Ўзбекистон: Бекор бўлган пахта бойкоти ва Сурхондарёда "Улуғбек хазинаси" талон-тарож қилиндими? O'zbekiston, yangiliklar

Сурат манбаси, BBC Uzbek
- Cotton Campaign ўзбек пахтасига бойкотни бекор қилди;
- Сариосиёда маҳаллий аҳоли қадимий мис тангаларни талон-тарож қилгани айтилди;
- Навоийда радиоактив модда сотаётган шахслар қўлга олинди;
- Ўқотар қурол йиғиш синовидан ўтолмаган ходимлар;
Бекор қилинган бойкот
Cotton Campaign коалицияси деярли 13 йил давом этган Ўзбекистон пахтасига қарши бойкотни бекор қилди.
Коалиция 2021 йил давомида мамлакат пахта далаларида болалар ва мажбурий меҳнатга йўл қўйилмагани ортидан шундай қарор олган.
Ҳар йили мамлакатда миллиондан зиёд фуқаро - мактаб ўқувчилари, ўқитувчи, шифокор, талаба ҳамда давлатга қарашли ташкилотлар ходимлари пахта теришга мажбурланиши ортидан 2009 йилда Cotton Campaign Ўзбекистон пахтасига халқаро бойкот эълон қилган эди.
Алоқадор мавзулар:
- Дайжест: Ўзбекистон Россияга яна газ сотган ва энди россиялик туристлар кўпаядими?, O'zbekiston, yangiliklar
- Украина ишғоли: Тўлашга пулим йўқ - Ғарб жазо чоралари Россия фуқароларига таъсир қила бошлади
- Россия нефть ва газига қўйилаётган тақиқлар унга ва сизга қандай таъсир қилади? (видео)
- Ўзбекистон: Украинанинг жанг кечаётган ҳудудларидан ўзбекистонликларни олиб чиқиш бошланди ва машина ҳайдаш энди қийинлашадими?
Ўшандан бери 331 кийим-кечак брендлари ва ритейлер компаниялари бу бойкотга амал қилиб келаётган эди.
"Ўтган 12 йил давомида юзлаб компанияларни ўзбек пахтасидан воз кечишга ундаш ортидан Ўзбекистон пахтасига бойкот бекор қилинганини эълон қилиш вақти келганидан мамнунмиз. Эндиликда, компаниялар меҳнат ҳуқуқларига риоя қилинишига ўз баҳосини бериш ва Ўзбекистондан пахта сотиб олиш бўйича ўз қарорларини олиши лозим", деган Cotton Campaign асосчиларидан бири Патрисия Юрьевич 10 март куни Тошкентда ўтган йиғилишда.
Улуғбек хазинаси

Сурат манбаси, Madaniy meros agentligi
Маданий мерос агентлиги Сурхондарёдаги Тўпаланг дарёси қирғоғидан топилган қадимий тангалар Мирзо Ууғбек даврига тегишли эканини тасдиқлаган.
Бундан аввал Сариосиё туманида маҳаллий аҳоли дарё бўйидан юзлаб қадимий мис тангалар топгани хабар қилинган эди.
Шундан сўнг ҳудудда илмий изланишлар олиб борилган.
Бир вақтнинг агентлик топилмалар маҳаллий одамлар томонидан талон-тарож қилинганини ҳам маълум этган.
Расмийлар 9 март кунига қадар маҳаллий аҳолидан жами 1,132 дона мис танга ва 1 та шахмат донасини белгиланган тартибда олиб, Термиз археология музейи фондига топширган.
Маданий мерос агентлиги ҳудудда давом этаётган қидирув-текширув ишлари ортидан 10 март куни яна ўнлаб Мирзо Улуғбек даврида зарб эттирилган мис тангалар топилганини хабар қилган.
"Археологик олимларнинг дастлабки хулосасига кўра, ушбу ашёлар Мирзо Улуғбек ҳукмронлиги (XV аср) даврида зарб этилган пул тангаларининг шу кунга қадар топилган энг катта ва яхши сақланган маданий мерос хазинаси ҳисобланади", дейилади агентлик хабарида.
Сотувдаги радиоактив модда

Сурат манбаси, IIV
Навоий вилоятида хавфли радиоактив моддани $50 мингга сотмоқчи бўлган шахслар қўлга олинган.
ИИВнинг хабар қилишича, икки нафар шахс 5 март куни Навбаҳор туманида "Радий" моддасини пуллаётган вақт ушланган.
Расмий хабарда шиша идишга жойлаштирилган радиоактив модда миқдори 250 грамм экани айтилади.
ИИВ, айни вақтда, жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини билдирган.
"90 фоиз аъло натижа"

Сурат манбаси, Screenshot Social media
Ижтимоий тармоқда бир неча ИИБ ходимлари хизмат синови давомида ўқотар қуролни йиға олмагани тасвирланган видеолар тарқалган.
Видеолардан бирида ўзини Нурафшон шаҳар ИИБ ходими дея таништирган шахс вазифани бажара олмагани ортидан мулзам аҳволда тургани кўринади.
Ушбу видеолар фойдаланувчилар орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлган, ходимларнинг касбий тайёргарлиги савол остига олинган.
10 март куни Тошкент вилояти ИИББ видеолар юзасидан баёнот тарқатган.
Баёнотда тарқалган видеоларда "фақат вазифани бажара олмаганлар" намойиш этилгани айтилади.
"Реал жараёнда эса, қуролни тўлиқ ва нотўлиқ қисмларга ажратиш, йиғиш, ўқ отиш вазифаларини максимал ва аъло даражада бажарган ходимлар нисбати 90 фоизни ташкил қилган", деган вилоят ИИББ.
Бош бошқарма шахсий таркибнинг тест, жисмоний ва жанговар тайёргарлик, қуролдан фойдаланиш синовларидан ўта олмаган 2 фоизи махсус малака ошириш марказига юборилишини қўшимча қилган.
"Ҳурматли фуқаролар, сизнинг хавфсизлигингиз ишончли қўлларда, биз ижтимоий тармоқлар орқали ўтказилган синовлар натижаларининг асосий, катта қисмини ташкил этган ҳолатларни намойиш этишга тайёрмиз. Хулоса ўзингиздан", таъкидланади расмий баёнотда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















