Ўзбекистон: Украинадаги вазият сабаб иқтисодий ўсиш секинлашади ва бу йил “Ўлмас полк” ўтказиладими? – Янгиликлар O'zbekiston, yangiliklar

Fitch
  • Fitch Ratings Ўзбекистон иқтисодиёти секинлашишини башорат қилди;
  • Жиззахда президент тақиқига риоя қилинмагани ҳақидаги хабарларга изоҳ берилди;
  • Алишер Қодиров "Ўлмас полк" ўтказилишига қарши чиқди;
  • Жанубий Осетияда ўзбекистонлик граната портлашидан жароҳатланди;
  • Миллионлаб долларлик криптовалюта;

Уруш таъсири

Fitch Ratings Ўзбекистон ЯИМи ўсиши суръати прогнозини 3,1 фоизга қадар пасайтирди.

Халқаро рейтинг агентлигининг 1 апрель куни эълон қилинган ҳисоботида иқтисодий ўсиш секинлашуви прогнози Украинадаги уруш ва Россияга қарши жорий этилаётган санкциялар таъсири ортидан олингани борасида сўз боради.

Алоқадор мавзулар:

Билдирилишича, Украина билан боғлиқ жорий вазият туфайли 2022 йилда Россия ЯИМи 8 фоизга қисқариши, рубль эса АҚШ долларига нисбатан 45 фоизга қадрсизланиши прогноз қилинмоқда ва ушбу ҳолат Ўзбекистондаги иқтисодий ўсиш секинлашиши ҳамда 2022-2023 йилларда инфляция даражаси ортишига олиб келади.

Fitch Ratings 2021 йилда меҳнат мигрантлари Ўзбекистонга юборган ўтказмаларнинг 70 фоизи, умумий экспортнинг 12 фоизи ва импортнинг 21 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келганини ёзган.

Шунга қарамай, агентлик Ўзбекистоннинг мустаҳкам суверен баланси, такомиллаштирилган сиёсий чоралар, кучли расмий техник ва молиявий ёрдамнинг мавжудлиги мамлакатга макроиқтисодий барқарорликни сақлаб қолиш имконини беришини таъкидлаган.

Президент тақиқи

Қарор нусхаси

Сурат манбаси, Screenshot

Президент Шавкат Мирзиёев давлат ташкилотларига бир қатор харажатларни тақиқлашидан икки кун ўтиб, Жиззахда хизмат машинаси хариди учун маблағ ажратилгани тўғрисидаги хабар муҳокамаларга сабаб бўлган.

3 апрель куни ижтимоий тармоқда Жиззах вилояти Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бошқармасига Cobalt хизмат машинаси харид қилиш учун қўшимча маблағ ажратилгани тўғрисидаги вилоят ҳокими қарори тарқала бошлаган.

2 апрель куни имзоланган ҳоким қарорида бошқармага хизмат машинаси харид қилиш учун вилоят маҳаллий бюджетининг эркин қолдиқ ва даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисми маблағлари ҳисобидан 128,6 миллион сўм ажратиш ҳақида сўз боради.

Бироқ 31 март куни видеоселектор ўтказган президент Мирзиёев йил якунига қадар барча ҳокимлик, вазирлик ва идораларга молиявий манбаси аниқ бўлмаган қурилишларни бошлаш ва бино таъмирлаш, автомобиль, мебель, офис анжомлари харид қилиш каби қўшимча харажатларни амалга оширишни қатъиян тақиқлаганди.

Ҳолатга муносабат билдирган Жиззах вилояти Кенгаши котибияти президент тақиқига риоя этилмагани борасидаги фикрларни рад этган.

Расмий муносабатда айтилишича, маблағ ажратиш тўғрисидаги қарор ҳали президент тақиқи эълон қилинмасдан - 26 март куни вилоят кенгаши депутатлари томонидан маъқулланган.

Қарорнинг 2 апрель куни электрон тизимга киритилганига эса барча масъуллар келишувидан сўнг имзолангани сабаб бўлган, дейилади расмий муносабатда.

"Биз бундай намойишларга қаршимиз!"

Алишер Қодиров

Сурат манбаси, facebook

Депутат Алишер Қодиров "Ўлмас полк" акцияси ўтказилишига доир хабарларга муносабат билдирган.

У "Ўлмас полк"ни "юмшоқ куч намойиши, совет бирлигига тарғибот қуроли" дея атаган.

Бундан аввал бир гуруҳ фаоллар 9 май куни пойтахт кўчалари бўйлаб "Ўлмас полк" акциясини ўтказишга рухсат сўраб, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғига мурожаат йўллагани маълум бўлганди.

Ҳозирча, расмийлар ушбу мурожаатга муносабат билдиргани кўзга ташланмаган.

Алишер Қодиров 3 апрель куни ўзининг Телеграм каналида "Биз бундай намойишларга қаршимиз!", дея ёзган.

"Инсониятнинг фашизм устидан ғалабасида ўзбек халқининг сезиларли иштироки бор. Оталаримизнинг босқинчилар ва бузғунчи миллатчиларга қарши озодлик учун курашлари қиёматгача хотирланиши ва қадрланиши керак.

Биз учун қадрлаш уларнинг суратларни шаҳар бўйлаб кездириш эмас, руҳларига дуолар қилиш, улар учун у дунёнинг яхшиликларини тилашдир", фикр билдирган депутат.

Ўтган йили пойтахт расмийлари бундай акция ўтказилишига рухсат бермаган эди.

Гранатадан жароҳатланган ўзбекистонлик

Ҳалокат сатҳи

Сурат манбаси, official

Жанубий Осетияда ўзбекистонлик ишчи граната портлаб кетиши туфайли жароҳатланган.

Бу ҳақда Жанубий Осетия Ички ишлар вазирлиги хабар қилган.

Маълум қилинишича, ҳодиса 3 апрель куни кечга яқин Тсхинвал шаҳридаги хусусий уйлардан бирида рўй берган.

Ишчилар уйнинг ертўласида таъмирлаш ишлари олиб бораётган пайт граната портлаб кетиши оқибатида 32 яшар Ўзбекистон фуқароси жароҳатланган, деб ёзган Жанубий Осетия ИИВ.

Хабарда ўзбекистонликнинг ҳаёти хавф остида эмаслиги ва ҳодиса сабаблари аниқланаётгани билдирилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek