Украина ишғоли: Тўлашга пулим йўқ ёки Ғарб жазо чоралари Россия фуқароларига таъсир қила бошлади - Rossiya Ukraina Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, EPA
- Author, Москвадан Анастасия Стогней ва Лондондан Саймон Фрейзер
- Role, BBC News
"Агар ҳозир Россиядан кетиш имкони бўлса, кетган бўлардим. Аммо ишимни ташлаб кетолмайман", дейди Андрей.
У ҳозир Москвада ипотека ҳам ололмайди - фоиз ставкалари кўтарилиб кетди.
У каби миллионлаб россияликлар ўз мамлакатлари Украинага бостириб киргани учун Ғарб қўйган иқтисодий санкциялари таъсирини ҳис қила бошладилар.
Таҳлил:
Алоқадор мавзулар:
"Мен имкон қадар тезроқ чет элда янги мижозлар топиб, дастлабки тўлов учун йиққан пулларим билан Россиядан кетишни режалаштиряпман", дейди 31 ёшли саноат дизайнери.
"Бу ерда қўрқаман - одамларни "партия чизиғи"ни бузгани учун ҳибсга олишмоқда. Мен уялдим, ҳокимиятдагиларга ҳам овоз бермаганман".
Ушбу мақоланинг бошқа иштирокчилари сингари, биз хавфсизлик нуқтаи назаридан унинг тўлиқ исмини ишлатмаймиз ёки юзини кўрсатмаймиз. Баъзи номлар ўзгартирилди.

Сурат манбаси, Reuters
Ҳозир Россияга қарши жорий этилаётган санкциялар иқтисодий уруш деб аталади - улар мамлакатни яккалаб қўйиш ва у ерда чуқур таназзулни юзага келтиришга қаратилган. Ғарб етакчилари мисли кўрилмаган чоралар Кремль позициясини ўзгартиришига умид қилмоқда.
Оддий руслар омонатлари ҳавога соврилишидан хавотирда. Уларнинг ҳаёти аллақачон бузилган.
Баъзи Россия банкларига қарши санкциялар Visa ва Mastercard, шунингдек, "Apple Pay" ва "Google Pay"ни ҳам қамраб олади.
Москвада лойиҳа менежери 35 ёшли Дария метродан фойдалана олмаслигини айтди.
"Мен доим телефон орқали тўлайман, лекин у ишламади. Бошқа одамлар ҳам шу муаммога дуч келмоқда. Маълум бўлишича, турникетларга санкциялар остида бўлган ва "Google Pay" ва "Apple Pay"ни қабул қила олмайдиган ВТБ Банк хизмат кўрсатади.
"Ўрнига метро картасини сотиб олишим керак эди, - дейди у Би-би-сига. - Бугун ҳам худди шу сабабга кўра дўконда тўлай олмадим."

Сурат манбаси, EPA
Душанба куни Россия рубль курси рекорд даражада пасайганидан кейин санкцияларга жавобан фоиз ставкасини икки баравар ошириб, 20 фоизга чиқарди. Қимматли қоғозлар бозори акцияларнинг оммавий сотилиши хавотири туфайли ёпиқлигича қолмоқда.
Кремль санкцияларга дош бериш учун етарли ресурсларга эга эканини айтади, аммо бу баҳсли.
Дам олиш кунларида Марказий банк кўплаб одамлар пул ечиб олишга шошилганда муаммо чиқишидан қўрқув манзарасида хотиржамликка чақирди.
"Доллар йўқ, рубль ҳам йўқ - ҳеч нарса! Хўш, рубль бор, лекин менга бу қизиқмас", дейди 20 ёшлардаги ва Москвада банкоматга навбатда турган Антон (унинг исми ўзгартирилган).
"Кейин нима қилишни билмайман. Ҳозир Шимолий Корея ёки Эронга айланаётганимиздан қўрқаман".
Чет эл валютасини сотиб олиш россияликларга бир ҳафта олдингига қараганда 50 фоизга қимматга тушади, агар шуни ҳам тополса.
2022 йил бошида доллар тахминан 75 рубль, евро эса 80 рублни ташкил қилди. Аммо уруш янги рекордларни ўрнатишга ёрдам берди - душанба куни бир нуқтада доллар 113 рубль, евро эса 127 рублни ташкил қилди.
Руслар учун рублнинг долларга нисбатан курси азалдан оғриқли масала бўлиб келган.
1990-йилларда Совет Иттифоқи парчаланганидан сўнг, доллар россияликлар ўз жамғармаларини сақлаган ягона қаттиқ валютага айланди ва энг ишончли жой банк эмас, ёстиқ ости эди.
1998 йилда Президент Борис Ельцин ҳукумати қарзини тўлай олмай қолганда, пулларини ёстиқ тагига тиққанларни тўғри иш қилганидан енгил тортди.
Бироқ, кейинги ўн йил ичида Марказий банк кўрган турли чоралар россияликларни рубль борасида хотиржам қилди.
Россия валютасида жойлаштирилган депозитлар ўса бошлади, россияликларнинг Россия компаниялари акцияларига сарфлаган пуллари ҳам кўпайди.
Бироқ, ҳар қандай тартибсизлик вақтида руслар долларни ечиб олиш учун банкоматга югуради.
Бу сафар ҳам шундан фарқ қилмаяпти.
Ўтган ҳафта Украинада уруш бошланиши билан россияликлар аввалги инқирозлардан олинган сабоқларни эслаб, банкоматлар олдига тўпланишди.
30 ёшлардаги Илья (исми ўзгартирилган) Москвадаги ипотека кредитини энди тўлаб бўлди. У "тез орада" бирор ерга кўча олмаслигини айтади.
"Донбассдаги операция бошлангандаёқ банкоматга бордим ва Сбербанкдан омонатимни долларда ечиб олдим. Энди мен уларни том маънода ёстиғим остида сақлайман.
"Қолган жамғармаларим ҳали ҳам банкларда: ярми долларда, қолгани рублда. Агар ёмонлашса, кўп қисмини оламан. Ўғирликлар тўлқини бошланишидан қўрқяпман. Аҳвол шунақа."
Ижтимоий тармоқлардаги суратларда сўнгги кунларда бутун мамлакат бўйлаб банкоматлар ва валюта айирбошлаш шохобчалари олдида турнақатор навбатлар пайдо бўлаётганини кўриш мумкин, одамлар банк карталари ишламай қолиши ёки нақд пул олишига чеклов қўйилишидан хавотирда.
Босқин бошлангандан кейин бир неча соат ичида доллар ва евро тугай бошлади. Ўшандан бери ушбу валюта миқдори камаймоқда, қанча рубль олишингизга ҳам чеклов мавжуд.

Сурат манбаси, Reuters
Москвада ана шундай навбатлардан бирида турган 45 ёшли Евгений (исми ўзгартирилган) ипотекани тўлаш учун пул ечиб олмоқчи эканлигини айтди.
"Мен таниганларнинг ҳаммаси хавотирда. Ҳамма стресс остида. Ҳаёт янада ёмонлашишига шубҳам йўқ. Уруш даҳшатли.
"Менимча, барча давлатлар икки томонлама стандартдан фойдаланади, ҳозир эса "катта давлатлар" бир-бирининг кучли томонларини солиштириб, қайси бири зўрроқ эканини аниқлашмоқда. Ва ҳамма азоб чекади."
35 ёшли Марат шундай дейди: "Бугун биринчи марта пулни банкдан олишга қарор қилдим, ҳеч қандай муаммога дуч келмадим. Ҳар ҳолда, мен рублни қайтариб олдим".
"Мен башорат қилолмайман, лекин ҳаётимиз янада ёмонлашади деган гумондаман. Вақт кўрсатади."

Сурат манбаси, Getty Images
Пул муаммоси фақат Москва билан чекланмайди: одамлар Пермь, Кострома, Белгород ва бошқа провинция шаҳарлари бўйлаб доллар ёки евро учун югуришмоқда, деб хабар бермоқда Би-би-си Рус хизмати.
Бир аноним IT-мутахассис ҳатто машҳур Тинкофф хусусий банкининг банкоматларида евро ёки доллар бор-йўқлигини автоматик тарзда сўраб, бошқа абонентларга унинг жойлашувини баҳам кўрадиган "Telegram" ботини ҳам яратди.
Кўпчилик ўзларининг банк иловалари орқали нақд пулга олдиндан буюртма беришга ҳаракат қилмоқда, бу Россиянинг илғорроқ банк тизимига хос хусусиятдир.
Якшанба оқшомида, Россия Марказий банки захираларига қарши санкциялар эълон қилинганида, ҳали ҳам илова орқали 140 рублгача доллар ва 150 еврогача буюртма беришингиз мумкин эди.
Аммо душанба куни Россиянинг энг йирик давлат банки Сбербанк мижозлари Би-би-си Рус хизматига умуман нақд пул буюртма қила олмаётганини айтишди - бунинг учун улар унинг офисига бориб, имзо чекишлари керак экан.

Сурат манбаси, EPA
Банклар ликвидлик етишмаслигини инкор этадилар, таҳлилчилар эса банкоматларда нақд пул йўқлиги, эҳтимол, банкка югирувчиларни камайтиришга уринишдир, деб тахмин қиладилар.
Кремль Россия ушбу сўнгги санкцияларни кутганини ва тайёр эканлигини айтди, аммо пандемия даврида бўлгани каби бизнесга кўпроқ ёрдам берилишини айтмади.
Аммо асосан давлат телевидениеси орқали Кремль истаган маълумотларнигина оладиган кўплаб фуқаролар тез орада ўз ҳаётидаги ўзгаришларни сеза бошлаши кутилмоқда.
Москва аҳолиси аллақачон озиқ-овқат дўконларида навбат ҳосил бўлаётгани ҳақида гапирмоқда, чунки одамлар нархлар кўтарилиши ёки савдо чекловлари туфайли етишмаётган маҳсулотларни сотиб олишади.
Россия компаниялари санкциялар туфайли иш соатларини қисқартириши ёки ишлаб чиқаришни тўхтатиши мумкин. Омонатлари қиймати пасайишидан ташқари, Ғарбдаги молиявий бозорлардан узилиб қолгани ортидан мамлакат иқтисодиёти заифлашгани сабабли кўплаб россияликлар ишсиз қолишлари кутилмоқда.
Россияликлар учун буларнинг бари 2014 йилда президент Путин Қримни аннекция қилгани ва одамлар нақд пул олиш учун соатлаб навбатга турганини эсга солади.
Валюта идоралари янги бешта рақамли айирбошлаш тахталарини ўрнатишига тўғри келди, чунки эскиларига янги рақамлар сиғмай қолади.
Ўша вақтларда доллар одатда 30-35 рублни ташкил қиларди - ҳозир буни ақлга сиғдириб бўлмайди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














