Дайжест: Ўзбекистон Россияга яна газ сотган ва энди россиялик туристлар кўпаядими?, O'zbekiston, yangiliklar

Сурат манбаси, Aeronavtika federatsiyasi
- Ўзбекистонга россиялик туристлар оқими кўпайиши мумкин - экспертлар;
- Ўзбекистон қисқа вақт Россияга газ экспортини қайта тиклаган;
- 1 майдан автомобиллар тарихини билиш имкони пайдо бўлади;
- Молдовадаги ўзбекистонликлар эвакуацияси бошланди;
- Кучли шамол ва ёмғир бир қатор ҳудудларга зарар етказди;
Туристлар макони
Яқин вақт ичида Ўзбекистон россиялик туристлар танловидаги асосий мамлакатлардан бирига айланиши мумкин.
Бу ҳақда Россия Туроператорлар ассоциацияси оғир санкциялар остида қолаётган мамлакат фуқароларига берган тавсияларида тилга олган.
Ассоциация Россия банкларига тегишли халқаро тўлов карталаридан фойдаланиш тўхтатилгани ва мамлакат ташқи дунёдан деярли узиб қўйилиши фонида туристларга меҳмонхоналарида "барчаси ичида" тизими яхши ривожланган ва "Мир" миллий тўлов карталарини қабул қиладиган давлатларга боришни тавсия қилган.
Ассоциациянинг маълум қилишича, "Мир" тўлов тизими ишлайдиган давлатлар сони атиги олтита - Беларус, Арманистон, Қирғизистон, Абхазия, Жанубий Осетия ва Ўзбекистон.
"Аслини олганда, фақат иккита оммавий йўналиш мавжуд - Беларус ва Абхазия. Аммо, бундай шароитда, Ўзбекистонга ҳам сайёҳлар оқими анча кўпайиши мумкин", дейилади ассосциация хабарида.
Алоқадор мавзулар:
- Украина ишғоли: Тўлашга пулим йўқ - Ғарб жазо чоралари Россия фуқароларига таъсир қила бошлади
- Россия нефть ва газига қўйилаётган тақиқлар унга ва сизга қандай таъсир қилади? (видео)
- Ўзбекистон: Украинанинг жанг кечаётган ҳудудларидан ўзбекистонликларни олиб чиқиш бошланди ва машина ҳайдаш энди қийинлашадими?
- Ўзбекистон матбуотини русофобияда айблаган россиялик журналистга чора кўриш талаб қилинмоқда. Видео
Руминия орқали эвакуация

Сурат манбаси, Uzbekistan Airways
Ўзбекистон Украинадан Молдовага қочиб ўтган фуқароларини Руминия орқали олиб чиқишни бошлаган.
ТИВ Молдова ҳудудида бўлган 94 нафар фуқаро Ўзбекистон дипломатлари ҳамроҳлигида Молдова-Руминия чегарасини кесиб ўтганини хабар қилган.
Вазирлик, шунингдек, 9 март куни Полша орқали яна 245 нафар Ўзбекистон фуқароси қайтарилганини маълум этган.
"28 февралдан 10 мартга қадар 22 та авиарейс ташкиллаштирилди ҳамда ҳарбий ҳаракатлар кечаётган ҳудудлардан 5,282 нафар ватандошимиз қайтарилди", дейилади ТИВ хабарида.
Қисқа вақт тикланган экспорт

Сурат манбаси, O'zbekneftegaz
Ўзбекистон 2021 йилда Россияга қисқа вақт давомида яна газ экспорт қилган.
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига таяниб, Gazeta.uz нашрининг ёзишича, ўтган йилнинг тўрт ойи - июлдан-октябрь давомида Россияга 627,9 миллион кубометр газ етказиб берилган.
Экспорт қилинган газ қиймати $76,6 миллионни ташкил этган.
Жорий йилнинг январь-февраль ойларида Ўзбекистон Россияга газ сотмаган.
2020 йилнинг июль ойида президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда Россияга газ экспорти тўлиқ тўхтатилгани, Хитойга газ етказиб бериш эса уч бараварга камайтирилгани маълум қилинган эди.
Автомобиль тарихи

Сурат манбаси, BBC O'zbek
1 майдан бошлаб ўзбекистонликлар автомобиль тарихига оид исталган маълумотларни олиш имконига эга бўладилар.
Адлия вазирлиги 9 март куни ҳукумат бу борадаги маъмурий регламентни тасдиқлаганини хабар қилган.
Ҳукумат қарорига кўра, 1 майдан бошлаб автотранспортни техник кўрикдан ўтказиш жараёнида автотранспортнинг босиб ўтган масофаси ҳақидаги маълумотлар, жумладан, техник кўрикдан ўтказувчи тадбиркорлар томонидан ҳам мажбурий тартибда ахборот тизимига киритилади.
Автомобиль тарихи автотранспортнинг агрегат маълумотлари, босиб ўтган масофаси, шартнома тузилганлигига оид маълумотлар, йўл-транспорт ҳодисаси содир этилганлиги, қоидабузарликлар ва гаровга қўйилганлик ҳолати, тақиқ борлиги ёки йўқлиги каби маълумотларни ўз ичига олади.
Маълумотлар реал вақт режимида тайёрланади ва ариза берувчига тақдим этилади.
Ариза берувчилар Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган исталган автомобиль ҳақида маълумот олиши мумкин.
Давлат хизмати учун БҲМнинг 10 фоизи (27 минг сўм) миқдорида йиғим ундирилади.
"Маълумотнома шахсга доир маълумотлар ошкор этилмаган ҳолда берилади (автотранспорт мулкдори томонидан ўз "Автомобиль тарихи"ни билиш учун йўлланган сўровномалар бундан мустасно)", дейилади вазирлик хабарида.
Табиат етказган зарар

Сурат манбаси, FVV
9 март куни мамлакатнинг турли нуқталарида кузатилган кучли ёмғир ва шамол хавфли вазиятларни юзага келтириб, инсонлар ҳаёти ва биноларга зарар етказган.
ФВВ Қашқадарёнинг қатор туманларида шамол симёғочларни йиқитиб, бинолар томини учириб кетгани, оқибатда, уч нафар инсон тан жароҳати олганини хабар қилган.
"Юзага келган вазиятларни бартараф этиш учун Қашқадарё вилояти ФВБнинг таркибий тузилмалари ҳамда Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат қуйи тизимларининг 169 нафар қутқарувчилари, авария-тиклаш бригадалари шахсий таркиби ва 26 та махсус техника жалб этилган", маълум этган вазирлик.
Шунингдек, вилоятнинг Деҳқонобод туманида уч инсонни яшин уриб, улардан бири вафот этган.
Шу куни Андижон шаҳридаги кўп қаватли бинолардан бирининг томи ҳам кучли шамол туфайли бутунлай қулаб тушган.
ФВВ сел ва кучли шамол келган пайтда қилиниши лозим бўлган тавсияларни берган.
Кузатилган шиддатли ёмғир эса айрим шаҳарлар кўчаларини сувга тўлдирган.
Хусусан, Daryo.uz нашри расмийлар маълумотларига таяниб, Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан сув тошиши, йўлларда сув тўпланишини бартараф этиш учун 1,050 нафарга яқин ходим ва 53 та махсус техникалар жалб қилингани ҳақида ёзган.
"Амир Темур шоҳ кўчаси, Миробод деҳқон бозори, Чилонзор туманидаги Шуҳрат чорраҳасида сув тўпланиши ҳолатларига сабаб — шаҳримиз аҳолиси томонидан йўлларга ташлаб кетилаётган чиқиндилардир. Шу ўринда, юртдошларимиздан яшаб турган шаҳримизга эътиборли бўлиш, чиқиндиларни фақат белгиланган жойларга ташлашларини илтимос қиламиз", дея пойтахт ҳокимлиги изоҳини келтирган нашр.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















