Энди Ўзбекистонда рубл кўпаядими? Россиядаги мигрантлар нимадан огоҳлантирилаяпти? Дайжест. Россия-Ўзбекистон, мигрантлар Rossiya, O'zbekiston, Ukraina, yangiliklar

банкоматда
  • Россияда доллар ва евро курси рекорди янгиланди.
  • Мигрантлар урушга жалб этилиши эҳтимолидан огоҳлантирилмоқда.
  • Мудофаа вазирлиги хориждаги ҳарбийлар хабарини асоссиз, деди.
  • Марказий банкнинг Россия рубли бўйича ахбороти.

Максимал кўрсатгич ва 30 фоизлик комиссия

Россия валюта бозорида доллар ва еврога талаб ортиб бораётган геосиёсий кескинлик шароитида юқорилигича қолмоқда.

Доллар ва евро 3 март кунги аукционда ўзининг тарихий энг юқори кўрсаткичларини янгилади.

Доллар курси ₽8,5 ёки 8% га ошиб, максимал даражада ₽124 гача кўтарилди.

Евро курси эса ₽8,7 ёки 7,5% га ошиб, максималда ₽124 дан ошди.

Бугундан бошлаб Россия банки брокерларни биржада доллар, евро ва фунт стерлинг сотиб олганлик учун жисмоний шахслардан 30 фоизлик комиссия ундириш мажбуриятини жорий қилди.

"Бу сизнинг уруш эмас"

Валентина Чупик ўртада

Сурат манбаси, BBC O'zbek

Сурат тагсўзи, Валентина Чупик Россиядаги мигрантларга ҳуқуқий ёрдам ва маслаҳатлари билан танилган

Асли ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Валентина Чупик Россиядаги муҳожирларга Украинада юз бераётган вазият қурбони бўлиб қолмасликлари учун мурожаат билан чиқди.

"Россиядаги вазият жуда ёмон ва сиз унинг биринчи қурбони бўлишингиз мумкин. Энди кўплаб фирибгарлар сизнинг соддалигингиз ва ишончсизлигингиз учун сиздан пул олишга ҳаракат қилишади", дейди ҳуқуқшунос.

Юрист ўз сўзига ижтимоий тармоқларда тарқалган Россия фуқаролигини бериш ваъда қилинаётган шартнома асосида ҳарбий хизмат ҳақидаги эълонлар қонуний асосга эга бўлмаган маълумотлар эканлигини тушунтирди.

"Ташвиқотларга берилманг, сизни алдашларига йўл қўйманг. Бу сизнинг урушингиз эмас. Россияда иш бор - ишланг, маошингизни ўз вақтида талаб қилинг, ҳуқуқларингизни қонуний йўллар билан ҳимоя қилинг. Яхши иш бўлмаса - бошқа мамлакатларга кетинг ёки уйга қайтинг. Рубл тушди, у узоқ вақт давомида аввалги даражасига кўтарилмайди", — ўз фикрини билдириб, мигрантларга тавсия берди ҳуқуқ ҳимоячиси Валентина Чупик.

"Маълумотлар асоссиз"

Ижтимоий тармоқларда тарқалган Ўзбекистон ҳарбий хизматчиларини хорижий давлатлар армиясига ёллаш ҳақидаги хабарларга Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги расмий муносабат билдириб, бу каби маълумотлар ҳеч қандай асосга эга эмаслигини маълум қилди.

"Ўзбекистон ҳарбий хизматчилари мамлакатдан ташқаридаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмайди", - дейилади вазирлик расмий баёнотида.

Шунингдек, «Мудофаа доктринасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг мудофаа соҳасидаги сиёсати бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, эҳтимол тутилган низоларни тинч йўл билан ҳал этиш тамойилларига асосланади» дея таъкидлайди вазирлик.

Расмий баёнотда Ўзбекистон Жиноят Кодексида чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириш, ёлланиш бўйича жиноий жавобгарлик (154−1) моддаси мавжуд экани эслатиб ўтилган.

Бу борада Ўзбекистон Адлия вазирлиги ҳам «Биласизми» рукнини эълон қилиб, Ўзбекистон фуқаросининг чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга ёлланиши 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин эканлигини хабар қилганди.

Ўзбекистонда рубл кўпаядими?

Узб МБ

Сурат манбаси, official

3 март куни Ўзбекистон Марказий банки Телеграмдаги расмий каналида Россия рублига оид янги ахборотини эълон қилди.

"Регуляторнинг қайд этишича, Россия рубли айирбошлаш курси кескин тебранаётган ҳамда биржа ва биржадан ташқари курслар ўртасида сезиларли тафовутлар юзага келаётган пайтда Россиядаги фуқароларимизнинг ўз маблағларини эркин валютага алмаштириш жараёнида йўқотишларга олиб келмоқда", дейилади хабарда.

Марказий банк «барча тижорат банкларига россия рублидаги пул ўтказмалари бўйича айирбошлаш операцияларини узлуксиз амалга ошириш ҳамда валюта курсини белгилашда сотиб олиш ва сотиш курслари ўртасидаги фарқни мақбул даражада сақлаб туриш ва банкларнинг валюта хавф-хатарларини минималлаштириш мақсадида россия рублини сотиш ва сотиб олиш курсларини жорий халқаро котировкаларга асосан кун давомида ўзгартириб бориш юзасидан тавсиялар берилди» дея маълум қилган.

Ахборотда ёзилишича, "бу Россия Федерациясидаги Ўзбекистон фуқароларига пул маблағларини россия рублида юбориш ва республика ҳудудида ушбу маблағларни ихтиёрий валютада қабул қилиб олиш имконини беради".

Марказий банкнинг "аҳоли манфаатларини ҳамда миллий валюта ва банк тизими барқарорлигини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар» деб атаган бу ахбороти ўзбекистонлик иқтисодчилар, таҳлилчи мутахассисларнинг танқидий муҳокамаларига сабаб бўлмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

.