов Россиянинг Қозоғистонга урушни қўллаб-қувватлаш учун босимига ҳам шама қилди.
"Албатта, Россия биздан кўпроқ улар томонида бўлишимизни хоҳларди. Аммо Қозоғистон Украинанинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилади. Биз на Донбасс, на Қрим билан боғлиқ вазиятни тан олмадик ва тан олмаймиз, чунки БМТ уларни тан олмайди. Биз БМТ даражасида тан олинган қарорларни тан оламиз", деди расмий.
Қозоғистонни санкциялардан сақлаб қолиш йўлими?
Темур Сулейменов Қозоғистон Ғарбнинг Россияга қарши санкцияларини четлаб ўтиш воситаси бўлмаслиги, бунинг ортидан иккинчи даражали санкцияларга дуч келишни истамаслигини билдирди. Расмийга кўра, Қозоғистон "Марказий Осиёдаги энг ғарблашган давлат" ва Европа Иттифоқи билан алоқаларни кенгайтиришни хоҳлайди.
Сулайменовнинг сўзлари Қозоғистон ҳукуматининг Россиянинг Украинага бўлган тажовузини қўллаб-қувватламаслиги ҳақидаги энг аниқ сигналдир. Россия босқинининг глобал оқибатлари олдида Қозоғистон ўзининг ташқи сиёсати ва иқтисодий алоқаларини сақлаб қолишнинг ягона йўли.
Аввалроқ Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Мухтор Тлауберди Қозоғистон Украинанинг бўлгинчи ҳудудларини тан олмаслигини, лекин Россия-Украина можаросида бетараф позицияни эгаллашини айтганди.
2 апрель куни хабар қилинишича, Президент Қосим-Жомарт Тоқаев Россия Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилган. Тоқаев матбуот хизматига кўра, томонлар савдо ҳамкорлигини фаоллаштиришга келишиб олган. Путин Тоқаевга Россия-Украина музокараларининг бориши ҳақида маълум қилган.
Кузатувчиларга кўра, телефон қўнғироғига Сулайменовнинг баёноти сабаб бўлиши мумкин.
Шу кунларда маҳаллий кузатувчилар эътиборини ўзига тортган яна бир воқеа - Қозоғистон хавфсизлик хизмати томонидан 3 апрель куни Президент Тоқаев ва бошқа юқори мартабали амалдорларни "ўлдиришга фитна уюштирган" гумонланувчи хорижий разведка агентининг ҳибсга олингани ҳақидаги хабари бўлди. Хизматнинг билдиришича, гумон қилинаётган агент Россияга қарши ташвиқот ва русофоб қарашларни тарғиб қилиш билан ҳам шуғулланган.
Меҳнат мигрантлари расман «ишли»ми?

Сурат манбаси, BBC O'zbek
Эндиликда Ўзбекистонда хорижга ишлаш учун юборилаётган фуқаролар расмий банд аҳоли тоифасига киритилиши мумкин.
Ўзбекистон ҳукумати расмий сайтида эълон қилинган "Маҳаллаларда аҳоли бандлигини ошириш ва норасмий бандликни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги президент қарори лойиҳасида шундай бандлар киритилган.
Лойиҳага кўра, Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ташкиллаштирилган ҳолда хорижий давлатларга вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун юборилаётган фуқароларни расмий банд аҳоли тоифасига киритади.
Шунингдек, қарор лойиҳасида маҳаллаларда ишсизликни камайтириш ва норасмий бандликни қисқартириш бўйича қатор қўшимча имкониятлар жорий этилиши билдирилган.
Хужжатга мувофиқ хизматлар соҳаси ва уй шароитида шуғулланадиган фаолият турлари, шахсий томорқалар ва маҳаллаларда фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлар борасида ҳам талаб ва имтиёзлар белгиланиши баён қилинган.
«Хавфсиз йўл» индекси

Сурат манбаси, .
Ўзбекистонда «Хавфсиз йўл» индекси жорий этилади.
Бу борада Ўзбекистон президентининг «Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган.
Ҳудудларда йўл ҳаракатини самарали ташкил этиш ҳолатини баҳолаш ва бу борада маҳаллий ҳокимият органларининг масъулиятини кучайтириш мақсадида 2022 йил 1 июлдан бошлаб, республиканинг барча туман (шаҳар)лари кесимида «Хавфсиз йўл» индексини юритиш амалиёти йўлга қўйилади, дея хабар бермоқда маҳаллий нашрлар.
Хабарларга кўра, индекс доирасида йўл инфратузилмаси ва йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилинишининг ҳолати махсус комиссиялар томонидан 5-иловага мувофиқ 29 та индикатор бўйича ҳар чорак якунида баҳолаб борилади.
Туман (шаҳар)лар индекс кўрсаткичлари асосида йўлларда ҳаракат хавфсизлигини ташкил этишнинг ҳолати бўйича «яшил», «сариқ» ва «қизил» тоифаларга ажратилади. Индексни юритиш вазифаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмалари зиммасига юкланади.
Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда етакчи илмий ташкилотлар, олимлар ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда, индексни юритиш методологияси ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини таъминлайди, дейилади хабарларда.
Маълумки, Ўзбекистон йўл-транспорт хавфсизлиги борасида энг муаммоли ҳудудлардан бири бўлиб, ҳар йили ЙТҲ ва унинг қурбонлари сонининг юқори кўрсатгичлари қайд этилади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















